3- БОБ
Йўлни ҳозирлайдиган дунёга келади
ЯҲЁ ТУҒИЛАДИ ВА УНГА ИСМ ҚЎЙИЛАДИ
ЗАКАРИЁ ЯҲЁНИНГ КЕЛАЖАКДАГИ ВАЗИФАСИ ҲАҚИДА АЙТАДИ
Мана, Элисабетнинг ой-куни ҳам яқинлашиб қолди. Марям уникида уч ой меҳмонда бўлди. Лекин энди Марям узоқ йўл юриб, Носирадаги уйига қайтиб кетиши керак. Тахминан олти ойдан сўнг у ҳам бола кўради.
Марямнинг кетишидан сал кейинроқ Элисабетнинг кўзи ёрийди. Аллоҳга минг қатла шукурки, Элисабетнинг ўзи ҳам, чақалоғи ҳам соппа-соғ! Элисабет ўғилчасини қўни-қўшниларию қариндошларига кўрсатганида, улар у билан бирга қувонишади.
Исроилда Тавротга биноан, саккизинчи куни ўғил чақалоқ суннат қилиниши ва кейин унга исм қўйилиши керак эди. (Левилар 12:2, 3) Баъзилар болага отасининг исмини — Закариё қўйиш керак, дейишади. Лекин Элисабет фикр билдириб: «Йўқ, унинг исмини Яҳё қўямиз»,— дейди. (Луқо 1:60) Эсингизда бўлса, болага бундай исм бериш ҳақида фаришта Жаброил айтган эди.
Аммо қўни-қўшниларию қариндошлари норози бўлиб: «Ахир, уруғ-аймоғингиз орасида бундай исмли киши йўқ-ку»,— дейишади. (Луқо 1:61) Шунда улар отасидан имо-ишора орқали чақалоққа қандай исм беришни сўрашади. Закариё бир тахтача сўрайди-да, устига: «Унинг исми Яҳё бўлади»,— деб ёзади. (Луқо 1:63)
Шу заҳотиёқ Закариё мўъжизавий тарзда яна гапира бошлайди. Эсингизда бўлса Закариё Элисабет ўғил кўриши ҳақидаги хабарга ишонмаган эди. Шунинг учун ҳам қўшнилари Закариёнинг яна тилга кирганини кўриб, ҳайрон қолишади-да, ўзаро: «Ажабо, бу бола ким бўлар экан?» — дея ўйлашади. (Луқо 1:66) Яҳёга қай йўсин исм берилгани орқали улар Худонинг қудратини кўришади.
Закариё муқаддас руҳга тўлиб: «Халқига назар ташлаб, нажот берган Исроилнинг Худоси Яҳовага ҳамду санолар бўлсин! У хизматкори Довуд хонадонидан чиққан қудратли нажоткорни берди»,— дея қувонади. (Луқо 1:68, 69) «Нажоткор» — бу энди туғилиши керак бўлган Ҳазрати Исодир. Закариёнинг айтишича, у орқали Худо «душманлар қўлидан бизни халос этгандан кейин, Унга умр бўйи муқаддас хизматни жасорат, садоқат ва адолат билан бажариш шарафига муяссар қилади». (Луқо 1:74, 75)
Ўғли Яҳёнинг келажаги ҳақида эса Закариё шундай башорат қилади: «Сен эса, эй чақалоқ, Тангри Таолонинг пайғамбари деб ном оласан. Яҳованинг олдида юриб, Унинг йўлларини тайёрлайсан. Унинг халқига гуноҳлари кечирилиши орқали нажот топишини эълон қиласан. Буларнинг бари Аллоҳимизнинг меҳр-шафқати ила бўлади. Ҳа, меҳр-шафқат билан юксакликдан бизга нур келади. Зулматда ва ўлим соясида ўтирганларга ёруғлик бериб, қадамларимизни тинчлик йўлига йўналтиради». (Луқо 1:76–79) Бу қандай ажойиб башорат бўлган-а?!
Тахминан шу вақтда, ҳали турмушга чиқмаган Марям Носирадаги уйига келади. Қизиқ, ҳомиладор эканини одамлар билишганида, Марям билан нима бўлади?