17- БОБ
Исо Никодимга таълим беради
ИСО НИКОДИМ БИЛАН СУҲБАТЛАШАДИ
«ҚАЙТАДАН ТУҒИЛИШ» НИМАНИ АНГЛАТАДИ?
Мил. 30 йили Фисиҳ байрами пайтида Исо Қуддусда ажойиб мўъжизалар яратади. Натижада кўп одамлар унга ишонишади. Яҳудийлар Олий Кенгашининг аъзоси Никодим исмли киши бундан ҳайратда қолади. Кўпроқ билиш ниятида у Исонинг олдига қоронғида келади: эҳтимол у бошқа яҳудий бошлиқларнинг олдида ўз обрўсини йўқотишдан қўрқади.
«Устоз,— дейди Никодим,— сиз Аллоҳдан келган муаллим эканингизни биламиз, чунки ҳеч бир инсон, агар Худо у билан бўлмаса, сиз яратган бундай мўъжизаларни қилолмайди». Исо унга жавоб қайтариб, фақат «қайтадан туғилган» киши Худонинг Шоҳлигига кира олишини айтади. (Юҳанно 3:2, 3)
Қанақасига одам қайтадан туғилиши мумкин? «Ахир у иккинчи марта онасининг қорнига кира олмайди-ку?» — деб сўрайди Никодим. (Юҳанно 3:4)
«Қайтадан туғилиш» ибораси бошқа нарсани англатади. Буни Исо қуйидагича тушунтиради: «Кимки сув ва муқаддас руҳдан туғилмаса, Худонинг Шоҳлигига киролмайди». (Юҳанно 3:5) Исонинг ўзи сувга чўмганида, устига муқаддас руҳ тушган, шу йўсин у «сув ва муқаддас руҳдан туғилган». Ўшанда Худо осмондан: «Бу Менинг севикли Ўғлимдир, ундан мамнунман»,— деб айтганди. (Матто 3:16, 17) Бу билан Худо Осмон Шоҳлигига кирадиган руҳий Ўғилга эга бўлганини эълон қилган эди. Сувга чўмган бошқа одамларнинг устига ҳам кейинчалик мил. 33 йили Ҳосил байрамида муқаддас руҳ тушади. Шу йўсин улар қайтадан туғилиб, Худонинг руҳдан туғилган ўғиллари бўлишади. (Ҳаворийлар 2:1–4)
Ҳозир эса Никодим учун Исонинг Шоҳлик ҳақидаги таълимотини тушуниш қийин. Шунинг учун, Исо унга ўзининг, яъни ер юзига келган Худо Ўғлининг вазифаси ҳақида батафсил айтиб беради. У шундай дейди: «Мусо саҳрода илонни юқорига қандай кўтарган бўлса, Инсон Ўғли ҳам шундай юқорига кўтарилиши керак. Токи унга ишонган ҳар бир киши абадий ҳаётга эга бўлсин». (Юҳанно 3:14, 15)
Қадимда исроилликларни заҳарли илонлар чаққан эди. Улар тирик қолиш учун Мусо ясаган мис илонга қарашлари керак эди. (Саҳрода 21:9) Шунга ўхшаб, инсонлар ўлимдан қутқарилишлари ва абадий яшашлари учун Худонинг Ўғлига ишонишлари даркор. Кейин Исо Никодимнинг эътиборини Яҳованинг кучли севгисига қаратиб: «Аллоҳ инсониятни шу қадар қаттиқ севдики, ҳатто улар учун ягона Ўғлини берди. Токи унга ишонган ҳар бир киши ҳалок бўлмасин, балки мангу ҳаётга эга бўлсин»,— дейди. (Юҳанно 3:16) Шундай қилиб, Исо хизматини бошлаганидан тахминан ярим йил ўтгач, Яҳова айнан у орқали одамзодни қутқаришини Никодимга яққол кўрсатади.
Исо давом этиб шундай дейди: «Худо Ўз Ўғлини дунёни ҳукм қилиш учун», яъни одамзодни айблаб ўлимга маҳкум этиш учун юбормаган. Аксинча, Исонинг ўзи айтганидек, «у орқали дунёни қутқариш учун» юборган. (Юҳанно 3:17)
Никодим Исонинг олдига кундузи келишдан қўрқиб, тунда келган. Шунинг учун Исо суҳбатни шундай сўзлар билан якунлайди: «Ҳукм учун асос мана шудир: дунёга нур келди, [яъни Исонинг ўзи, унинг ҳаёти ва таълимотлари] бироқ одамлар қоронғиликни яхши кўрдилар, чунки уларнинг ишлари ёмон эди. Ахир ёмон ишларни қилиб юрган киши нурдан нафратланади. Унинг ишлари фош қилинмасин, дея нурга яқинлашмайди. Лекин ҳақиқат бўйича йўл тутувчи киши нурга яқинлашади. Токи унинг ишлари Аллоҳнинг иродасига мувофиқ экани ошкор бўлсин». (Юҳанно 3:19–21)
Ҳа, Худонинг иродаси бажарилишида Исо муҳим ўрин эгаллайди. Исроилда фарзий ҳамда муаллим бўлмиш Никодим энди бу ҳақда фикр юритиши мумкин.