Яҳова «сабр-бардош билан ҳосил келтираётганларни» яхши кўради
Яхши ерга тушган уруғ эса шундай кишиларни билдиради: улар... сабр-бардош билан ҳосил келтиришади. ЛУҚО 8:15
1, 2. а) Нега одамлар хушхабарга бепарво бўлган ҳудудларда хизмат қилаётган садоқатли имондошларимиз далда манбаи? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.) б) Исо «ўз юрти»да ваъз қилиш ҳақида нима деган? (Изоҳга қаранг.)
СЕРЖИО ВА ОЛИНДА исмли кашшоф жуфтлик Қўшма Штатларда яшайди. Уларнинг ёши 80 дан ошган. Оёқлари оғригани сабабли улар юришга қийналишади. Шундай бўлса-да, кўп йиллар мобайнида эрталаб соат еттида улар бекатга йўл олишади. У ерга келгач, Муқаддас Китобга асосланган адабиётларни йўловчиларга таклиф қилишади. Кўпчилик уларга эътибор бермайди, лекин бу жуфтлик у ерни тарк этмай, йўловчиларга табассум қилади. Кечки пайт эса, улар аста-секин уйга қайтишади. Эрталаб яна соат еттида бекатга боришади. Ушбу садоқатли жуфтлик Шоҳлик ҳақидаги хабарни йил давомида, ҳафтасига олти кун ваъз қилади.
2 Сержио ва Олинда каби бутун дунё бўйлаб кўпгина садоқатли биродару опа-сингилларимиз ҳам одамлар хушхабарга бепарво бўлган ҳудудларда анча йиллар давомида ваъз қилиб келмоқда. Агар сиз ҳам шундай вазиятда бўлсангиз, сабр-бардошли эканингиз учун сизни чин дилдан мақтамоқчимизa. Яҳовага сабот ила хизмат қилаётганингиз кўпларга, ҳатто анча йиллар хизмат қилаётганларга далда бахш этади. Масалан, туман нозири қуйидагича фикр билдирди: «Бундай имондошларим билан хизмат қилганимда, уларнинг ўрнагидан куч оламан. Уларнинг садоқати хизматимни сабр-бардош ва ғайрат ила бажаришга ундайди. Уларнинг ўрнаги кўнглимни кўтаради».
3. Қайси саволларга диққат қаратамиз ва нима учун?
3 Исо бизга амр этган ваъзгўйлик фаолиятини амалга оширишга қатъий қарор қилишимиз даркор. Шундай экан, келинг, учта саволга диққат қаратайлик: нега гоҳида руҳимиз тушиши мумкин? Қай йўсин ҳосил келтира оламиз? Сабр-бардош билан ҳосил келтиришимизга нима қўл келади?
НЕГА РУҲИМИЗ ТУШИШИ МУМКИН?
4. а) Аксарият яҳудийлар Павлусни тинглашни хоҳламаганда бу унга қандай таъсир қилган? б) Нега Павлус ўзини шундай ҳис этган?
4 Сиз яшаётган ҳудудда инсонлар хушхабарга бефарқ эканидан руҳингиз тушаётган бўлса, ҳаворий Павлуснинг туйғулари сизга танишдир. Тахминан 30 йиллик хизмати давомида у талайгина инсонларга Масиҳнинг шогирди бўлишга кўмаклашган. (Ҳавор. 14:21; 2 Кор. 3:2, 3) Лекин у кўпгина яҳудийларга масиҳий бўлишларига ёрдам бера олмаган. Уларнинг аксарияти Павлусни тинглашни хоҳламаган ва баъзилари уни ҳатто таъқиб қилган. (Ҳавор. 14:19; 17:1, 4, 5, 13) Хўш, бундай салбий муносабат унга қандай таъсир қилган? У шундай деган: «Масиҳнинг издоши сифатида мен ростини айтяпман... қалбимда кучли ғам-ғусса ва тўхтамайдиган бир дард бор». (Рим. 9:1–3) Нега у ўзини шундай ҳис этган? Чунки ваъз қилиш унинг жону дили эди. Павлус яҳудийларни яхши кўргани учун уларга ваъз қилган. Шу боис, улар Аллоҳнинг раҳм-шафқатини рад этишганда, бу унга оғриқ келтирган.
5. а) Яқинларимизга ваъз қилишга бизни нима ундаяпти? б) Нима учун вақти-вақти билан руҳимиз тушиши ажабланарли эмас?
5 Павлус сингари биз ҳам одамларни яхши кўрганимиз учун уларга ваъз қиляпмиз. (Мат. 22:39; 1 Кор. 11:1) Негаки, ўз тажрибамиздан биламизки, Яҳовага хизмат қилиш энг зўр ҳаёт йўлидир. Ҳудудимиздаги одамлар ҳақида ўйлаганимизда, ўзимизга: «Қанийди, улар нималарни қўлдан бой бераётганини билиб олса!» — деб айтамиз. Шу сабабли, биз уларни Яҳова ҳамда Унинг инсоният учун нияти тўғрисида ҳақиқатни билиб олишга ундашдан тинмаяпмиз. Қайсидир маънода уларга: «Сиз учун ажойиб совғам бор. Марҳамат, уни олинг»,— деб айтяпмиз. Шунинг учун, одамлар бу совғани олишдан бош тортганда, қалбимизда дард пайдо бўлиши ажабланарли эмас. Бу каби туйғулар, имонимиз суст эканини эмас, балки воизлик иши жону дилимиз эканини намоён этади. Шу боис, руҳимиз тушган дамларда ҳам сабр-бардошлимиз. 25 йилдан ошиқ вақт кашшофлик қилаётган Еленанинг қуйидаги фикрига қўшилсак керак: «Ваъзгўйлик иши осон эмас. Шундай бўлса ҳам, бу ишни ҳеч нарсага алишмайман».
ҚАЙ ЙЎСИН ҲОСИЛ КЕЛТИРА ОЛАМИЗ?
6. Ҳозир қайси саволга жавоб топамиз?
6 Нега қаерда ваъз қилишимиздан қатъи назар, хизматда муваффақиятли бўла олишимизга ишонсак арзийди? Бу муҳим саволга жавоб топиш учун, келинг, Исо ҳосил келтиришимиз муҳимлигини кўрсатган иккита масалга эътибор берайлик. (Мат. 13:23) Биринчиси ток ҳақида.
7. а) Исонинг масалидаги «боғбон», «ҳақиқий ток» ва «новдалар» кимларни билдиради? б) Яна қайси саволга жавоб топишимиз лозим?
7 Юҳанно 15:1–5, 8 ни ўқинг. Исо ҳаворийларига айтган мана шу сўзларга назар солинг: «Мўл-кўл ҳосил бериб менинг шогирдларим эканингизни исботласангиз, Отамни шарафлаган бўласиз». Исо Яҳовани «боғбон», ўзини «ҳақиқий ток», шогирдларини эса «новдалар»га қиёслаганb. Қизиқ, Масиҳнинг издошлари ҳосил келтириши қандай маънога эга? Ушбу масалда Исо ҳосил нимани англатишига урғу бермаган. Мазкур саволга жавоб топишимиз учун бу масалда у ўзгача бир тафсилотни айтиб ўтган.
8. а) Нима учун Исонинг масалида «ҳосил бериш» шогирд тайёрлаш ишини билдирмайди? б) Яҳова аслида биздан нимани кутади?
8 Исо Отаси ҳақида: «Мендаги ҳосил бермайдиган ҳар қандай новдани У кесиб ташлайди»,— деган. Бошқача қилиб айтганда, фақатгина ҳосил берсак Яҳованинг хизматчиси бўла оламиз. (Мат. 13:23; 21:43) Демак, бу масалга кўра, ҳар бир масиҳий келтириши керак бўлган ҳосил шогирдларни тайёрлаш шарафига ишора қилмайди. (Мат. 28:19) Акс ҳолда, одамлар бепарво бўлган ҳудудларда хизмат қилаётган ва шогирд тайёрлашда муваффақият қозона олмаётган содиқ масиҳийлар Исонинг масалидаги ҳосил бермайдиган новдалар бўлиб чиқарди. Бироқ бундай хулоса нотўғри! Зеро, одамларни Исонинг шогирди бўлишга мажбурлай олмаймиз. Қолаверса, бу Яҳованинг севгисидан далолат бермасди. У биздан эплай олмайдиган ишни қилишимизни талаб этмайди. Ҳа, Яҳова қўлимиздан келадиган ишни биздан кутади. (Қонун. 30:11–14)
9. а) Қандай ишда қатнашиб ҳосил бера оламиз? б) Қайси масалга диққат қаратамиз ва нега?
9 Ундай бўлса, ҳосил бериш нимани англатади? Бу барчамизнинг қўлидан келадиган иш. Хўш, Яҳова ҳамма хизматчиларига қандай ишни тайинлаган? Бу Унинг Шоҳлиги ҳақидаги хушхабарни ваъз қилиш ишидирc. (Мат. 24:14) Исонинг уруғ сепувчи ҳақидаги масали буни яққол кўрсатмоқда. Келинг, бу иккинчи масалга диққат қаратайлик.
10. а) Исонинг масалидаги уруғ ва у экилган ер нимани англатади? б) Буғдой поясида қандай ҳосил пайдо бўлади?
10 Луқо 8:5–8, 11–15 ни ўқинг. Уруғ сепувчи ҳақидаги масалда уруғ «Аллоҳнинг каломини» ёки Шоҳлик тўғрисидаги хабарни англатади. Уруғ тушадиган ер эса инсоннинг мажозий қалбини билдиради. Уруғ сепилгач, илдиз отади ва униб-ўсади. Уни буғдой пояси дейлик. Сўнг у «100 баробар кўп ҳосил беради». Қизиқ, буғдой поясида қандай ҳосил пайдо бўлади? Кичкина буғдой пояларими? Йўқ, янги уруғлар пайдо бўлади. Кейинчалик эса улардан поялар ўсиб чиқади. Бу масалга биноан, битта уруғ 100 баробар ҳосил келтирган. Қизиқ, мазкур масал хизматимиз билан қандай боғлиқ?
11. а) Уруғ сепувчи ҳақидаги масал хизматимиз билан қандай боғлиқ? б) Қай йўсин янги уруғларни кўпайтира оламиз?
11 Масалан, ота-онамиз ёки бошқа масиҳийлар илк бор Шоҳлик ҳақидаги хабарни бизга айтганда, уруғни сепгандай бўлишган. Улар биз бу хабарни қабул қилганимизда жуда қувонган. Исонинг масалидаги уруғ яхши ерга тушганидай, биз ҳам хушхабарни қабул қилиб, уни маҳкам ушлаяпмиз. Натижада, Шоҳлик хабари уруғ каби ўсади, вақт ўтгач, буғдой пояси униб чиқади ва ҳосил бериш учун тайёр бўлади. Буғдой поясида янги поялар эмас, янги уруғлар пайдо бўлганидай, биз ҳам ҳосил сифатида янги шогирдларни эмас, Шоҳлик уруғларини келтирамизd. Буни қай йўсин қила оламиз? Ҳар сафар Шоҳлик хабарини ваъз қилганимизда, қалбимизга экилган уруғни кўпайтириб сочган бўламиз. (Луқо 6:45; 8:1) Демак, бу масалга биноан, биз хушхабарни тинмай эълон қилганимизда, сабр-бардош билан ҳосил келтирган бўламиз.
12. а) Исонинг ток ва уруғ сепувчи ҳақидаги масалларидан қандай сабоқ олишимиз мумкин? б) Бу сабоқ сизга қандай таъсир қиляпти?
12 Хўш, Исонинг ток ва уруғ сепувчи ҳақидаги масалларидан қандай сабоқ олишимиз мумкин? Ҳосил келтириш ҳудудимиздаги инсонлар хушхабарни қабул қилиши билан боғлиқ эмас. Аксинча, бу тинмай ваъз қилишимиз билан боғлиқ. Павлус ҳам шунга ўхшаш фикрни билдириб: «Ҳар бири ўз меҳнатига яраша мукофотини олади»,— деб айтган. (1 Кор. 3:8) Ҳа, Яҳова бизни ишимизнинг натижаси учун эмас, меҳнатимиз учун мукофотлайди. 20 йилдан бери кашшоф бўлиб хизмат қилаётган Матильда: «Яҳова бизни ҳаракатларимизга яраша тақдирлашини билиш менга қувонч бахш этади»,— деди.
ҚАЙ ЙЎСИН САБР-БАРДОШ ИЛА ҲОСИЛ КЕЛТИРА ОЛАМИЗ?
13, 14. Римликларга 10:1, 2 га биноан, нима учун Павлус салбий муносабат билдирганларга ваъз қилишда давом этган?
13 Сабр-бардош ила ҳосил келтиришимизга нима қўл келади? Келинг, Павлуснинг мисолига яна эътибор қаратайлик. Яҳудийлар Шоҳлик хабарига салбий муносабатда бўлганда унинг кўнгли чўкарди. Шу тақдирда ҳам, Павлус уларга тинмай ваъз қилган. Римдаги масиҳийларга мактуб йўллаганда, яҳудийлар ҳақида у шундай деб ёзган: «Биродарлар, юрагимдаги яхши ният ҳамда Аллоҳга бўлган илтижоларим, исроилликларнинг нажот топиши ҳақидадир. Худонинг хизматида уларнинг ғайрати борлигига ўзим шоҳидман, аммо бу ғайрат аниқ билимга мувофиқ эмас». (Рим. 10:1, 2) Хўш, нима учун Павлус уларга ваъз қилишда давом этган?
14 Биринчидан, Павлуснинг айтишича, у буни юрагидаги яхши ният туфайли қилган. Ҳа, у яҳудийлар нажот топишини чин дилдан хоҳлаган. (Рим. 11:13, 14) Иккинчидан, у «Аллоҳга бўлган илтижолари» тўғрисида айтиб ўтган. У яҳудийлар Шоҳлик хабарини қабул қилишини Худодан ўтиниб сўраган. Учинчидан, Павлус: «Худонинг хизматида уларнинг ғайрати бор»,— деган. У инсонларнинг яхши томонларига диққат қаратган. Павлус ўз мисолидан шуни билардики, ғайратли яҳудийлар Масиҳнинг ғайратли шогирдларига айланиши мумкин.
15. Қандай қилиб Павлусга тақлид қила оламиз? Мисоллар келтиринг.
15 Қандай қилиб Павлусга тақлид қила оламиз? Аввало, «мангу ҳаётга элтувчи ҳақиқатни қабул қилишга мойил бўлган» инсонларни излаб топишни чин дилдан хоҳлашимиз керак. Қолаверса, Яҳова самимий инсонларнинг қалбларини очсин деб илтижо қилишимиз лозим. (Ҳавор. 13:48; 16:14) Масалан, қарийб 30 йилдан бери кашшофлик қилаётган Силвана қуйидагича деди: «Уйма-уй хизмат қилишга боришдан олдин Яҳовага ибодат қилиб, ижобий нуқтаи назарга эга бўлишимни сўрайман». Ҳақиқатга мойил бўлган одамларни топишимиз учун Аллоҳ фаришталари орқали бизни йўналтириши ҳақида ҳам ибодат қиламиз. (Мат. 10:11–13; Ваҳ. 14:6) 30 йилдан зиёд вақт мобайнида кашшоф бўлиб хизмат қилаётган Роберт эса: «Одамларнинг ҳаётида нима бўлаётганини биладиган фаришталар билан ҳамкорлик қилиш ажойиб»,— деб бўлишди. Бундан ташқари, биз инсонларнинг яхши томонларига ҳам диққат қаратишга интиламиз. Мисол учун, 50 йилдан кўпроқ вақт давомида оқсоқол бўлиб хизмат қилаётган Карл шундай деди: «Инсоннинг самимийлигини аён қиладиган ҳатто кичик белгиларга, эҳтимол, табассум, очиқ чеҳра ёки беғаразлик ила берган саволига эътибор қаратишга ҳаракат қиламан». Ҳа, Павлус сингари сабр-бардош билан ҳосил келтириш бизнинг ҳам қўлимиздан келади!
«ҚЎЛЛАРИНГГА ТИНИМ БЕРМА»
16, 17. а) Воиз 11:6 даги сўзлардан нимани ўрганишимиз мумкин? б) Бизни кузатаётган кишиларга ваъзгўйлик ишимиз қандай таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида мисол келтиринг.
16 Ҳатто одамлар хушхабарни тинглашни хоҳламаётгандай туюлса ҳам, ваъзгўйлик иши уларга қандай таъсир қилишини назаримиздан четда қолдирмаслигимиз зарур. (Воиз 11:6 ни ўқинг.) Тўғри, кўп одамлар бизни тингламайди, лекин улар бизни кузатади. Озода кийим кийганимиз, хушмуомалалигимиз ва самимий табассумимиз уларнинг назаридан четда қолиб кетмайди. Бу уларга таъсир қилиб, вақт ўтгач, ҳатто биз ҳақимизда салбий нуқтаи назарга эга бўлган кишилар ҳам ижобийроқ ўйлаши ҳеч гап эмас. Юқорида тилга олинган Сержио ва Олинда буни ўзларида ҳис этишди.
17 Сержио қуйидагича бўлишди: «Касаллик дастидан бир қанча вақт ўша бекатга бориб хизмат қила олмадик. Борганимизда эса, йўловчилар: “Тинчликми? Сизларни соғиниб қолдик”,— дейишди». Олинда эса шундай деди: «Автобус ҳайдовчилари биз билан саломлашиб, ўтирган жойидан баланд овозда: “Кўп яшанг!” — деб айтишарди. Улар биздан ҳатто журналлар сўрашди». Сержио ва Олинда бир киши уларга гулдаста бериб, қилаётган иши учун мақтаб кетганда лол қолишди.
18. Нега «сабр-бардош билан ҳосил келтиришга» қарор қилдингиз?
18 Дарҳақиқат, Шоҳлик хабарини эълон қилиш учун қўлларимизга тиним бермасак, «ҳамма халқларга шаҳодат бериш» шарафига эга бўламиз. (Мат. 24:14) Энг асосийси, Яҳовани хушнуд этаётганимизни билиш бизга қувонч ато этяпти. Зеро, У «сабр-бардош билан ҳосил келтираётган» барчани яхши кўради!
a Ҳатто Исо ҳам «ўз юрти»да ваъз қилиш қийин эканини тушунган. Буни Инжилнинг тўртта ёзувчиси ҳам қаламга олган. (Мат. 13:57; Марк 6:4; Луқо 4:24; Юҳан. 4:44)
b Гарчи бу масалдаги новдалар мойланган масиҳийларга ишора қилса ҳам, ундаги сабоқлар Худонинг барча хизматчиларига тегишли.
c «Ҳосил бериш» шунингдек, «муқаддас руҳ самарасини» намоён этишни ҳам билдирса-да, бу ва кейинги мақолаларда «оғзимиздан чиққан сўзларни» бахшида этиш ёки Худонинг Шоҳлиги ҳақида ваъз қилиш борасида гап юритилади. (Галат. 5:22, 23; Иброн. 13:15)
d Бошқа вазиятларда Исо уруғ сепиш ва ўрим-йиғим ҳақидаги мисолларни шогирд тайёрлаш иши билан боғлаган. (Мат. 9:37; Юҳан. 4:35–38)