-
Яҳова Таоло «адолатни ўрнатади»Қўриқчи минораси – 2007 | 1 январь
-
-
8 Ушбу ҳикояни айтиб бўлгач, Исо бундай деди: «Эшитяпсизми, инсофсиз қози нима дебди... Наҳотки Худо Ўзига кечаю кундуз фарёд қилаётган Ўз танлаганларини ҳимоя қилмаса [«Ўз танлаганлари учун адолатни ўрнатмаса?», ЯДТ] наҳотки уларни кўп куттириб қўйса? Сизларга айтаманки, уларни кўп ўтмай ҳимоя қилади [«улар учун тез орада адолатни ўрнатади», ЯДТ]. Бироқ Инсон Ўғли келганида, ер юзида имон [«шундай имонни», ЯДТ] топармикин?» (Луқо 18:1–8).
Мени рақибимдан адолат ила ҳимоя қилинг
9. Қози ва тул аёл ҳақидаги мисолнинг асосий мавзуси қандай?
9 Ушбу мисолнинг асосий мавзуси яққол кўриниб турибди. Буни қози ва бева аёл ҳамда Исо Масиҳнинг сўзларидан пайқаш мумкин. Тул аёл: «Мени рақибимдан адолат ила ҳимоя қилинг»,— деб ўтиниб сўради. Қози: «Уни адолатли ҳукм қила қолай»,— деган қарорга келди. Исо: «Наҳотки Худо Ўз танлаганлари учун адолатни ўрнатмаса?» — деган савол берди. Сўнг у, Худованд Яҳовани назарда тутиб: «Улар учун тез орада адолатни ўрнатади»,— деб айтди (Луқо 18:3, 5, 7, 8, ЯДТ). Хўш, Худо қачон адолатни ўрнатар экан?
10. а) Биринчи асрда қачон адолат ўрнатилган эди? б) Худонинг бугунги хизматчилари учун адолат қачон ва қандай қилиб ўрнатилади?
10 Биринчи асрда адолат, милодий 70-йилда Қуддус ва маъбад йўқ қилинганида, ўрнатилган эди. Исо ўша вақтни «интиқом кунлари» деб атади (Луқо 21:22). Худонинг бугунги хизматчилари учун адолат «Яҳованинг улуғ куни»да ўрнатилади (Зафаниё 1:14, ЯДТ; Матто 24:21). Ўша пайтда Тангри Яҳова халқига «азоб бераётганларга У ўзига яраша жазосини беради». Исо Масиҳ эса «Худони танимаган ва Ўзининг Хушхабарига итоат этмаган шаккоклардан ўч олади» (2 Салоникаликларга 1:6–8; Римликларга 12:19).
11. Қандай қилиб Яҳова «тез орада» адолатни ўрнатади?
11 Яҳова «тез орада» адолатни ўрнатади деган Исонинг сўзларини қандай тушуниш мумкин? Гарчи Яҳова «сабр-тоқат»ли бўлса-да, Худонинг Каломида айтилганидай, У белгиланган вақтда тезда адолатни ўрнатади. (Луқо 18:7, 8; 2 Бутрус 3:9, 10). Масалан, Нуҳ пайғамбар даврида Тўфон бўлганида, фосиқ инсонлар тезда йўқ қилинган эди. Шу сингари, Лут кунларида ҳам осмондан оташин ёмғир ёғганида, ёвуз одамлар ҳалок бўлганди. Исо Масиҳ: «Инсон Ўғли зоҳир бўлган кунда ҳам худди шундай бўлади»,— деб айтган (Луқо 17:27–30). Энди ҳам «тўсатдан уларнинг бошига ҳалокат келади» (1 Салоникаликларга 5:2, 3). Худованд Яҳова, Шайтоннинг дунёси белгиланган кундан бир кун ҳам ортиқ мавжуд бўлишига йўл қўймаслигига амин бўлишимиз мумкин.
-
-
Яҳова Таоло «адолатни ўрнатади»Қўриқчи минораси – 2007 | 1 январь
-
-
14. Нима сабабдан биз яқинлашиб келаётган Худонинг кунига бўлган ишончимизни йўқотмаслигимиз лозим?
14 Бинобарин, Худонинг ҳукм куни келишига ишонмай қўйганлар, жиддий хатога йўл қўйишмоқда. Нега? Яҳованинг улуғ куни келишини шубҳа остига солганлар, Худованд Яҳова ваъдаларини бажаришига ишонмасликларини кўрсатишади. Лекин Аллоҳнинг адолатидан шубҳаланишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ (Аюб 9:12). Аммо шахсан биз Худога садоқатли бўлиб қола оламизми ёки йўқми, шу бизни ташвишга солиши лозим. Қози ва бева аёл ҳақидаги мисолнинг сўнгида, Исо айнан шу фикрни ифодалади.
«Ер юзида шундай имонни топармикин?»
15. а) Исо қандай савол берди ва нима учун? б) Ўзимизга қандай савол беришимиз лозим?
15 Исо Масиҳ қизиқарли савол берган эди: «Инсон Ўғли келганида, ер юзида имон [«шундай имонни», ЯДТ] топармикин?» (Луқо 18:8). «Шундай имон» деган ибора, Исо шунчаки имонни эмас, балки бева аёл намоён этган кучли имонни назарда тутганлигини кўрсатмоқда. Исо саволига жавоб бермади. У, шогирдлари ўз имонлари ҳақида ўйлаб кўришлари учун, бу саволни берди. Уларнинг имонлари сусайиб қолмадимикин? Бундай ҳолда, улар қачонлардир воз кечган нарсаларига қайтиш хавфи пайдо бўларди. Ёки тул аёл сингари кучли имонга эгамидилар? Бугун биз ҳам ўзимизга бундай савол беришимиз даркор: «“Инсон Ўғли” менинг қалбимда қандай имонни кўрмоқда?»
16. Бева аёлнинг имони қанақа эди?
16 Яҳованинг адолатини кутаётган кишилар орасида бўлиш учун, тул аёл сингари йўл тутишимиз лозим. Унинг имони қанақа эди? Аёлнинг имони хатти-ҳаракатларидан кўринарди. У қозининг олдига келиб: «Мени рақибимдан адолат ила ҳимоя қилинг»,— деб қунт билан сўрар эди. Бу бева аёл инсофсиз одамдан тиришқоқлик ила адолатга эришган экан, бугунги кунда Аллоҳнинг хизматчилари ҳам, Яҳова адолатни ўрнатишига амин бўлишлари мумкин. Шунингдек улар «кечаю кундуз фарёд қилиш» ила Яҳованинг ваъдаларига ишончларини намоён этишмоқда (Луқо 18:7). Дарҳақиқат, агар Худонинг хизматчиси адолат ҳақида ибодат қилмай қўйса, Яҳова ният қилиб қўйган нарсаларига бўлган аминлигини йўқотганини англатади.
17. Тоат-ибодатда саботли бўлишга ва Худонинг ҳукм куни келишига ишонишга қандай сабаблар мавжуд?
17 Тул аёлнинг шароити, қунт билан ибодат қилишимиз кераклигининг бошқа сабаблари ҳам борлигини кўрсатмоқда. У билан бизнинг шароитимиз ўртасида қандай фарқлар борлигига эътибор қаратинг. Бева аёлни қозининг олдига келишга ҳеч ким ундамаган бўлса ҳам, шундай қилишда давом этган эди. Муқаддас Китоб эса бизни «тоат-ибодатда саботли бўлишга» рағбатлантиряпти (Римликларга 12:12). Тул аёл илтижоси ижобат бўлишига шубҳаланган эди, лекин Тангри Яҳова адолатни ўрнатишига бизни ишонтирмоқда. Худо пайғамбари орқали, Унинг ваъдаси кеч қолмай албатта амалга ошишини, айтган (Хабаққуқ 2:3; Забур 96:10). Бева аёлнинг тарафини оладиган ҳеч кими йўқ эди, аммо «Исо Масиҳ Худонинг ўнг томонида туриб, биз учун шафоат қилмоқда» (Римликларга 8:34; Ибронийларга 7:25). Модомики тул аёл мушкул шароитига қарамай, қози адолатни ўрнатади деган умидда унинг олдига қатнашда давом этган экан, Худонинг ҳукм куни келишига биз шубҳасиз амин бўлишимиз мумкин!
18. Қандай қилиб ибодат имонимизни мустаҳкамлаб, адолат ўрнатилган вақтни кўришга ёрдам беради?
18 Тул аёл тўғрисидаги мисол, ибодат ва имон чамбарчас боғлиқлигини ҳамда қунт билан қилинадиган ибодатлар имонимизни мустаҳкамлашини кўрсатмоқда. Албатта, хўжакўрсинга қилинган ибодатлар имонни сақлашга ёрдам бермайди (Матто 6:7, 8). Агар Худодан мустақил эмаслигимизни тан олиб, чин қалбдан ибодат қилсак, шундагина Аллоҳга яқинлашиб, имонимиз мустаҳкам бўлади. Хуллас, нажот топишимиз учун имон зарур экан, «Исо шогирдларига доимо, безмасдан ибодат қилиш керак» деб айтгани ажабланарли эмас (Луқо 18:1; 2 Салоникаликларга 3:13). «Яҳованинг улуғ куни» келиши ибодатларимизга боғлиқ эмас, зеро бу кун, нима юз беришидан қатъий назар бўлади. Бироқ, биз учун адолат ўрнатилиши ва Худонинг кунида сақланиб қолишимиз, имонимиз ҳамда ибодатларимизга боғлиқ.
19. Худо «адолатни ўрнатишига» ишончимиз комил эканини қандай исботлаймиз?
19 Ёдимизда бўлса, Исо Масиҳ: «Инсон Ўғли келганида, ер юзида имон [«шундай имонни», ЯДТ] топармикин?» — деган савол берган эди. Ушбу қизиқарли саволнинг жавоби қандай? Бугунги кунда Худованд Яҳованинг миллионлаб хизматчилари ибодатлари, сабр-тоқатлари ва матонатлари билан шундай имонлари борлигини исботлаётганликларидан хурсандмиз! Хуллас, Исонинг саволига ижобий жавоб бериш мумкин! Дарҳақиқат, бу дунёдаги адолатсизликка қарамай, Худо танлаганлари учун «адолатни ўрнатишига» ишончимиз комил.
-