126- БОБ
Бутрус Исодан тонади
МАТТО 26:69–75 МАРК 14:66–72 ЛУҚО 22:54–62 ЮҲАННО 18:15–18, 25–27
БУТРУС ИСОДАН ТОНАДИ
Исони Гетсемания боғида ҳибсга олишганидан сўнг, ҳаворийлар ваҳимага тушиб уни тарк этишади. Аммо улардан иккитаси узоққа қочиб кетмайди. Улар Бутрус ва «яна бир шогирд», эҳтимол, Юҳанно бўлади. (Юҳанно 18:15; 19:35; 21:24) Ҳойнаҳой, улар Исонинг орқасидан Ҳананнинг уйигача боришади. Ҳанан Исони олий руҳоний Каяфанинг ҳузурига жўнатганида, Бутрус ва Юҳанно муайян масофада орқаларидан эргашиб кетишади. Улар ўз ҳаёти учун хавфсирашяпти, лекин Устозлари билан нима бўлишидан ҳам хавотирланишяпти.
Юҳанно олий руҳоний Каяфа билан таниш бўлгани сабабли ҳовлига киради. Бутрус эса дарвозанинг ташқарисида қолади. Бу пайт Юҳанно чўридан Бутруснинг ҳам киришини сўрайди ва унга рухсат берилади.
Тун жудаям совуқ ва одамлар ҳовлида гулхан ёқишяпти. Бутрус исиниб олиш ҳамда Исонинг суди «нима билан тугашини кўриш учун» улар билан бирга ўтиради. (Матто 26:58) Бутрусни ичкарига киритган чўри гулхан ёруғида Бутрусга тикилиб қарайди-да, ундан: «Сиз ҳам бу одамнинг шогирдларидан бири эмасмисиз?» — деб сўрайди. (Юҳанно 18:17) Бошқалар ҳам Бутрусни таниб қолиб, у Исо билан бўлганини таъкидлашади. (Матто 26:69, 71–73; Марк 14:70)
Бутрусни ваҳима босади. Одамлар унга эътибор қаратишмасин дея, у ҳатто ташқи ҳовлига чиқади. Бутрус Исо билан бўлганини инкор этиб: «Нималар деяпсиз, мен уни танимайман»,— дейди. (Марк 14:67, 68) Бундан ташқари, сўзлари рост эканини тасдиқлаш ва агар ёлғон бўлса балога гирифтор бўлишга тайёрлигини исботлаш учун ўзини қарғаб, қасам ича бошлайди. (Матто 26:74)
Исонинг суди ҳалигача давом этяпти. Эҳтимол, суд Каяфа уйининг бошқа қисмида, ҳовлининг тепасидаги жойда бўлиб ўтяпти. Бутрус ва бошқалар пастда кутиб, гувоҳлар кириб чиқаётганини кузатаётган бўлишса керак.
Бутрус Исони танимаслигини айтганида, одамлар унга ишонишмайди, сабаби, унинг Жалила шеваси яққол билиниб турарди. Устига-устак, ҳовлида йиғилганлар орасида Бутрус қулоғини кесиб ташлаган Малхуснинг қариндоши ҳам бор эди. У Бутрусга: «Сизни боғда у билан бирга кўрдим, шекилли»,— деб айтади. Бутрус Исодан учинчи марта тонганида, башорат қилинганидек хўроз қичқиради. (Юҳанно 13:38; 18:26, 27)
Ҳойнаҳой, шу пайт Исо ташқи ҳовлига чиқадиган болохона айвонида турган бўлади ва ўгирилиб, Бутрусга қарайди. Бутрус эса ўзини қўйгани жой тополмай қолади. Шунда у бундан бир неча соат олдин болохонада Исонинг айтган гапларини эслайди. Ҳа, Бутрус нима қилиб қўйганини тушуниб, ўзини қандай ҳис қилаётганини бир тасаввур қилинг-а?! Бутрус ташқарига чиқиб, аччиқ-аччиқ йиғлайди. (Луқо 22:61, 62)
Лекин бу қандай юз берди? Қандай қилиб маънан мустаҳкамлигига ва садоқатли эканига амин бўлган Бутрус Устозидан тониши мумкин? Гап шундаки, айни пайтда ҳақиқат бузиб кўрсатиляпти ва Исони ўтакетган жиноятчига чиқаришяпти. Илгари Исони ҳеч нарсада айблашмагани учун Бутрус унинг томонини эгаллашга тайёр эди. Энди эса у «абадий ҳаётнинг сўзлари бор» бўлган зотдан юз ўгирди. (Юҳанно 6:68)
Бутрус билан юз берган воқеадан кўриняптики, ҳатто имонли ва Худога садоқатли инсон кутилмаганда келадиган синову васвасаларга тайёр турмаса, мувозанатни йўқотиб қўйиши мумкин. Бутрус билан юз берган воқеа Аллоҳнинг барча хизматчилари учун огоҳлантирувчи сабоқдир!