102- БОБ
Шоҳ Қуддусга хўтикда кириб келади
МАТТО 21:1–11, 14–17 МАРК 11:1–11 ЛУҚО 19:29–44 ЮҲАННО 12:12–19
ИСО ҚУДДУСГА ТАНТАНАЛИ РАВИШДА КИРИБ КЕЛАДИ
ҚУДДУС ВАЙРОН БЎЛИШИНИ БАШОРАТ ҚИЛАДИ
Келаси куни якшанба, 9 нисонда Исо шогирдлари билан Байтаниядан чиқиб, Қуддусга йўл олади. Зайтун тоғида жойлашган Байтфагияга яқинлашиб қолишганида, Исо иккита шогирдига қуйидагича топшириқ беради:
«Рўпарангиздаги қишлоққа боринглар. Ўша ерда боғланган эшак билан хўтикни кўрасизлар. Уларни ечинглар-да, менга олиб келинглар. Мабодо биров сўраб қолса, унга: “Булар Ҳазратимизга керак”,— десаларингиз, дарҳол рухсат беради». (Матто 21:2, 3)
Шогирдлар Исонинг йўл-йўриғи Муқаддас Китоб башорати билан боғлиқлигини тушунишмайди. Бироқ кейинчалик улар Закариёнинг башорати амалга ошганини англашади. У ерда Худо ваъда қилган Шоҳ Қуддусга кириб келиши ҳақида айтилган: «У камтарин, у эшакка миниб келмоқда, хўтикка, эшак боласига миниб келмоқда». (Закариё 9:9)
Шогирдлар Байтфагияга келиб эшак ва хўтикни олиб кетишаётганда, ўша ердаги баъзи одамлар: «Нимага хўтикни ечяпсизлар?» — деб сўрашади. (Марк 11:5) Аммо улар, ҳайвонлар Ҳазратга кераклигини эшитиб, бунга рухсат беришади. Шогирдлар эшак билан хўтикни Исонинг олдига олиб келиб, уларнинг устига устки кийимларини ташлашади, бироқ Исо хўтикка ўтиради.
Исо Қуддусга яқинлашиб келаётганда халойиқ тўпланади. Кўплар устки кийимларини, баъзилар «дарахтларнинг новдаларини кесиб» йўлга пойандоз қилишади. Улар: «Ёлворамиз, унга нажот бер! Яҳованинг номидан келаётган муборакдир! Отамиз Довуднинг келаётган Шоҳлиги муборак бўлсин!» — дейишади. (Марк 11:8–10) Фарзийлар буни эшитиб Исога норозилик билдиришади: «Устоз, шогирдларингизни тийиб олинг». Исо жавоб бериб: «Улар жим бўлиб қолишса, мана шу тошлар бақиради»,— дейди. (Луқо 19:39, 40)
Исо Қуддусга қараб йиғлай бошлайди: «Кошки сени тинчликка нималар олиб келишини билганингда эди... Лекин ҳозир бу кўзларингдан яширилган». Қуддус итоатсизлиги учун жавоб беришига тўғри келади. Исо шундай башорат қилади: «Душманларинг атрофингни ўткирланган ходалар билан қуршаб, сени ҳар тарафдан қамалга олишади. Улар сени ҳам, болаларингни ҳам ер билан яксон қилишади. Худо сени ҳукм қилиш учун келганига парво қилмаганинг учун, бу ерда тош устида тош қолмайди». (Луқо 19:42–44) Исонинг сўзлари амалга ошмай қолмади. Мил. 70 йилда Қуддус вайрон бўлди.
Исо Қуддусга кириб келиши биланоқ, бутун шаҳарда шов-шув кўтарилиб, одамлар: «Бу ким экан?» — дейишади. Халойиқ эса шундай жавоб беради: «Бу Жалиланинг Носира шаҳридан бўлган Исо пайғамбар!» (Матто 21:10, 11) Исо Лазарни тирилтирганини кўрганлар эса бу мўъжиза тўғрисида бошқаларга ҳам айтиб беришади. Фарзийлар қўлларидан ҳеч нарса келмаётганидан хуноб бўлишади. Улар ўзаро: «Мана, бутун дунё унинг орқасидан боряпти»,— дейишади. (Юҳанно 12:18, 19)
Исо таълим бериш учун одати бўйича маъбадга киради. У ерда Исо кўр ва чўлоқларни соғайтиради. Бош руҳонийлару уламолар унинг ишларини кўриб, болалар маъбадда: «Ёлворамиз, Довуднинг Ўғлига нажот бер!» — дея хитоб қилишаётганини эшитиб, ғазабга тўлишади. Ушбу дин раҳбарлари Исодан: «Булар нима дейишаётганини эшитяпсанми?» — деб сўрашади. Исо уларга жавобан дейди: «Наҳотки шундай деб ёзилганини ўқимаган бўлсангиз: “Сенга болалару чақалоқларнинг оғзи билан мадҳлар айтилди”?» (Матто 21:15, 16)
Исо маъбаддаги барча нарсага назар ташлайди. Лекин вақт кеч бўлиб қолгани учун ҳаворийлар билан кетади. 10 нисон ҳали бошланмасидан олдин, у Байтанияга қайтади ва якшанба куни тунни ўша ерда ўтказади.