96- БОБ
Исонинг бой йигитга берган жавоби
МАТТО 19:16–30 МАРК 10:17–31 ЛУҚО 18:18–30
БОЙ КИШИ АБАДИЙ ҲАЁТ ҲАҚИДА СЎРАЙДИ
Исо Перея вилоятидан ўтиб, Қуддусга кетаётган бўлади. Унинг олдига бой бир йигит югуриб келиб, тиз чўкади. Бу киши «бошлиқлардан бири» бўлиб, эҳтимол, ибодатхонанинг бошлиқларидан бири ёки Олий Кенгаш аъзосидир. У Исодан: «Валинеъмат Устозим, абадий ҳаётга эришиш учун нима қилишим керак?» — деб сўрайди. (Луқо 8:41; 18:18; 24:20)
Исо унга жавобан: «Нега мени валинеъмат деяпсиз? Аллоҳдан бошқа ҳеч ким валинеъмат эмас»,— дейди. Бу йигит дин пешволари каби «валинеъмат» сўзини унвон сифатида ишлатаётгандир. Гарчи Исо чиндан ҳам моҳирона тарзда таълим берса-да, «валинеъмат» унвонини фақат Худога нисбатан қўллаш мумкинлигини тушунтиради.
«Ҳаётга эришишни истасангиз,— дея давом этади Исо,— доимо амрларга риоя қилинг». Йигит Исодан: «Қайси амрларга?» — деб сўрайди. Исо Ўнта амрдан бештасини келтиради: «Қотиллик қилманг, зино қилманг, ўғрилик қилманг, сохта гувоҳлик берманг, ота-онангизни ҳурмат қилинг». Кейин булардан ҳам муҳимроқ қуйидаги амрни қўшиб қўяди: «Яқинингизни ўзингизни севгандек севинг». (Матто 19:17–19)
«Буларнинг барига риоя қилиб келганман,— деб жавоб беради у.— Яна нима қилишим керак?» (Матто 19:20) Йигит абадий ҳаётга эришиш учун қандайдир савоб, қаҳрамона иш қилиши кераклигини ўйлаётгандир. Ўша кишининг самимий эканини кўриб, Исо унга «меҳр билан қарайди» (Марк 10:21) Бироқ йигитнинг олдида бир тўсиқ бор.
У ўз бойлигига боғланиб қолган. Исо унга шундай дейди: «Бажаришингиз керак бўлган яна бир нарса бор: бориб бор-йўғингизни сотинг-да, камбағалларга тарқатинг. Шунда осмонда хазинангиз бўлади. Сўнг келиб, менинг издошим бўлинг». Ҳа, у пулларини қайтариб беришга қурби етмайдиган камбағалларга тарқатиб, Исонинг шогирди бўлиши мумкин эди. Лекин у ўрнидан туриб, қайғу ичида у ердан кетади. Эҳтимол, Исо буни афсус билан кузатиб туради. Унинг «мол-мулки» кўзларини кўр қилиб, чинакам хазинани кўришга тўсқинлик қилади. (Марк 10:21, 22) Шунда Исо: «Пулдор одамнинг Худонинг Шоҳлигига кириши нақадар қийин!» — деб айтади. (Луқо 18:24)
Исонинг бу сўзлари шогирдларни лол қолдиради. Лекин у: «Бой кишининг Худонинг Шоҳлигига киришидан кўра, туянинг игна тешигидан ўтиши осонроқ»,— деб айтгани уларни кўпроқ ажаблантиради. Шогирдлар: «У ҳолда ким нажот топа олади?» — деб сўрашади. Наҳотки нажот топиш қийин ва одамга бу имконсиз бўлса? Исо уларга қараб: «Бу одамлар учун имконсиздир, аммо Тангри учун ҳамма нарсанинг имкони бор»,— дейди. (Луқо 18:25–27)
Ўша бой кишидан фарқли равишда шогирдлар бошқача йўл тутишганига эътибор қаратиб, Бутрус сўрайди: «Мана, биз бор-йўғимизни қолдириб, орқангиздан эргашиб келдик. Бунинг эвазига биз нимага эга бўламиз?» Исо уларнинг танлови тўғри эканини кўрсатиб, натижада улар қандай мукофот олиши ҳақида шундай дейди: «Ишонаверинг, Аллоҳ барча нарсани янгидан яратганда, Инсон Ўғли ўзининг улуғвор тахтига ўтиради. Ўшанда, менинг орқамдан эргашган сизлар ҳам 12 тахтга ўтириб, Исроилнинг 12 қабиласини ҳукм қиласизлар». (Матто 19:27, 28)
Ҳа, Исонинг сўзларидан шу нарса аён бўляптики, Адан боғидаги шароитлар яна тикланади. Бутрус ва бошқа шогирдлар Исо билан биргаликда ер юзидаги жаннат устидан бошқариш мукофотига эга бўлишади. Бундай мукофот учун ҳар қандай қурбонликларга бориш арзийди!
Лекин келажакдаги мукофотдан ташқари, улар ҳозирнинг ўзидаёқ айрим баракаларга эга бўлишяпти. Исо шундай деб тушунтиради: «Худонинг Шоҳлиги учун уй-жой, хотин, ака-ука, ота-она ёхуд бола-чақасини қолдирган ҳар ким ҳозирнинг ўзидаёқ бундан-да кўпроғига эга бўлади. Келажак замонада эса абадий ҳаётга эришади». (Луқо 18:29, 30)
Чиндан ҳам, шогирдлар қаерга бормасин ўз имондошларини, биродару опа-сингилларини учратишади. Бу ришталар қариндошлик ришталаридан ҳам яқинроқ ва қадрлироқ. Афсуски, бой йигит ушбу ўзгача баракани ва Осмон Шоҳлигида яшаш мукофотини қўлдан бой беради.
«Аммо биринчилардан кўпи охирги, охиргилар эса биринчи бўлади»,— деб қўшиб қўяди Исо. (Матто 19:30) У нимани назарда тутади?
Яҳудий дин раҳбарлари сингари бой йигит ҳам «биринчилар» қаторига киради. У Аллоҳнинг амрларига риоя қилгани боис, тўғри йўлдан юраётгандек ва маънавий жиҳатдан муваффақиятга эриша оладигандек бўлиб кўринади. Аммо бойлигию мол-мулки у учун ҳаётдаги ҳамма нарсадан афзалроқ. Оддий инсонлар эса Исонинг таълимотларини ҳақиқат ва ҳаёт йўли деб билишади. Улар «охиргилар» қаторида бўлишган деса бўлади, энди эса «биринчилар» қаторида бўлишади. Улар ҳақли равишда осмонда тахтларга ўтириб, Масиҳ билан ер юзидаги жаннат устидан ҳукмронлик қиладиган пайтни кутишяпти.