79- БОБ
Тавба қилмаган халқ нобуд бўлади
ОГОҲЛАНТИРИШ БЎЛА ОЛАДИГАН ИККИТА ФОЖИАЛИ ВОҚЕА
ИСО ШАББАТ КУНИ МАЙИБ АЁЛНИ СОҒАЙТИРАДИ
Исо одамларни Худо билан бўлган муносабатлари ҳақида ўйлашга турли йўллар билан ундаган. Бир фарзийнинг уйи олдида йиғилган халқ билан бўлган суҳбатидан кейин, Исо бунга яна бир бор эътибор қаратади.
Баъзилар унга жалилаликлар ҳақида фожиали воқеани айтиб беришади. «Пилат [римлик ҳоким Понтий] уларнинг қонини ўзлари келтирган қурбонликлар қонига аралаштириб юборган эди». (Луқо 13:1) Хўш, нима ҳақида гап кетяпти?
Пилат Қуддусни сув билан таъминлайдиган қувур, яъни акведук қуриш учун маъбад хазинасидаги пуллардан фойдаланмоқчи бўлганда, минглаб яҳудийлар бунга қарши чиқишган. Эҳтимол, бу жалилаликлар ушбу норозилик пайтида ўлдирилган. Пилат бу пулларни маъбаддаги нуфузли раҳбарларнинг розилиги билан олган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Исога сўзлаб бераётган одамлар жалилаликларнинг бошига тушган бу фалокатга ўзларининг ёвуз ишлари сабаб бўлган, деб ўйлашаётгандир. Исо бу фикрга қўшилмайди.
Исо улардан шундай деб сўрайди: «Бу жалилаликлар шунча азоб чекишган экан, демак улар бошқа жалилаликлардан кўра кўпроқ гуноҳкор бўлган, деб ўйлайсизларми?» «Асло»,— деб жавоб беради у. Кейин Исо яҳудийларни огоҳлантириш учун ушбу воқеани қўллаб: «Агар тавба қилмасангиз, уларга ўхшаб ҳалок бўласиз»,— дейди. (Луқо 13:2, 3) Гапини давом этиб Исо яқинда содир бўлган бошқа бир фалокатни эслатади. Эҳтимол, бу фожиа ҳам акведук қурилиши билан боғлиқ бўлган.
«Силоамда 18 кишининг устига минора қулаб тушганди. Хўш, улар Қуддусда яшовчилардан кўра кўпроқ гуноҳкор бўлган, деб ўйлайсизларми?» — дея сўрайди Исо. (Луқо 13:4) Халойиқнинг фикрича, бу одамлар ўзларининг ёвуз ишлари учун ўлиб кетишган. Лекин Исо бу билан ҳам рози бўлмайди. Исо бундай кулфатларга одатда «вақт ва тасодиф» сабаб бўлишини билади. (Воиз 9:11) Аммо Исо бу воқеадан фойдаланиб: «Агар тавба қилмасангиз, уларга ўхшаб нобуд бўласиз»,— деб одамларни огоҳлантиради. (Луқо 13:5) Нега Исо уларни айнан ҳозир огоҳлантиряпти?
Сабаби Исонинг хизмати ўз якунига етяпти. Исо қуйидагича масал айтиб беради: «Битта кишининг узумзорида анжир ўтқазилган экан. Бир куни у келиб, ундан мева излай бошлабди. Лекин ҳеч нарса тополмабди. Кейин у боғбонга: “Мана уч йилдирки, бу анжир дарахтидан мева излаб келаман-у, лекин тополмайман. Уни чопиб ташла! Бекордан-бекор ерни банд қилиб турмасин!” — деб айтибди. Боғбон унга жавоб бериб дебди: “Хўжайин, келинг уни яна бир йилга қолдирайлик. Унинг тагини юмшатиб, гўнг солиб кўрай-чи. Борди-ю, янаги йил мева бермаса, майли уни чопиб ташлайверинг”». (Луқо 13:6–9)
Яҳудийларнинг имонини ўстириш учун Исо уч йилдан кўп ҳаракат қилди. Лекин фақат бир неча шогирдларни меҳнатининг ҳосили деб атаса бўлади. Энди хизматининг тўртинчи йилида Исо янада кўпроқ меҳнат қилади. Исо мажозий анжирнинг тагини юмшатиб гўнг солгандай, Яҳудия ва Переяда яҳудийларга ғайрат билан ваъз қилиб, таълим берган. Бунинг натижаси қандай бўлди? Афсуски, яҳудийларнинг камчилиги хабарини қабул қилади. Умуман олганда халқ тавба қилишни хоҳламайди. Шунинг учун ўзини йўқ қилинишга маҳкум этади.
Бундан кўп ўтмай, Шаббат куни Исо ибодатхонада таълим бераётганида яҳудийларнинг аксарияти бепарво экани яна бир бор аён бўлади. У 18 йилдан бери ёвуз руҳ таъсирида дардга чалинган, қадди икки букилган аёлни кўради. Унга раҳми келиб Исо: «Дардингиздан халос бўлдингиз»,— дейди. (Луқо 13:12) Кейин Исо қўлини аёлнинг устига қўяди ва аёл шу заҳоти ростланиб, Аллоҳни шарафлай бошлайди.
Бундан ибодатхона бошлиғи аччиқланиб, шундай дейди: «Ишлаш учун олти кун бор. Шифо топиш учун ана шу кунлари келинглар, Шаббат куни эмас». (Луқо 13:14) Ибодатхона бошлиғи Исонинг соғайтиришга қодир эканини рад этмайди, аммо Шаббат куни шифо олишга келаётган одамларни койиб беради. Бунга жавобан Исо асосли бир далил келтиради: «Эй иккиюзламачилар, ахир Шаббат кунида молхонадаги ҳўкиз ёки эшагингизни ечиб, сув ичиргани олиб чиқмайсизларми? Мана, 18 йилдан бери Шайтон кишанлаб қўйган, Иброҳим қизи ҳисобланган бу аёлни Шаббат кунида озод қилиш ўринли эмасми?» (Луқо 13:15, 16)
Исонинг душманлари бу сўзларни эшитиб уялиб қолишади. Аммо халойиқ Исо яратган улуғвор ишлардан хурсанд бўлади. Кейин Исо, олдин Жалила денгизида қайиқда ўтириб айтган Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги иккита башоратли масални бу ерда, Яҳудияда такрорлайди. (Матто 13:31–33; Луқо 13:18–21)