67- БОБ
«Ҳеч ким, ҳеч қачон у каби гапирмаган»
ИСОНИ ҲИБСГА ОЛИШ УЧУН СОҚЧИЛАРНИ ЮБОРИШАДИ
НИКОДИМ ИСОНИНГ ТАРАФИНИ ОЛАДИ
Исо ҳали ҳам Қуддусда. У ерда Чайлалар байрами давом этяпти. Исо, кўплар унга ишонганидан хурсанд. Бироқ дин раҳбарларига бу ёқмайди ва улар Исони қўлга олиш мақсадида соқчиларни юборишади. (Юҳанно 7:31, 32) У эса яширинишга уринмайди.
Аксинча, у Қуддусда халойиққа очиқчасига таълим бериб, шундай дейди: «Сизлар билан яна бир оз қоламан-да, кейин мени Юборганнинг олдига қайтаман. Мени излайсизлар-у, лекин тополмайсизлар. Мен қаерда бўлсам, сизлар у ерга боролмайсиз». (Юҳанно 7:33, 34) Яҳудийлар буни тушунмай, ўзаро шундай дейишади: «У қаерга бормоқчи-ки, биз уни тополмас эканмиз? Наҳотки у юнонлар орасида тарқалиб кетган яҳудийлар олдига бориб, юнонларга ҳам таълим бермоқчи бўлса? Унинг: “Мени излайсизлар-у, лекин тополмайсизлар. Мен қаерда бўлсам, сизлар у ерга боролмайсиз”,— деган гаплари нимани англатади?» (Юҳанно 7:35, 36) Исо яқинлашиб келаётган ўлими, тирилиши ва келажакдаги самовий ҳаёти тўғрисида гапиради, душманлари у ерга бора олишмайди.
Байрамнинг сўнгги, еттинчи куни келади. Ушбу етти кун мобайнида ҳар эрталаб руҳоний Силоам ҳовузидан сув олиб уни шундай тўкардики, сув маъбаддаги қурбонгоҳнинг тагига оқарди. Эҳтимол, Исо ҳар кунги бу маросимни халққа эслатиб, баланд овозда хитоб қилади: «Ким чанқаган бўлса, менинг олдимга келиб ичсин. Муқаддас Ёзувларда айтилганидек, менга ишонган кишининг “ичидан ҳаётбахш сув оқиб чиқади”». (Юҳанно 7:37, 38)
Исо ўзининг ўлимидан сўнг шогирдлари муқаддас руҳ билан мойланиб, самода яшаш умидига эга бўлишларини айтади. Бу, келаси йилги Ҳосил байрамида юз беради. Ўша кундан бошлаб мойланган шогирдлари одамларга ваъз қилишганда, «ҳаётбахш сув» оқиб чиқа бошлайди.
Баъзилар Исонинг бу сўзларини эшитиб: «У чиндан ҳам башорат қилинган пайғамбар»,— дейишади. «Пайғамбар» дейишганда, улар ваъда қилинган, Мусо пайғамбардан буюкроқ пайғамбарни назарда тутишади. Бошқалар: «Бу Масиҳ»,— дейишса, баъзилар эса шундай дейишади: «Ахир Масиҳ Жалиладан келмайди-ку. Муқаддас Ёзувларда Масиҳ Довуд авлодидан келиб чиқиши ва Довуд яшаган Байтлаҳм қишлоғидан бўлиши айтилмаганми?» (Юҳанно 7:40–42)
Хуллас, одамларнинг фикри ҳар хил бўлади. Баъзилар Исони ушлаб олмоқчи бўлишади, аммо ҳеч ким бунинг уддасидан чиқа олмайди. Соқчилар бош руҳонийлар ва фарзийларнинг олдига қайтиб келишганда, фарзийлар улардан: «Нега уни олиб келмадингизлар?» — деб сўрашади. Соқчилар жавоб бериб: «Ҳеч ким, ҳеч қачон у каби гапирмаган»,— дейишади. Аламидан дин раҳбарлари соқчиларни мазах қилиб, ҳақоратлашади ва шундай дейишади: «Наҳотки сизларни ҳам йўлдан оздиришган бўлса? Бошлиқлардан ёки фарзийлардан бирор киши унга ишонганми? Тавротни билмайдиган бу одамлар эса лаънати бўлсин». (Юҳанно 7:45–49)
Бундан сўнг Никодим исмли киши Исонинг тарафини олмоқчи бўлади. У фарзийлардан бири ва Олий Кенгаш аъзоси эди. Тахминан икки ярим йил олдин у Исонинг олдига тунда келиб, унга ишонганини айтган. Никодим уларга: «Бирор инсонни тингламай ва қилаётган ишларини аниқламай туриб, ҳукм қилиш Тавротга хилоф эмасми?» — дейди. Фарзийлар эса ўзларини оқламоқчи бўлиб, шундай дейишади: «Нима, сиз ҳам Жалиладанмисиз? Муқаддас Ёзувларни текшириб кўрсангиз, Жалиладан пайғамбар чиқмаслигини билиб оласиз». (Юҳанно 7:51, 52)
Муқаддас Ёзувларда пайғамбар Жалиладан чиқиши ҳақида тўғридан-тўғри айтилмаган. Бироқ Аллоҳнинг Каломида Масиҳ ушбу ўлкадан келишига ишора қилинган. Башоратга кўра, «ўзга халқлар Жалиласи»да «чексиз ёруғлик» кўринади. (Ишаё 9:1, 2; Матто 4:13–17) Боз устига, каромат қилинганидай, Исо Довуд авлодидан келиб чиққан бўлиб, Байтлаҳмда туғилган. Гарчи фарзийлар бундан хабардор бўлишса-да, эҳтимол, айнан улар халқ ичида Исо тўғрисида сохта маълумот тарқалаётганига жавобгар.