Яхшилик қилишни давом этинг
Яхшилик қилинг. ЛУҚО 6:35
1, 2. Нега баъзида ўзгаларга яхшилик қилиш осон эмас?
ДОИМО ўзгаларга яхшилик қилиш осон эмас. Сабаби кўп одамлар севги ила қилинган ҳаракатларимизнинг қадрига етишмайди. Инсонлар билан «муборак Худонинг... Инжили шарифи» ва Унинг Ўғли тўғрисида маънавий хазиналарни баҳам кўрганимизда, кўпинча бепарволик ҳамда қўполликка дуч келамиз (1 Тим. 1:11). Масалан айримлар ёвуз бўлиб, Масиҳ қутқарувчи эканини рад этишади (Филип. 3:18). Бироқ бизнинг уларга муносабатимиз қандай бўлиши керак?
2 Исо Масиҳ шогирдларини: «Душманларингизни севинг, яхшилик қилинг»,— дея ундаган (Луқо 6:35). Келинг, ушбу насиҳатни батафсил муҳокама қиламиз. Шунингдек ўзгаларга яхшилик қилиш нимани англатишини кўриб чиқиб, Исонинг бошқа маслаҳатларига ҳам эътибор қаратамиз.
«Душманларингизни севинглар»
3. а) Матто 5:43–45 даги сўзларининг маъноси нимада? б) Дин арбобларининг фикрича яҳудий ва ғайрияҳудийларга нисбатан қандай муносабатда бўлиш лозим эди?
3 Исо Тоғдаги ваъзида, тингловчиларни душманларини севишга ва лаънатлаганларни дуо қилишга ундаган (Матто 5:43–45 ўқиб беринг). Ўшанда у Аллоҳнинг амрини, яъни қасоскор бўлмаслик, ўз халқининг фарзандларига кек сақламаслик ва ўзини қандай севса, яқинини ҳам шундай севиши кераклигини билган яҳудийларга мурожаат қилган (Лев. 19:18). Биринчи асрдаги яҳудий дин арбоблари ўз халқининг фарзандлари ва яқинлари, деган ибораларни фақатгина яҳудийларга тегишли, деб ҳисоблашган. Тавротга биноан исроилликлар бошқа халқлардан четда бўлишлари талаб этиларди. Бироқ вақт ўтгач, исроилликлар ғайрияҳудийлардан нафратланиб, уларни душман тариқасида қабул қилишган.
4. Исонинг шогирдлари душманларига қандай муносабат қилишлари керак эди?
4 Исонинг бу ҳақда фикри умуман ўзгача бўлиб, у қуйидагича деди: «Душманларингизни севинглар... жабр-зулм ўтказганлар учун ибодат қилинглар» (Мат. 5:44). Дарҳақиқат, унинг шогирдлари, уларга ёмон муносабат қилган кишиларни севишлари керак эди. Масалан Инжилни баён этган Луқо Исонинг сўзларини шундай ёзган: «Тинглаётганларга айтаман: душманларингизни севинглар, сиздан нафратланганга яхшилик қилинглар. Сизга қарғиш ёғдирганга дуолар ўқинг. Сизга озор берганлар учун ибодат қилинглар» (Луқо 6:27, 28). Исонинг насиҳатини қалбига жо қилган биринчи асрдаги яҳудийлар каби, биз ҳам «нафратланганга яхшилик қилиб», қўполлик ва ёмонликка мулойим жавоб қайтаришга интиламиз. Устига-устак «қарғиш ёғдирганга дуолар ўқиб», бу билан унга яхши гапирган бўламиз. Шунингдек ҳақоратлаб, шафқатсиз «озор берганлар учун ибодат қиламиз». Бундай илтижоларимиз билан душманларимизни севишимизни кўрсатамиз. Чунки улар ўзгариб, Яҳова билан дўстона муносабатда бўлишларини хоҳлаймиз.
5, 6. Нимага душманларимизни севишимиз лозим?
5 Бироқ нима учун душманларимизни севишимиз керак экан-а? Зеро Исо айтган эдики: «Шунда сиз осмондаги Отангизнинг ўғиллари бўласизлар» (Мат. 5:45). Бинобарин унинг маслаҳатига риоя этаётиб, Аллоҳнинг «ўғиллари» бўламиз. Шу йўсин Тангри Таолога тақлид қиламиз. Боиси «У Ўз қуёшини ёвузлар устида ҳам, яхшилар устида ҳам балқитади, ёмғирини солиҳлар устига ҳам, фосиқлар устига ҳам ёғдиради». Ахир Худованд «ношукурлар билан ёмон ниятларга нисбатан меҳрибон-ку» (Луқо 6:35).
6 Исо, шогирдлари «душманларини севиш» қанчалик муҳимлигини кўрсатиб қуйидагича деди: «Агар сизни севадиганларнигина севсангиз, бундан сизга раҳмат бўлурми? Солиқчилар ҳам худди шундай қилишмайдими? Агар сиз фақат биродарларингиз билангина саломлашсангиз, қандай фазилатли иш қилган бўласизлар? Бутпарастлар ҳам худди шундай қилишмайдими?» (Мат. 5:46, 47). Демак, агар фақатгина яхшилик қилганларни севсак, Худонинг марҳаматига сазовор бўлмаймиз. Ҳатто солиқчилар ҳам яхшилик қилганларни севишган холос (Луқо 5:30; 7:34).
7. Нега «биродарларимиз билангина» саломлашишда ҳеч қандай фазилатли иш йўқ?
7 Яҳудийлар салом-алик қилишганда, бир-бирига «тинчлик» тилашган (Луқо 10:5; Юҳан. 20:19). Бундай саломлашиш остида, соғлик ва бахт-саодат ҳам назарда тутилган. Бордию биродарларимиз билангина саломлашсак, «қандай фазилатли иш» қилган бўламиз? Исо ўзгаларга нисбатан ҳам шундай муносабат қилиш кераклигини кўрсатганди.
8. «Баркамол бўлинглар»,— дея Исо нимага чорлаган?
8 Масиҳнинг шогирдлари гуноҳкор ва номукаммал эдилар (Рим. 5:12). Лекин бунга қарамай Исо: «Шундай қилиб, осмондаги Отангиз баркамол бўлгани каби, сиз ҳам баркамол бўлинглар»,— дея гапини якунлаган (Мат. 5:48). Ушбу сўзлар билан Исо шогирдларини «осмондаги Отаси» Тангри Яҳовага тақлид қилишга чорлаган. Чунончи улар душманларини севишга ўрганиб, бу ажойиб фазилатни мукаммал даражада орттиришлари керак эди. Бу биздан ҳам кутилади.
Нега кечиримли бўлиш муҳим?
9. Исонинг сўзлари бўйича яхшилик қилишнинг яна бир усули қандай?
9 Бизга қарши гуноҳ қилганларни кечириб, яхшилик қилишни давом эттирамиз. Зеро Исо шогирдларини Аллоҳга ибодат қилишни ўргатаётиб: «Бизга гуноҳ қилганларни биз кечиргандек, Сен ҳам бизнинг гуноҳларимизни кечиргин»,— деган (Мат. 6:12).
10. Кечиримли бўлиш борасида Худодан нимага ўрганиш мумкин?
10 Тавба қилаётган гуноҳкор бандаларини ҳамиша кечиришга тайёр бўлган Аллоҳнинг ўрнагига эргашишимиз керак. Ҳаворий Павлус: «Бир-бирингизга кўнгилчан ва меҳр-шафқатли бўлинглар. Худо сизларни Масиҳ ҳақи кечиргани каби, сизлар ҳам бир-бирингизни кечиринглар»,— дея ёзган (Эфес. 4:32). Боз устига ҳазрати Довуд ҳам сано басталаган: «Худованд раҳмон ва меҳрибондир, жуда узоқ сабрли ва иноятлидир. [...] Айбларимизга қараб бизга муомала қилмас, гуноҳларимизга яраша бизга жазо бермас. [...] Шарқ ғарбдан қанчалик узоқда бўлса, ёзиқларимизни биздан шу қадар узоқлаштирди. Ота фарзандларига қандай марҳамат қилса, Худованд Ундан қўрққанларга шундай марҳаматлидир. Бизнинг таркибимизни У билар, тупроқ эканлигимизни ёдга олар» (Заб. 102:8–15).
11. Худо кимларнинг гуноҳларини кечиради?
11 Бизга нисбатан гуноҳ қилганларни кечирсак, Аллоҳ ҳам бизни кечиришига амин бўлишимиз мумкин (Марк 11:25). Исо бу фикрни таъкидлаб, давом этди: «Агар сиз бошқаларнинг айб-гуноҳларини кечирсангизлар, самовий Отангиз ҳам сизни кечиради. Бироқ, агар сиз бошқаларнинг айб-гуноҳларини кечирмасангизлар, Отангиз ҳам сизни кечирмайди» (Мат. 6:14, 15). Демак Эгамиз ҳам, бошқаларнинг гуноҳларини кечирган одамларнинг хатоларини кечиради. Шунингдек Ҳаворий Павлуснинг: «Масиҳ сизларни кечиргани каби, сизлар ҳам бир-бирингизни кечиринглар»,— деган сўзларига мувофиқ йўл тутсак, яхшилик қилишни давом этамиз (Колос. 3:13).
«Ҳукм қилишни бас қилинглар»
12. Исо ҳукм қилганларга қандай маслаҳат берганди?
12 Исо Масиҳ Тоғдаги ваъзида яхшилик қилишнинг яна бошқа бир усулига эътибор қаратиб: «Бошқаларни ҳукм қилишни бас қилинглар»,— деди (Матто 7:1, ЯДТ). Ушбу фикрни тушунтириш учун Исо яққол мисол келтирган (Матто 7:2–5 ўқиб беринг). Келинг, Исо нимани назарда тутганини кўриб чиқайлик.
13. Исо шогирдларига қандай маслаҳат берган?
13 Луқо баён этган Инжилга биноан Исо қуйидагича айтган: «Ҳукм қилишни бас қилинглар, сизлар ҳам ҳеч маҳкум бўлмайсиз. Айблашни бас қилинглар, сизлар ҳам ҳеч айбдор бўлмайсиз. Кечиринглар, сизлар ҳам кечириласиз» (Луқо 6:37, ЯДТ). Биринчи асрда фарзийлар Муқаддас Ёзувларга эмас, урф-одатларга асосланиб ўзгаларни ҳукм қилишарди. Мабодо Исонинг шогирдларидан бири ҳам уларга ўхшаб йўл тутганида, «ҳукм қилишни бас қилиб», кечиримли бўлиши зарур эди. Ҳаворий Павлус ҳам кечириш ҳақда маслаҳат берган.
14. Исонинг шогирдлари кечиримли бўлиб, бошқаларни нимага ундашган?
14 Исонинг шогирдлари кечиримли бўлиб, бошқаларни ҳам шундай йўл тутишга ундашган. Шунингдек Исо: «Сизлар қандай ҳукм қилсангиз, сизга ҳам шундай ҳукм ўтказилади. Сизлар қандай ўлчов билан ўлчасангиз, сизга ҳам шундай ўлчов татбиқ этилади»,— дея айтган (Мат. 7:2). Одамларга қилган муносабатимизда нимани эксак, шуни ўриб оламиз (Галат. 6:7).
15. Ўзгаларга жуда ҳам талабчан бўлиш нотўғри эканини Исо қандай кўрсатди?
15 Ўзгаларга жуда ҳам талабчан бўлиш нотўғри эканини кўрсатиш ниятида Исо қуйидагича савол берган: «Нега сен биродаринг кўзидаги чўпни кўрасану, лекин ўз кўзингдаги ходани сезмайсан? Сенинг кўзингда хода бор экан, қандай қилиб биродарингга: “Кел, кўзингдаги чўпни чиқариб олай”,— дейсан?» (Мат. 7:3, 4). Ҳукм қилишга мойил киши биродарининг «кўзида» унчалик аҳамияти бўлмаган нарсага эътибор қаратади. Бундай одам биродарига ақл-идрок етмагандек ҳисоблайди. Биродарининг камчилиги арзимас бўлса ҳам, айбловчи чўпни «чиқариб» олишни таклиф қиляпти. Унинг ўйлашича, биродарининг нуқтаи назарини ўзгартиришига ёрдам қила олади. Бундай хатти-ҳаракати эса у иккиюзламачи эканини англатади.
16. Нима сабабдан фарзийларнинг кўзида «хода» бор бўлган дейиш мумкин?
16 Яҳудий дин арбоблари ўзгаларга ўта талабчан бўлишган. Мисол учун туғма кўр кишига Исо шифо бергани туфайли, у Исони Аллоҳдан эканини айтган. Фарзийлар эса: «Сен ўзинг бутунлай гуноҳ ичида туғилган экансан-у, энди бизларга ақл ўргатяпсанми?» — деб танбеҳ беришди (Юҳан. 9:30–34). Фарзийларнинг кўзида «хода» бўлган, яъни улар маънавий жиҳатдан кўр бўлиб, тўғри фикр юритиш қобилиятидан маҳрум эдилар. Шу сабабли Исо: «Эй иккиюзламачи! Олдин ўз кўзингдан ходани чиқариб қўй, кейин биродарингнинг кўзидан зирапчани чиқаришни аниқ кўрасан»,— деб хитоб қилган (Мат. 7:5; Луқо 6:42). Агарда биз ҳамиша ўзгаларга яхшилик қилиб, раҳм-шафқат ила муносабат кўрсатсак, уларнинг кўзида рамзий зирапчани топиб олиш мақсадида жудаям талабчан бўлмаймиз. Аксинча ўзимиз ҳам номукаммал эканимизни ёдда тутиб, имондошларимизни ҳукм қилишдан қочамиз ва уларга нисбатан ортиқ талабчанлик кўрсатмаймиз.
Ўзгаларга нисбатан муомала
17. Матто 7:12 га кўра ўзгаларга нисбатан қандай муомала қилишимиз керак?
17 Худо Ўз хизматчиларининг ибодатларига худди меҳрибон отадек жавоб беришини, Исо Тоғдаги ваъзида таъкидлаб ўтганди (Матто 7:7–12 ўқиб беринг). У шундай қоидани айтди: «Одамлар сизга қандай муомала қилишларини истасангиз, сиз ҳам уларга шундай муомалада бўлинг» (Мат. 7:12). Ҳа бунга амал қилсаккина, Исо Масиҳнинг ҳақиқий издошлари эканимизни кўрсатамиз.
18. Ўзгаларга нисбатан қандай муомалада бўлиш борасида «Тавротда» нима ёзилган?
18 Бошқаларга нисбатан қандай муомала қилиш кераклигини айтиб, Исо: «Таврот ва пайғамбарлар таълимотининг мағзи шундадир»,— дея фикрини якунлади. Исонинг маслаҳатига риоя этиб, Тавротдаги таълимотларга мувофиқ йўл тутган бўламиз. Тавротда нафақат ёвузликни бартараф қиладиган «зот» келиши тўғрисидаги Яҳованинг ваъдаси, балки исроилликларга берилган Аллоҳнинг қонунлари ҳам қаламга олинган (Ибт. 3:15). У ерда ёзилганидай, исроилликлар адолат ила юз-хотирчиликсиз камбағаллару мусофирларга яхшилик қилишлари даркор эди (Лев. 19:9, 10, 15, 34).
19. Эзгу ишлар қилиш ҳақида «пайғамбарлар» нима ёзишган?
19 Исо, «пайғамбарлар» сўзи остида башоратлар ёзилган Тавротни назарда тутган эди. У ерда Масиҳга оид кароматлар жойлашган бўлиб, Исода рўёбга чиққан. Шунингдек Тавротда Эгамиз, Унинг қалбини қувонтирган ва бошқаларга яхши муносабатда бўлган хизматчиларини муборак қилиши баён этилган. Масалан Ишаё пайғамбар исроилликларга маслаҳат берган эди. Чунончи улар адолат ва одиллик билан йўл тутиб, ёвузликдан узоқлашсагина бахтли бўлишади (Ишаё 56:1, 2). Хуллас, Худо Ўз хизматчиларидан эзгу ишлар қилишларини кутади.
Доимо яхшилик қилинг
20, 21. Тоғдаги ваъзида Исонинг айтганларини одамлар қандай қабул қилишди ва нега улар устидан мулоҳаза юритишимиз муҳим?
20 Мана, Исо Тоғдаги ваъзида айтган қимматбаҳо фикрларидан фақат бир нечтасини кўриб чиқдик холос. Лекин одамлар Исонинг гапларидан қойил қолишганини кўриш учун бу фикрларнинг ўзи ҳам етарли. Муқаддас Китобда қуйидагини ўқиймиз: «Исо бу сўзларни айтиб бўлгандан кейин, халойиқ Унинг таълимотига ҳайрон қолди. Чунки Исо уларга уламолар ва фарзийлар каби эмас, балки қудратли куч эгасидай таъсирчан таълим берар эди» (Мат. 7:28, 29).
21 Шак-шубҳасизки, башоратда айтилган «Ажиб Маслаҳатчи» айнан Исо Масиҳ эди (Ишаё 9:6, ЯДТ). Тоғдаги ваъзи эса самовий Отасининг нуқтаи назарини тўлалигича акс этганининг далилидир. Муҳокама қилганимиздан ташқари, Исо машҳур ваъзида ҳақиқий бахтга қандай эришиш, ахлоқсизликдан қочиш, адолат ила йўл тутиш ва келажакка ишонч билан қараш ҳамда бошқа кўп масалалар тўғрисида гапириб берган. Матто китобининг 5–7- бобларини ибодат ила яна бир бор ўқиб, бу маслаҳатлар устидан мулоҳаза юритинг. Уларни ҳаётингизда қўллашга жон куйдиринг. Шунда Яҳовани янада қувонтириб, ўзгаларга яхшироқ муомалада бўлишга ва яхшилик қилишни давом эта оласиз.
Қандай жавоб берардингиз?
• Душманларимизга муносабатимиз қандай бўлиши керак?
• Нега кечиримли бўлиш муҳим?
• Ўзга кишиларни ҳукм қилганларни Исо нимага ундаган?
• Матто 7:12 га кўра ўзгаларга нисбатан қандай муомала қилишимиз даркор?
[10- саҳифадаги матн парчаси]
Нега Исо: «Ҳукм қилишни бас қилинглар»,— деган эди?
[8- саҳифадаги расм]
Нимага озор берганлар учун ибодат қилишимиз керак?
[10- саҳифадаги расм]
Қандай муомала қилишларини истасангиз, сиз ҳам уларга шундай муомала қиласизми?