100- БОБ
Ўн мина ҳақидаги масал
ИСОНИНГ ЎН МИНА ҲАҚИДАГИ МАСАЛИ
Исо шогирдлари билан ҳали ҳам Заккайникида бўлса керак. Улар Қуддусга кетишаётганида уникига меҳмонга киришган эди. Шогирдлар Худонинг Шоҳлиги яқин орада келади ва Исо унинг Шоҳи бўлади, деб ўйлашади. (Луқо 19:11) Улар Исо ўлиши кераклигини англашмаганидек, бу борада ҳам адашишяпти. Шу боис, Шоҳлик бошқара бошлашига ҳали анча вақт борлигини тушунишларига ёрдам бериш ниятида Исо бир масал айтиб беради.
Исо шундай дейди: «Асилзода бир одам шоҳликни қўлга киритиш учун узоқ мамлакатга кетибди». (Луқо 19:12) Бундай сафар узоқ вақтни талаб қилади. «Асилзода бир одам» — бу Исо. У «узоқ мамлакатга», яъни осмонга кетади. Ўша ерда Отаси унга ҳокимият ато этади.
Сафарга кетишдан аввал, асилзода одам ёнига ўнта хизматкорни чақиртиради-да, ҳар бирига кумуш пул, яъни мина бериб: «Мен келгунча, бу пул даромад келтириши учун уни ишга солинглар»,— дейди. (Луқо 19:13) Ўша пайтдаги кумуш мина катта пул бўлиб, оддий деҳқон уни ишлаб топиш учун уч ой меҳнат қилиши керак эди.
Эҳтимол, шогирдлар Исонинг ўнта хизматкор ҳақидаги сўзларини ўзига қўллашади, чунки илгари ҳам Исо уларни ҳосил йиғадиган ишчилар билан солиштирган. (Матто 9:35–38) У шогирдларини том маънодаги ҳосилни эмас, шогирдлардан иборат маънавий ҳосилни йиғишга жўнатяпти. Кейинчалик бу янги шогирдлар Худонинг Шоҳлигида ўрин эгаллашади. Ҳа, Шоҳлик ворисларини кўпайтириш учун шогирдлар бор вақти, кучи ва ҳатто моддий нарсаларини аямаяпти.
Ушбу масал билан Исо яна қандай фикрларга урғу беради? «Асилзоданинг ҳамшаҳарлари уни ёмон кўришгани учун унинг орқасидан элчилар жўнатиб: “Бу одам устимиздан шоҳ бўлишини хоҳламаймиз”»,— деб айтишади. (Луқо 19:14) Яҳудийлар Исони қабул қилмаётганини ва баъзилар уни ҳатто ўлдирмоқчи эканини шогирдлар билишади. Исо ўлимидан сўнг осмонга кўтарилгач, яҳудийларнинг аксарияти унинг издошларини қувғун қилиб, унга бўлган муносабатини аён қилишади. Бундай йўл тутиб, Исо уларнинг устидан бошқаришини хоҳламаётганини кўрсатишади. (Юҳанно 19:15, 16; Ҳаворийлар 4:13–18; 5:40)
«Асилзода» одам шоҳликни қўлга киритиб қайтгунича ўнта хизматкор миналаридан қандай фойдаланади? Исо қуйидагича тушунтиради: «Ўша киши шоҳликни қўлга киритиб қайтгач, пул берилган ҳалиги ўнта хизматкорни чақиртириб, улар пулни ишга солиб бундан қанча даромад топганини билишни истабди. Биринчи хизматкор келиб: “Хўжайин, сиз берган минани ўн баробар орттирдим”,— дебди. Унга жавобан хўжайин: “Баракалла! Яхши хизматкор экансан. Кичик ишда ишончимни оқлаганинг учун сен ўнта шаҳарга ҳокимлик қиласан”,— дея айтибди. Кейин иккинчи хизматкор келиб: “Хўжайин, сиз берган минани беш баробар орттирдим”,— дебди. Хўжайин эса жавоб бериб: “Сен ҳам бешта шаҳарга ҳокимлик қиласан”,— дебди». (Луқо 19:15–19)
Шогирдлар шуни тушунишлари керакки, агар улар бу хизматкорлар каби бор имкониятларидан фойдаланиб янада кўпроқ шогирд тайёрлашга интилишса, Исо улардан мамнун бўлади ва меҳнатлари учун мукофотлайди. Тўғри, шогирдларнинг шароитлари, имкониятлари ва қобилиятлари бир хил эмас. Бироқ «шоҳликни қўлга киритган» Исо уларнинг вазиятини тушунади ва шогирд тайёрлашда садоқат ила қилган ҳаракатларига барака беради. (Матто 28:19, 20)
Масалнинг охирида Исо бошқача йўл тутган хизматкор ҳақида шундай дейди: «Бундан сўнг бошқаси [хизматкор] келиб: “Хўжайин, мана сиз берган мина. Мен уни матога ўраб, сақлаб қўйгандим. Мен сиздан қўрқардим, сабаби сиз қаттиққўл одамсиз. Бермасдан оласиз, экмасдан ўрасиз”,— деб айтибди. Лекин хўжайин унга: “Вой ярамас хизматкор! Мен сени оғзингдан чиққан гапларинг билан ҳукм қиламан. Демак, сен қаттиққўллигимни, бермасдан олишимни, экмасдан ўришимни билган экансан-да? Унда нимага пулимни ишга солмадинг? Мен қайтиб келганимда уларни фоизи билан олардим”,— дебди. Хўжайин ёнида турганларга айтибди: “Ундан пулимни олиб қўйинглар-да, 10 мина пули бор кишига беринглар”». (Луқо 19:20–24)
Бу хизматкор хўжайинининг шоҳлигидаги бойликни орттирмагани учун боридан айрилади. Ҳаворийлар Исо Худонинг Шоҳлигида ҳукм суришни бошлайдиган вақтни кутишяпти. Шу боис, охирги хизматкор ҳақида айтилган гаплардан ҳаворийлар ҳойнаҳой шуни тушунадики, агар жонкуяр бўлишмаса уларга Шоҳликда жой бўлмайди.
Исонинг сўзлари садоқатли шогирдларини хизматда ғайрат ва қунт билан ҳаракат қилишга ундаши керак. У шундай хулоса қилади: «Сизларга айтиб қўяй, кимда бор бўлса, унга кўпроқ берилади. Кимда йўқ бўлса, қўлида бори ҳам тортиб олинади». Шунингдек, Исо «шоҳ бўлишини» истамаган душманларини ўлим кутишини айтади. Кейин у Қуддус томон йўлида давом этади. (Луқо 19:26–28)