119- БОБ
Исо — йўл, ҳақиқат ва ҳаёт
ИСО ЖОЙ ТАЙЁРЛАШ УЧУН КЕТЯПТИ
ИЗДОШЛАРИГА ЁРДАМЧИ БЕРИШНИ ВАЪДА ҚИЛАДИ
ОТА ИСОДАН АНЧА УСТУН
Қутлуғ Кечликдан сўнг Исо ва ҳаворийлар ҳалигача болохонада. Исо уларга далда бериб, шундай дейди: «Юрагингиз сиқилмасин. Худога ҳамда менга ишонинг». (Юҳанно 13:36; 14:1)
Исо садоқатли ҳаворийлари нега унинг кетишидан хавотирланмаслигини қуйидагича тушунтиради: «Отамнинг уйида турар жой кўп. [...] Агар бориб сизлар учун жой тайёрласам, яна келиб, мен билан бир жойда бўлишингиз учун сизларни олдимга олиб кетаман. Борадиган жойимнинг йўлини сизлар биласиз». Лекин ҳаворийлар Исо осмонга кетиши борасида гапираётганини тушунишмайди. Тўма ундан: «Ҳазрат, қаерга кетаётганингизни билмаймиз-ку. Йўлини қандай топа оламиз?» — деб сўрайди. (Юҳанно 14:2–5)
Исо: «Мен йўл, ҳақиқат ва ҳаётдирман»,— деб жавоб беради. Исони ва унинг таълимотларини қабул қилибгина, ҳаёт тарзига тақлид қилиш орқали самовий Отасининг уйига кириш мумкин. Исо шундай дейди: «Менсиз ҳеч ким Отамнинг олдига кела олмайди». (Юҳанно 14:6)
Исони диққат билан тинглаётган Филип: «Ҳазрат, самовий Отани бизга кўрсатинг, шу биз учун етарли»,— дейди. Худо Ўзини ваҳий орқали Мусо, Илёс ва Ишаёга ошкор қилганини билган Филип, ҳозир ҳам У Ўзини кўрсатишини хоҳлаётгандир. Аммо ҳаворийлар ўша ваҳийлардан ҳам кўпроқ нарсага эга. Исо бунга эътибор қаратиб, шундай дейди: «Филип, шунча вақтдан бери мен сизлар билан биргаман-у, ҳалигача мени билмадингизми? Мени кўрган, Отамни ҳам кўрган бўлади». Ҳа, Исо Отасининг шахсиятини мукаммал тарзда акс эттиради, демак, у билан яшаш ва уни кузатиш Отани кўриш билан баробар. Албатта, Ота Ўғлидан анча устундир. Исо: «Сизларга айтаётган сўзларимни ўз ихтиёрим билан гапирмаяпман»,— дейди. (Юҳанно 14:8–10) Дарҳақиқат, ҳаворийлар Исо ўргатаётган нарсалари учун Отасига шарафлар келтираётганини кўришади.
Исонинг ҳаворийлари у яратган ажойиб ишларни кўришган ҳамда Худонинг Шоҳлиги ҳақида хушхабарни ваъз қилганини эшитишган. Энди Исо уларга: «Менга ишонган киши, мен қилаётган ишларни қила олади ва бундан ҳам ортиғини қилади»,— деб айтади. (Юҳанно 14:12) Бу билан улар ундан-да улуғроқ мўъжизалар яратишади, деб айтмоқчи эмас. Аммо улар Исога қараганда кўпроқ вақт мобайнида хизмат қилиб, хушхабарни талайгина одамларга етказиш учун кўплаб ҳудудларга боришади.
Исонинг кетиши шогирдлар ёлғиз қолишади дегани эмас. Чунки Исо уларга шундай ваъда беради: «Менинг номимдан нимаики сўрасангиз, бажо келтираман». Бундан ташқари, у: «Мен Отамга мурожаат қиламан ва У тоабад сизлар билан бўладиган бошқа ёрдамчини беради. Бу ёрдамчи ҳақиқатни ойдинлаштирадиган муқаддас руҳдир»,— деб айтади. (Юҳанно 14:14, 16, 17) Исо муқаддас руҳни, яъни бошқа ёрдамчини беришига ҳаворийларни ишонтиради. Бу эса Ҳосил байрамида содир бўлади.
«Яна бир оздан сўнг,— дейди Исо,— дунё мени бошқа кўрмайди. Сизлар эса кўрасиз, негаки мен яшаяпман ва сизлар ҳам яшайсиз». (Юҳанно 14:19) Исо нафақат тирилганидан кейин шогирдларига кўринади, балки вақти келганда уларни тирилтиради ва улар руҳий мавжудотлар сифатида у билан бирга осмонда бўлишади.
Кейин Исо оддий бир ҳақиқатни айтади: «Амрларимни қабул қилиб, уларга амал қилган киши мени севади. Мени севганни Отам севади. Мен ҳам уни севиб, ўзимни унга ошкор этаман». Таддей деб аталган ҳаворий Яҳудо шундай сўрайди: «Ҳазрат, нима бўлдики, ўзингизни дунёга эмас, бизга ошкор этмоқчисиз?» Исо жавобан қуйидагича айтади: «Мени севган, каломимга риоя қилади ва Отам уни севади. [...] Мени севмайдиган сўзларимга амал қилмайди». (Юҳанно 14:21–24) Издошларидан фарқли ўлароқ, дунё Исони йўл, ҳақиқат ва ҳаёт деб ҳисобламайди.
Қизиқ, қандай қилиб Исо кетгач шогирдлар у ўргатган нарсаларни эслашади? Исо қуйидагича тушунтиради: «Ёрдамчи, яъни Отам менинг номимдан юборадиган муқаддас руҳ сизларга барча нарсани ўргатиб, айтганларимнинг ҳаммасини ёдингизга солади». Ҳаворийлар муқаддас руҳ қудратини кўришган, шунинг учун Исонинг гаплари уларга далда беради. У яна: «Сизларга тинчликни қолдиряпман, ўз тинчлигимни сизларга беряпман. [...] Юракларингизга ғулғула тушиб, қўрқувдан сиқилмасин»,— деб қўшиб қўяди. (Юҳанно 14:26, 27) Демак, Исонинг Отаси йўл-йўриқ бериб, ҳимоя қилишини билиш шогирдларга хавотирланмасликка ёрдам беради.
Яқинда Худо одамларни ҳимоя қила олиши яққол намоён бўлади. Исо шундай дейди: «Бу дунёнинг ҳукмдори келяпти. У эса менга ҳоким эмас». (Юҳанно 14:30) Иблис Яҳудонинг ичига кириб, уни бошқара олди. Лекин Исонинг гуноҳли мойилликлари бўлмагани боис, Шайтон бундан фойдаланиб уни Худога қарши қила олмайди. Иблис Исонинг тирилишига ҳам тўсқинлик қила олмайди. Нега дейсизми? Исонинг ўзи: «Отам менга буюрганидай қиляпман»,— дейди. Ҳа, Отаси уни тирилтиришига ишончи комил. (Юҳанно 14:31)