26- БОБ
«Гуноҳларингиз кечирилди»
МАТТО 9:1–8 МАРК 2:1–12 ЛУҚО 5:17–26
ИСО ШОЛ ОДАМНИНГ ГУНОҲЛАРИНИ КЕЧИРИБ, УНИ СОҒАЙТИРАДИ
Исо анча таниқли бўлиб қолади ва у тўхтайдиган хилват жойларга кўп одамлар уни тинглаш ва мўъжизаларини кўриш учун келишади. Аммо бир неча кун ўтиб, Исо хизмати давомида тез-тез қоладиган шаҳарга, Кафарнаҳумга қайтади. Жалила денгизининг соҳилида жойлашган бу шаҳар бўйлаб Исонинг қайтиб келгани ҳақидаги хабар тезда тарқалади. Исо тўхтаган уйга халойиқ йиғила бошлайди. Бутун Жалила, Яҳудия ва ҳатто Қуддусдан ҳам баъзи фарзийлару Таврот муаллимлари келишади.
«У ерда одам шу қадар кўп эдики, ҳатто эшик олдида ҳам жой қолмади. Шунда Исо уларга хушхабарни айта бошлади». (Марк 2:2) Яқин орада ўзгача бир воқеа юз беради. Бу воқеа, Исо одамзод чекаётган азобларнинг сабабини бартараф этиб, ўзи танлаган барчанинг соғлигини тиклашга қодир эканини тушунишимизга ёрдам беради.
Исо халойиққа таълим бераётган пайтда, одамларга тўла уйнинг олдига тўрт киши шол одамни тўшаги билан кўтариб келади. Бу кишилар Исо уларнинг дўстига шифо беришини жудаям хоҳлашади. Аммо «халойиқ кўплигидан уни Исонинг ёнига олиб кира олишмайди». (Марк 2:4) Наҳотки унга ёрдам беришнинг иложи бўлмаса? Йўқ, улар таслим бўлмасдан, томга чиқиб, уни тешишади-да, шол одамни тўшаги билан Исонинг ёнига тушириб қўйишади.
Гапини бўлишгани учун Исонинг аччиғи чиқадими? Йўқ албатта! Аксинча, Исо уларнинг кучли имонини кўриб қаттиқ таъсирланиб кетади. Шунда у шол одамга: «Гуноҳларингиз кечирилди»,— дейди. (Матто 9:2) Қизиқ, Исо гуноҳларни ростдан ҳам кечира оладими? Уламолару фарзийлар бундай ҳисоблашмайди. Улар кўнглидан қуйидагиларни ўтказишади: «Нега у бундай деяпти? Ахир у Худога қарши гапиряпти-ку! Гуноҳларни ёлғиз Аллоҳдан бошқа ким ҳам кечира оларди?» (Марк 2:7)
Улар нима ҳақда ўйлаётганини билиб, Исо шундай дейди: «Нега кўнглингиздан ёмон фикрларни ўтказяпсизлар? Ахир шол одамга: “Гуноҳларингиз кечирилди”,— деб айтиш осонроқми ёки “Ўрнингиздан туринг-да, тўшагингизни олиб юринг”,— дейишми?» (Марк 2:8, 9) Маълум вақтдан сўнг Исо ўз жонини фидо қилади ва шу асосида у ўша кишининг гуноҳларини кечира олади.
Шундан сўнг Исо халойиққа, жумладан, танқидчиларига чиндан ҳам одамларнинг гуноҳларини кечиришга ваколати борлигини кўрсатади. У шол одамга ўгирилиб: «Ўрнингиздан туриб, тўшагингизни олинг-да, уйингизга кетаверинг»,— дейди. Ўша одам дарҳол ўрнидан туриб, тўшагини олади-да, ҳамманинг кўз ўнгида ташқарига чиқиб кетади. Буни кўрганлар эса қойил қолишади! Улар: «Биз ҳеч қачон бунақа ишларни кўрмаганмиз!» — дея Худони шарафлашади. (Марк 2:11, 12)
Шуниси эътиборга лойиқки, Исо гуноҳни касалликлар билан бирга тилга олади ва жисмоний соғлиқни тиклаш, гуноҳлар кечирилишига боғлиқ эканига ишора қилади. Муқаддас Китобда айтилишича, илк отамиз Одамато гуноҳ қилгани туфайли ҳаммамизга касаллик ва ўлим мерос бўлиб ўтган. Аммо Худо Шоҳлигининг бошқаруви остида, Аллоҳни севиб Унга хизмат қилаётган барчанинг гуноҳларини Исо бартараф этади. Ўшанда ҳеч қандай касаллик бўлмайди! (Римликларга 5:12, 18, 19)