49- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Ишлашнинг ва дам олишнинг «ўз вақти бор»
Келинглар, хилват жойга бориб, у ерда бир оз дам оламиз. МАРК 6:31
143- ҚЎШИҚ Хизмат-ла банд бўл ва умид-ла Яҳовага боқ
БУ МАҚОЛАДАa
1. Иш борасида кўп одамлар қандай фикрда?
СИЗ яшайдиган ҳудудда аксарият одамлар ишга қандай нуқтаи назарда? Кўп мамлакатларда одамлар ҳар қачонгидан кўра оғир меҳнат қилиб, узоқроқ вақт ишламоқда. Ҳаддан ортиқ кўп ишлайдиган одамлар одатда жуда банд бўлиб, оиласи билан вақт ўтказиш ёки маънавий эҳтиёжларини қондиришга вақт ажратмайди. (Воиз 2:23) Аммо баъзилар ишлашни ёқтирмайди ва ишламаслик учун баҳоналар топишга ҳаракат қилади. (Ҳик. 26:13, 14)
2–3. Меҳнат қилиш борасида Яҳова ҳамда Исо қандай ўрнак кўрсатишмоқда?
2 Ҳаддан ортиқ кўп ишлайдиган ёки етарлича ишламайдиганлардан фарқли равишда, Яҳова ҳамда Исо ишга қандай қараши тўғрисида ўйлаб кўринг. Шубҳасизки, Яҳова меҳнат қилишни яхши кўради. Исо қуйидаги сўзларни айтиб, буни аниқ кўрсатган: «Отам ҳанузгача меҳнат қилиб келяпти, мен ҳам меҳнат қиляпман». (Юҳан. 5:17) Худо беҳисоб руҳий мавжудотларнию улкан коинотни яратганида, қанча меҳнат қилгани тўғрисида фикр юритинг. Гўзал Ер сайёрасида ҳам Худонинг ижодлари буни яққол намоён этмоқда. Сано бастакори: «Нақадар кўпдир Сенинг ишларинг, эй Яҳова! Буларнинг барини донолик ила яратгансан. Ер ижодларинг билан лиқ тўладир»,— деб айтганда янглишмаган. (Заб. 104:24)
3 Исо Отасига тақлид қилган. Худо «осмонни ҳозирлаганида», у донолик тимсоли сифатида Унга ёрдамлашган. У Яҳованинг олдида «моҳир ишчи» эди. (Ҳик. 8:27–31) Кўп йиллар ўтгач, Исо ер юзида бўлганида ажойиб ишларни амалга оширган. Яҳова топширган вазифани бажариш у учун овқат каби эди. Исо ер юзида қилган ҳар қандай иш уни Худо юборганини исботларди. (Юҳан. 4:34; 5:36; 14:10)
4. Дам олиш борасида Яҳова ҳамда Исодан қандай сабоқ оляпмиз?
4 Оғир меҳнат қилишда Яҳова ҳамда Исонинг ўрнаги дам олишга ҳожат йўқ эканини англатадими? Асло. Тангри Яҳова ҳечам чарчамагани боис, жисмоний дам олишга муҳтож эмас. Лекин Муқаддас Китобда Яҳова осмону ерни яратгач, «ишларидан тиниб, дам олгани» тўғрисида айтилган. (Чиқ. 31:17) Аммо бу Яҳова тўхтаб, қилган ишларидан мамнуният ҳис этганини англатиши мумкин. Исо ер юзида бўлганида, оғир меҳнат қилган бўлса-да, дўстлари билан дам олиш ва бирга овқатланиш учун вақт ажратган. (Мат. 14:13; Луқо 7:34)
5. Кўплар қандай қийинчиликка дуч келади?
5 Муқаддас Китоб Худонинг халқини меҳнат қилишга ундайди. Унинг хизматчилари ялқов эмас, тиришқоқ бўлиши керак. (Ҳик. 15:19) Эҳтимол, оилангизга ғамхўрлик қилиш учун ишларсиз. Қолаверса, Исонинг барча шогирдлари хушхабарни ваъз қилиш каби масъулиятга эга. Шу билан бирга етарлича дам олишингиз ҳам керак. Гоҳида ишга, хизматга ва дам олишга етарлича вақт ажратишга қийналасизми? Қанча ишлашнию қанча дам олишни қандай аниқласа бўлади?
МУВОЗАНАТЛИ БЎЛИШ
6. Марк 6:30–34 дан Исо иш ва дам олиш борасида мувозанатли бўлгани қандай кўринмоқда?
6 Иш масаласига келсак, мувозанатли бўлиш муҳим. Шоҳ Сулаймон илоҳий илҳом остида шундай ёзган: «Ҳар бир нарсанинг ўз вақти бор». У экишни, қуришни, йиғлашни, кулишни, рақсга тушишни ва бошқа ишларни санаб ўтган. (Воиз 3:1–8) Дарҳақиқат, ишлаш ва дам олиш ҳаётнинг иккита муҳим соҳасидир. Исо иш ва дам олиш масаласида мувозанатли эди. Бир сафар ҳаворийлар ваъз қилиб қайтишган. Улар шунчалик банд бўлишганидан «ҳатто овқатланишга ҳам вақти йўқ эди». Исо уларга: «Келинглар, хилват жойга бориб, у ерда бир оз дам оламиз»,— деди. (Марк 6:30–34 ни ўқинг.) Гарчи у ва шогирдлари доим ҳам истаганидай дам ололмаган бўлса-да, Исо шуни билардики, уларнинг барчаси дам олишга муҳтож.
7. Шаббат куни ҳақидаги қонун борасида фикр юритиш бизга қандай ёрдам беради?
7 Баъзида ҳаммамиз дам олишга ва кундалик жадвалга ўзгариш киритишга муҳтож бўламиз. Худо қадимги халқи учун ташкиллаштирган тадбирдан, яъни ҳар ҳафта Шаббат кунига амал қилишни айтганидан буни кўрса бўлади. Мусонинг Қонуни остида эмасмиз, лекин Шаббат борасида мулоҳаза юритиб, фойда олишимиз мумкин. Билиб олганларимиз иш ва дам олиш борасидаги нуқтаи назаримизни текширишга ёрдам беради.
ШАББАТ ДАМ ОЛИШ ВА ТОПИНИШ ВАҚТИ ЭДИ
8. Чиқиш 31:12–15 га кўра, Шаббат қандай кун бўлган?
8 Муқаддас Китобга кўра, Худо олти «кун» давомида ижод қилгач, ер юзидаги ишларини тўхтатиб турган. (Ибт. 2:2) Бироқ Яҳова меҳнат қилишни яхши кўради ва бошқа соҳаларда У «ҳанузгача меҳнат қилиб келяпти». (Юҳан. 5:17) Яҳова олти «кун» меҳнат қилиб, еттинчи «кун» дам олган ва Исроил халқига ҳам ҳар еттинчи куни дам олишни буюрган. Худо Шаббат Унинг ва Исроил халқининг ўртасида белги бўлишини айтган. Шаббат «бутунлай дам оладиган кун» бўлиб, «Яҳова учун муқаддас ҳисобланарди». (Чиқиш 31:12–15 ни ўқинг.) Барчага, жумладан, болаларга, қулларга ва ҳатто уй ҳайвонларига ишлаш ман этиларди. (Чиқ. 20:10) Бу туфайли одамлар кўпроқ эътиборини маънавий нарсаларга қарата оларди.
9. Исонинг даврида баъзилар Шаббат борасида қандай нотўғри нуқтаи назарга эга бўлган?
9 Шаббат куни Худонинг халқига фойда келтирган; аммо Исонинг даврида кўп дин раҳбарлари бу кун борасида оғир қонун-қоидалар ўрнатган. Масалан, улар Шаббатда ҳатто озгина буғдой йиғиш ёки касал одамни даволаш мумкин эмас, деб ҳисоблаган. (Марк 2:23–27; 3:2–5) Бундай нуқтаи назар Худонинг фикрлаш тарзини акс эттирмаган ва Исо буни тингловчиларига аниқ очиб берган.
10. Исонинг Шаббат борасидаги нуқтаи назари ҳақида Матто 12:9–12 дан нимани билиб оляпмиз?
10 Исо ва унинг яҳудий издошлари Мусонинг Қонунига тобе бўлгани сабабли, Шаббат кунига амал қилишганb. Лекин Исо ҳам сўзлари, ҳам ишлари билан Шаббат кунига амал қилиб, мулоҳазакор, меҳрибон бўлиш ва ёрдам бериш мумкин эканини кўрсатди. У очиқчасига: «Шаббат кунида яхши ишлар қилиш қонуний экан-да»,— деб айтган. (Матто 12:9–12 ни ўқинг.) У меҳр кўрсатиш ва ёрдам бериш Шаббат қонунини бузиш, деб ҳисобламасди. Исонинг хатти-ҳаракатлари Шаббат кунининг асл моҳиятини кўрсатди. Худонинг халқи кундалик ишларидан дам олгани туфайли диққатини маънавий нарсаларга қарата оларди. Исо она шаҳри Носирада бўлганида юз берган воқеани ўқиб шундай хулосага келиш мумкин: «[Исо] одатдагидек Шаббат куни ибодатхонага кириб, Муқаддас Ёзувлардан ўқиб бериш учун ўрнидан турди». (Луқо 4:15–19)
ИШГА НИСБАТАН МУНОСАБАТИНГИЗ ҚАНДАЙ?
11. Исо иш борасида қандай ўрнак қолдирган?
11 Шубҳасизки, Юсуф тутинган ўғли Исога дурадгорликни ўргатиш билан бирга Худонинг иш борасидаги нуқтаи назарини ҳам тушунтирган. (Мат. 13:55, 56) Қолаверса, Юсуф катта оиласига ғамхўрлик қилиш учун ҳар куни оғир меҳнат қилганини Исо кўрган. Шуниси қизиқки, кейинчалик Исо шогирдларига: «Ишчи ўз меҳнатига ярашасини олишга сазовор»,— деб айтган. (Луқо 10:7) Ҳа, Исо оғир меҳнат қилиш нима эканини биларди.
12. Кўп ишлаш борасида Муқаддас Китобда нима дейилган?
12 Ҳаворий Павлус ҳақида ҳам шундай деса бўлади. Унинг асосий мақсади Исо ҳамда унинг таълимотлари тўғрисида шоҳидлик бериш эди. Шу билан бирга у ўзини таъминлаш учун ишлаган. Салоникаликлар Павлус бирон кишига оғирлиги тушмаслиги учун «туну кун тер тўкиб меҳнат қилганини» билишарди. (2 Салон. 3:8; Ҳавор. 20:34, 35) Балки Павлус чодир тикиб ишлаганини назарда тутгандир. У Коринфда бўлганида Акила ва Прискилла билан ҳамкасб бўлгани боис, улар билан бирга яшаб, ишлай бошлади. Павлус «туну кун» ишлагани у тинмай меҳнат қилганини англатмайди. У баъзида, масалан, Шаббат кунлари дам олган. Бу куни унда яҳудийларга шоҳидлик бериш имкони туғиларди, боиси улар ҳам Шаббат куни ишлашмасди. (Ҳавор. 13:14–16, 42–44; 16:13; 18:1–4)
13. Павлуснинг мисолидан қандай сабоқ оляпмиз?
13 Ҳаворий Павлус яхши ўрнак қолдирган. У ишлаган бўлса-да, мунтазам равишда «Аллоҳнинг хушхабарини эълон қилиб», «муқаддас хизматда иштирок этиш» учун вақт ажратарди. (Рим. 15:16; 2 Кор. 11:23) Павлус бошқаларни ҳам шундай қилишга ундаган. Натижада, Акила ва Прискилла унинг «Исо Масиҳ йўлидаги ҳамкорларига» айланишган. (Рим. 12:11; 16:3) Павлус коринфликларни «доимо Раббимизнинг иши билан банд бўлишга» ундаган. (1 Кор. 15:58; 2 Кор. 9:8) Яҳова ҳаворий Павлусни ҳатто шундай деб ёзишга илҳомлантирган: «Ишламаган — тишламасин». (2 Салон. 3:10)
14. Исо Юҳанно 14:12 даги сўзларни айтганда, нимани назарда тутган?
14 Ушбу охирзамонда энг муҳим иш ваъз қилиш ва шогирд тайёрлашдир. Дарвоқе, Исо унинг шогирдлари ундан ҳам ортиғини қилишини башорат қилган. (Юҳанно 14:12 ни ўқинг.) Исо биз у каби мўъжизалар яратишимизни назарда тутмаган. Аксинча, издошлари ундан кўра кенгроқ ҳудудларда, кўпроқ одамларга ва узоқроқ вақт давомида ваъз қилишини айтмоқчи бўлган.
15. Ўзимизга қандай саволлар беришимиз лозим ва нега?
15 Бирон ерда ишласангиз, ўзингизга қуйидагича саволлар беринг: «Ишхонамда меҳнатсевар ишчи сифатида танилганманми? Ишимни ўз вақтида ва қўлимдан келганича яхши бажараманми?» Борди-ю, саволларга «ҳа» деб жавоб бера олсангиз, иш берувчингиз сизга ишониши мумкин. Қолаверса, сизни кузатаётган одамлар Шоҳлик хабарини қабул қилиш эҳтимоли ошади. Ваъз қилиш ва таълим бериш масаласига келсак, ўзингиздан шундай деб сўранг: «Хизматда меҳнатсевар инсон сифатида танилганманми? Биринчи суҳбатларга яхши тайёргарлик кўраманми? Қизиқиш билдирган инсонларникига тезда такрорий ташриф қиламанми? Хизматнинг ҳар хил турларида мунтазам равишда иштирок этаманми?» «Ҳа» деб жавоб бера олган бўлсангиз, хизматингиздан қувонч топасиз.
ДАМ ОЛИШГА НИСБАТАН МУНОСАБАТИНГИЗ ҚАНДАЙ?
16. Дам олиш борасида Исо ва ҳаворийлар ҳамда бугунги кундаги кўплар ўртасида қандай фарқ бор?
16 Исо шуни билганки, баъзида у ва ҳаворийлари дам олиши керак эди. Лекин ўша пайтдаги ва ҳозирги кўп одамлар Исонинг масалидаги бой кишига ўхшайди. Ўша киши ўзига ўзи ишониб: «Энди маза қилиб еб-ичиб роҳатини кўраман»,— деб айтган. (Луқо 12:19; 2 Тим. 3:4) У диққатини дам олиб, роҳат топишга қаратган. Исо ва ҳаворийларнинг ҳаётида эса бу каби нарсалар энг муҳим ўринда бўлмаган.
17. Таътилда бўлганимизда вақтимиздан қандай фойдаланамиз?
17 Бугунги кунда ҳам таътилда бўлганимизда нафақат дам оламиз, балки яхши шоҳидлик беришга ва Йиғилишларга боришга ҳаракат қилиб, Исога тақлид қиламиз. Ҳа, шогирд тайёрлаш ва йиғилишларга қатнаш биз учун шунчалик муҳим бўлгани сабабли бу ишларни мунтазам равишда Яҳова учун қилишда давом этамиз. (Иброн. 10:24, 25) Саёҳатга чиқсак ҳам, қаерга бормайлик доимий равишда йиғилишларга қатнашга интиламиз ва одамлар билан суҳбатлар қуриш имконини излаймиз. (2 Тим. 4:2)
18. Шоҳимиз Исо Масиҳ нима қилишимизни истайди?
18 Шоҳимиз Исо Масиҳ мулоҳазакор бўлгани ва ишга ҳамда дам олишга мувозанатли нуқтаи назарда бўлишимизга ёрдам бераётгани учун нақадар миннатдормиз! (Иброн. 4:15) У етарлича дам олишимизни истайди. Шунингдек, у жисмоний эҳтиёжларимизга ғамхўрлик қилиш учун меҳнат қилишимизни ва бизга завқ келтирадиган ишда, яъни шогирд тайёрлашда қатнашишимизни хоҳлайди. Навбатдаги мақолада бизни қулликнинг даҳшатли туридан озод этишда Исо қандай аҳамиятга эга эканини билиб оламиз.
38- ҚЎШИҚ У сизни мустаҳкамлайди
a Муқаддас Ёзувлардан ишга ва дам олишга мувозанатли нуқтаи назарда бўлишни ўрганяпмиз. Ушбу мақолада исроилликлар ҳар ҳафта амал қилиши керак бўлган Шаббат куни мисоли ёрдамида қай йўсин ҳам ишга, ҳам дам олишга тўғри нуқтаи назарда бўлишимиз мумкинлигини кўриб чиқамиз.
b Шогирдлар Шаббат борасидаги қонунни шунчалик ҳурмат қилишганки, у кун ўтмагунча Исони дафн қилиш билан боғлиқ тайёргарликларни тўхтатишган. (Луқо 23:55, 56)
c РАСМГА ШАРҲ. Юсуф Шаббат куни болаларини ибодатхонага олиб келган.
d РАСМГА ШАРҲ. Оиласига ғамхўрлик қиладиган ота оиласи билан таътилда бўлса ҳам, маънавий ишларда қатнашяпти.