75- БОБ
Исо ҳақиқий бахт манбаини ошкор этади
ЖИНЛАРНИ АЛЛОҲНИНГ «БАРМОҒИ», ЯЪНИ ҚУДРАТИ БИЛАН ҚУВИБ ЧИҚАРАДИ
ҲАҚИҚИЙ БАХТ МАНБАИ
Ҳозиргина Исо қандай ибодат қилиш кераклиги борасида яна бир бор айтди. Лекин у хизмати давомида бир неча маротаба такрорлаб айтган мавзу фақатгина бу эмас эди. Жалилада мўъжизалар яратганида, уни бу ишларни жинлар ҳукмдорининг ёрдами билан қилганликда айблашган. Энди Яҳудияда ҳам у шундай айбловга дуч келади.
Исо бир одамнинг ичидан уни соқов қилиб қўйган жинни қувиб чиқаради. Халқ ҳайратда қолади. Аммо айримлар олдин бўлганидек, Исони айблашга тушишади. «У жинлар ҳукмдори Баалзабубнинг ёрдами билан жинларни қувиб чиқаряпти»,— дейишади улар. (Луқо 11:15) Бошқалар эса Исонинг кимлигини тушуниш мақсадида, осмондан аломат кўрсатишини талаб қилишади.
Улар уни синамоқчи эканини билиб, Исо Жалилада шунга ўхшаш айбловларга жавоб бергандек жавоб қайтаради. У, ичидан бўлинган ҳар қандай шоҳлик вайрон бўлишини таъкидлаб, улардан: «Шу сингари, Шайтон ичидан бўлинган бўлса, унинг шоҳлиги қандай тура олади?» — деб сўрайди. Кейин Исо уларга тўғридан-тўғри шундай дейди: «Агар мен Аллоҳнинг қудрати [бармоғи] билан жинларни қувиб чиқараётган бўлсам, Худонинг Шоҳлиги сизларга етиб келгани аниқ». (Луқо 11:18–20, изоҳ)
Исо Аллоҳнинг «қудрати» ёки «бармоғи» ҳақида айтганида, тингловчилар исроилликларнинг тарихида бўлган воқеаларни эслашгандир. Мусо пайғамбар қилган мўъжизасини кўрган фиръавннинг аъёнлари: «Бу иш Худонинг қудрати [бармоғи] билан бажарилган»,— деб айтишган. Худди шу «бармоқ» билан тош лавҳаларга Ўнта амр ёзилган эди. (Чиқиш 8:19; 31:18, изоҳ) Шунга ўхшаб, Исо Аллоҳнинг «бармоғи», яъни муқаддас руҳи ёки фаол қудрати ила жинларни қувиб чиқаряпти ва касалларни соғайтиряпти. Ҳа, Худонинг Шоҳлиги Исонинг душманларига етиб келди. Ахир, ушбу Шоҳликнинг тайинланган Шоҳи Исо уларнинг кўз ўнгида бу ишларни амалга оширяпти.
Сўнгра Исо, ўз уйини яхши қуролланиб ҳимоялаган киши ҳақида мисол келтиради. Аммо ундан ҳам кучлироқ одам келиб, ўша кишини енгади. Демак, Исонинг жинларни қувиб чиқаришга қодирлиги, у Шайтоннинг устидан ҳокимиятга эга эканини кўрсатади. Шунингдек, Исо одамни тарк этган ёвуз руҳ тўғрисидаги масални такроран сўзлайди. Агар одам бўшаган жойни яхши нарсалар билан тўлдирмаса, ёвуз руҳ еттита бошқа руҳ билан қайтиб келади ва ўша одамнинг аҳволи аввалгисидан баттарроқ бўлади. (Матто 12:22, 25–29, 43–45) Исроил халқи билан худди шундай бўлди.
Халқ орасида Исони тинглаётган бир аёл: «Сени туққан ва эмизган аёл бахтлидир!» — дея ҳайқиради. Ҳар бир яҳудий аёл пайғамбарнинг ва айниқса Масиҳнинг онаси бўлишни орзу қилади. Шунинг учун бу аёл Исонинг онаси Марямни роса бахтли деб ўйлаётгандир, ахир у шундай устознинг онаси бўлди. Лекин Исо ўша аёлнинг нуқтаи назарини тузатиб, ҳақиқий бахтнинг сирини очиб беради. «Аниқроғи,— дейди у,— Тангрининг каломини тинглаб, уни бажо келтирганлар бахтлидир!» (Луқо 11:27, 28) Исо ҳеч қачон онаси Марямни ўзгача тарзда эъзозлаш кераклигига ҳатто шама ҳам қилмаган. Аксинча, ҳар қандай инсон — эркак ёки аёл бўлишидан қатъи назар, қариндошлик ришталари ёки қандайдир ютуқлар орқали эмас, Худонинг садоқатли хизматчиси бўлиш орқали ҳақиқий бахтга эришиши мумкин.
Худди Жалилада бўлганидек, Исо Яҳудияда ҳам осмондан аломат кўрсатишини талаб қилган одамларга танбеҳ беради. У уларга Юнус пайғамбарникидан бошқа аломат кўрсатилмаслигини айтади. Юнус пайғамбар чиндан ҳам бир аломат тариқасида бўлган. Чунки у уч кун балиқ ичида қолган ва жасорат ила ваъз этгани натижасида ниневияликлар тавба қилишган. «Лекин,— дейди Исо,— қаршингизда турган киши Юнусдан ҳам буюкроқдир». (Луқо 11:29–32) Шунингдек, у донолиги билан Шава маликасини ҳайратлантирган шоҳ Сулаймондан ҳам буюкроқ.
«Ҳеч ким мойчироқни ёқиб, уни кўринмас ерга ёки саватнинг тагига қўймайди. Аксинча,.. уни чироқпояга қўяди»,— деб қўшимча қилади Исо. (Луқо 11:33) Эҳтимол, Исо ўша одамларга таълим бериш ва мўъжизалар кўрсатиш, ёнаётган мойчироқни бекитиш билан тенг, деб айтмоқчи бўлади. Уларнинг кўзи фақат бир нарсага қаратилмагани учун у нима мақсадда мўъжизалар яратганини улар тушунишмайди.
Яқиндагина Исо бир жинни қувиб чиқарди ва натижада соқов одам гапира бошлади. Бу мўъжиза одамларни Яҳовани шарафлашга ва бошқаларга ҳам Унинг ишлари ҳақида айтишга ундаши керак эди. Исо уни танқид қилган кишиларни огоҳлантириб, қуйидагича дейди: «Эҳтиёт бўлинг, тағин сиздаги нур қоронғи бўлмасин. Агар бутун танангизнинг ҳеч бир қисми қоронғиликда эмас, ёруғликда бўлса, гўё мойчироқнинг нури тушаётганидай, бутун танангиз ёруғ бўлади». (Луқо 11:35, 36)