Ҳақ топинишда ғайратли бўлинг
Ҳосил мўл, бироқ юмушчилар оз. МАТ. 9:37
1. Иш зарур бўлганда одам нима қилади?
КУННИНГ охирида бир кишига топширишингиз керак бўлган бир ҳужжат бор дейлик. Шунда нима қиласиз? Ўзингизга бу иш «ЗАРУР!» деб эслатиб қўясиз. Ҳужжатни топширгани йўлга чиқдингиз, лекин кеч қоляпсиз. Хўш, энди нима қиласиз? Қадамингизни янада тезлаштирасиз, шундай эмасми?! Агар муҳим ишни бажариш учун кечикаётган бўлсангиз, ҳаяжонланишингиз табиий. Бундай пайтда қон босимингиз кўтарилиб, ишни тезроқ ва бор кучингиз билан бажаришга тиришасиз. Ахир бу зарур-ку!
2. Бугунги масиҳийларнинг қандай зарур иши бор?
2 Бугун масиҳийлар учун Худо Шоҳлиги тўғрисидаги хушхабарни ваъз қилиш ва барча халқлардан шогирд орттиришдан муҳимроқ иш йўқ (Мат. 24:14; 28:19, 20). Исонинг шогирди Марк унинг сўзларини такрорлаб, бу иш «аввало», яъни охират келишидан олдин бажарилиши кераклигини ёзган эди (Марк 13:10). Чиндан ҳам бу зарур иш. Ҳазрати Исо: «Ҳосил мўл, бироқ юмушчилар оз»,— деб бежиз айтмаган. Етилган ҳосил узоқ турмайди, мавсум тугамасидан уни йиғиб олиш керак (Мат. 9:37).
3. Кўплар воизлик иши улар учун муҳим эканини қандай кўрсатишяпти?
3 Воизлик иши биз учун ниҳоятда муҳим экан, вақтимиз, кучимиз ва бутун эътиборимизни унга қаратишимиз керак. Аксар ака-ука ва опа-сингилларимиз айнан шу фаолият билан банд экани мақтовга сазовор! Масалан, баъзилар ҳаёт тарзини соддалаштириб кашшоф, тўла вақтли махсус ваъзгўй ёки байтилчи бўлиб, бор вақтини хизматга сарфлашяпти. Улар кўп фидойилик кўрсатиб, қийинчиликларга ҳам дуч келишмоқда. Лекин улар Яҳованинг қут-баракасига эга. Биз бундай имондошлар учун хурсандмиз (Луқо 18:28–30 ўқинг). Бошқалар эса тўла вақтли хизматчилар қаторида бўлишмаса-да, кўп вақтини бола тарбиясига бериб, нажотбахш хизматда қўлидан келганича иштирок этишяпти (Амр. 6:6, 7).
4. Нега айримларга ишнинг зарурлигини ҳис этиш қийиндек туюла бошлайди?
4 Кўриб турганимиздек, зарур ёки шошилинч иш дейилса, унга ажратилган вақт чегараланганини, оз қолганини ёки тугаётганини англатади. Биз эса охиратда яшаяпмиз. Буни Муқаддас Ёзувлар ва тарих тасдиқлаб келмоқда (Мат. 24:3, 33; 2 Тим. 3:1–5). Охират қачон келишини бирор инсон аниқ билмайди. Охирзамон белгиси ҳақда гапираётиб Исо: «У кун ва у соат ҳақида биргина Отамдан бошқа ҳеч ким билмайди, осмондаги фаришталар ҳам билмайди»,— деган эди (Мат. 24:36). Шу боис, айримларга, айниқса узоқ вақтдан бери кутиб юрганларга йиллар ўтгани сайин, ишнинг зарурлигини ҳис этиш қийиндек туюла бошлайди (Ҳик. 13:12). Сизга ҳам баъзида шундай туюладими? Тангри Яҳова ҳамда Исо Масиҳ бизга топширган ишнинг зарурлигини ҳис этиш туйғусини ривожлантиришимизга ва уни сақлаб қолишимизга нима кўмаклашади?
Исонинг намунаси
5. Хизматининг зарурлигини Исо қандай намоён этган?
5 Худо хизматида ишнинг зарурлигини ҳис этган кишилар орасида Исо Масиҳ аъло ўрнак кўрсатган. Бундай дейишимизнинг сабаби, у атиги уч ярим йил ичида кўп иш қилишга улгурган. Ҳеч ким у каби ҳақ топиниш учун бунчалик кўп меҳнат қилмаган. Исо Отасининг исмини ва ниятини одамларга ошкор этиб, Шоҳлик хушхабарини ваъз қилган. Бундан ташқари, дин раҳбарларининг иккиюзламачилигию сохта таълимотларини фош этган ва ҳатто ўлимигача Яҳованинг ҳукмдорлигини қўллаб-қувватлаган. У юрт бўйлаб кезиб, одамларга таълим бериш, кўмаклашиш ва шифо бериш учун ўзини аямаган (Мат. 9:35). Бунча қисқа вақт ичида ҳеч ким у каби меҳнат қилмаган. Ҳа, Исо бор кучини вазифасини бажаришга сарфлаган (Юҳан. 18:37).
6. Исонинг ҳаётида нима муҳим бўлган?
6 Хизматини ҳормай-толмай бажаришга Исони нима ундаган? Дониёр пайғамбарнинг башоратига кўра, Исо Яҳованинг жадвали бўйича қанча вақт ичида ишини бажариб бўлиши кераклигини биларди (Дон. 9:27). Башоратга биноан, Исонинг хизмати «етти йил»нинг ярмида, яъни уч ярим йил ўтгач ўз ниҳоясига етиши керак эди. Исо милодий 33- йилнинг баҳорида Қуддус шаҳрига тантанавор равишда кириб келганидан оз вақт ўтгач, шундай деганди: «Инсон Ўғли улуғланадиган вақт-соат келди» (Юҳан. 12:23). Ўлими яқинлашганини сезган бўлса ҳам, у бутун эътиборини ўзига эмас, балки жон-жаҳди билан хизмат қилишга қаратган эди. У Отасининг иродасини бажариб, одамларга севгисини намоён этиш учун ҳеч қандай имкониятни қўлдан бой бермаган. Айнан бу севги уни шогирд йиғиб уларга таълим беришга ҳамда уларни ваъз қилгани юборишга ундарди. Бундай қилишига сабаб, шогирдлар Исо бошлаган ишни давом эттириб, ундан ҳам кенгроқ кўламда бажаришларидан иборат эди (Юҳанно 14:12 ўқинг).
7, 8. Исо маъбадни тозалагани шогирдларига қандай таъсир этган ва нима учун у бундай йўл тутган?
7 Исонинг ҳаётидаги бир воқеа, у серғайрат бўлганини кўрсатган. Бу воқеа хизматининг бошида, милодий 30- йил Фисиҳ байрамида содир бўлган эди. Исо шогирдлари билан бирга Қуддусга келиб, «маъбадга кирганда, ҳўкиз, қўй, каптарларни сотаётганлар ва ўтирган саррофларни кўрган». Қизиқ, Исо ўзини қандай тутган ва бу шогирдларига қанақа таъсир қилган? (Юҳанно 2:13–17 ўқинг).
8 Исонинг бу иши ва сўзлари беихтиёр шогирдларининг хотирасида Довуднинг мана бу башоратли сўзларини уйғотган: «Сенинг уйингга бўлган рашким Менинг ичимни кемиряпти» (Заб. 68:10). Нега бу оят уларнинг хаёлига келган? Чунки бу иши билан у ўз ҳаётини хавф остига солган эди. Ахир маъбаддаги обрў-эътиборли кишилар, жумладан руҳонийлар, уламолар ва бошқалар безбетларча бу жойдан яхшигина пул қилишган. Уларнинг режасини бузиш ва фош этиш билан, у дин пешволарига ўзини душман қилиб қўйган. Худонинг уйига бўлган рашк ёки ҳақ топинишга нисбатан ғайрат яққол кўрингани учун, шогирдлар тўғри хулосага келишган эди. Ғайрат бу ўзи қандай фазилат? Ишнинг зарурлигини ҳис этиш туйғуси ва ғайрат бошқа-бошқа нарсами?
Иккала фазилатни солиштирамиз
9. Ғайрат ўзи қандай фазилат?
9 Изоҳли луғатга кўра «ғайрат — бу, иш-ҳаракатга бўлган кучли интилиш, берилиш ҳисси». Шунингдек, «рашк, қизғаниш, саъй-ҳаракат, иштиёқ ва жўшқинлик» каби сўзлар синоним сифатида келтирилган. Ҳеч муболағасиз, Исонинг хизматини барча шу сўзлар билан ифодаласа бўлади. Муқаддас Китобнинг бошқа бир таржимасида бу оят шундай янграйди: «Эй Тангри, уйингга бўлган садоқатим, ичимда гўё оловдек ёняпти» («Today’s English Version»). Қизиғи шундаки, айрим Шарқ тилларида «ғайрат» ибораси сўзма-сўз «қалби қайноқ» деган маънога эга бўлиб, инсон хаёлида ёнаётган юрак тасаввурини жонлантиради. Шогирдлар Исонинг маъбаддаги ишини кўриб, беҳудага Довуднинг сўзларини эслашмаган экан. Исонинг қалбини алангалатиб, шундай ишларни қилишга ундаган нарса нима эди?
10. Муқаддас Китобнинг асл нусхасида «ғайрат» сўзи қандай маънога эга?
10 Муқаддас Китобнинг асл нусхасидаги ибронийча ва юнонча «ғайрат» сўзини «ижобий маънодаги рашк» деб таржима қилса ҳам бўлади (2 Коринфликларга 11:2 ўқинг). Муқаддас Китобнинг бир луғатида бу сўзга шундай изоҳ берилган: «Кўпинча, бу сўзни эр-хотин муносабатларида қўллашади... Рашк қилишга фақатгина эр ёки хотиннинг ҳаққи бор бўлганидек, Худо ҳам Унга тегишли бўлган кишиларни рашк қилишга ҳақли бўлиб, бу ҳуқуқи ўринлидир». Шундай қилиб Довуднинг ижобий маънодаги рашки ғайрат туйғуси бўлиб, қаршилик ёки ҳақоратга чидамаслик, яхши номни ҳимоялаш ёки шикастни тузатмоқ, деган маъноларга эга.
11. Ўзини аямасдан ғайрат кўрсатишга Исони нима ундаган?
11 Исонинг маъбаддаги ишини кўргач, шогирдлар Довуднинг сўзларини Исога қўллаб хато қилмаган эдилар. Исо хизмати ўз якунига етаётгани учун бор кучини ишга солганми? Асло. Унда, Отасининг исмига ва пок топинишга нисбатан рашки, яъни ғайрати кучли бўлган. Аллоҳнинг номига ҳақорат ва куфр кетаётганини кўргач, Исо ғайратга тўлиб вазиятни ўзгартиришга тушган. Шунингдек, дин пешволари оддий халққа жабр-зулм ўтказиб, уларнинг устига оғир юк қўйишаётанини Исо кўриб турарди. Ундаги ғайрат халқни бу юкдан озод этиб, дин раҳбарларини эса очиқчасига танқид қилишга ундаган (Мат. 9:36; 23:2, 4, 27, 28, 33).
Ҳақ топинишда ғайратли бўлинг
12, 13. Христиан оламининг дин пешволари Тангрининг исмига ва Худонинг Шоҳлигига нисбатан нима қилишяпти?
12 Ҳозирги кунда ҳам ўзини художўй деб ҳисоблайдиганларнинг юриш-туриши, Исонинг замонасидаги одамларникига ўхшаб кетади ва ҳатто ошиб тушади. Мисол учун, Исо шогирдларига аввало Аллоҳнинг номини тилга олиб: «Сенинг муқаддас исминг улуғлансин»,— дея ибодат қилишни ўргатганини бир эслайлик (Мат. 6:9). Дин пешволари ва айниқса христиан олами руҳонийлари, одамларга Тангрининг исми борлигини ва бу исмни улуғлаш кераклигини ўргатишяптими? Аксинча, улар учлик, ўлмас жон ва дўзах борлиги ҳақда таълим бериб, одамларга У Зотни қандайдир сирли, ақлга сиғдириб бўлмайдиган, бераҳм ва ҳатто золим Худо сифатида таништиришади. Бундан ташқари, ўзларининг уятли ишлари ва иккиюзламачилиги билан Аллоҳнинг номига доғ туширишмоқда (Римликларга 2:21–24 ўқинг). Бу ишлари камлик қилгандай, улар Тангрининг исмини яшириш учун ўзлари таржима қилган Муқаддас Китобдан уни олиб қўйишдан ҳам тап тортишмайди. Шу йўсин улар, одамлар Аллоҳга яқинлашиб, У билан дўстона муносабатларни ривожлантиришларига тўсқинлик қилишяпти (Ёқб. 4:7, 8).
13 Исо, Худонинг Шоҳлиги ҳақда ибодат қилишни ҳам шогирдларига ўргатиб, шундай деган эди: «Сенинг Шоҳлигинг келсин. Осмонда бўлгани каби, ерда ҳам Сенинг ироданг бажо келсин» (Мат. 6:10). Гарчи христиан оламининг диний раҳбарлари ибодатларида тез-тез ушбу сўзларни тилга олишса-да, лекин халқни сиёсий ва инсоний тузумларни қўллаб-қувватлашга ундашмоқда. Устига-устак, бу Шоҳлик ҳақида ваъз қилаётганларни камситишмоқда. Натижада, ўзини христиан деб атайдиганлар, Худо Шоҳлиги тўғрисида гапиришмайди ҳам, унга ишонишмайди ҳам.
14. Христиан оламининг руҳонийлари Худонинг ахлоқий меъёрларини қай тарзда бузишяпти?
14 Аллоҳга ибодат қилганда Исо аминлик билан: «Сенинг каломинг — ҳақиқатдир»,— деган эди (Юҳан. 17:17). Осмонга қайтишдан аввал, Исо ўз издошларига маънавий озуқани етказиб берадиган «ишончли ва ақлли хизматкор»ни тайинлаганини айтганди (Мат. 24:45). Бироқ, Худо Каломидан одамларга таълим беряпмиз, деб даъво қилаётган христиан оламининг руҳонийлари Хўжайин уларга ишониб топширган ишни садоқат ила бажаришяпти, деса бўладими? Йўқ. Улар Муқаддас Китобда ёзилганларни афсона ва ривоятга чиқаришяпти. Сурувига тасалли ва билим беришнинг ўрнига, руҳонийлар одамларни инсон фалсафаси билан сийлашмоқда. Сурувидагиларнинг кўнглини топиш ниятида, тағин Худонинг ахлоқий меъёрларини ҳам бузиб ўргатишяпти (2 Тим. 4:3, 4).
15. Руҳонийлар Худо номи билан қилган ишларни кўрсангиз, сизда қандай ҳис-туйғулар пайдо бўлади?
15 Айтиб ўтилган ишлар Муқаддас Китобдаги Худонинг исми билан қилингани учун, кўп самимий инсонларнинг Аллоҳдан ва Муқаддас Китобдан кўнгли совиб, бутунлай ишончини йўқотишяпти. Натижада, улар Шайтон ва унинг ёвуз дунёсининг қурбонига айланишмоқда. Кундан-кунга бундай мудҳиш ишларнинг гувоҳи бўлиб, сизда қандай ҳис-туйғулар пайдо бўляпти? Яҳованинг хизматчиси экансиз, Унинг номига ҳақорату куфр ёғилаётганини кўрганингизда, бу нарсаларга чек қўйиш истаги пайдо бўлмайдими?! Самимий ва қалби пок инсонлар алданиб, оғир юк остида қийналаётганини кўрсангиз, бу жабрдийда инсонларга тасалли беришни хоҳламайсизми?! Халқ «чўпонсиз қўйларга ўхшаганини» Исо кўргач, ачинибгина қолмай, «уларга кўп нарсаларни ўргатарди» (Мат. 9:36; Марк 6:34). Бизда ҳам, Исо каби ҳақ топинишда ғайратли бўлиш учун кўп сабаблар бор.
16, 17. а) Хизматда жон-жаҳдимиз билан қатнашишга бизни нима ундаши керак? б) Кейинги мақолада нимани кўриб чиқамиз?
16 Агар хизматимизда ғайратли бўлсак, 1 Тимўтийга 2:3, 4 да ёзилган Павлуснинг сўзлари биз учун чуқурроқ мазмунга эга бўлади (ўқинг). Биз охирги кунларда яшаётганимиз учунгина хизматда жон-жаҳдимиз билан қатнашаётганимиз йўқ. Аллоҳнинг иродаси, одамлар ҳақиқатни билиб олиб, Унга топинишни, хизмат қилишни ўрганишлари ва Ундан барака олишларидан иборат эканини тушуняпмиз. Бу бизни бор кучимизни ишга солишга ундаяпти. Шунингдек, Тангрининг исмини улуғлаб, одамлар Унинг иродасини билиб олишларини истаймиз. Биз ҳақ топинишда ғайратлимиз (1 Тим. 4:16).
17 Яҳованинг халқи эканмиз, Худонинг инсоният ва Ер учун нияти қанақа эканини биламиз. Бу ҳақиқат биз учун баракадир. Зеро одамлар бахт топиб, келажакка умид билан қарай олишига ҳиссамизни қўша оламиз. Шунингдек, Шайтоннинг замонаси йўқ қилинганида, қандай омон қолишни уларга кўрсатишимиз мумкин (2 Салон. 1:7–9). Яҳованинг куни кечикаётгандек туюлган тақдирда ҳам, хафа бўлиб, умидсизланишнинг ўрнига, ҳақ топинишда ғайрат кўрсатиш учун вақт борлигидан қувонамиз (Михо 7:7; Хаб. 2:3). Бундай ғайратни қандай ўстирса бўлади? Жавобини кейинги мақоладан билиб оламиз.
Илтимос тушунтиринг
• Хизматини чарчамай бажаришга Исони нима ундаган?
• Муқаддас Китобнинг асл нусхасида «ғайрат» сўзи қандай маънога эга?
• Бугун юз бераётган қандай ишлар, бизни ҳақ топинишда ғайратли бўлишга ундаяпти?
[8- саҳифадаги расм]
Исо, Отасининг иродасини бажариб, одамларга севгисини кўрсатган
[10- саҳифадаги расм]
Ҳақ топинишда ғайратли бўлишимиз учун кўп сабаблар бор