Худо назарида боймисиз?
Ўзи учун бойлик тўплаб, Худо назарида бойимаган кишининг қисмати ана шундай бўлади. ЛУҚО 12:21
1, 2. а) Одамлар нимага эришиш учун кўп нарсадан воз кечишга тайёрлар? б) Худонинг кўп хизматчилари нимага дуч келишмоқда ва қандай хавф мавжуд?
АСРЛАР давомида одамлар бойлик орттириш учун оғир меҳнат қилишган. Мисол учун, XIX асрда Австралия, Жанубий Африка, Канада ва Қўшма Штатлардаги кўп одамлар олтин топиш илинжида уй-жойларини ва яқинларини ташлаб, бегона юртларга ўз бахтларини синаш учун йўл олганлар. Улар бойиб кетиш мақсадида ҳаётларини хавф остига солишди ҳамда кўп нарсадан воз кечишди.
2 Тўғри, бугунги кунда инсонлар том маънода хазина излашмайди, лекин ҳаёт кечириш учун тиришиб ишлашади. Зеро ҳозирги кунимизда ҳаёт оғирлашиб кетган. Шундай экан, озиқ-овқат, кийим-кечак ва уй-жойга эга бўлишга интилиб, муҳимроқ нарсалар ҳақида унутиш ҳеч гап эмас (Римликларга 14:17). Исо пайғамбар инсонларнинг бундай мойиллигини аниқ ифодаловчи бир масал айтиб берганди. Бу масал Луқо 12:16–21- оятларида келтирилган.
3. Луқо 12:16–21- оятларда келтирилган Исонинг масалини қисқача сўзлаб беринг.
3 Исо бу масални, тамагирликдан огоҳлантирувчи сўзларни айтгандан кейин келтирди. Бу масал, бир бой одамнинг омборлари молларга тўлиб тошганида, янги каттароқ омбор қуриб, мулкини ўша ерга жойлаштирмоқчи бўлганлиги ҳақида. Бу одам энди фаровон ҳаётдан роҳатланиб яшайман деб турганида, Худо унинг ҳаёти якунига етиб қолгани ва йиққан бойлиги бошқа кишига қолиши ҳақида айтади. Сўнг Исо масалга якун ясаб: «Ўзи учун бойлик тўплаб, Худо назарида бойимаган кишининг қисмати ана шундай бўлади»,— деди (Луқо 12:21). Ушбу масалдан қандай сабоқ олишимиз мумкин? Бу сабоқни ўз ҳаётимизга қандай қўлласак бўлади?
Бойнинг муаммоси
4. Исонинг масалидаги инсон қандай шахс бўлган дейиш мумкин?
4 Исонинг ушбу масали бугунги кўп инсонларга ҳам тааллуқли. Исо гапини оддий сўзлар билан: «Бир бой одамнинг даласи мўл ҳосил бериб турар экан»,— деб бошлади. Ҳазрати Исо, бу одам инсофсиз ёки ноқонуний йўл билан бойлик тўплаган, деб айтмади. Бошқача айтганда, у ёмон одам эмас эди. Аслида Исонинг сўзларидан, бу киши меҳнаткаш бўлганини кўриш мумкин. Ҳар ҳолда у ўзининг ва оиласининг келажагини ўйлаб, бойлик тўплаган эди. Инсоний нуқтаи назардан қараганда, бу одам меҳнаткаш ва масъулиятли бўлган.
5. Исонинг масалидаги киши қандай муаммога дуч келди?
5 Бошқа томондан, Исо ўз масалида бу одам аллақачон анча-мунча бойликка эга бўлганини таъкидлаб ўтди. Аммо, Исо бу одам бир муаммога дуч келганини айтди. Унинг даласи кутилгандан ҳам кўпроқ ҳосил бериб, уни қаерга қўйишга ҳам жой топа олмай қолди. Хўш, у энди нима қилар экан?
6. Бугунги кунда Худонинг кўп хизматчилари қандай синовга дуч келишмоқда?
6 Бугун Яҳова Таолонинг кўп хизматчилари шу каби вазиятга рўбарў келишмоқда. Улар ҳалоллик ва тиришқоқлик ила ишлашга ҳаракат қилишади (Колосаликларга 3:22, 23). Улар шартнома асосида ишлашлари ёки хусусий корхонасига эга бўлишларидан қатъий назар, кўпинча ўз ишларида муваффақият қозонишади. Шунда уларда лавозимда кўтарилиш ёки хусусий ишни кенгайтириш имкониятлари пайдо бўлса, жиддий қарор қабул қилишларига тўғри келади. Эҳтимол бу, кўпроқ пул ишлашга йўл очиб берар? Шу сингари, Худонинг кўпгина ёш хизматчилари мактабда яхши ўқишади. Натижада уларни олий ўқув юртига киришга таклиф қилишлари мумкин. Улар имкониятни қўлдан бой бермай, бундай таклифни қабул қилишадими?
7. Исонинг масалидаги бой одам муаммосини қандай ҳал қилишга қарор қилди?
7 Исонинг масалига қайтадиган бўлсак, бойнинг даласи кўп ҳосил бериб, уни қўйишга жой топа олмай қолганида, нима қилмоқчи бўлди? У омборларини бузиб, каттароғини қуриб, бутун ғалла ва молларини шу ерга жойлашга қарор қилди. У ўз тузган режасидан мамнун бўлиб, ўзига-ўзи: «Эй жоним, сен кўп йилларга етгулик давлат тўпладинг. Энди роҳат қил, еб ичгин, кайф-сафо сургин»,— дебди (Луқо 12:19).
«Нодон» киши
8. Исонинг масалидаги киши қандай муҳим нарсани эътиборга олмади?
8 Исонинг тасвирлашича, бой одамнинг режаси унга алдамчи мамнунлик ва хавфсизлик туйғусини бахш этган эди. Лекин у энг асосий нарса, яъни Худонинг иродасини эътиборга олмаганди. Бу киши «кўп йилларга етадиган егулик давлат» тўплагани учун, еб-ичиб, кай-сафо суриб яшаши тўғрисида ўйлаганди. Бироқ афсуски, бундай бўлмади. Зеро Исонинг олдинроқ айтган сўзларига кўра, «инсон умри унинг мол-мулки кўплигига боғлиқ эмас» (Луқо 12:15). Зотан Худо унга: «Эй нодон! Бу кечаёқ жонинг олинади. Шунда бу тежаб қўйганларинг кимга қолади?» — деб айтди (Луқо 12:20).
9. Нима сабабдан масалдаги киши нодон деб аталган?
9 Энди, Исо келтирган масалининг асосий фикрига диққат қилайлик. Худо бой кишини «нодон» деб атади. Бир луғатга кўра, ушбу юнонча сўз «доимо бирор нарсани етарлича фаҳмламасликни англатади». Шунингдек у ерда, Худо бу сўзи билан «бойнинг келажакка нисбатан тузган режаси беҳуда» эканини фош қилгани ҳақида айтилган. Бу сўз, одамга ақл-идрок етишмаслигини эмас, балки «инсон Худога муҳтожлигини инкор этишини» билдиради (Exegetical Dictionary of the New Testament). Исо Масиҳнинг бой одам тўғрисидаги масали, унинг кейинчалик Лаодикиядаги (Кичик Осиё) жамоатга айтган сўзларини эсга солади: «Сен: “Бойман, бойиб кетдим, ҳеч нарсадан кам-кўстим йўқ”,— дейсан-у, аммо аянчли, ачинарли, қашшоқ, кўр ва яланғоч эканлигингни билмайсан!» (Ваҳий 3:17).
10. Ним учун «давлат тўплаш», «кўп йиллар» умр кўришга кафолат бера олмайди?
10 Келинг ушбу сабоқ устидан мулоҳаза юритайлик. Биз ҳам масалдаги бой киши каби тиришиб меҳнат қилиб, «давлат тўплаб», аммо «кўп йиллар» умр кўришга ҳисса қўшадиган нарсаларни назаримиздан туширмаяпмизмикин? (Юҳанно 3:16; 17:3). Тавротда: «Қиёмат кунида бойлик фойда бермайди, солиҳлик эса ўлимдан сақлайди. Бойлигига ишонган хонавайрон бўлади»,— дейилган (Ҳикматлар 11:4, 28). Бинобарин, Исо масалига хотима ясаб, шундай деди: «Ўзи учун бойлик тўплаб, Худо назарида бойимаган кишининг қисмати ана шундай бўлади» (Луқо 12:21).
11. Нима сабабдан бойликни умид ва хавфсизлик гарови деб билиш нодонликдир?
11 Ҳазрати Исо «ана шундай бўлади» деган сўзлари билан, кимки бойликни умид ва хавфсизлик гарови деб билса, охирати масалдаги бой одамники сингари бўлишини ифодалади. «Ўзи учун бойлик тўплаш» эмас, балки «Худо назарида бойимаслик» ёмондир. Исонинг шогирди Ёқуб шу каби огоҳлантиришни айтган эди: «Хўш, сизлар: “Бугун ёки эртага фалон шаҳарга бориб, у ерда бир йил яшаб, савдо-сотиқ қилиб, фойда кўрамиз”,— дейсизлар-у, лекин эртага нима бўлишини билмайсизлар». Унда нима қилиш даркор? «Бунинг ўрнига сизлар: “Агар Раббимиз хоҳласа, биз тирик қолиб, уни ёки буни қиламиз”,— деб айтишингиз керак» (Ёқуб 4:13–15). Шундай экан, агар Худо назарида бойимасак, қанча мол-мулкка эга бўлмайлик, барчаси беҳудадир. Унда Худо назарида бойиш нимани англатади?
Худо назарида бойиш
12. Худо назарида бойиш учун нима қилиш лозим?
12 Исонинг сўзларига кўра, Худо назарида бойиш билан, ўзи учун бойлик тўплашнинг ўртасида катта фарқ бор. Шу йўсин Исо, ҳаётдаги мақсадимиз бойлик тўплаб, ундан баҳраманд бўлишдангина иборат эмаслигини таъкидлади. Аксинча, ўз мол-мулкимиздан Худонинг олдида бойиш ва У билан муносабатларимизни мустаҳкамлаш учун фойдаланишимиз лозим. Шубҳасизки, шунда Худо назарида бойиган бўламиз. Нега? Чунки бу бизга мўл-кўл қут-баракалар келтиради. Зеро Тавротда: «Эгамизнинг марҳамати бойлик келтиради, У бойликка ғам-ташвиш қўшмайди»,— деб айтилган (Ҳикматлар 10:22).
13. Қандай қилиб Яҳованинг қут-баракаси «бойлик келтиради»?
13 Яҳова Таоло Ўз халқига доимо қут-баракалар ёғдиради (Ёқуб 1:17). Мисол учун, Яҳова Исроил халқига «сут ва асал оқиб ётган юрт»ни берган эди. Гарчи қадимда Миср мамлакати ҳам шу тариқа тасвирланган бўлса-да, Яҳова Ўз халқига берган юртнинг бир фарқли томони бор эди. Мусо пайғамбар айтганидай, у юрт учун Тангри Яҳованинг Ўзи ғамхўрлик қиларди. Шу сабабли улар фаровонликда яшашарди. Исроилликлар Яҳовага садоқатли бўлишган вақтда, Худо уларга мўл-кўл қут-барака ёғдирар ва улар бошқа халқлардан кўра яхшироқ ҳаёт кечиришарди. Дарҳақиқат, Яҳованинг қут-баракаси «бойлик келтиради» (Саҳрода 16:13; Амрлар 4:5–8; 11:8–15).
14. Нима сабабдан Худо назарида бойиган кишилар бахтиёрлар?
14 Бойлар одатда бошқаларга бойлигини кўз-кўз қилишни исташади. Бу кўпинча уларнинг турмуш тарзида намоён бўлади. Муқаддас Китобда айтилганидай, бундай одамлар ўзгалар олдида мақтанишни хоҳлашади (1 Юҳанно 2:16). Аксинча, Худо назарида бой бўлган инсонлар Унинг марҳамати, илтифоти ва меҳр-иноятига сазовор бўлиб, У билан яқин муносабатларга эга бўлишади. Шубҳасиз бу уларга ҳар қандай бойликдан устун бўлган бахтиёрлик ва хавфсизлик ҳиссини бахш этади (Ишаё 40:11). Лекин Худо назарида қандай бойиш мумкин, деган савол туғилмоқда?
Худо назарида қандай бойиш мумкин?
15. Худо назарида қандай бойиш мумкин?
15 Исонинг масалидаги киши ўзига бойлик тўплаш учун тер тўкиб ишлаганди, аммо у нодон инсон деган ном олди. Худо назарида бойиш учун эса, Аллоҳ учун қадр-қимматга эга бўлган хизматда ғайрат ила иштирок этиш даркор. Бунга нисбатан Исо Масиҳ: «Шунинг учун бориб, барча халқлардан шогирд орттиринглар»,— деб амр берган эди (Матто 28:19). Вақтимиз, кучимиз ва қобилиятларимизни ўз манфаатимиз учун эмас, балки Шоҳлик хушхабарини ваъз қилиш ва шогирд орттириш ишига сарфлаб, маънавий хазина тўплаган бўламиз. Бундай йўл тутганлар маънавий бойликка эга бўлишади. Буни қуйидаги мисоллардан кўришимиз мумкин (Ҳикматлар 19:17).
16, 17. Худо назарида бойиш мумкинлигини кўрсатувчи қандай ҳаётий мисолларни келтира оласиз?
16 Келинг, Осиё мамлакатида яшовчи бир Яҳова Шоҳидининг мисолини кўриб чиқайлик. У компьютер бўйича мутахассис бўлиб, яхши маош оларди. Бироқ бу иш унинг деярли бутун вақтини олиб, маънан сусайишига сабаб бўлди. Лекин у, иши юришиб кетаётганига қарамай, охир-оқибат бу ишидан бўшаб, музқаймоқ тайёрлаб, кўчада сотадиган бўлди. Энди у маънавий эҳтиёжларини қондиришга ва жамоатдаги вазифаларини бажаришга кўп вақт ажрата оларди. Унинг собиқ ҳамкорлари уни мазах қилишганди. Аммо вақт ўтиб, у бундай деб бўлишди: «Мен ҳозир аввалги ишимдан кўра кўпроқ пул топяпман. Янги ишимдан мамнунман, чунки олдинги ишим менга кўп ғалва келтириб, чарчатарди. Асосийси эса, ҳозир мен Яҳовага янада яқинлашдим». Бундай ўзгариш биродаримизга Худога тўла вақт хизмат қилишга имкон яратди ва ҳозир у ўз мамлакатидаги Яҳова Шоҳидларининг бўлимида хизмат қилмоқда. Чиндан ҳам, Яҳованинг қут-баракаси «бойлик келтиради».
17 Бошқа мисол, олий маълумотли бўлишни муҳим деб ҳисоблайдиган оилада тарбияланган бир аёл ҳақида. У Франция, Мексика ва Швейцария олий ўқув юртларида таҳсил олган эди. У бундай ҳикоя қилади: «Бахт менга кулиб боққанди. Мен обрў-эътибор қозониб, олдимда катта имкониятлар очилганди. Бироқ қалбимда бўшлиқ ва умидсизликни ҳис этардим». Кейинчалик бу аёл Яҳова Таоло ҳақида ўргана бошлади. У бундай дейди: «Мен маънан ўсганим сайин, Яҳовани мамнун қилиш ва Унга ўз миннатдорлигимни изҳор этиш истагим ошиб борарди. Бу менга ҳаётимдаги энг яхши йўл — Худога тўла вақт хизмат қилиш эканини кўришга ёрдам берди». Бу аёл ўз мавқеидан воз кечиб, кўп ўтмай сувга чўмиб имон келтирди. Мана 20 йилдан буён у Худога тўла вақт хизмат қилиб, ўзини бахтиёр ҳис этмоқда. Унинг айтишича: «Айримлар мен ҳақимда ўз қобилиятларини барбод қилди деб ўйлашарди. Бироқ улар менинг бахтли эканимни кўриб, Муқаддас Китобга бўлган ҳурматлари ошди. Мен ҳар куни Яҳовага ибодат қилиб, Унга маъқул келиш учун камтаринлик беришини сўрайман».
18. Ҳаворий Павлус сингари, қандай қилиб Худо назарида бойишимиз мумкин?
18 Павлус ҳаворий бўлишидан олдин обрў-эътибор келтирадиган истиқболга эга эди. Лекин у бунинг барчасидан воз кечиб, кейинчалик бу ҳақда: «Исо Масиҳни билишнинг афзаллиги олдида мен ҳамма нарсадан бош тортиб, фойдасиз деб билдим»,— деб ёзди (Филиппиликларга 3:7, 8). Ҳаворий Павлус учун Исо Масиҳ орқали эришган барча бойлик, бу дунё тақдим этган нарсалардан кўра афзалроқ бўлган. Шу каби, ҳар қандай тана эҳтиросларимизга қарши туриб, Худога садоқатли бўлишга интилиб, биз ҳам Худо назарида бойишимиз мумкин. Худонинг Каломи бизга бундай аминлик бермоқда: «Камтарлик ва Эгамиздан қўрқиш, бойлик, ҳурмат ва ҳаёт келтиради» (Ҳикматлар 22:4).
Тушунтира оласизми?
• Исонинг масалидаги киши қандай муаммога дуч келди?
• Нима сабабдан масалдаги киши нодон деб аталган?
• Худо назарида бойиш нимани англатади?
• Қандай қилиб Худо назарида бойишимиз мумкин?
[29- саҳифадаги расм]
Иш лавозимида кўтарилиш имконияти қандай қилиб синов бўлиши мумкин?
[30- саҳифадаги расм]
«Эгамизнинг марҳамати бойлик келтиради»
[32- саҳифадаги расм]
Нима сабабдан бой киши нодон деб аталган?