11-БОБ
«Шогирдлар бўлса қувонч ва муқаддас руҳга тўлиб-тошишарди»
Хушхабарни тинглашдан бош тортган инсонлар билан қандай йўл тутиш кераклигида Павлус ўрнак кўрсатган
Ҳаворийлар 13:1–52 га асосланган
1, 2. Нега Барнабо билан Шоулнинг сафари бошқаларникидан фарқ қилган ва уларнинг иши Ҳаворийлар 1:8 даги башорат амалга ошишига қандай ҳисса қўшган?
АНТИОХИЯДАГИ жамоат учун бу кун ҳаяжонли. Хушхабарни ер четларига қадар етказиш учун муқаддас руҳ бошқаруви билан пайғамбарлар ва Антиохиядаги муаллимлар орасидан Барнабоa билан Шоул танланди. (Ҳавор. 13:1, 2) Тўғри, бундан олдин ҳам лаёқатли кишилар муҳим топшириқлар билан юборилган. Лекин ўшанда тўла вақтли махсус ваъзгўйлар масиҳийлик кенг тарқалган жойларга боришган. (Ҳавор. 8:14; 11:22) Бу гал эса Барнабо билан Шоул ва уларга ёрдам берадиган Марк деб аталган Юҳанно ҳам аксарият кишилар хушхабарни эшитмаган ерларга боришади.
2 Бундан тахминан 14 йил илгари Исо издошларига: «Қуддусда, бутун Яҳудия ҳамда Самарияда ва ҳатто ернинг четларига қадар менинг шоҳидларим бўласизлар»,— деб айтган. (Ҳавор. 1:8) Барнабо билан Шоулни тўла вақтли махсус ваъзгўй сифатида тайинланиши Исонинг башорати амалга ошишига ҳисса қўшади!b
«Иш учун» танланган (Ҳаворийлар 13:1–12)
3. Нега биринчи асрда узоқ сафарга чиқиш осон бўлмаган?
3 Бугунги кунда машина ва самолёт каби воситалардан фойдаланиб одамлар бор-йўғи бир-икки соат ичида катта масофаларни босиб ўтади. Аммо мил. биринчи асрда вазият умуман бошқача эди. Ўшанда кўпинча ўнқир-чўнқир йўллар орқали пиёда юриларди. Бир кун ичида одамлар атиги 30 километр йўл юриб жуда чарчаб қолишарди!c Барнабо ва Шоул янги вазифага киришишни жуда хоҳлашган бўлса-да, ҳойнаҳой, улардан кўп куч ва фидойилик талаб қилинишини тушунишган. (Мат. 16:24)
4. а) Барнабо билан Шоул қай йўсин танланган ва имондошлари бунга қандай муносабат кўрсатган? б) Шарафли вазифаларга эга бўлган кишиларни қандай қўллаб-қувватлай оламиз?
4 Бироқ нега муқаддас руҳ «иш учун» айнан Барнабо билан Шоулни танлади? (Ҳавор. 13:2) Каломда бу ҳақда ҳеч нарса айтилмаган. Аммо бу кишилар муқаддас руҳ бошқаруви билан танлангани шубҳасиз. Антиохиядаги пайғамбарлар ва муаллимлар бундан норози бўлишгани ҳақида ҳам ёзилмаган. Аксинча, улар буни қўллаб-қувватлашган. Улар Барнабо билан Шоулга ҳасад қилишмаган. Барнабо билан Шоул биродарлари «рўза тутиб, ибодат қилишгандан сўнг,... устига қўлларини қўйиб, уларни жўнатиб юбориш»ганда анчагина далда олишган бўлса керак. (Ҳавор. 13:3) Биз ҳам имонлилар жамоатида вазифалар олган кишиларни, жумладан, оқсоқолларни қўллаб-қувватлашимиз лозим. Бундай вазифаларга эга бўлган кишиларга ҳасад қилишнинг ўрнига «бажараётган ишлари учун уларга эҳтиром кўрсатиб», севишимиз даркор. (1 Салон. 5:13)
5. Кипр оролида ваъзгўйлик иши қандай бажарилганини тушунтиринг.
5 Барнабо билан Шоул Антиохия олдида, денгиз соҳилида жойлашган Салавкия шаҳрига келгач, кемада Кипр оролигача тахминан 200 километр йўл юришганd. Барнабо кипрлик бўлгани учун юртдошларига хушхабарни айтишдан хурсанд бўлгандир. Улар Кипр оролининг шарқида жойлашган Саламис шаҳрига келиб, вақтни бекорга кетказишмаган. Улар дарров «яҳудийларнинг ибодатхоналарида Аллоҳнинг каломини эълон» қила бошлашган. (Ҳавор. 13:5)e Барнабо ва Шоул бутун Кипр ороли бўйлаб юриб, ҳойнаҳой, йўл-йўлакай катта шаҳарларда ваъз қилишган. Бу дегани улар тахминан 160 километр пиёда юришган!
6, 7. а) Сергий Павлус ким бўлган ва нега Бар-Исо уни имондан қайтармоқчи эди? б) Шоул Бар-Исони тўхтатиш мақсадида нима қилган?
6 Мил. биринчи асрда Кипр бутпарастликка тўлиб тошган эди. Барнабо билан Шоул оролнинг ғарбидаги Пафос шаҳрига етиб келишганида, улар вазият қанчалик даҳшатли эканини кўришган. У ерда улар Бар-Исо исмли «сеҳргар ва сохта пайғамбар»ни учратиб қолишган. «Бар-Исо ақлли бир киши бўлмиш вилоят ҳокими Сергий Павлуснинг хизматкори эди»f. Мил. биринчи асрда олий маълумотли римликларнинг аксарияти — ҳатто Сергий Павлус каби ақлли кишилар одатда жиддий қарор чиқаришдан аввал сеҳргар ёки мунажжимларга мурожаат қилган. Лекин Сергий Павлус Шоҳлик тўғрисидаги хабар билан қизиқиб қолган ва «Тангрининг каломини эшитмоқчи» бўлган. Бу эса Бар-Исога ёқмаган. Унинг Элимо деган бошқа исми касбига мос бўлиб, «сеҳргар» маъносини билдирган. (Ҳавор. 13:6–8)
7 Бар-Исо Шоҳлик хабарига қарши эди. У Сергий Павлуснинг олдида ўз мавқеини сақлаб қолиш мақсадида «вилоят ҳокимини имондан» қайтармоқчи эди. (Ҳавор. 13:8) Лекин Шоул Бар-Исо Сергий Павлуснинг қизиқишини сўндиришини хоҳламаганди. Қизиқ, у нима қилди? Баёнотда шундай ёзилган: «Павлус деб аталмиш Шоул муқаддас руҳга тўлиб, унга тикилиб қаради-да, шундай деди: “Эй, ичи ҳар қандай ҳийлаю ярамасликка тўлиб-тошган одам, Иблиснинг ўғли ва барча адолатли нарсаларнинг душмани! Қачонгача Яҳованинг тўғри йўлларини бузиб юрасан? Мана, Яҳова сени жазолайди ва кўзларинг ожиз бўлиб, бир неча вақт қуёш нурини кўрмай юрасан”. Шу заҳотиёқ унинг кўзларини қуюқ тутун билан зулмат қоплади. Шунда у атрофда ўзига бир етакловчи излай бошлади»g. Хўш, бу мўъжизанинг натижаси қандай бўлди? «Вилоят ҳокими... содир бўлган воқеани кўргач, Исонинг издоши бўлди. Чунки Яҳова ҳақида билган нарсалардан қойил қолганди». (Ҳавор. 13:9–12)
8. Павлуснинг жасоратига қандай тақлид қилишимиз мумкин?
8 Павлус Бар-Исодан қўрқмаган. Биз ҳам қаршилик кўрсатганлар имонимизни сусайтирмоқчи бўлганда, жасоратли бўлиб ҳақиқатни ҳимоя қиламиз. Албатта, сўзларимиз «доимо ёқимли ва мазали» бўлиши зарур. (Колос. 4:6) Шу билан бирга, ҳақиқатга қизиқиш билдирган киши, ҳатто бу туфайли бошқалар аччиқланса ҳам билим олишда давом этишига ёрдам бериш учун жон куйдирамиз. Сохта дин тарафдорлари Бар-Исога ўхшаб «Яҳованинг тўғри йўлларини» бузишга ҳам ҳаракат қилишяпти. Шу боис уларнинг нотўғри сўзларию ишларини фош қилишдан қўрқмаслигимиз керак. (Ҳавор. 13:10) Павлус каби, хушхабарни жасорат ила гапириб, уни кўпроқ билишни хоҳлаганларга ёрдам беришни истаймиз. Бундан ташқари, Павлусга ўхшаб, Худонинг қўллаб-қувватлашини доим ҳам кўрмасмиз. Лекин Яҳова муқаддас руҳи орқали муносиб бўлганларни ҳақиқатга жалб қилишига аминмиз. (Юҳан. 6:44)
«Далда берадиган» сўзлар (Ҳаворийлар 13:13–43)
9. Павлус ва Барнабо бугунги кунда жамоатдаги масъулиятли кишиларга қандай ўрнак кўрсатишган?
9 Пафосдан кетиб, улар Кичик Осиёнинг соҳилидаги Пергия шаҳригача кемада тахминан 250 километр йўл юришган. Бундан кейин бу гуруҳ «Павлус ва унинг ҳамроҳлари» деб тилга олинган. (Ҳавор. 13:13) Демак, Павлус бу гуруҳда етакчилик қилган деб айта оламиз. Бироқ Каломда Барнабо унга ҳасад қилгани тўғрисида ҳеч нарса айтилмаган. Аксинча, иккаласи ҳам Аллоҳнинг иродасини бажариб келган. Павлус ва Барнабо бугунги кунда жамоатдаги масъулиятли кишилар учун зўр ўрнакдир. Ўзимизни бошқалардан муҳимроқ деб ҳисоблашнинг ўрнига, Исонинг қуйидаги сўзларини ёдда тутамиз: «Барчангиз биродарсизлар». У яна шундай деган: «Ким ўзини юқори тутса — пасайтирилади, кимки ўзини паст олиб юрса — юксалтирилади». (Мат. 23:8, 12)
10. Пергиядан Писидиядаги Антиохиягача сафар қандай бўлганини тасвирлаб беринг.
10 Пергияга келишгач, Марк деб аталган Юҳанно Павлус билан Барнабони ташлаб, Қуддусга қайтган. Муқаддас Китобда у шу қадар тез кетиб қолганининг сабаби ёзилмаган. Павлус ва Барнабо эса сафарини давом этиб, Пергиядан Писидиядаги Антиохияга қараб йўл олишган. У Галатия вилоятида жойлашган. Бу осон бўлмаган, чунки у денгиз сатҳидан деярли 1 100 метр баландликда жойлашганди. У ергача тоғлар оша бориш керак эди ва бу хавфли бўлган, чунки кўпинча босқинчилар йўловчиларга ҳужум қилишарди. Ҳойнаҳой, Павлуснинг соғлиги ҳам заифлашиб қолгандиh.
11, 12. Павлус Антиохия ибодатхонасида гапирганида, тингловчиларда қай йўсин қизиқиш уйғотган?
11 Писидиядаги Антиохияда Павлус билан Барнабо Шаббат куни ибодатхонага киришди. Инжилда қуйидагиларни ўқиймиз: «Таврот ва пайғамбарлар китобининг қироати тугаганда, ибодатхона бошлиқлари Павлус билан Барнабога хабар юбориб: “Биродарлар, агар сизларда халқ учун далда берадиган қандайдир сўзлар бўлса, марҳамат қилиб айтинглар”,— дейишди». (Ҳавор. 13:15) Шунда Павлус нутқ сўзлади.
12 У қуйидаги сўзлардан бошлади: «Эй исроилликлар ва барча Аллоҳдан қўрққанлар, қулоқ солинглар». (Ҳавор. 13:16) Уни яҳудийлар ва яҳудий динига кирган кишилар тинглаганди. Улар Исони Масиҳ сифатида ҳали тан олишмаганди. Хўш, Павлус улар билан қай йўсин музокара юритган? Авваламбор, у Яҳова Исроил халқи учун нималар қилгани тўғрисида гапирган. Павлус «бу халқ Миср юртида мусофир каби яшаганда» Тангри уни қай йўсин юксалтирганини ва улар озод бўлгандан кейин «қарийб 40 йил мобайнида уларнинг қилмишларига» қандай тоқат қилганини тушунтирган. Шунингдек, у Худо исроилликларга ваъда қилинган юртга эга бўлишга қандай кўмаклашгани ва уни «мерос сифатида» бергани тўғрисида айтган. (Ҳавор. 13:17–19) Баъзиларнинг фикрича, Павлус Муқаддас Ёзувлардан Шаббат куни ўқиладиган парчалардаги фикрларга ҳам ишора қилган. Агар чиндан ҳам шундай бўлса, бу Павлус қай йўсин «ҳар турли инсонлар учун ҳамма нарса» бўлишни билганини тасдиқлаяпти. (1 Кор. 9:22)
13. Тингловчиларнинг қалбини қай йўсин забт этишимиз мумкин?
13 Биз ҳам ваъз қилаётган одамларда қизиқиш уйғотишга ҳаракат қилишимиз керак. Масалан, инсонларнинг эътиқодини эътиборга олиб, айниқса, уларга қизиқарли бўлган мавзуларни танласак бўлади. Бундан ташқари, эҳтимол, уларга таниш бўлган Муқаддас Китобдаги оятлар билан бўлишармиз. Агар Муқаддас Китоби бўлса, ўзи ундан ўқиб бериши фойдалироқ бўлади. Келинг, тингловчиларнинг қалбини забт этиш йўлларини излайлик.
14. а) Павлус Исо тўғрисидаги хушхабарни айтишни нимадан бошлади ва тингловчиларни нимадан огоҳлантирди? б) Тингловчилар Павлуснинг сўзларига қандай муносабат билдирди?
14 Кейин Павлус Исроил шоҳлари Исонинг ота-боболари бўлганини ва Яҳё пайғамбар одамларни ўша «нажоткор Исони» қабул қилиш учун қандай тайёрлаганини тушунтирди. Сўнг эса у Исо қандай ўлдирилгани ва тирилтирилгани ҳақида айтиб берди. (Ҳавор. 13:20–37) Павлус шундай деди: «Шуни билингларки, у орқали гуноҳларингиз кечирилиши сизларга эълон қилинмоқда... Исога ишонган ҳар бир киши у орқали айбсиз деб эълон қилинмоқда». У тингловчиларини қуйидагича огоҳлантирди: «Эҳтиёт бўлинглар, токи сизлар билан пайғамбарлар китобларида айтилган мана шу сўзлар юз бермасин: “Эй, хор қилувчилар, қаранглар ва қойил қолиб, йўқ бўлинглар. Чунки сизларнинг даврингизда Мен бир иш қиламанки, бу ҳақда сизларга биров батафсил айтиб берса ҳам, ҳеч қачон ишонмайсизлар”». Бу сўзлар уларни ҳайратга солди. «Одамлар улардан бу ҳақда кейинги Шаббат куни ҳам айтиб беришларини илтимос қилишди». Улар ибодатхонадан кетгач, «аксарият яҳудийлар ва яҳудий динига кирган одамлар Павлус билан Барнабонинг орқасидан эргашишди». (Ҳавор. 13:38–43)
«Биз бошқа халқларга мурожаат қиляпмиз» (Ҳаворийлар 13:44–52)
15. Кейинги Шаббат куни нима юз берди?
15 Кейинги Шаббат куни «деярли бутун шаҳар» Павлуснинг сўзларини эшитишга тўпланди. Бу баъзи яҳудийларга ёқмади ва улар «Павлуснинг айтган гапларига қарши чиқиб, уни ҳақорат қила бошлашди». Павлус ва Барнабо эса жасорат ила шундай дейишди: «Аслида Худонинг каломи биринчи бўлиб сизларга айтилиши керак эди. Лекин сизлар уни рад этиб, ўзларингизни абадий ҳаётга муносиб кўрмаганингиз учун, биз бошқа халқларга мурожаат қиляпмиз. Чунки Яҳова бизга амр этиб, шундай деган: “Ер чеккаларигача нажот келтиришинг учун, Мен сени бошқа халқларга нур қилиб бердим”». (Ҳавор. 13:44–47; Ишаё 49:6)
16. Яҳудийлар Павлус билан Барнабонинг сўзларига қандай муносабат билдиришди ва бу иккита ваъзгўй нима қилди?
16 Ўзга халқ вакиллари хурсанд бўлди ва «мангу ҳаётга элтувчи ҳақиқатни қабул қилишга мойил бўлган барча Исонинг издоши бўлди». (Ҳавор. 13:48) Тез орада Яҳованинг каломи бутун юрт бўйлаб тарқалди. Яҳудийларга эса бу ёқмади. Павлус билан Барнабо Масиҳ ҳақидаги хушхабар биринчи бўлиб уларга айтилганини таъкидлашди, лекин улар Исони рад этишди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ уларнинг топинишини қабул қилмай қўйган. Яҳудийлар «обрўли ва художўй аёлларни ҳамда шаҳардаги мансабдор кишиларни, Павлус билан Барнабони қувғун қилишга гижгижлашди». «Шунда улар икковини шаҳардан қувиб чиқаришди». Қизиқ, Павлус ва Барнабо нима қилишди? «Ўша одамларга қарши шоҳидлик бўлиши учун оёқларидаги чангни қоқиб, Иконияга кетишди». Хўш, Писидиядаги Антиохияда масиҳийликка чек қўйилдими? Йўқ! У ерда қолган шогирдлар «қувонч ва муқаддас руҳга тўлиб-тошишарди». (Ҳавор. 13:50–52)
17–19. Павлус ва Барнабонинг ўрнагига қандай тақлид қилишимиз мумкин ва бу қувонишимизга қай йўсин кўмаклашади?
17 Худонинг бу содиқ хизматчилари қувғунларга қандай муносабат билдирганидан муҳим сабоқ оляпмиз. Ҳокимиятга эга одамлар хушхабарни баҳам кўришимизга халақит берса ҳам, биз барибир уни эълон қиламиз. Эътибор берган бўлсангиз, Антиохиядагилар Павлус билан Барнабонинг хабарини рад этганда, улар «оёқларидаги чангни қоқиб» кетишди. Бу билан улар жаҳли чиққанини эмас, балки ўша одамлар учун бошқа жавобгар эмаслигини кўрсатишди. Ҳа, улар бошқаларга босим ўтказиш орқали Исога ишонтириш мумкин, деб ўйлашмасди. Улар фақат ваъз қилишни давом эта оларди, холос. Шунинг учун ҳам Павлус ва Барнабо Иконияга кетишди!
18 Антиохияда қолган шогирдлар ҳақида нима деса бўлади? Тўғри, улар қаршилик кўрсатган одамлар орасида яшарди. Лекин уларнинг хурсандчилиги қанча одам хушхабарни қабул қилишига боғлиқ эмасди. Исо шундай деган: «Тангрининг каломини тинглаб, уни бажо келтирганлар бахтлидир!» (Луқо 11:28) Писидиядаги Антиохияда бўлган биродарлар Исонинг амрларини бажаришга қарор қилишди.
19 Келинг, Павлус ва Барнабо каби хушхабарни ваъз қилиш масъулиятини ёдда тутайлик. Аммо хушхабарни қабул қилиш-қилмаслик тингловчиларимизга боғлиқ. Борди-ю, одамлар хушхабарга қизиқиш кўрсатишмаса, илк масиҳийлардан ўрнак олсак бўлади. Ҳатто қаршиликларга дуч келганда ҳам, хушхабар қанчалик бебаҳо экани ҳақида ўйлаш ва Худонинг руҳи бизни етаклашига йўл қўйиш орқали қувончга тўла оламиз. (Галат. 5:18, 22)
a «Барнабо — “Тасалли ўғли”» номли 86-саҳифадаги рамкага қаранг.
b Ўша пайтда ҳатто Қуддуснинг шимолидан қарийб 550 километр узоқликда жойлашган Суриядаги Антиохияда ҳам жамоатлар бор эди.
c «Қуруқлик бўйлаб саёҳат» номли 87-саҳифадаги рамкага қаранг.
d Мил. биринчи асрда шамол эсган кунлари кема ўз манзилига тахминан 160 километр юриб етиб оларди. Ҳаво ёмон бўлганда эса бу кўпроқ вақт олиши мумкин эди.
e «Яҳудийларнинг ибодатхоналарида» номли 89-саҳифадаги рамкага қаранг.
f Кипр ороли римликларнинг назорати остида бўлган ва уларнинг вакили у ерни бошқарган.
g Шу пайтдан бошлаб Шоул Павлус деб аталадиган бўлди. Баъзиларнинг фикрича, у Сергий Павлуснинг ҳақи-ҳурмати бу исмни олган. Аммо у Кипрни тарк этганидан кейин Павлус деб аталгани ҳақида бошқа фикр бор: у «ўзга халқларга юборилган ҳаворий» сифатида римча исмидан фойдаланишга қарор қилган. Ҳойнаҳой, у Шоул деган ибронийча исмининг юнонча талаффузи салбий маънога эга бўлган сўзга ўхшагани учун ҳам уни Павлус деб аташларини хоҳлагандир. (Рим. 11:13)
h Павлус Галатиядаги жамоатларга йўллаган мактубини бир неча йилдан кейин ёзган. Ушбу мактубда у: «Биринчи марта сизларга хушхабарни айтганимда касал бўлганимни биласизлар»,— деб ёзган. (Галат. 4:13)