Яҳованинг Каломи жонли
Луқо китобининг диққатга сазовор оятлари
МАТТО китоби аввало яҳудийларга, Марк китоби ғайрияҳудийларга қарата ёзилган, деб ҳисобланади. Бироқ Луқо китоби барча миллатдаги инсонларга мўлжалланган. Бу китоб тахминан милодий 56–58- йилларда ёзилган бўлиб, унда Исонинг ҳаёти ва хизмати батафсил баён этилган.
Луқо табибларга хос диққат билан, «бошидан ҳаммасини синчиклаб» қаламга олган бўлиб, мил. авв. 3- йилдан то милодий 33- йилгача бўлган 35 йиллик ҳодисаларни ҳикоя қилган (Луқо 1:3). Луқо ёзган воқеаларнинг учдан икки қисми Инжилнинг бошқа Хушхабарларида учрамайди.
ИСО ХИЗМАТИНИНГ БОШЛАНИШИ
Яҳё ҳамда Исонинг туғилиши ҳақида Луқо батафсил баён этгандан сўнг, Қайсар Тибериус ҳокимлигининг ўн бешинчи йилида, яъни милодий 29- йилда Яҳё пайғамбар хизматини бошлагани тўғрисида ёзган (Луқо 3:1, 2). Ўша йилнинг кузида Яҳё Исони сувга чўмдирган (Луқо 3:21, 22). Милодий 30- йилнинг бошида Исо Жалилага қайтиб, «ибодатхоналарида таълим берган» (Луқо 4:14, 15).
Исо Жалила бўйлаб биринчи воизлик саёҳатига отланади. У одамларга: «Мен Худо салтанати тўғрисидаги Хушхабарни бошқа шаҳарларга ҳам етказишим фарз»,— деб айтади (Луқо 4:43). Исо балиқчи Симунга: «Бундан буён инсонларни овлайсан»,— деб уни ўзига ҳамроҳ қилади (Луқо 5:1–11; Мат. 4:18, 19). Иккинчи воизлик саёҳатига Исо 12 та ҳаворийси билан чиқади (Луқо 8:1). Ниҳоят учинчи саёҳатига эса 12 та ҳаворийсини «Худонинг Шоҳлигини эълон қилиш ва хасталарга шифо беришга уларни юборади» (Луқо 9:1, 2).
Саволларга жавоблар:
1:35 — Исога ҳомиладор бўлишида Марямнинг тахумҳужайраси алоқадор бўлганми? Исо Худонинг ваъдасига кўра, Иброҳим, Яҳудо ва Довуднинг наслига тегишли бўлиши учун, Марямнинг тухумҳужайрасидан ривожланиши лозим эди (Ибт. 22:15, 18; 49:10; 2 Шоҳ. 7:8, 16). Яҳова муқаддас руҳ орқали Исонинг мукаммал ҳаётини Марямнинг бачадонига кўчирганида, у ҳомиладор бўлди (Мат. 1:18). Бу туфайли тухумҳужайрадан номукаммаллик бартараф этилиб, ҳомилага ҳеч нарса хавф туғдирмаганди.
1:62 — Закариё соқов ва кар бўлиб қолганмиди? Йўқ. У эшитардию, лекин гапира олмасди. Одамлар «имо-ишора қилиб, ундан болага қандай исм қўймоқчи эканлигини сўрашди», аммо бу Закариё кар бўлганини англатмайди. У, хотини болага қандай исм қўймоқчи эканини эшитган бўлиши мумкин. Одамлар бўлса имо-ишора билан Закариёнинг фикрини билмоқчи эдилар. Худо Закариёга фақат гапириш қобилиятини қайтарганидан, у кар бўлмаганлиги кўриниб турибди (Луқо 1:13, 18–20, 60–64).
2:1, 2 — Қандай қилиб «аҳолини рўйхатга олиш» ҳақидаги маълумот, Исо туғилган вақтни аниқлашга ёрдам беради? Қайсар Август ҳокимлиги давридаги биринчи рўйхат, Дониёр 11:20 даги башоратга кўра милодий 2- йилда, иккинчиси эса милодий 6- ёки 7- йилда ўтказилган эди (Ҳавор. 5:37). Иккала рўйхат пайтида ҳам, Сурияда Квириний ҳокимлик қилганди; эҳтимол бу мансабни у икки марта эгаллаган. Луқо биринчи рўйхатга ишора этганидан, Исо мил. авв. 2- йилда туғилганини аниқласа бўлади.
2:35 — Қандай «тиғ» Марямнинг қалбига санчилиши керак эди? Бу ерда, Исо Масиҳни кўпчилик инсонлар рад этишини ва қийноқли ўлимни бошдан кечиришини кўриб, Марям руҳан азоб чекиши ҳақида гап кетмоқда (Юҳан. 19:25).
9:27, 28 — Нега Луқо, Исо шогирдларидан баъзилари «Худонинг Шоҳлигини кўрмагунча, ўлим кўрмасликларини» айтганидан «саккиз кун» ўтиб, Исо қиёфаси ўзгарди, деб ёзган, аммо Матто билан Марк эса «олти кун»дан кейин дейишган? (Мат. 17:1; Марк 9:2). Луқо, Исо бу сўзларни айтган кунни ҳам, бу воқеа юз берган кунни ҳам қўшиб санаган бўлиши мумкин.
9:49, 50 — Нега Исо унинг орқасидан юрмаган бир одамга жинларни қувиб чиқаришни ман этмади? Исо бундай қилмаганининг сабаби, ўшанда ҳали жамоат ташкил этилмаган эди. Шу сабабли, Исога ишонч ҳосил қилиш ҳамда жинларни қувиб чиқариш учун, бу одам унга ва шогирдларига эргашишининг ҳожати бўлмаган (Марк 9:38–40).
Хулосалар:
1:32, 33; 2:19, 51. Марям бажо бўлган башоратли сўзлар ва ҳодисаларни «қалбига тугиб олган». Биз ҳам Исонинг «охирзамон» ҳақидаги сўзларини ёдда тутиб, бугунги воқеалар билан солиштиряпмизми? (Мат. 24:3).
2:37. Аннанинг мисоли бизни Яҳовага хизмат қилишда сусаймасликка, «тоат-ибодатда саботли бўлишга» ва «йиғилишларимизни қолдирмасликка» ўргатмоқда (Рим. 12:12; Иброн. 10:24, 25).
2:41–50. Юсуф маънавий нарсаларни биринчи ўринга қўйган. У шунингдек, оиласининг ҳам жисмоний, ҳам маънавий эҳтиёжлари ҳақида ғамхўрлик қилган. Шу билан у оила бошларига ажойиб ўрнак кўрсатган.
4:4. Биз Худонинг Каломи устидан ҳар куни мулоҳаза юритишимиз лозим.
6:40. Ваъзгўйлар ўрганаётганларга яхши намуна бўлишлари даркор. Уларнинг сўзлари ишларига мувофиқ бўлмоғи лозим.
8:15. ‘Каломни сақлаш ва чидам билан ҳосил бериш’ учун, Худонинг Каломини тушунишимиз, қадрлашимиз ва унинг мағзини чақишимиз керак. Муқаддас Китобни ва унга асосланган адабиётларни ўқиётиб, мулоҳаза юритиш ва ибодат қилиш муҳим.
ИСО ХИЗМАТИНИНГ ЯКУНИ
Исо ўзидан олдин Яҳудиянинг ҳар бир шаҳар, ҳар бир жойига етмишта шогирдини юборди (Луқо 10:1). У «шаҳарма-шаҳар юриб таълим берар эди» (Луқо 13:22).
Милодий 33- йили Фисиҳ байрамидан беш кун олдин, Исо Қуддусга хўтикка миниб кириб келди. Кўп ўтмай, у шогирдларига айтган қуйидаги сўзлар амалга ошди: «Инсон Ўғли кўп азоб чекиши, оқсоқоллар, олий руҳонийлар ва уламолар томонидан рад қилиниб ўлдирилиши, учинчи кун эса қайта тирилиши керак» (Луқо 9:22, 44).
Саволларга жавоблар:
10:18 — Исо 70 та шогирдига: «Мен шайтоннинг осмондан яшиндай тушганини кўрдим»,— деганида, нимани назарда тутган эди? Исонинг сўзлари, Шайтон аллақачон ер юзига отилганини англатмаган. Исо Масиҳ 1914- йилда самовий тахтга ўтирганида, бу воқеа содир бўлди (Ваҳ. 12:1–10). Гарчи аниқ айтиб бўлмаса-да, Исо келажакда содир бўладиган воқеа ҳақида ўтган замонда гапиргани билан, бу албатта юз беришини таъкидламоқчи бўлган.
17:34–37 — «Мурда» нима ва унинг атрофида тўпланадиган «калхатлар» кимни ифодалайди? «Олинадиган» ёки қутқариладиганларни ўткир кўзли калхатлар билан солиштирса бўлади. «Мурда» эса рамзий маънода ҳозир бўлиш пайтидаги Масиҳни ҳамда Яҳова тақдим этаётган маънавий озуқани англатади (Мат. 24:28).
22:44 — Нега Исо шу қадар азоб чеккан? Бунинг бир нечта сабаби бўлган. Исо жиноятчи сифатида ўлдирилиши, Тангри Яҳованинг исмига иснод келтиришидан хавотирланган. Бундан ташқари Исо, инсониятнинг абадий ҳаёти ва келажаги, унинг Худога содиқ бўлиб қолишига боғлиқ эканини англаб етган.
23:44 — Уч соат давом этган зулматга, қуёшнинг тутилиши сабаб бўлганми? Йўқ. Қуёш тутилиши фақат янги ой чиққанда юз беради, Фисиҳ байрами эса тўлин ой пайтида бўлган. Исо ўлган кунидаги зулмат, Худонинг мўъжизаси эди.
Хулосалар:
11:1–4. Агар Исонинг ушбу ибодатини, у бир ярим йил олдин Тоғдаги ваъзида айтган ўрнакли ибодат билан солиштирсак, уларнинг фарқи борлигини пайқаймиз. Бундан хулоса, ибодатда биз бир хил сўзларни такрорлайвермаслигимиз лозим (Мат. 6:9–13).
11:5, 13. Гарчи Яҳова илтижоларимизга бажонидил жавоб бераётган бўлса ҳам, биз ибодатда саботли бўлишимиз керак (1 Юҳан. 5:14).
11:27, 28. Чинакам бахт манбаи — оилавий муносабатлар ёки моддий фаровонлик эмас, балки Худога садоқатли хизмат қилишдир.
11:41. Бизнинг хайр-садақамиз, меҳр-муҳаббат ва мурувватга тўла қалбимиздан чиқиши лозим.
12:47, 48. Ўз вазифаларини билмайдиган ёки охиригача тушунмайдиган одамдан кўра, топшириғини бепарво бажарадиган киши кўпроқ жавобгарликка тортилади.
14:28, 29. Маблағимизга қараб харажат қилсак, оқилона йўл тутган бўламиз.
22:36–38. Исо шогирдларини ўзларини ҳимоялаш учун қурол кўтариб юришга ундамаган. Боз устига, унга хиёнат қилинган кечаси, ўзлари билан қилич олган шогирдларига муҳим сабоқ берган. Исо бундай деган: «Қилич кўтарган бари қиличдан ҳалок бўлур» (Мат. 26:52).
[31- саҳифадаги расм]
Юсуф оила боши сифатида ажойиб ўрнак кўрсатган
[32- саҳифадаги расм]
Луқо Исонинг ҳаёти ва хизматини батафсил баён этган