«Менинг Шоҳлигим бу дунёдан эмас»
Мен ҳақиқат тўғрисида шоҳидлик бериш учун туғилдим, ана шу мақсадда дунёга келдим. ЮҲАН. 18:37
1, 2. а) Қандай қилиб дунё тобора бўлиниб кетяпти? б) Бу мақолада қайси саволларни кўриб чиқамиз?
ЖАНУБИЙ ЕВРОПАДАН бўлган бир имондошимиз ўтмиши ҳақида мулоҳаза қилиб: «Кичиклигимдан адолатсизликни кўриб улғайганман. Шунинг учун мамлакатимдаги сиёсатга қарши бўлиб, радикал ғояларнинг тарафдори эдим. Кўп йиллар мобайнида террорчи билан учрашиб юрганман»,— деб айтди. Жанубий Африкадаги битта биродаримиз эса нега золимларча йўл тутганини шундай тушунтирди: «Менинг қабилам бошқа ҳамма одамлардан устун эканига ишонардим. Мен сиёсий партияга қўшилдим. У ерда бизни ҳамма душманларни ва ҳатто бошқа сиёсий партия аъзоси бўлган ўз қабиладошларимизни найза билан ўлдиришга ўргатишган». Марказий Европада яшовчи имондошимиз: «Мен юзхотирчилик қилар эдим, бошқа миллат ёки диндаги одамлардан нафратланардим»,— деди.
2 Бугунги кунда бу учта кишиникига ўхшаш нуқтаи назарни акс эттираётган одамларнинг сони ошиб боряпти. Кўпгина сиёсий гуруҳлар мустақилликка эга бўлиш мақсадида зўравонликка қўл урмоқда, сиёсий бўлинишлар тобора кўпаймоқда. Талайгина мамлакатларда муҳожирлар борган сари душманларча муносабатга дуч келмоқда. Муқаддас Китобда башорат қилинганидай, охирзамонда одамлар «муросасиз» бўлади. (2 Тим. 3:1, 3) Хўш, бу бўлиниб кетаётган дунёда Худонинг хизматчилари қандай қилиб ўзаро бирликни ҳимоялай олишади? Бу борада Исонинг мисоли бизга қўл келади. Чунки у ҳам биринчи асрда сиёсий нотинч пайтда бундай вазиятга дуч келган. Келинг, учта муҳим саволга диққат қаратайлик: «Нега Исо бирор сиёсий гуруҳ аъзоси бўлишни рад этган? Қандай қилиб Исо Худонинг хизматчилари сиёсий масалаларда тарафкашлик қилмаслиги кераклигини кўрсатган? Қай йўсин Исо биз ҳеч қачон зўравонликка қўл урмаслигимиз кераклигига ўргатган?»
ИСО МУСТАҚИЛ БЎЛИШГА ИНТИЛГАН ИНСОНЛАРНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАГАНМИ?
3, 4. а) Исонинг даврида кўпгина яҳудийлар нималар бўлишини кутган? б) Буларнинг бари Исонинг шогирдларига қандай таъсир қилган?
3 Исо ваъз қилган кўпгина яҳудийлар Рим бошқарувидан мустақил бўлишга интилган. Яҳудий зелотлар ёки миллатчилар одамлар орасида шундай туйғуларни жунбушга келтиришган. Кўпгина исёнкор зелотлар жалилалик Яҳудонинг ғояларига эргашган. У биринчи асрда ўзини Масиҳ деб атаб анчагина одамни адаштирган. Яҳудий тарихчи Иосиф Флавий ёзганидай, жалилалик Яҳудо «ҳамюртларини исёнга бошлаган ва Рим ҳукуматига солиқ тўлашга рози бўлган кишиларни қўрқоққа чиқарган». Римликлар уни ўлдиришган. (Ҳавор. 5:37) Баъзи зелотлар ўз мақсадларини деб золимларча йўл тутишган.
4 Бу исёнкорлардан фарқли равишда, оддий яҳудийлар Масиҳнинг келишини интиқиб кутишарди. Улар Масиҳ келганда исроилликлар яна улуғ халққа айланади ва уларни Рим юкидан озод этади деб ўйлашарди. (Луқо 2:38; 3:15) Кўпчилик Масиҳ Исроилда шоҳлик ўрнатишига ишонарди. Бу юз берганида, тарқалиб кетган миллионлаб яҳудийлар ўз она юртига қайтарди. Халқни сувга чўмдириб юрган Яҳё бир сафар Исодан: «Келиши керак бўлган зот сенмисан ёки бошқасини кутайликми?» — деб сўраган. (Мат. 11:2, 3) Эҳтимол, Яҳё яҳудийларни қутқариш учун бошқа зотни кутиш кераклиги ҳақида билмоқчи бўлгандир. Кейинчалик, Эммаусга кетаётганда, тирилган Исони кўрган иккита шогирд ҳам Масиҳ Исроил халқини озод этишига умид боғлаган эди. (Луқо 24:21 ни ўқинг.) Кўп ўтмай, Исонинг ҳаворийлари унга: «Ҳазрат, ахир сиз Исроилда шоҳликни шу пайтда тикламайсизми?» — деб савол беришган. (Ҳавор. 1:6)
5. а) Нега Жалиладаги одамлар Исо уларнинг шоҳи бўлишини хоҳлашган? б) Исо қандай қилиб уларнинг нуқтаи назарини ўзгартирган?
5 Масиҳ билан боғлиқ бўлган айнан шу каби умидлар туфайли Жалиладаги одамлар Исо уларнинг шоҳи бўлишини хоҳлаган. Бир тасаввур қилинг, улар Исо бекаму кўст бошқарувчи бўла олади деб ўйлашган. Боиси у моҳир нотиқ эди, касалларни даволарди, очларни тўйдирарди. Исо қарийб 5 000 та эркак кишини тўйдирганда, халқ лол қолди. «Одамлар уни шоҳ қилиш ниятида тутиб олишмоқчи эканини билиб, Исо яна бир ўзи тоққа чиқиб кетди». (Юҳан. 6:10–15) Кейинги кун эса одамларнинг иштиёқи оз-моз сусайгандир. Гап шундаки, Исо уларга қилган ишининг асл моҳиятини тушунтиради. Яъни халқнинг манфаатларини кўзлаб, моддий эҳтиёжларини эмас, балки маънавий эҳтиёжларини қондириш учун келганини айтади. Уларга: «Сизлар ўткинчи егулик учун эмас, абадий ҳаётга элтадиган егулик учун меҳнат қилинглар»,— дейди. (Юҳан. 6:25–27)
6. Қандай қилиб Исо сиёсатга аралашиш нияти йўқлигини яққол кўрсатган? (Очқич оятнинг юқорисидаги 1- расмга қаранг.)
6 Исо ўлимидан сал олдин баъзи издошлари у шоҳликни Қуддусда ўрнатишини кутаётганини тушунган. Исо миналар тўғрисида масал айтиб, уларнинг фикрлаш тарзини ўзгартирган. Бу масал узоқ вақтга бошқа мамлакатга кетган «асилзода бир одам» ҳақида эди. У Исони билдирарди. (Луқо 19:11–13, 15) Қолаверса, Исо Рим ҳукуматига нисбатан бетараф қолган. Понтий Пилат ундан: «Сен яҳудийларнинг шоҳимисан?» — деб сўраган. (Юҳан. 18:33) Эҳтимол, Пилат Исо сиёсий нотинчлик келтириб чиқаришидан қўрққандир. Бу Пилатни унинг ҳукмронлиги пайтида ташвишлантирган масала эди. Исо унга: «Менинг Шоҳлигим бу дунёдан эмас»,— деб жавоб берган. (Юҳан. 18:36) Ҳа, у сиёсатга аралашмаган, чунки унинг Шоҳлиги осмонда бўлиши керак эди. У Пилатга «ҳақиқат тўғрисида шоҳидлик бериш» ниятида ер юзига келганини айтган. (Юҳанно 18:37 ни ўқинг.)
7. Нима учун ҳатто фикрда сиёсий гуруҳларни қўллаб-қувватламаслик қийин бўлиши мумкин?
7 Биз ҳам Исо сингари вазифамиз нимадан иборат эканини яхши тушунамиз. Шундай экан, сиёсий гуруҳларни на фикрда, на амалда қўллаб-қувватлаймиз. Бу осон бўлмаслиги мумкин. Битта кўчма нозир шундай фикр билдирди: «Ҳудудимизда кўпдан-кўп одамлар кескин ўзгаришлар тарафдори бўлиб кетяпти. Кўплар миллатчилик руҳига берилиб кетиб, сиёсий мустақиллик уларнинг ҳаётини ўзгартиришига ишонади. Минг шукурки, биродарларимиз Самовий Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни ваъз қилишга жон куйдириш орқали орамиздаги бирликни ҳимоя қилишяпти. Улар адолатсизликни ва дуч келаётган бошқа муаммоларни Худо ҳал қилишига умид боғлашади».
ҚАЙ ЙЎСИН ИСО СИЁСИЙ МАСАЛАЛАРДА БЕТАРАФ ҚОЛГАН?
8. Исонинг даврида кўпгина яҳудийлар қандай адолатсизликка дуч келган?
8 Одатда адолатсизлик дастидан сиёсий ғалаёнлар юзага келади. Исонинг даврида солиқ тўлаш қизғин сиёсий масала эди. Рим ҳукумати одамлар солиқ тўлаётганига амин бўлиш учун уларни рўйхатдан ўтказгани сабабли, юқорида айтилган жалилалик Яҳудо исён кўтарган эди. Рим фуқаролари, жумладан, Исони тинглаганлар мол-мулки, ери ва уйлари учун ҳамда шунга ўхшаш талайгина солиқлар тўлашга мажбур эди. Солиқчилар порахўрлик қилгани боис инсонлар оғир юк остида қоларди. Улар мансабга эга бўлиш ниятида порахўрлик қилишарди, мансабидан фойдаланиб эса янада кўпроқ пул ишлаб олишарди. Масалан, Ериходаги солиқчиларнинг бошлиғи Заккай одамлардан пул ундиргани учун бой бўлиб кетган эди. (Луқо 19:2, 8) Эҳтимол, кўплар учун унга ўхшаб йўл тутиш оддий ҳол бўлган.
9, 10. а) Қандай қилиб Исонинг душманлари уни тузоққа туширмоқчи бўлишган? б) Исо берган жавобдан нимани ўрганишимиз мумкин? (Очқич оятнинг юқорисидаги 2- расмга қаранг.)
9 Исонинг душманлари уни солиқ тўлаш билан боғлиқ масала орқали тузоққа туширмоқчи бўлган. Улар барча яҳудийлар бир динор миқдордаги солиқни тўлаши керакми деб савол беришган. (Матто 22:16–18 ни ўқинг.) Яҳудийлар бу солиқни тўлашдан норози эди. Бу уларнинг Рим бошқаруви остида эканини билдирарди. Ушбу масалани кўтарган «Ҳироднинг тарафдорлари» Исо солиқ тўламаслик керак деб айтса, улар уни Рим ҳукуматига қарши чиқишда айблай оламиз деган умидда эди. Лекин агар Исо солиқ тўланиши лозим деб айтса, унга эргашган одамлар ундан юз ўгирарди.
10 Исо эҳтиёт бўлиб, бу масалада бетараф қолган. У: «Подшоҳнинг ҳақини подшоҳга, Аллоҳнинг ҳақини Аллоҳга беринглар»,— деган. (Мат. 22:21) Албатта, Исо солиқчилар орасида порахўрлик кенг тарқалганидан хабардор эди. Бироқ Исо чалғиб, бундан ҳам анча муҳимроқ бўлган нарсани кўздан қочирмоқчи эмас эди. Бу Худонинг Шоҳлиги бўлиб, одамларнинг муаммоларини ечишда ягона воситадир. Шундай қилиб, Исо барча издошларига аъло ўрнак қолдирди. Бирон-бир сиёсий масала қанчалик тўғри ёки адолатли кўринмасин, масиҳийлар уларга аралашмасликка ҳаракат қилади. Улар учун Худонинг Шоҳлиги ва Унинг адолати ҳамиша биринчи ўринда. Улар бирон адолатсиз иш борасида қатъий фикр-мулоҳазаларга эга бўлмайди ва бу ҳақида ўз нуқтаи назарини билдирмайди. (Мат. 6:33)
11. Адолатга эришиш хоҳишимиздан қай йўсин тўғри фойдалансак бўлади?
11 Яҳова Шоҳидларининг кўплари сиёсий масалалар борасидаги қатъий фикр-мулоҳазаларидан халос бўла олди. Буюк Британиядаги имондошимиз шундай айтиб берди: «Университетда ижтимоий фанларни ўргангач, сиёсат борасида радикал ғояларга эга бўлдим. Мен қора танли одамларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни хоҳлардим, чунки адолатсизликдан биз жуда кўп азоб чекардик. Гарчи муайян ютуқларга эришган бўлсам-да, умидим пучга чиқди. Ирқий адолатсизликка сабаб бўлган нарсалар одамларнинг юрагида илдиз отган эди ва уларни суғуриб ташлаш кераклигини тушунмаган эдим. Лекин Муқаддас Китобни тадқиқ қила бошлаганимда, буни ўз юрагимдан бошлашим кераклигини англаб етдим. Битта оқ танли опамиз менга бунда сабр ила кўмаклашди. Ҳозир мен имо-ишора тилидаги жамоатда доимий кашшоф бўлиб хизмат қиламан ва ҳар турли инсонларга ваъз қилишни ўрганяпман».
«ҚИЛИЧИНГИЗНИ ҚИНИГА СОЛИБ ҚЎЙИНГ»
12. Исонинг шогирдлари қайси «хамиртурушдан» эҳтиёт бўлиши керак эди?
12 Исонинг даврида кўпинча дин раҳбарлари сиёсий гуруҳларни қўллаб-қувватларди. Мисол учун, бир китобда ёзилганидай, «яҳудийларнинг диний мазҳаблари қайсидир маънода бугун биз сиёсий партия деб атайдиган гуруҳга ўхшарди». («Daily Life in Palestine at the Time of Christ») Шунинг учун Исо шогирдларини қуйидагича огоҳлантирди: «Қаранглар, фарзийларнинг ва Ҳироднинг хамиртурушидан эҳтиёт бўлинглар». (Марк 8:15) Бу ерда Исо Ҳиродни тилга олганда, унинг тарафдорларига ишора қилган бўлса керак. Фарзийлар эса яҳудийлар Рим империясидан мустақил бўлишини хоҳлашарди. Матто баён этган хушхабарга биноан Исо шогирдларини саддуқийлардан ҳам эҳтиёт бўлишга чорлаган. Чунки улар ҳаммаси борича қолишини, ҳеч нарса ўзгармаслигини истаган. Гап шундаки, уларнинг аъзолари Рим ҳукуматининг бошқаруви остида сиёсий мансабларга эга эди. Исо шогирдларини хамиртурушдан, яъни мана шу учта гуруҳнинг таълимотларидан эҳтиёт бўлишга қатъий огоҳлантирган. (Мат. 16:6, 12) Қизиғи шундаки, одамлар Исони шоҳ этиб тайинламоқчи бўлишганидан кўп ўтмай у бу огоҳлантиришни айтган эди.
13, 14. а) Қай йўсин сиёсий ва диний масалалар зўравонлигу адолатсизликка етаклайди? б) Нима учун адолатсизлик зўравонликни оқламайди? (Очқич оятнинг юқорисидаги 3- расмга қаранг.)
13 Дин сиёсат билан аралашганда, зўравонлик осонликча авж олиши ҳеч гап эмас. Исо шогирдларини бундай вазиятларда бетарафликни сақлаш керак деб ўргатган. Мана шу сабабли олий руҳонийлару фарзийлар Исони ўлдириш режасини тузишган. Улар одамлар Исога қулоқ солишларидан ва уларнинг ортидан эргашмай қўйишларидан қўрқишган. Акс ҳолда, улар дин ва сиёсатда ўз кучини йўқотарди. Улар: «Агарда буни шундайлигича қолдирсак, ҳамма унга ишонади. Шунда римликлар келиб, жойимизни ҳам, халқимизни ҳам босиб олади»,— дейишган. (Юҳан. 11:48) Шундай қилиб, олий руҳоний Каяфа Исонинг ўлдирилишини ташкиллаштирган. (Юҳан. 11:49–53; 18:14)
14 Каяфа Исони кечаси ҳибсга олиш учун аскарларни жўнатган. Исо ушбу маккор режадан хабардор эди, шу боис ҳаворийлар билан сўнгги марта овқатланаётганда, ўзлари билан қилич олишни айтган. Муҳим бир нарсага ўргатиш учун иккита қиличнинг ўзи етарли эди. (Луқо 22:36–38) Ўша тунда Бутрус тўда ичидаги бир кишига ҳужум қилиш учун ўша қиличдан фойдаланган. Шубҳасизки, Бутрус Исонинг кечаси ҳибсга олинишини адолатсизлик деб билгани учун ғазабланган. (Юҳан. 18:10) Аммо Исо унга: «Қиличингизни қинига солиб қўйинг. Чунки қилич кўтарганларнинг ҳаммаси қиличдан ҳалок бўлади»,— деб айтган. (Мат. 26:52, 53) Бу муҳим сабоқ, Исо ўша кечаси сал олдин издошлари дунёга тегишли бўлмаслиги даркор, деб қилган ибодатига мувофиқ эди. (Юҳанно 17:16 ни ўқинг.) Дарҳақиқат, адолат учун курашишга фақат Аллоҳнинг ҳаққи бор.
15, 16. а) Қандай қилиб Худонинг Каломи масиҳийларга можаролардан узоқроқ бўлишга кўмаклашмоқда? б) Яҳова бу дунёни кузатар экан, қандай фарқни кўряпти?
15 Юқорида айтилган Жанубий Европадан бўлган имондошимиз худди шу нарсага ўрганди. У қуйидагича бўлишди: «Зўравонлик билан адолатга эришиб бўлмаслигини тушундим. Шафқатсизлик қилганларнинг ҳаёти кўпинча ўлим билан якун топганига гувоҳ бўлдим. Бошқа кўп одамларнинг қаҳри қаттиқ бўлиб кетган. Мен Муқаддас Китобдан фақат Худо ер юзида чинакам адолатни ўрнатиши ҳақида билиб олганимдан жуда бахтиёрман. Охирги 25 йил давомида бу хабарни бошқаларга ҳам ваъз қиляпман». Юқорида тилга олинган Жанубий Африкадаги биродар эса найзаси ўрнига «муқаддас руҳнинг қиличи», яъни Худонинг Каломига эга бўлиб, қайси қабиладан бўлишидан қатъи назар, ҳаммага тинчлик хабарини ваъз қиляпти. (Эфес. 6:17) Марказий Европадаги аёл эса Яҳованинг Шоҳиди бўлиб, олдин у нафратланган ирқдаги биродаримизга турмушга чиқди. Буларнинг учови ҳам Масиҳ каби бўлишни хоҳлагани учун ўзгарди.
16 Нақадар ажойиб ўзгаришлар! Муқаддас Китобда инсоният сувлари чайқалаётган ва тинчлик нималигини билмайдиган денгиз билан солиштирилган. (Ишаё 17:12; 57:20, 21; Ваҳ. 13:1) Сиёсий масалалар туфайли одамлар оғир аҳволга тушиб, бир-биридан ажралиб кетишяпти ва зўравонликка замин яратиляпти. Биз эса тинчлик ва бирликни сақлаяпмиз. Яҳова бу бўлинган дунёни кузатар экан, халқи орасида бундай тинчлик ҳукм сураётганини кўриб қувоняпти. (Зафаниё 3:17 ни ўқинг.)
17. а) Бирликка қайси учта йўналишда ўз ҳиссамизни қўша оламиз? б) Келаси мақолада нима ҳақида гап боради?
17 Кўриб чиққанимиздай, масиҳийлар орасидаги бирликка қуйидаги учта ҳаракат орқали ўз ҳиссамизни қўша оламиз: 1) Худонинг Шоҳлиги адолатсизликни бартараф этишига ишонамиз, 2) сиёсий масалаларда ҳеч кимнинг тарафини эгалламаймиз ва 3) зўравонликни рад этамиз. Лекин якдиллигимизга путур етказиши мумкин бўлган яна бир нарса бор. Бу юзхотирчиликдир. Келаси мақолада, биринчи асрдаги масиҳийлар каби бу қийинчиликни қандай қилиб енгишимиз мумкинлиги ҳақида гап боради.