122- БОБ
Исонинг болохонадаги сўнгги ибодати
АЛЛОҲ ВА УНИНГ ЎҒЛИНИ НЕГА ТАНИБ-БИЛИШ КЕРАК?
ЯҲОВА, ИСО ВА ШОГИРДЛАРНИНГ БИРЛИГИ
Исо ҳаворийларига бўлган меҳр-муҳаббати туфайли кетишидан олдин уларни тайёрлайди. Исо осмонга қараб, Отасига шундай мурожаат қилади: «Ўз ўғлингни улуғла, токи ўғлинг ҳам Сени улуғласин. Сен унга берган кишиларнинг барига абадий ҳаётни ато этсин дея, унга бутун инсоният устидан ҳокимликни бердинг». (Юҳанно 17:1, 2)
Худони шарафлаш Исо учун ўта муҳим экани аниқ. Масиҳ таъкидлаб ўтаётган абадий ҳаётга бўлган умид кишини тўлқинлантиради! Шунингдек, Исо «бутун инсоният устидан ҳокимликни» қўлга киритиб, тўлов келтирадиган баракаларни бутун одамзодга тақдим эта олади. Бироқ ҳамма ҳам бундай баракаларга эга бўлмайди. Нега дейсизми? Боиси, Исо бундай баракаларни қуйидаги сўзларга кўра яшайдиган инсонларга беради: «Абадий ҳаётга эга бўлиш учун, Сени — танҳо ҳақ Худони ва Сен юборган Исо Масиҳни таниб-билиш керак». (Юҳанно 17:3)
Киши Ота ва Унинг Ўғли ҳақида аниқ билимга эга бўлиб, улар билан дўстона муносабатларни ривожлантириши лозим. Шунингдек, ҳар нарсага уларнинг нуқтаи назари билан қараши даркор. Бошқалар билан муомала қилганда эса уларнинг гўзал фазилатларига тақлид қилиши керак. Худонинг улуғланиши одамларнинг абадий ҳаётга эга бўлишидан афзалроқ эканини ҳам у тушуниши муҳим. Айнан шу мавзуни Исо қуйидагича ёритиб беради:
«Сен менга топширган ишни ниҳоясига етказиб, ер юзида Сени шарафладим. Энди бўлса Отажон, дунё яратилишидан аввал олдингда эга бўлган шарафни менга яна ато этгин». (Юҳанно 17:4, 5) Бундан аёнки, тирилганидан сўнг Исо илгариги мавқеига қайтишни сўраяпти.
Хизматда қандай ютуқларга эришганини эслаб, Исо шундай ибодат қилади: «Дунёдан танлаб олиб, менга берган одамларингга исмингни ошкор этдим. Улар Сеники эди ва Сен уларни менга бердинг. Улар эса Сенинг сўзингга риоя қилишяпти». (Юҳанно 17:6) Исо хизмати давомида Аллоҳнинг исмини шунчаки айтиб юрмаган. У ҳаворийларига бу исм ортида Аллоҳнинг фазилатларини ва одамларга бўлган муносабатини кўришга ёрдам берган.
Ҳаворийлар Яҳова ҳамда Ўғлининг тутган ўрни ҳақида билимга эга бўлишди. Улар Исонинг ўгитларини ҳам ўзлаштиришди. Исо камтарона шундай дейди: «Менга берган сўзларингни уларга етказдим ва улар қабул қилишди. Улар мен Сенинг вакилинг эканимни чинакамига англашди ва мени Сен юборганингга ишонишди». (Юҳанно 17:8)
Кейин Исо издошларининг ва бутун одамзоднинг орасидаги фарқни келтиради: «Дунё учун эмас, балки Сен менга берган кишилар учун сўрайман. Чунки улар Сеникидир. [...] Эй муқаддас Отам, улар ҳам биз каби бир бўлишлари учун, менга берган номинг ҳаққи уларни ҳимоялагин. [...] Ҳалокатга йўлиқадиган кишидан бўлак ҳеч бири нобуд бўлмади, уларни асрадим». Бу ерда хиёнаткор Яҳудо Ишқариёт назарда тутиляпти. (Юҳанно 17:9–12)
Исо ибодат қилишда давом этиб, шундай дейди: «Дунё улардан нафратланди. [...] Уларни дунёдан олишингни эмас, балки Шайтондан ҳимоялашингни илтимос қиламан. Мен дунёга тегишли бўлмаганим сингари, улар ҳам дунёга тегишли эмас». (Юҳанно 17:14–16) Ҳаворийлар ва бошқа шогирдлар Шайтон ҳукм сураётган инсоний жамиятда умр кечиришади. Лекин улар бу дунёга ва унинг ёвуз ишларига аралашмаслиги керак. Бу нимани англатади?
Шогирдлар Худога хизмат қилиб, дунёдан ажралган ва муқаддас бўлишлари даркор. Бунинг учун эса, улар Ибронийча ёзувлардаги ва Исо ўргатган ҳақиқатга биноан ҳаёт кечиришлари керак. Исо шундай ибодат қилади: «Уларни ҳақиқат ёрдамида муқаддас қилгин. Сенинг каломинг — ҳақиқат». (Юҳанно 17:17) Вақти келиб баъзи ҳаворийлар Аллоҳ томонидан илҳомлантирилган китобларни ёзишади. Бу китоблар инсонни поклаш кучига эга бўлган ҳақиқатнинг бир қисмига айланади.
Вақт ўтиб, «ҳақиқатни» бошқалар ҳам қабул қилишади. Шунинг учун Исо: «Фақатгина улар [11 та ҳаворий] учун эмас, балки уларнинг сўзи туфайли менга ишонган кишилар учун ҳам илтимос қиламан»,— деб ибодат қилади. Қизиқ, Исо Аллоҳдан улар учун нимани сўрайди? «Ҳаммалари бир бўлишсин,— дейди у.— Отажон, Сен мен билан, мен эса Сен билан бирликда бўлганимиз каби, улар ҳам биз билан бирликда бўлишсин». (Юҳанно 17:20, 21) Исо ва Отаси ҳамма нарсада ҳамфикр. Шу сабабли, издошлари орасида ҳам худди шундай бирлик бўлиши ҳақида Исо ибодат қилади.
Бундан сал олдин Исо Бутрус ва бошқаларга улар учун осмонда жой тайёрлаш учун кетаётгани ҳақида айтган эди. (Юҳанно 14:2, 3) Исо ибодатда яна бу фикрга қайтади: «Отажон, Сен менга берган кишилар учун сўрамоқчиман. Мен қаерда бўлсам, улар ҳам ўша ерда бўлишини ва Сен менга берган улуғворликни кўришини истайман. Зеро дунёга асос солинишидан аввал Сен мени севгансан». (Юҳанно 17:24) Шундай қилиб, у Аллоҳ яккаю ягона Ўғлини азалдан, яъни Одамато билан Момоҳавонинг фарзандлари пайдо бўлишидан аввал севганини тасдиқлайди. Бу Ўғил кейинчалик Исо Масиҳ бўлди.
Ибодатнинг охирида Исо яна бир бор Отасининг исми ва Худонинг ҳаворийларга ҳамда кейинчалик «ҳақиқатни» қабул қиладиган бошқа одамларга нисбатан севгисига диққат қаратади. У шундай дейди: «Мен исмингни уларга маълум қилдим ва яна маълум қиламан, токи мени қандай севган бўлсанг, улар ҳам шундай севгини намоён этишсин ва мен улар билан бирликда бўлайин». (Юҳанно 17:26)