Яҳова Таоло «адолатни ўрнатади»
Наҳотки Худо Ўзига кечаю кундуз фарёд қилаётган Ўз танлаганлари учун адолатни ўрнатмаса? ЛУҚО 18:7, ЯДТ
1. Сиз кимдан далда оласиз ва нимага?
ЯҲОВАНИНГ ШОҲИДЛАРИ, кўп йиллардан буён Худога садоқатли бўлиб келаётган имондошлари билан бирга хизмат қилишдан бахтиёрлар. Худонинг бундай хизматчиларидан бирортасини сиз ҳам шахсан танийсизми? Эҳтимол, анча йиллар илгари сувга чўмган ва йиғилишларни камдан-кам қолдирган кекса опамиз эсингизга келаётгандир. Ёки кўп йиллар мобайнида жамоатни воизлик хизматида қўллаб-қувватлаб келаётган ёши улуғ биродаримиз ёдингизга тушгандир. Бу каби садоқатли хизматчилардан кўпчилиги аллақачон янги дунё келади, деб ўйлашганди. Бироқ бу адолатсиз дунёнинг ҳали ҳам мавжудлиги, уларнинг Яҳованинг ваъдаларига нисбатан ишончларини ҳамда «охиригача чидашга» бўлган ғайратларини сусайтирмаяпти (Матто 24:13). Уларнинг кучли имонлари бутун жамоат учун далда бўлиб келмоқда (Забур 146:11).
2. Бизни нима афсуслантирмоқда?
2 Бироқ, кўп йиллардан бери Худога хизмат қилиб келган баъзи бир кишиларнинг Яҳовага бўлган имонлари сусайиб, жамоатни тарк этишди. Биз билан биргаликда Яҳовага хизмат қилганлар, Ундан юз ўгиришганидан афсусдамиз ва бундай «йўқолган қўй» каби йўлдан адашганларга ёрдам беришни жуда ҳам истаймиз (Забур 118:176; Римликларга 15:1). Модомики, кимлардир садоқатли бўлиб қолиб, бошқалари эса имондан қайтишаётган экан, баъзи саволлар очиқ бўлиб қолмоқда. Жумладан, Яҳованинг ваъдаларига бўлган ишончимизни мустаҳкам сақлашга нима ёрдам беради? Яҳованинг улуғ куни яқинлашиб келаётганига аминлигимизни йўқотмаслик учун нима қилишимиз мумкин? (Зафаниё 1:14). Келинг, Инжилда ёзилган бир мисолни кўриб чиқамиз.
Инсон Ўғли зоҳир бўлган кунда яшаётганлар учун огоҳлантириш
3. Қози ва тул аёл ҳақидаги мисол айниқса кимга тегишли ва нима учун?
3 Инжилдаги Луқо китобининг 18-бобида қози ва тул аёл ҳақидаги мисол баён этилган. Ушбу мисол олдинги мақолада ибодатга нисбатан келтирилган мисолга ўхшайди (Луқо 11:2–13). Бироқ қози ва тул аёл ҳақидаги мисол, айниқса охирзамонда яшаётганларга тегишлидир. Бу замон «Инсон Ўғли» шоҳ бўлиб келган пайтда, яъни 1914 йилда бошландиa (Луқо 18:8).
4. Исо Масиҳ қози ва бева аёл ҳақидаги мисолни ҳикоя қилишдан аввал, нима ҳақда гапирган эди?
4 Бу мисолни ҳикоя қилишдан аввал, Исо ўзининг зоҳир бўлишининг далиллари, «чақмоқ чақиб фалакнинг бир учидан бошқа учигача ярқиратиб юборгандек» яққол билинади, деб айтди (Луқо 17:24; 21:10, 29–33). Ҳолбуки, «охирзамон»да яшаётган кўпчилик одамлар бундай яққол далилларга аҳамият беришмайди (Дониёр 12:4). Нима учун? Зеро улар, Нуҳ пайғамбар ва Лут даврида Тангри Яҳованинг огоҳлантиришларини менсимаган одамлар каби йўл тутишмоқда. Ўша даврдаги одамлар ҳам ҳалок бўлмагунча, «еб-ичдилар, олди-сотди қилдилар, экин-тикин ва бинокорлик билан машғул бўлдилар» (Луқо 17:26–29). Улар турмуш ташвишлари билан банд бўлиб, Худонинг иродасига аҳамият бермаганликлари учун ҳаётдан маҳрум бўлишди (Матто 24:39). Бугунги кунда ҳам одамлар шу қадар кундалик ишларга берилиб кетишганки, ҳатто бу ёвуз дунёнинг якуни яқинлашиб келаётганининг далилларини кўришмаяпти (Луқо 17:30).
5. а) Исо Масиҳ нимадан ташвишланган эди ва нима учун? б) Нима сабабдан айримлар имонларини йўқотишди?
5 Шубҳасизки, Исо Масиҳ шогирдларидан бирортаси, бу дунёнинг таъсирига берилиб, воз кечган нарсаларига қайтишмасин, деб ташвишланган эди (Луқо 17:22, 31). Баъзи Худонинг хизматчилари билан айнан шундай бўлди. Улар, Яҳова бу ёвуз дунёга чек қўйишини кўп йиллар кутишган эди. Лекин Ҳор-Магидўн улар кутган пайтда бўлмаганлиги сабабли, уларнинг ҳафсаласи пир бўлди. Яҳованинг ҳукм куни яқинлигига нисбатан ишончлари сусайди. Улар турмуш ташвишларига шу қадар берилиб кетиб, маънавий ишларга вақтлари қолмай, хизматда фаолсиз бўлиб қолдилар (Луқо 8:11, 13, 14). Минг афсуски, охир оқибат улар қолдирган нарсаларига қайтишди!
‘Доимо ибодат қилиш’ муҳим
6–8. а) Қози ва тул аёл тўғрисидаги мисолни ҳикоя қилиб беринг. б) Исо ҳикояни айтиб бўлгач, нима деди?
6 Яҳова Таолонинг ваъдалари бажарилишига бўлган аминлигимиз сусаймаслиги учун нима қилишимиз керак? (Ибронийларга 3:14). Исо шогирдларини бу ёвуз дунёга қайтмасликка ундаганидан сўнг, ушбу мавзудан гап очди.
7 Исонинг шогирди бўлмиш Луқо бу ҳақда қуйидагича ёзган: «Исо шогирдларига доимо, безмасдан ибодат қилиш кераклиги ҳақида масал айтиб берди: “Бир шаҳарда Худодан ҳам қўрқмайдиган, одамдан ҳам уялмайдиган бир қози бор экан. Ўша шаҳарда бир тул аёл ҳам яшар экан. У қозининг олдига доим келиб: — Мени рақибимдан [«адолат ила», ЯДТ] ҳимоя қилинг,— деб ўтиниб юрибди. Қози анча вақтгача эътибор бермас экан. Охирида у ўзи-ўзига: — Мен Худодан қўрқмайман, одамдан ҳам уялмайман. Бироқ майли, бу тул аёл менга тинчлик бермаётгани учун, уни ҳимоя қила қолай [«адолатли ҳукм қила қолай», ЯДТ]. Бўлмаса у келавериб, жонимдан безор қилади,— дебди”».
8 Ушбу ҳикояни айтиб бўлгач, Исо бундай деди: «Эшитяпсизми, инсофсиз қози нима дебди... Наҳотки Худо Ўзига кечаю кундуз фарёд қилаётган Ўз танлаганларини ҳимоя қилмаса [«Ўз танлаганлари учун адолатни ўрнатмаса?», ЯДТ] наҳотки уларни кўп куттириб қўйса? Сизларга айтаманки, уларни кўп ўтмай ҳимоя қилади [«улар учун тез орада адолатни ўрнатади», ЯДТ]. Бироқ Инсон Ўғли келганида, ер юзида имон [«шундай имонни», ЯДТ] топармикин?» (Луқо 18:1–8).
Мени рақибимдан адолат ила ҳимоя қилинг
9. Қози ва тул аёл ҳақидаги мисолнинг асосий мавзуси қандай?
9 Ушбу мисолнинг асосий мавзуси яққол кўриниб турибди. Буни қози ва бева аёл ҳамда Исо Масиҳнинг сўзларидан пайқаш мумкин. Тул аёл: «Мени рақибимдан адолат ила ҳимоя қилинг»,— деб ўтиниб сўради. Қози: «Уни адолатли ҳукм қила қолай»,— деган қарорга келди. Исо: «Наҳотки Худо Ўз танлаганлари учун адолатни ўрнатмаса?» — деган савол берди. Сўнг у, Худованд Яҳовани назарда тутиб: «Улар учун тез орада адолатни ўрнатади»,— деб айтди (Луқо 18:3, 5, 7, 8, ЯДТ). Хўш, Худо қачон адолатни ўрнатар экан?
10. а) Биринчи асрда қачон адолат ўрнатилган эди? б) Худонинг бугунги хизматчилари учун адолат қачон ва қандай қилиб ўрнатилади?
10 Биринчи асрда адолат, милодий 70-йилда Қуддус ва маъбад йўқ қилинганида, ўрнатилган эди. Исо ўша вақтни «интиқом кунлари» деб атади (Луқо 21:22). Худонинг бугунги хизматчилари учун адолат «Яҳованинг улуғ куни»да ўрнатилади (Зафаниё 1:14, ЯДТ; Матто 24:21). Ўша пайтда Тангри Яҳова халқига «азоб бераётганларга У ўзига яраша жазосини беради». Исо Масиҳ эса «Худони танимаган ва Ўзининг Хушхабарига итоат этмаган шаккоклардан ўч олади» (2 Салоникаликларга 1:6–8; Римликларга 12:19).
11. Қандай қилиб Яҳова «тез орада» адолатни ўрнатади?
11 Яҳова «тез орада» адолатни ўрнатади деган Исонинг сўзларини қандай тушуниш мумкин? Гарчи Яҳова «сабр-тоқат»ли бўлса-да, Худонинг Каломида айтилганидай, У белгиланган вақтда тезда адолатни ўрнатади. (Луқо 18:7, 8; 2 Бутрус 3:9, 10). Масалан, Нуҳ пайғамбар даврида Тўфон бўлганида, фосиқ инсонлар тезда йўқ қилинган эди. Шу сингари, Лут кунларида ҳам осмондан оташин ёмғир ёғганида, ёвуз одамлар ҳалок бўлганди. Исо Масиҳ: «Инсон Ўғли зоҳир бўлган кунда ҳам худди шундай бўлади»,— деб айтган (Луқо 17:27–30). Энди ҳам «тўсатдан уларнинг бошига ҳалокат келади» (1 Салоникаликларга 5:2, 3). Худованд Яҳова, Шайтоннинг дунёси белгиланган кундан бир кун ҳам ортиқ мавжуд бўлишига йўл қўймаслигига амин бўлишимиз мумкин.
У «адолатни ўрнатади»
12, 13. а) Қози ва тул аёл ҳақидаги мисолдан Худога нисбатан қандай сабоқ олишимиз мумкин? б) Яҳова ибодатларимизни тинглаб, адолатни ўрнатишига нима учун амин бўлишимиз мумкин?
12 Бева аёл ва қози ҳақидаги мисол бизни бошқа муҳим нарсаларга ҳам ўргатмоқда. Ушбу мисолнинг маъносини тушунтираётиб, Исо: «Эшитяпсизми, инсофсиз қо- зи нима дебди... Наҳотки Худо Ўзига кечаю кундуз фарёд қилаётган Ўз танлаганларини ҳимоя қилмаса [«Ўз танлаганлари учун адолатни ўрнатмаса», ЯДТ]». Албатта Исо алайҳиссалом Яҳовани қози билан тенглаштирмади ва Худо имонли одамлар билан шундай муносабатда бўлади, деб айтмади. Аксинча, у Худо билан қози ўртасидаги фарқни кўрсатиб, шогирдларига сабоқ берди. Хўш у қандай фарқларни кўрсатди?
13 Исо келтирган мисолдаги қози «инсофсиз» эди, аммо «Худо одил ҳукм чиқарур» (Забур 7:12; 32:5). Қозининг тул аёл билан ҳеч қандай иши йўқ эди, Яҳова эса ҳеч кимга бефарқ эмас (2 Солномалар 6:29, 30). Қози бева аёлга ёрдам беришни хоҳламаган эди, Яҳова Таоло бўлса Унга хизмат қилувчиларга ёрдам беришни истайди (Ишаё 30:18, 19). Бундан қандай сабоқ олишимиз мумкин? Агар инсофсиз қози бева аёлнинг илтижосини тинглаб, адолатли ҳукм қилган бўлса, Яҳова халқининг ибодатини тинглаб, улар учун адолатни ўрнатиши шубҳасиздир! (Ҳикматлар 15:29).
14. Нима сабабдан биз яқинлашиб келаётган Худонинг кунига бўлган ишончимизни йўқотмаслигимиз лозим?
14 Бинобарин, Худонинг ҳукм куни келишига ишонмай қўйганлар, жиддий хатога йўл қўйишмоқда. Нега? Яҳованинг улуғ куни келишини шубҳа остига солганлар, Худованд Яҳова ваъдаларини бажаришига ишонмасликларини кўрсатишади. Лекин Аллоҳнинг адолатидан шубҳаланишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ (Аюб 9:12). Аммо шахсан биз Худога садоқатли бўлиб қола оламизми ёки йўқми, шу бизни ташвишга солиши лозим. Қози ва бева аёл ҳақидаги мисолнинг сўнгида, Исо айнан шу фикрни ифодалади.
«Ер юзида шундай имонни топармикин?»
15. а) Исо қандай савол берди ва нима учун? б) Ўзимизга қандай савол беришимиз лозим?
15 Исо Масиҳ қизиқарли савол берган эди: «Инсон Ўғли келганида, ер юзида имон [«шундай имонни», ЯДТ] топармикин?» (Луқо 18:8). «Шундай имон» деган ибора, Исо шунчаки имонни эмас, балки бева аёл намоён этган кучли имонни назарда тутганлигини кўрсатмоқда. Исо саволига жавоб бермади. У, шогирдлари ўз имонлари ҳақида ўйлаб кўришлари учун, бу саволни берди. Уларнинг имонлари сусайиб қолмадимикин? Бундай ҳолда, улар қачонлардир воз кечган нарсаларига қайтиш хавфи пайдо бўларди. Ёки тул аёл сингари кучли имонга эгамидилар? Бугун биз ҳам ўзимизга бундай савол беришимиз даркор: «“Инсон Ўғли” менинг қалбимда қандай имонни кўрмоқда?»
16. Бева аёлнинг имони қанақа эди?
16 Яҳованинг адолатини кутаётган кишилар орасида бўлиш учун, тул аёл сингари йўл тутишимиз лозим. Унинг имони қанақа эди? Аёлнинг имони хатти-ҳаракатларидан кўринарди. У қозининг олдига келиб: «Мени рақибимдан адолат ила ҳимоя қилинг»,— деб қунт билан сўрар эди. Бу бева аёл инсофсиз одамдан тиришқоқлик ила адолатга эришган экан, бугунги кунда Аллоҳнинг хизматчилари ҳам, Яҳова адолатни ўрнатишига амин бўлишлари мумкин. Шунингдек улар «кечаю кундуз фарёд қилиш» ила Яҳованинг ваъдаларига ишончларини намоён этишмоқда (Луқо 18:7). Дарҳақиқат, агар Худонинг хизматчиси адолат ҳақида ибодат қилмай қўйса, Яҳова ният қилиб қўйган нарсаларига бўлган аминлигини йўқотганини англатади.
17. Тоат-ибодатда саботли бўлишга ва Худонинг ҳукм куни келишига ишонишга қандай сабаблар мавжуд?
17 Тул аёлнинг шароити, қунт билан ибодат қилишимиз кераклигининг бошқа сабаблари ҳам борлигини кўрсатмоқда. У билан бизнинг шароитимиз ўртасида қандай фарқлар борлигига эътибор қаратинг. Бева аёлни қозининг олдига келишга ҳеч ким ундамаган бўлса ҳам, шундай қилишда давом этган эди. Муқаддас Китоб эса бизни «тоат-ибодатда саботли бўлишга» рағбатлантиряпти (Римликларга 12:12). Тул аёл илтижоси ижобат бўлишига шубҳаланган эди, лекин Тангри Яҳова адолатни ўрнатишига бизни ишонтирмоқда. Худо пайғамбари орқали, Унинг ваъдаси кеч қолмай албатта амалга ошишини, айтган (Хабаққуқ 2:3; Забур 96:10). Бева аёлнинг тарафини оладиган ҳеч кими йўқ эди, аммо «Исо Масиҳ Худонинг ўнг томонида туриб, биз учун шафоат қилмоқда» (Римликларга 8:34; Ибронийларга 7:25). Модомики тул аёл мушкул шароитига қарамай, қози адолатни ўрнатади деган умидда унинг олдига қатнашда давом этган экан, Худонинг ҳукм куни келишига биз шубҳасиз амин бўлишимиз мумкин!
18. Қандай қилиб ибодат имонимизни мустаҳкамлаб, адолат ўрнатилган вақтни кўришга ёрдам беради?
18 Тул аёл тўғрисидаги мисол, ибодат ва имон чамбарчас боғлиқлигини ҳамда қунт билан қилинадиган ибодатлар имонимизни мустаҳкамлашини кўрсатмоқда. Албатта, хўжакўрсинга қилинган ибодатлар имонни сақлашга ёрдам бермайди (Матто 6:7, 8). Агар Худодан мустақил эмаслигимизни тан олиб, чин қалбдан ибодат қилсак, шундагина Аллоҳга яқинлашиб, имонимиз мустаҳкам бўлади. Хуллас, нажот топишимиз учун имон зарур экан, «Исо шогирдларига доимо, безмасдан ибодат қилиш керак» деб айтгани ажабланарли эмас (Луқо 18:1; 2 Салоникаликларга 3:13). «Яҳованинг улуғ куни» келиши ибодатларимизга боғлиқ эмас, зеро бу кун, нима юз беришидан қатъий назар бўлади. Бироқ, биз учун адолат ўрнатилиши ва Худонинг кунида сақланиб қолишимиз, имонимиз ҳамда ибодатларимизга боғлиқ.
19. Худо «адолатни ўрнатишига» ишончимиз комил эканини қандай исботлаймиз?
19 Ёдимизда бўлса, Исо Масиҳ: «Инсон Ўғли келганида, ер юзида имон [«шундай имонни», ЯДТ] топармикин?» — деган савол берган эди. Ушбу қизиқарли саволнинг жавоби қандай? Бугунги кунда Худованд Яҳованинг миллионлаб хизматчилари ибодатлари, сабр-тоқатлари ва матонатлари билан шундай имонлари борлигини исботлаётганликларидан хурсандмиз! Хуллас, Исонинг саволига ижобий жавоб бериш мумкин! Дарҳақиқат, бу дунёдаги адолатсизликка қарамай, Худо танлаганлари учун «адолатни ўрнатишига» ишончимиз комил.
[Изоҳ]
a Ушбу мисолнинг мазмунини яхшироқ тушуниш учун Луқо 17:22–33-оятларини ўқиб чиқинг. Луқо 17:22, 24, 30да келтирилган «Инсон Ўғли» ҳақидаги эслатма, қандай қилиб Луқо 18:8даги берилган саволни тушунишга ёрдам беришига эътибор қаратинг.
Ёдингиздами?
• Нимага айрим масиҳчилар Яҳовага бўлган имонларини йўқотишди?
• Нима учун Яҳованинг ҳукм куни келишидан шубҳаланмаслигимиз мумкин?
• Тоат-ибодатда бўлишимизга қандай сабаблар бор?
• Қандай қилиб қунт билан ибодат қилиш, имонимиз мустаҳкам бўлишига ёрдам беради?
[19- саҳифадаги расм]
Бугунги кунда миллионлаб инсонлар Яҳова «адолатни ўрнатишига» аминлар