«Булардан кўра мени кўпроқ севасанми?»
Юҳанно ўғли Симун, булардан кўра мени кўпроқ севасанми? ЮҲАН. 21:15
1, 2. Бутун кеча давомида балиқ овлаб чиққанидан кейин Бутрус билан қандай воқеа юз берди?
ИСОНИНГ еттита шогирди бутун кеча давомида Жалила денгизида балиқ овлаб чиқишди, аммо битта ҳам балиқ тутишмади. Эндигина тонг отганди ва тирилган Исо қирғоқда туриб, уларни кузатаётган эди. Шу пайт «у... шогирдларига: “Тўрни қайиқнинг ўнг томонига ташланглар ва тутасизлар”,— деди. Шунда улар тўрни ташлашди-ю, балиқ кўплигидан тортиб ололмадилар». (Юҳан. 21:1–6)
2 Шогирдларига нонуштани тайёрлаб бергач, Исо Симун Бутрусга қаради-ю, ундан: «Юҳанно ўғли Симун, булардан кўра мени кўпроқ севасанми?» — деб сўради. Исо нимага ишора қилаётган эди? Бутрус балиқчиликка қаттиқ боғланиб қолганди. Афтидан, Исо бу саволни бериб, Бутрус аслида нимага меҳр қўйганини сўрамоқчи эди. Қизиқ, Бутрус балиқларга ва балиқ овлашга Исо ҳамда у ўргатган нарсалардан кўпроқ меҳр қўйганмиди? Исонинг саволига жавобан Бутрус қуйидагича деди: «Ҳа, Ҳазрат! Мен сизни қанчалик яхши кўришимни ўзингиз биласиз-ку». (Юҳан. 21:15) Шак-шубҳасизки, Бутрус ўз сўзларига мувофиқ ҳаёт кечирган. Ўша пайтдан буён у Масиҳга бўлган севгисини шогирд тайёрлаш ишида банд бўлиш орқали исботлаган ва биринчи асрдаги масиҳийлар жамоатининг устунига айланган.
3. Қайси хатарларга нисбатан масиҳийлар диққатли бўлишлари керак?
3 Исо Бутрусга айтган сўзларидан нимани ўрганишимиз мумкин? Биз Масиҳга бўлган севгимиз сусайишидан ва Шоҳлик ишидан чалғиб қолишдан эҳтиёт бўлишимиз керак. Исо ушбу дунёдаги ташвишлар туфайли қийин аҳволга дуч келишимиз мумкинлигини яхши билган. Ўзининг «уруғ сепувчи» ҳақидаги масалида у баъзи одамлар «Шоҳлик тўғрисидаги хабарни» қабул қилиши ва дастлаб қадамлар қўйиши, аммо кейинчалик «замонанинг ташвишлари ва алдамчи бойлик хабарни бўғиб қўйиши» ҳақида айтганди. (Мат. 13:19–22; Марк 4:19) Демак, агар эҳтиёт бўлмасак, кундалик ҳаёт ташвишлари юракка суқилиб кириб, бизни маънавий ўсишдан тўхтатиши мумкин. Шунинг учун ҳам, Исо шогирдларини қуйидагича огоҳлантирганди: «Ўзингизга диққат қилинглар, юракларингизни ортиқча егулик, ичкилик ва турмуш ташвишлари эгаллаб олмасин». (Луқо 21:34)
4. Масиҳни қанчалик қаттиқ севишимизни текширишда бизга нима ёрдам беради? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)
4 Бутрус каби биз ҳам Масиҳни қаттиқ севишимизни у бизга топшириб кетган ишни биринчи ўринга қўйиш орқали исботлаймиз. Қай тариқа биз бундай қилишда давом этаётганимизга амин бўла оламиз? Гоҳ-гоҳида ўзимиздан шундай сўраб туришимиз лозим: «Аслида нимага меҳр боғлаяпман? Ўзимни дунёвий ишлар билан машғул бўлишдан бахтлироқ ҳис қиламанми ё маънавий ишларга ғарқ бўлишданми?» Келинг, ҳаётимизнинг учта соҳаси: дунёвий иш, дам олиш ва моддий нарсаларга нисбатан мувозанатли бўлмаганимизда, улар Масиҳга ҳамда маънавий нарсаларга бўлган севгимизни қандай сусайтириши мумкинлигини кўриб чиқамиз.
ДУНЁВИЙ ИШНИ ЎЗ ЎРНИДА САҚЛАНГ
5. Оила бошларида Муқаддас Ёзувларга асосланган қандай масъулият бор?
5 Бутрус учун балиқ овлаш шунчаки ёқимли бир машғулот бўлмаган — у балиқчилик орқасидан кун кечирган. Бугунги кундаги оила бошлари уларда оиласининг моддий эҳтиёжларини қондириш каби Муқаддас Ёзувларга асосланган масъулияти борлигини тушунишади. (1 Тим. 5:8) Лекин бу бурчларини бажариш учун улар тер тўкиб меҳнат қилишлари керак. Бироқ ушбу охирзамонда дунёвий ишда ишлаш инсонга кўп ташвиш келтириши мумкин.
6. Бугунги кунда дунёвий ишда ишлаш қандай ташвиш келтиради?
6 Иш жойлари чегараланганлиги дастидан пайдо бўлган кучли рақобат натижасида аксарият ишчилар, баъзида ҳатто камроқ иш ҳақи тўланган тақдирда ҳам, кўпроқ ишлашга мажбур бўлишяпти. Қолаверса, маҳсулотларни ишлаб чиқаришга бўлган талаб доимо кучайиб бораётгани сабабли, одамлар жисмоний, ақлий ва ҳиссий томонлама катта қурбонликларга боришяпти. Ўз ишхонаси учун бундай қурбонликларга боришга тайёр бўлмаган ишчилар эса «бир кунмас, бир кун барибир ишдан ҳайдаламиз» деган хавотирда юришади.
7, 8. а) Авваламбор кимга садоқатли бўлишимиз зарур? б) Таиланддаги биродаримиз иши масаласида ўзи учун қандай сабоқ чиқарди?
7 Масиҳийлар сифатида биз, биринчи навбатда, ишдаги бошлиғимизга эмас, Тангри Яҳовага садоқатли бўлишимиз зарур. (Луқо 10:27) Дунёвий иш эса — шунчаки мақсадга эришишнинг бир йўли, холос. Зеро, биз асосий моддий эҳтиёжларимизни қондириб, хизматимизни давом эттира олиш учун ишлаймиз. Лекин эҳтиёт бўлмасак, дунёвий иш Худога бўлган топинишимизга таъсир қилиши мумкин. Масалан, Таиланддаги бир биродаримиз шундай айтиб берди: «Компьютерларни тузатишдан иборат бўлган дунёвий ишим менга жуда ёқарди, аммо кўп вақтимни оларди. Охир-оқибат, бу туфайли маънавий нарсаларга деярли вақт қолмайдиган бўлди. Шунда мен Шоҳлик манфаатларини биринчи ўринга қўйиш учун ишимни ўзгартиришим кераклигини тушундим». Хўш, бу биродар қандай йўл тутди?
8 У шундай деб тушунтирди: «Бир йил мобайнида нима қилсам экан, деб ўйлаб ва пул тўплаб, музқаймоқ сотадиган кўча савдогари бўлишга қарор қилдим. Бошида моддий тарафлама қийналдим ва тушкунликка тушдим. Эски ҳамкорларимни учратганимда, улар устимдан кулиб, нега мен кондиционерли хонада компьютерлар билан ишлашдан кўра музқаймоқ сотишни танлаганим борасида сўрашарди. Мен Яҳовадан бу вазиятга дош беришим ва маънавий ишларга кўпроқ вақт ажратиш каби мақсадимга эришишим учун ёрдам беришини сўраб, ибодат қилардим. Кўп ўтмай, ҳаммаси яхши томонга ўзгарди. Мен мижозларимнинг таъбини ўрганиб, музқаймоқ тайёрлашда уста бўлиб кетдим. Тез орада, тайёрлаган ҳамма музқаймоқларим кунда сотиладиган бўлди. Аслида, компьютерлар билан ишлаган пайтимга қараганда, моддий аҳволим анча яхшироқ бўлди. Бу мени бахтлироқ қилди, чунки илгариги ишимда бор бўлган стресс ва хавотир ўтмишда қолди. Ва энг муҳими, ҳозир мен Яҳовага янада яқинлашганимни сезяпман». (Матто 5:3, 6 ни ўқинг.)
9. Қай тариқа дунёвий ишга нисбатан мувозанатни сақлай оламиз?
9 Меҳнатсеварлик Худога маъқул фазилатдир ва машаққатли меҳнат тақдирланмай қолмайди. (Ҳик. 12:14) Бироқ юқорида тилга олинган биродар айтганидек, дунёвий иш ўз ўрнида сақланиши лозим. Исо қуйидагича деганди: «Шундай экан, Худонинг Шоҳлиги ва Унинг адолати ҳаётингизда биринчи ўринда бўлсин, ўшандагина буларнинг бари [асосий жисмоний эҳтиёжлар] сизларга қўшимча қилиб берилади». (Мат. 6:33) Дунёвий ишлар ва маънавий масъулиятларимизга нисбатан мувозанатни сақлаётган-сақламаётганимизни аниқлаш учун ўзимизга қуйидаги саволни берсак, яхши бўларди: «Мен дунёвий ишимни қизиқарли ва қувонч келтирадиган, маънавий ишларимни эса шунчаки одат тусига кирган ҳар кунги ишлар деб биламанми?» Дунёвий ва маънавий ишларимизга нисбатан қандай нуқтаи назарда эканимиз тўғрисида фикр юритиш аслида нимага меҳр қўйганимизни аниқлашга ёрдам беради.
10. Исо нимани биринчи ўринга қўйиш борасида қандай қимматли сабоқ берди?
10 Исо дунёвий ва маънавий ишларга нисбатан мувозанатни сақлаш борасида яхши сабоқ берди. Бир марта у Марта ва Марям деган опа-сингилларнинг уйига боради. Марта овқат тайёрлаш билан овора бўлганида, Марям Исонинг оёқлари олдига ўтириб, уни тинглайди. Шунда Марта Исога Марям устидан шикоят қилиб, у унга ёрдам бермаётганини айтади. Исо эса Мартага шундай дейди: «Марям... энг яхшисини танлади ва бу ундан тортиб олинмайди». (Луқо 10:38–42) Ҳа, Марта Исодан қимматли сабоқ олди. Дунёвий ишлар бизни чалғитишидан қочиш ва Масиҳга бўлган севгимизни исботлаш учун, биз «энг яхшисини танлашда» — маънавий нарсаларни биринчи ўринга қўйишда давом этишимиз даркор.
ДАМ ОЛИШГА ВА ЎЙИН-КУЛГИГА БЎЛГАН НУҚТАИ НАЗАРИМИЗ
11. Муқаддас Ёзувларда дам олиш ва куч тиклаш ҳақида нималар айтилган?
11 Гоҳида биз машаққатли меҳнатдан ва тиғиз жадвалдан бўшаб, ҳордиқ чиқаришимиз ва куч тиклашимиз керак. Зеро, Аллоҳнинг Каломида: «Одам учун ейиш, ичиш ва қилган меҳнатидан роҳатланишдан яхшироқ нарса йўқ»,— деб ёзилган. (Воиз 2:24) Исо ҳам баъзан дам олиб туриш кераклигини тушунган. Масалан, айниқса қизғин ўтган бир ваъзгўйлик кампаниясидан кейин у шогирдларига қуйидаги сўзларни айтганди: «Келинглар, хилват жойга бориб, у ерда бир оз дам оламиз». (Марк 6:31, 32)
12. Дам олиш ва ўйин-кулги масаласида қайси огоҳлантириш айни муддаодир? Мисол келтиринг.
12 Дарҳақиқат, дам олиш ва ўйин-кулги муҳим эҳтиёжимизни қоплайди. Лекин бир хавф мавжуд: вақтичоғлик қилиш ҳаётимизда биринчи ўринда бўлиб қолиши мумкин. Биринчи асрда кўплар ҳаётга «келинглар еб-ичайлик, барибир эртага ўлиб кетамиз!» каби муносабатда бўлишган. (1 Кор. 15:32) Ҳозирги дунёда аксарият мамлакатларда ҳам одамлар худди шундай шиор остида яшаб келишмоқда. Мисол учун, анча йиллар аввал Ғарбий Европадаги бир йигит йиғилишларга келишни бошлади. Аммо унинг ўйин-кулгига бўлган иштиёқи шунчалик кучли эдики, у ҳатто Яҳованинг халқи билан мулоқот қилишни тўхтатди. Вақт ўтиб эса, бу йигит кўп диққатни ўйин-кулгига қаратиш фақатгина муаммолар ва умидсизликка олиб келишини тушунди. Шу боис, у қайтадан Муқаддас Китобни тадқиқ қила бошлади ва, охири, ваъзгўй бўлишга муваффақ бўлди. Сувга чўмганидан кейин у шундай деб бўлишди: «Мени афсуслантираётган биргина нарса шуки, ушбу дунё таклиф қилаётган кўнгилхушликлардан кўра Яҳовага хизмат қилиш кўпроқ бахт келтиришини тушуниш учун шунча кўп вақт йўқотдим».
13. а) Дам олиш ва ўйин-кулги масаласида қандай хавф мавжуд? б) Дам олиш ва ўйин-кулгига нисбатан мувозанатни сақлашда бизга нима ёрдам бериши мумкин?
13 Дам олиш бизга янги куч ва ором бахш этиши керак. Бунга эришиш учун дам олишга қанча вақт сарфлашимиз даркор? Қуйидаги мисол борасида ўйлаб кўринг: кўпларимиз аҳён-аҳёнда ширинликлар еб туришни яхши кўрамиз. Аммо ҳадеб торт ва қанд-қурсларни ейиш соғлигимизга зарар етказишини биламиз. Шунинг учун, биз асосан тўйимли озуқани еймиз. Шунга ўхшаб, нуқул дам олиш ва ўйин-кулги қилиш маънавий соғлигимизга путур етказиши мумкин. Бундай бўлмаслиги учун эса, биз маънавий ишлар билан мунтазам банд бўламиз. Лекин дам олишга нисбатан мувозанатни сақлаётганимиз ёки сақламаётганимизни қандай аниқласак бўлади? Масалан, ҳафта давомида маънавий ишларга, жумладан, йиғилишларга боришга, хизматда қатнашишга ва шахсий ҳамда оилавий топинишга қанча вақт сарфлаганимизни ёзиб қўйсак бўлади. Кейин эса бу рақамни дам олишга, чунончи, спорт билан шуғулланишга, қизиқишларимиз билан машғул бўлишга, телевизор кўришга ёки видеоўйинларни ўйнашга неча соат вақт сарфлаганимиз билан солиштиришимиз мумкин. Бундай таққослаш бизга нима беради? Балки шунда ўзимизни «ширинликлардан» тийиб туришимиз кераклигини кўрармиз? (Эфесликларга 5:15, 16 ни ўқинг.)
14. Дам олиш ва ўйин-кулгини танлаш масаласида бизни нима йўналтириши керак?
14 Одамлар ҳамда оила бошлари ўзлари истаган дам олиш турини танлашга ҳақли ва бунда Яҳованинг йўл-йўриқларини акс эттирувчи Муқаддас Китобдаги принциплар қўл келади.a Ахир фойдали ўйин-кулги — «Худонинг инъомидир». (Воиз 3:12, 13) Албатта, ҳар биримизнинг дам олиш турини танлаш масаласидаги танловимиз фарқ қилишини тушунамиз. (Галат. 6:4, 5) Аммо қандай ўйин-кулгини танлашимиздан қатъи назар, у ўз ўрнида бўлишини истаймиз. Зеро, Исо ҳам: «Хазинангиз қаерда бўлса, юрагингиз ҳам ўша ерда бўлади»,— деб бежизга айтмаганди. (Мат. 6:21) Демак, Исога бўлган чин севгимиз бизни ўй-фикрларимиз, гапларимиз ва хатти-ҳаракатларимизни кундалик ҳаёт ташвишларига эмас, биринчи навбатда, Шоҳлик ишларига қаратишга ундайди. (Филип. 1:9, 10)
МОЛПАРАСТЛИККА ҚАРШИ КУРАШ
15, 16. а) Қанақасига молпарастлик масиҳий учун тузоққа айланиши мумкин? б) Исо моддий нарсаларга оид қандай доно маслаҳатни берганди?
15 Бугунги кунда кўпчиликнинг фикру хаёли энг сўнгги мода, электрон воситалар ва ҳоказолар билан банд. Шу сабабли, ҳар бир масиҳий ўзига қуйидаги саволларни бериб, шахсий истакларини мунтазам текшириб туриши керак: «Моддий нарсалар мен учун қанчалик муҳим? Мен кўпроқ вақтимни йиғилишларга тайёргарлик кўришга бағишлайманми ёки энг сўнгги русумдаги машина ва мода оламидаги янги йўналишларни излашга ҳамда булар ҳақида ўйлашгами? Кундалик ташвишларга кўмилиб кетганимдан ибодат қилишга ё Муқаддас Китобни ўқишга камроқ вақт ажратмаяпманми?» Борди-ю, моддий нарсаларга бўлган муҳаббатимиз Масиҳга бўлган севгимиздан устун келаётганини пайқасак, Исонинг «Ўзингизни ҳар турли тамагирликдан сақланглар» деган сўзлари устида мулоҳаза юритишимиз даркор. (Луқо 12:15) Қизиқ, нега Исо бундай жиддий огоҳлантириш берган?
16 Исо: «Ҳеч ким икки хўжайинга қуллик қилолмайди»,— деб айтган эди ва кейин сўзида давом этиб, шундай қўшиб қўйганди: «Сизлар ҳам Худонинг, ҳам бойликнинг қули бўла олмайсизлар». Нега дейсизми? Чунки иккала «хўжайин» ҳам мутлақ садоқатни талаб қилади. Шунда биз, Исонинг сўзларига кўра, «ё биридан нафратланиб, иккинчисини севадиган», ёки «бирига содиқ қолиб, иккинчисини менсимайдиган» бўламиз. (Мат. 6:24) Демак, осий бандалар эканмиз, ҳар биримиз «танамизнинг истаклари»га, жумладан, молпарастликка ҳам қарши курашишда давом этишимиз зарур. (Эфес. 2:3)
17. а) Нега нафс бандаси бўлган одамлар учун моддий нарсаларга нисбатан мувозанатни сақлаш қийин? б) Молпарастликка қарши курашишда бизга нима ёрдам беради?
17 Нафс бандаси бўлган одамлар учун моддий нарсаларга нисбатан мувозанатни сақлаш қийин кечади. Нима учун? Сабаби, уларнинг маънавий ҳис-туйғулари ўтмаслашиб қолган. (1 Коринфликларга 2:14 ни ўқинг.) Бундай одамларнинг зеҳни ўтмас бўлиб қолгани учун, уларга «яхшини ёмондан ажратиш» янада мушкул бўлади. (Иброн. 5:11–14) Оқибатда баъзилар моддий нарсаларга ружу қўйиб, ҳеч қачон тўлиқ қондириб бўлмайдиган истакни ривожлантиришган. (Воиз 5:9) Яхшиямки, молпарастликка қарши зидди заҳар бор, у ҳам бўлса, мунтазам равишда Аллоҳнинг Каломи бўлмиш Муқаддас Китобни ўқиб туришдир. (1 Бутр. 2:2) Илоҳий ҳақиқат тўғрисида фикр юритиш Исога васвасага қарши туришда куч бахш этгани каби, Муқаддас Китобдаги принципларни қўллаш бизга ҳам молпарастликка қарши курашишда кўмаклашади. (Мат. 4:8–10) Бундай йўл тутиб, биз Исони ҳар қандай моддий нарсадан ортиқ кўраётганимизни кўрсатамиз.
18. Нима қилишга қарорингиз қатъий?
18 Исо Бутрусдан: «Булардан кўра мени кўпроқ севасанми?» — деб сўраганида, Бутрусга маънавий нарсаларни ҳаётда биринчи ўринга қўйиш кераклигини эслатмоқчи бўлган. Биламизки, Бутрус, чиндан ҳам, «қоятош» маъносини билдирувчи исмига мувофиқ ҳаёт кечирган, нега деганда, у қояга хос хусусиятларни намоён этган. (Ҳавор. 4:5–20) Бугунги кунда биз ҳам дунёвий ишимизни, дам олишни ва моддий нарсаларни ўз ўрнида сақлаб, кўпроқ Масиҳга меҳр боғлашга қатъий қарор қилганмиз. Илоё, ҳаётда чиқараётган қарорларимиздан биз ҳам Бутрус каби: «Ҳазрат! Мен сизни қанчалик яхши кўришимни ўзингиз биласиз-ку» деяётганимиз кўринсин!
a «Қўриқчи минораси»нинг 2011 йил 15 октябрь сонида 9–12- саҳифаларда жойлашган «Дам олишнинг қайси турлари сиз учун фойдали?» номли мақоланинг 6–15- хатбошиларига қаранг.