121- БОБ
«Дадил бўлинг! Мен дунёни енгдим»
ЯҚИНДА ҲАВОРИЙЛАР ИСОНИ БОШҚА КЎРИШМАЙДИ
ҲАВОРИЙЛАР ҚАЙҒУСИ ҚУВОНЧГА АЙЛАНАДИ
Исо ва ҳаворийлари Фисиҳ таомини еб бўлишди. Яқинда улар болохонани тарк этишади. Исо уларни огоҳлантириб, яна шундай дейди: «Мен буни сизларга қоқинмаслигингиз учун айтдим». Нега бундай огоҳлантириш ўринли? Унинг ўзи шундай тушунтиради: «Сизларни ибодатхонадан ҳайдайдилар ва шундай вақт келадики, сизларни ўлдираётган ҳар бир киши, Худога муқаддас хизматни бажаряпман, деб ўйлайди». (Юҳанно 16:1, 2)
Бу огоҳлантириш ҳаворийларни хавотирга солган бўлса керак. Илгари Исо ҳаворийларига дунё улардан нафратланишини айтган бўлса-да, улар ўлдирилишини очиқчасига гапирмаган. «Бу сўзларни сизларга бошида айтмагандим,— деб тушунтиради у,— чунки сизлар билан бирга эдим». (Юҳанно 16:4) Энди Исо кетишидан олдин уларни тайёрлаяпти. Кейинчалик, бу уларга қоқиниб қолмасликка ёрдам беради.
Исо давом этиб: «Мени Юборганнинг ёнига кетяпман ва ҳеч бирингиз мендан: “Қаерга кетяпсиз?” — деб сўрамаяпсиз»,— дейди. Шу кеча сал аввалроқ у қаерга кетиши ҳақида улар сўрашган эди. (Юҳанно 13:36; 14:5; 16:5) Энди эса, Исонинг таъқиблар ҳақидаги сўзларини эшитиб улар ҳангу манг бўлишади ва чуқур қайғуга ботишади. Шу боис, Исо эга бўладиган шуҳрат ва бу Худонинг ҳақиқий хизматчилари учун нимани англатиши борасида суриштиришмайди. Исо буни пайқаб: «Айтган сўзларимдан қалбларингиз ғам-ғуссага тўлди»,— дейди. (Юҳанно 16:6)
Сўнг Исо қуйидагича тушунтиради: «Менинг кетишим сизларнинг фойдангиз учун. Борди-ю кетмасам, ёрдамчи олдингизга келмайди. Агар кетсам, уни сизларга юбораман». (Юҳанно 16:7) Исо ўлиб осмонга кўтарилгандан кейингина шогирдлар ёрдамчи бўлмиш муқаддас руҳни олишади. Улар дунёнинг қайси чеккасида бўлишидан қатъи назар, Исо муқаддас руҳни юбора олади.
Муқаддас руҳ «гуноҳ, адолат ва ҳукм тўғрисида дунёга далиллар келтиради». (Юҳанно 16:8) Ҳа, дунё Худонинг Ўғли бўлмиш Исога ишонмаётгани ошкор бўлади. Исонинг осмонга кўтарилиши, у адолатли экани ҳақида шоҳидлик бериб, нега «бу дунёнинг ҳукмдори» Шайтон ҳукмга лойиқ эканини кўрсатади. (Юҳанно 16:11)
Исо сўзида давом этиб, шундай дейди: «Сизларга айтадиган кўп гапларим бор-у, аммо ҳозир ҳаммасини тушуна олмайсиз». Исо юборган муқаддас руҳ, шогирдлари «ҳақиқатни тўлиқ» тушунишлари учун уларни йўналтириб боради. Шу йўсин, улар бу ҳақиқатга биноан ҳаёт кечира олишади. (Юҳанно 16:12, 13)
Исонинг: «Яна бир оздан сўнг мени кўрмайсизлар. Кўп ўтмай мени тағин кўрасизлар»,— деган сўзлари ҳаворийларни ўйга чўмдиради. Шогирдлар бу сўзларнинг маъносини бир-биридан сўрай бошлашади. Исо улар бу билан қизиқаётганини сезиб, шундай дейди: «Ишонаверинг, сизлар йиғлаб, фарёд қиласиз, дунё эса қувонади. Сизлар ғам чекасиз, аммо ғамингиз шодликка айланади». (Юҳанно 16:16, 20) Эртаси куни Исони ўлдиришганда, дин раҳбарлари севинади, шогирдлари эса қайғу чекишади. Исо тирилганида эса уларнинг қайғуси қувончга айланади. Уларнинг устига Худонинг муқаддас руҳи тушганида ҳам улар хурсанд бўлишади.
Исо ҳаворийларнинг аҳволини тўлғоқ азобини чекаётган аёлнинг аҳволи билан солиштириб, қуйидагиларни айтади: «Ойи тўлган аёл дард билан туғади. Бола туғилгандан сўнг эса дардлари эсидан чиқади, чунки инсон дунёга келганидан қувонади». У ҳаворийларига далда бериб: «Сизлар ҳам ҳозир қайғу-аламдасиз. Лекин сизлар билан яна кўришганимда, қалбингиз шодликка тўлади ва бу қувончни сизлардан ҳеч ким тортиб ололмайди»,— дейди. (Юҳанно 16:21, 22)
Шу пайтгача ҳаворийлар Исонинг номидан ҳеч нарса сўрашмаган. Ҳозир бўлса, Исо уларга: «Ўша куни Отамдан менинг номимдан сўрайсизлар»,— дейди. Нега бундай қилишлари муҳим? Гап, Худо уларнинг илтимосларига истар-истамас жавоб беришида эмас. Исо: «Отам сизларни севади, чунки сизлар мени севиб, Худонинг вакили сифатида келганимга ишондингиз»,— деб айтади. (Юҳанно 16:26, 27)
Ҳаворийлар Исонинг сўзларидан руҳланиб: «Шу сабабли сиз Худодан келганингизга ишоняпмиз»,— дейишади. Лекин кўп ўтмай уларнинг аминлиги синалади. Исо буни қуйидагича тасвирлайди: «Мана, мени ёлғиз ташлаб, ҳаммангиз уй-уйингизга қочиб кетадиган вақт келяпти, ҳатто келди ҳам». Шундай бўлса-да, Исо уларнинг руҳини кўтариб, шуларни айтади: «Буларни мен туфайли орангизда тинчлик бўлсин, деб айтдим. Дунёда сизларни қайғу-алам кутяпти, аммо дадил бўлинг! Мен дунёни енгдим». (Юҳанно 16:30–33) Исо уларни тарк этмайди. Улар ҳам у каби дунёни енгишлари мумкинлигига Исонинг ишончи комил. Шайтон ва унинг дунёси уларнинг бенуқсонлигини барбод қилишга уринса ҳам, шогирдлар Худонинг иродасини садоқат ила бажара олишади.