44- БОБ
Исо кучли бўронни тинчлантиради
МАТТО 8:18, 23–27 МАРК 4:35–41 ЛУҚО 8:22–25
ИСО ЖАЛИЛА ДЕНГИЗИДА БЎРОННИ ТИНЧЛАНТИРАДИ
Бугунги кун Исо учун жуда узун бўлди ва оғир кечди. Кеч кирганда Исо шогирдларига: «Нариги қирғоққа [Кафарнаҳумнинг қарама-қарши томонига] сузиб ўтайлик»,— дейди. (Марк 4:35)
Жалила денгизининг шарқий соҳилида герасаликлар ҳудуди бор. Бу ҳудуд шунингдек, Ўнкент деб танилган. Гарчи Ўнкент шаҳарлари юнон маданиятининг маркази ҳисобланса-да, бу ерда кўп яҳудийлар яшашди.
Исонинг Кафарнаҳумдан жўнаб кетиши назардан четда қолмайди. Одамлар бошқа қайиқларга ўтириб денгизни сузиб ўта бошлашади. (Марк 4:36) Нариги қирғоқ унчалик узоқ эмас. Аслида Жалила денгизи суви чучук катта кўлдир. Унинг узунлиги тахминан 21 километр, эни эса кўпи билан 12 километр. Лекин уни саёз деб бўлмайди.
Гарчи Исо мукаммал бўлса-да, фаол хизмат қилиб чарчаган бўлиши табиий. Қайиқ соҳилдан узоқлашганда, Исо қайиқнинг орқа томонида ёстиққа бош қўйиб, ухлаб қолади.
Ҳаворийлар орасида тажрибали қайиқчилар бор. Бироқ бу сафар манзилга етиш осон бўлмайди. Жалила денгизини тоғлар ўраб тургани сабабли сувнинг устки қисми кўпинча илиқ бўлади. Баъзан тоғлардаги совуқ ҳаво пастга тушиб илиқ сув билан тўқнашганида, кутилмаганда денгизда кучли бўронлар пайдо бўлади. Айнан шу нарса юз берди. Тўлқинлар қайиққа урилиб, «қайиққа сув тўла бошлаганидан, улар хавф остида» қолишди. (Луқо 8:23) Исо эса ҳалиям ухлаб ётибди!
Тажрибали қайиқчилар кучи борича қайиқни бошқаришга ҳаракат қилишади. Уларнинг ҳаётида бу биринчи бўрон эмаслиги шубҳасиз. Аммо бу сафар уларнинг қўлидан ҳеч нарса келмаяпти. Ўз ҳаёти учун хавфсираганидан улар Исони уйғотиб: «Ҳазрат, бизни қутқаринг, ҳалок бўляпмиз!» — дейишади. (Матто 8:25) Шогирдлар чўкиб кетишдан қўрқишади.
Исо уйғониб ҳаворийларига: «Эҳ, имони сустлар, намунча қўрқмасангизлар?!» — дейди. (Матто 8:26) Кейин шамол ва денгизга дўқ уриб: «Жим бўл! Тинчлан!» — дейди. (Марк 4:39) Шунда шамол тиниб, чуқур сукунат чўкади. (Марк ва Луқонинг баёнотига кўра, Исо аввало бўронни тинчлантиради, кейин эса шогирдларига уларнинг имони суст эканини айтади.)
Шу пайт шогирдлар нимани ҳис қилганини бир тасаввур қилинг-а?! Ҳозиргина уларнинг кўз олдида бўлган кучли бўрондан асар ҳам қолмади. Шогирдларни ваҳима босади ва улар бир-бирига шундай дейишади: «Бу қандай одамки, ҳатто шамол ва денгиз унга бўйсуняпти-я?!» Шундай қилиб, улар нариги қирғоққа эсон-омон етиб келишади. (Марк 4:41–5:1) Эҳтимол, бошқа қайиқлар бўрондан олдин ғарбий қирғоққа бехатар қайтиб боришга улгуришган.
Аллоҳнинг Ўғли табиат кучлари устидан бошқара олишини билиш тасалли бахш этади! Келажакда у ер юзи устидан ҳукмронлик қилганда ҳеч қандай табиий офатлар содир бўлмайди ва барча одамлар хавфсизликда яшайди!