66- БОБ
Қуддусда чайлалар байрамида
ИСО МАЪБАДДА ТАЪЛИМ БЕРАДИ
Исо сувга чўмганига бир неча йил бўлди. Бу вақт ичида у анча таниқли бўлиб қолди. Яратган мўъжизаларини минглаб одамлар кўрди ва қилган ишлари тўғрисидаги хабар бутун юрт бўйлаб тарқалди. Энди Қуддусда Чайлалар байрамини нишонлаш учун йиғилган одамлар Исони излашяпти.
Исо ҳақида ҳамма турли фикрда. Баъзилар: «У яхши инсон»,— дейишса, бошқалар: «Йўқ, у одамларни йўлдан оздиряпти»,— дейишади. (Юҳанно 7:12) Байрамнинг илк кунларида шунга ўхшаш ҳар хил гап-сўзлар юради. Лекин ҳеч ким очиқчасига Исонинг тарафини олишга журъат этмайди, сабаби, ҳамма яҳудий раҳбарлар бунга қандай қарашидан қўрқади.
Исо байрамнинг ярми ўтиб бўлгандан сўнг келади. У маъбадга боради ва одамлар унинг маҳорат ила таълим беришига қойил қолишади. Шу боис, яҳудийлар: «Бу одам диний мактабларда ўқимаган бўлса, Муқаддас Ёзувларни қаердан шунчалик яхши билади?» — дея ҳайратланишади. (Юҳанно 7:15)
«Менинг таълимотим меники эмас, мени Юборганникидир,— деб тушунтиради Исо.— Кимки Унинг иродасини бажаришни хоҳласа, бу таълимот Аллоҳданми ёки мен ўзимдан гапиряпманми, билиб олади». (Юҳанно 7:16, 17) Исо ўргатаётган нарсалар Аллоҳнинг қонуни билан чамбарчас боғлиқ. Шундай экан, у ўзини эмас, Худони шарафлайди.
Кейин Исо шундай дейди: «Сизларга Тавротни берган Мусо эмасми? Аммо ҳеч бирингиз унга риоя қилмаяпсиз. Нега мени ўлдириш пайида юрибсизлар?» Исони тинглаётган одамлар, эҳтимол, байрамга бошқа ерлардан келишган ва шу сабабли улар бундан бехабар. Бундай ажойиб устозни кимдир ўлдирмоқчи эканини улар ҳатто тасаввур ҳам қила олишмайди. Шунинг учун одамлар Исонинг гапларини тушунмай, у ақлдан озибди деган хулосага келишади. Улар: «Сени жин урибди. Ким сени ўлдирмоқчи?» — дейишади. (Юҳанно 7:19, 20)
Бундан бир ярим йил аввал Исо Шаббат куни бир кишини соғайтирганида, яҳудий раҳбарлар Исони ўлдирмоқчи эди. Энди бўлса, Исо уларнинг мантиқсиз фикр юритаётганини фош қилиб, асосли бир далил келтиради. Ҳатто Шаббат кунига тўғри келса ҳам, Тавротга биноан саккизинчи куни ўғил болани суннат қилиш керак. Кейин Исо шундай дейди: «Мусонинг Қонуни бузилмасин дея, Шаббат куни суннат қилар экансиз, унда нега Шаббат куни одамни соғайтирганим учун мендан ғазабланасизлар? Ташқи кўринишга қараб ҳукм этишни бас қилинглар, ҳукмингиз адолатли бўлсин». (Юҳанно 7:23, 24)
Нима борасида гап кетаётганини пайқаган Қуддус аҳолиси шундай деб айтади: «Ўлдириш учун қидириб юришган одам шу эмасми? Унга қаранг, у очиқчасига гапириб юрибди, ҳеч ким унга ҳеч нарса демаяпти. Наҳотки бошлиқлар ҳам унинг Масиҳ эканига ишонган бўлса?» Нега одамлар Исонинг Масиҳ эканига ишонишмайди? Улар буни қуйидагича тушунтиришади: «Ахир биз унинг қаерданлигини биламиз-ку. Масиҳ келганда эса, унинг қаерданлигини ҳеч ким билмайди». (Юҳанно 7:25–27)
Маъбаднинг ўзидаёқ Исо уларга шундай жавоб беради: «Сизлар мени ва қаерданлигимни биласизлар. Мен ўзимча келмаганман, мени Юборган чиндан ҳам мавжуддир, аммо сизлар уни билмайсиз. Мен эса Уни биламан, чунки мен Унинг олдидан келганман. У мени юборди». (Юҳанно 7:28, 29) Ҳаммага эшиттириб айтган бу сўзлардан сўнг, улар Исони қамоққа ташлаш ёки ўлдириш мақсадида уни тутиб олмоқчи бўлишади. Аммо уларнинг уринишлари беҳуда. Чунки унинг ўлиш вақт-соати ҳали келмади.
Шунга қарамай, кўпчилик Исога ишонади ва бу асоссиз эмас. Дарҳақиқат, Исо сув юзидан юрган, тўлқинланаётган денгизни тинчлантирган, атиги бир нечта нон ва балиқ билан минглаб одамларни мўъжизавий тарзда тўйдирган, касалларга шифо берган, шолларни, кўрларнию моховларни соғайтирган ва ҳатто ўликларни ҳам тирилтирган. Шунинг учун одамлар: «Наҳот Масиҳ келганда бу одамдан кўпроқ мўъжизалар кўрсатса?» — дея ўринли савол беришади. (Юҳанно 7:31)
Халқ нима деяётганини эшитган фарзийлар, олий руҳонийлар билан бирга Исони ҳибсга олиш мақсадида соқчиларни юборишади.