Ўқувчиларнинг саволлари
Масиҳий ўзини одамлардан ҳимоялаш мақсадида тўппонча ёки сойли милтиқ каби ўқ отадиган қуролларни сақлаб юриши мумкинми?
Масиҳийлар ўзларининг шахсий хавфсизлигини таъминлаш учун оқилона қадамлар қўйишлари мумкин, аммо улар буни Муқаддас Китобдаги принципларига зид бўлмаган ҳолда қилишади. Бу принциплар одамлардан ҳимояланиш мақсадида тўппончалар, сойли милтиқлар ва бошқа ўқ отадиган қуроллардан фойдаланиш нотўғрилигини кўрсатяпти. Келинг, тўғри қарор чиқаришга кўмаклашадиган қуйидаги омилларни кўриб чиқайлик:
Яҳованинг назарида ҳаёт, айниқса инсон ҳаёти, муқаддасдир. Сано бастакори Довуд Тангри Яҳова «ҳаётнинг булоғи» эканини биларди. (Заб. 35:10) Демак, масиҳий ўзини ёки мол-мулкини ҳимоялаш мақсадида оқилона чоралар кўришга қарор қилса, у инсон ҳаётига қасд қилишга ва қон тўкилишига олиб келадиган вазиятлардан қочиш учун қўлидан келганини қилади. (Қонун. 22:8; Заб. 50:16)
Тўғри, ҳар қандай буюм қон тўкилишига олиб келиши мумкин, аммо қурол ёрдамида кимнидир бехосдан ёки атайин ўлдириш осонроқдир.a Бундан ташқари, ўзи шундоқ ҳам асаби таранг турган ҳужумчи бошқа одамда ўқ отадиган қурол борлигини кўрса, вазият янада мураккаблашиши ва ўлим билан якун топиши эҳтимоли катта.
Ердаги ҳаётининг охирги кечасида Исо издошларига қилич олишни айтганида, улар ўзларини ҳимоя қилишлари кераклигини назарда тутмаганди. (Луқо 22:36, 38) Аксинча, Исо қилич олишни айтиб, шогирдларига ҳатто қуролланган тўданинг қаршилигига дуч келганда ҳам зўравонликни ишга солмаслик кераклиги борасида яққол сабоқ бермоқчи эди. (Луқо 22:52) Масалан, Бутрус олий руҳонийнинг қулига қарши қилич кўтарганида, Исо унга: «Қиличингни қинига солиб қўй»,— деб буюрганди. Кейин Исо бугунги кунда ҳам унинг хизматчиларига йўл-йўриқ сифатида хизмат қилаётган қуйидаги муҳим принципни таъкидлади: «Қилич кўтарганларнинг ҳаммаси қиличдан ҳалок бўлади». (Мат. 26:51, 52)
Худонинг хизматчилари Михо 4:3 даги: «Қиличларини айлантиришади омочга, найзаларини эса ток қайчиларига»,— деган сўзларга мувофиқ йўл тутишади. Масиҳийларни ажратиб турувчи ушбу белги ҳаворий Павлуснинг илоҳий илҳом остида ёзган қуйидаги ундовига ҳамоҳангдир: «Ёмонлик эвазига ёмонлик қайтарманглар. [...] Иложи бўлса, қўлингиздан келганича барча одамлар билан тинч-тотув ҳаёт кечиринглар». (Рим. 12:17, 18) Гарчи Павлус кўпгина қийинчиликларга, хусусан, «қароқчилардан... хавф»ларга учраган бўлса-да, ҳеч қачон шахсий хавфсизлигини Муқаддас Ёзувлардаги принциплардан устун қўймай, юқоридаги сўзларига мувофиқ яшаган. (2 Кор. 11:26) У Худога ва «уруш қуролларидан яхшироқ» бўлган Муқаддас Ёзувлардаги доноликка таянган. (Воиз 9:18)
Масиҳийлар ҳаётни моддий нарсалардан анча қадрлироқ деб билишади. Биз биламизки, «одамнинг... ҳаёти бунга [мол-мулкка] боғлиқ эмас». (Луқо 12:15) Ҳатто мулойим сўз босқинчиларни тўхтатмаса ҳам, доно масиҳийлар Исонинг: «Ёмон одамга қаршилик кўрсатманг»,— деган сўзларида акс этган принципга амал қилишади. Бошқача қилиб айтганда, биз ҳатто босқинчига у истаган нарсани беришимизга тўғри келиши мумкин. (Мат. 5:39, 40; Луқо 6:29)b Албатта, энг яхши усул — бунинг олдини олишдир. Агар «ўз мол-мулки билан мақтаниш»дан қочсак ва яқинларимиз орасида Яҳованинг тинчликсевар Шоҳидлари сифатида танилсак, ўзимизни шу каби жиноятларнинг қурбони бўлишдан асрай оламиз. (1 Юҳан. 2:16; Ҳик. 18:10)
Масиҳийлар бошқаларнинг виждонини ҳурмат қилишади. (Рим. 14:21) Масиҳийлар жамоатида кимдир ўзини одамлардан ҳимоя қилиш мақсадида қурол сақлаётгани маълум бўлса, баъзи имондошлар бундан ҳайрон қолишлари ёки ҳатто қоқинишлари мумкин. Гарчи қурол сақлаш учун қонуний ҳуқуқимиз бўлса ҳам, севги бизни бошқаларнинг манфаатини ўзимизникидан устун қўйишга ундайди. (1 Кор. 10:32, 33; 13:4, 5)
Масиҳийлар намунали бўлишга интилишади. (2 Кор. 4:2; 1 Бутр. 5:2, 3) Масиҳийга Муқаддас Китоб асосида маслаҳат берилгандан кейин ҳам, у одамлардан ҳимояланиш мақсадида қурол сақлаб юришни давом этса, уни намунали деб бўлмайди. Шу боис, у жамоатда масъулиятли ёки шарафли вазифаларни олишга лойиқ ҳисобланмайди. Агар масиҳийдан дунёвий ишида ўқ отув қуролини кўтариб юриш талаб қилинса ва у бундай қилишда давом этса, юқоридагилар унинг вазиятига ҳам тегишлидир. Бундай ҳолларда бошқа ишни излаш оқилона бўларди.c
Албатта, масиҳий ўзини, оиласини ва мол-мулкини қай йўсин ҳимоя қилиш ва қандай ишни танлаш масаласида шахсий қарор чиқариши керак. Шундай бўлса-да, у Худонинг донолигини ва имондошларга бўлган севгисини акс эттирувчи Муқаддас Китобдаги принципларга асосланиши лозим. Маънан етук масиҳийлар бу принципларни ҳурмат қилгани боис, одамлардан ҳимояланиш мақсадида қурол сақлаб юришмайди. Улар ҳақиқий ва абадий хавфсизликка Муқаддас Каломдаги принципларга амал қилиб, Худога ишонаётганини кўрсатаётганлар эга бўлишини билишади. (Заб. 96:10; Ҳик. 1:33; 2:6, 7)
a Масиҳий ҳайвонларни ейиш учун овлаш ёки йиртқич ҳайвонлардан ҳимояланиш мақсадида сойли милтиқ ё сочма ўқ отадиган ов милтиғи каби ўқ отув қуролига эга бўлишга қарор қилиши мумкин. Бундай қуроллар ишлатилмаган пайтда ўқсизлантирилган бўлиши ёки ҳатто қисмларга ажратилиши ва ишончли жойда сақланиши мақсадга мувофиқдир. Қуролга эга бўлиш ноқонуний ҳисобланган, тақиқланган ёки белгиланган тартибда назорат қилинадиган мамлакатларда масиҳийлар қонунга бўйсунишади. (Рим. 13:1)
b Зўрлашдан ҳимояланиш ҳақидаги маълумотни «Уйғонинг!» журналининг (рус) 1993 йил 8 апрель сонининг 6- саҳифасидаги «Қай йўсин бунинг олдини олса бўлади?» номли мақоладан топишингиз мумкин.
c Қурол кўтариш талаб қилинадиган ишни қабул қилиш-қилмаслик борасида кўпроқ билиб олиш учун «Қўриқчи минораси» журналининг 2005 йил 1 ноябрь сонидаги (рус) 31- саҳифага ва 1984 йил 1 февраль сонидаги (рус) 18–19- саҳифаларга қаранг.