115- БОБ
Фисиҳни сўнгги марта нишонлаш арафасида
МАТТО 26:1–5, 14–19 МАРК 14:1, 2, 10–16 ЛУҚО 22:1–13
ЯҲУДО ИШҚАРИЁТ ИСОНИ ТУТИБ БЕРГАНИ УЧУН ПУЛ ОЛАДИ
ИККИТА ҲАВОРИЙ ФИСИҲ БАЙРАМИГА ҲОЗИРЛИК КЎРАДИ
Исо тўртта ҳаворийга Зайтун тоғида таълим беришни якунлади. У ҳозир бўладиган пайти ва замон охирлаб бораётгани ҳақидаги саволга эндигина жавоб берди.
Ушбу 11 нисон куни воқеаларга жуда бой бўлди! Эҳтимол, улар тунаб қолиш учун Байтанияга қайтишаётганида, Исо ҳаворийларга шундай дейди: «Икки кундан кейин Фисиҳ байрами бўлишини биласизлар. Ўшанда Инсон Ўғлини устунга михлаш учун тутиб беришади». (Матто 26:2)
Исо кейинги кунни, яъни чоршанбани фақат ҳаворийлари билан ўтказади. Сешанба куни у бош руҳонийларга таъна қилиб, уларни омма олдида айблаганди. Энди эса улар Исони ўлдириш илинжида юришибди. Шу боис, ҳаворийлар билан бирга Фисиҳ байрамини нишонлашига ҳеч нима халақит бермаслиги учун Исо 12 нисон куни халққа кўринмайди. Фисиҳ байрами эса кейинги куни қуёш ботгандан сўнг, яъни 14 нисонда бошланади.
Бироқ бош руҳонийлару оқсоқоллар Фисиҳ байрами арафасида тинч ўтиришмайди. Улар олий руҳоний Каяфанинг ҳовлисида йиғилишади. Нега дейсизми? Улар айбловлардан ғазабда ва «Исони айёрлик билан қўлга тушириб, ўлдиришга келишиб олишяпти». Қизиқ, улар буни қачон ва қандай қилмоқчи? Улар: «Халқ ғалаён кўтармаслиги учун, буни байрам пайтида қилиб бўлмайди»,— деб айтишади. (Матто 26:4, 5) Улар қўрқувда, чунки Исо кўпчиликнинг кўнглидан жой топган.
Шу пайт дин раҳбарларининг олдига бир кимса келади. Улар ҳайрон, чунки бу Исонинг ҳаворийларидан бири Яҳудо Ишқариёт. Шайтон унинг дилига Устозини тутиб бериш фикрини солади. «Агар уни қўлингизга тутиб берсам, менга нима берасизлар?» — дейди Яҳудо. (Матто 26:15) Улар хурсанд бўлиб, унга «кумуш тангалар беришни ваъда қилишади». (Луқо 22:5) Қанча дейсизми? Нақ 30 кумуш танга. Шуни айтиш жоизки, қулнинг нархи 30 шекел эди. (Чиқиш 21:32) Шу тарзда дин раҳбарлари Исодан нафратланганини кўрсатиб, уни сариқ чақага ҳам арзимас деб билишади. Бундан сўнг Яҳудо «халқ Исонинг ёнида бўлмаган пайтда уни тутиб бериш учун қулай фурсатни пойлаб юради». (Луқо 22:6)
Чоршанба куни қуёш ботиши билан 13 нисон бошланади ва бу, Исо Байтанияда ўтказадиган сўнгги кеча бўлади. Кейинги куни шогирдлар Фисиҳ байрами учун сўнгги тайёргарликни кўриши керак. Хўш, улар таомни қаерда ейишади ва 14 нисон бошланмасидан олдин Фисиҳ таоми бўладиган қўзини ким сўйиб, бутунлайин қовуради? Исо бундай тафсилотлар тўғрисида ҳали индамаган. Шунинг учун, Яҳудо бош руҳонийларга бу ҳақда ҳеч нарса айта олмайди.
Исо Байтаниядан Бутрус ва Юҳаннони, эҳтимол, пайшанба кундузи жўнатаётиб уларга: «Боринглар, Фисиҳ таомини ейишимиз учун тайёргарлик кўринглар»,— дейди. Улар эса: «Уни қаерда тайёрлашимизни истайсиз?» — деб сўрашади. Исо уларга тушунтириб беради: «Шаҳарга кирганингизда, сопол идишда сув олиб кетаётган кишини учратасизлар. У қайси уйга кирса, унинг орқасидан бориб, ўша уй эгасига айтинглар: “Устозимиз сиздан: “Шогирдларим билан Фисиҳ таомини ейишимиз учун меҳмонларга аталган хона қайси?” — деб сўраяпти”. Ўшанда у сизларга катта болохонани кўрсатади, у ерда керакли нарсалар бўлади. Ўша жойда ҳозирлик кўринглар». (Луқо 22:8–12)
Шаксиз, уй эгаси Исонинг шогирди ва у Исо Фисиҳ байрамини нишонлаш учун қачон унга мурожаат қилишини кутаётгандир. Иккита ҳаворий Қуддусга келганида, ҳамма нарса Исо айтганидек юз беради. Улар қўзини тайёрлашга киришиб, Исо ва 12 та ҳаворий Фисиҳ байрамини нишонлаш учун ҳамма нарсани ҳозирлашади.