42- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Мустаҳкам ишонч билан ҳақиқатга ёпишиб олинг
Ҳар нарсани текшириб кўриб, яхшисига ёпишиб олинглар. 1 САЛОН. 5:21
142- ҚЎШИҚ Умидни мустаҳкам ушлайлик
БУ МАҚОЛАДАa
1. Нима сабабдан кўпларнинг боши қотяпти?
ЎЗИНИ масиҳий деб атаётган ўн минглаб дин пешволари Худога маъқул тарзда топиняпмиз, деб айтяпти. Шубҳасизки, бундан кўпларнинг боши қотяпти. Улар битта ҳақ дин борми ёки барча динлар Худога маъқулми, дея ўйланиб қолади. Яҳованинг Шоҳидлари сифатида айтаётганларимиз ҳақиқат эканига ва топинишимиз Яҳовага маъқул эканига аминмизми? Бунга амин бўлишнинг имкони борми? Келинг, бунинг далилига диққат қаратамиз.
2. Нега Павлуснинг ҳақиқатга нисбатан ишончи мустаҳкам эди? (1 Салоникаликларга 1:5)
2 Ҳаворий Павлуснинг ҳақиқатга нисбатан ишончи мустаҳкам эди. (1 Салоникаликларга 1:5 ни ўқинг.) Бу шунчаки ҳис-туйғуларга асосланмаган. Павлус Худонинг Каломини яхшилаб тадқиқ қилган. У «Муқаддас Ёзувларнинг ҳаммаси Худо томонидан илҳомлантирилганига» ишонган. (2 Тим. 3:16) Хўш, у нималарни билиб олган? Павлус Муқаддас Ёзувлардан Исо ваъда қилинган Масиҳ экани борасида рад қилиб бўлмайдиган далилни билиб олган. Яҳудий дин уламолари эса буни тан олишни хоҳламаган. Улар ўзини Худонинг вакиллари сифатида кўрсатган, аммо ишлари билан бунинг аксини исботлаган. (Титус. 1:16) Улардан фарқли равишда, Павлус Худонинг Каломидаги қайси сўзларга ишониши ва ишонмаслиги мумкинлигини ўзи учун танлаб олмаган. У Муқаддас Ёзувларнинг ҳаммасини тадқиқ қилиб, билганларини амалда қўллашга тайёр бўлган. (Ҳавор. 20:27)
3. Мустаҳкам ишончга эга бўлиш учун барча саволларга жавоб топишимиз керакми? («Яҳованинг ишларию фикрларининг “саноғига ета олмайман”» рамкасига ҳам қаранг.)
3 Баъзиларнинг фикрича, ҳақ дин вакиллари барча саволларга, ҳатто Муқаддас Китобда жавоби келтирилмаган саволларга ҳам жавоб бера олиши керак. Бундай ўйлаш оқилонами? Келинг, Павлуснинг мисолига диққат қаратайлик. У имондошларини «ҳар нарсани текшириб кўришга» ундаган, аммо у тушунмайдиган кўп нарсалар борлигини ҳам тан олган. (1 Салон. 5:21) У: «Билимимиз... тўлиқ эмас»,— деб ёзган. Бунга қўшимча қилиб: «Биз гўё хира кўзгуга қарагандай кўряпмиз»,— деган. (1 Кор. 13:9, 12) Павлус барча нарсани тушунмаган; биз ҳам тушуна олмаймиз. Бироқ у Яҳова тўғрисидаги асосий ҳақиқатларни тушунган. У ҳақиқатни топганига амин бўлиш учун етарлича билимга эга бўлган.
4. Қандай қилиб ҳақиқатни топганимизга янада амин бўламиз ва Масиҳнинг ҳақиқий издошлари ҳақида нималарни кўриб чиқамиз?
4 Исо Масиҳ Худога топиниш борасида қолдирган ўрнакни Яҳованинг Шоҳидлари қилаётган ишлар билан солиштириб, ҳақиқатни топганимизга янада амин бўламиз. Бу мақолада Масиҳнинг ҳақиқий издошлари 1) бутпарастликни рад этишини, 2) Худонинг исмини эъзозлашини, 3) ҳақиқатни яхши кўришини ва 4) бир-бирини севишини кўриб чиқамиз.
БУТПАРАСТЛИКНИ РАД ЭТАМИЗ
5. Худога ўринли тарзда топиниш борасида Исодан нимани ўрганяпмиз ва унинг ўргатганларини амалда қандай қўллай оламиз?
5 Исо Яҳовани қаттиқ севгани учун хоҳ осмонда бўлсин, хоҳ ерда фақат Яҳовага топинган. (Луқо 4:8) У шогирдларига ҳам бундай қилишни ўргатган. Исо ва унинг садоқатли шогирдлари топинишда ҳеч қачон тасвирлардан фойдаланмаган. Худо руҳий Шахс бўлгани учун ҳеч ким Унинг тасвирини ясай олмайди. (Ишаё 46:5) Бироқ авлиёларга атаб санамлар ясаш ва уларнинг ҳақига дуолар айтиш ҳақида-чи, нима деса бўлади? Ўнта амрнинг иккинчисида Яҳова қуйидагича деган: «Ўзингиз учун на осмонда, на ерда... ҳеч бир нарсанинг ўйма тасвири ёки шаклини ясаманглар. Уларга сажда... қилманглар». (Чиқ. 20:4, 5) Худони мамнун қилишни истайдиган кишилар учун бу сўзларнинг ўзи кифоя.
6. Яҳованинг Шоҳидлари топинишда кимнинг ўрнагига эргашяпти?
6 Тарихчиларнинг сўзларига кўра, илк масиҳийлар фақат Аллоҳга топинган эди. Масалан, бир китобда ёзилганидай, илк масиҳийлар учун топиниш жойларида тасвирлардан фойдаланиш фикрнинг ўзи «жирканч эди». («History of the Christian Church») Биз, Яҳованинг Шоҳидлари, биринчи асрдаги масиҳийларнинг ўрнагига эргашяпмиз. «Авлиёлар» ёки фаришталарнинг тасвирига қараб дуолар ўқимаймиз ва Исога мурожаат қилиб ҳам ибодат қилмаймиз. Қолаверса, давлат рамзларини шарафламаймиз. Бошқаларнинг босимига қарамай, Исонинг: «Аллоҳинг Яҳовага сажда қил»,— деган сўзларига амал қилиш қароримиз қатъий. (Мат. 4:10)
7. Яҳованинг Шоҳидлари ва бошқа динлар ўртасида қандай фарқ бор?
7 Бугунги кунда кўплар таниқли дин пешволарини тинглашни ёқтиради. Одамларга уларнинг сўзлари шу қадар ёқадики, деярли уларга сажда қилади. Кўплар уларнинг черковларига боради, китобларини сотиб олади ва дин раҳбарларини қўллаб-қувватлаш учун катта миқдорда хайр-эҳсон қилади. Баъзилар уларнинг ҳар бир сўзига ишонади. Черковга борадиганлар Исо билан шахсан кўришганида ҳам бу даражада қувонмаган бўларди. Бундан фарқли равишда, Яҳованинг ҳақ топинувчилари одамларга эргашмайди. Бошчиликни зиммасига олганларни ҳурмат қилсак-да, Исонинг: «Барчангиз биродарсизлар»,— деган аниқ сўзларига қўшиламиз. (Мат. 23:8–10) Хоҳ дин, хоҳ сиёсат раҳбари бўлсин, одамларни кўкка кўтармаймиз. Шунингдек, уларнинг ғояларини қўллаб-қувватламаймиз. Аксинча, бетарафликни сақлаймиз ва дунёга уйғунлашмаймиз. Бу барча соҳаларда ўзини Исонинг издоши, деб атаётган бошқа барча дин вакилларидан фарқ қиламиз. (Юҳан. 18:36)
ХУДОНИНГ ИСМИНИ ЭЪЗОЗЛАЙМИЗ
8. Худо исми улуғланишини ва ҳамма уни билишини хоҳлаётганини қаердан биламиз?
8 Бир сафар Исо: «Ота, исмингни улуғла»,— деб ибодат қилган. Яҳова унга осмондан баланд овозда жавоб берган ва исмини улуғлашини ваъда қилган. (Юҳан. 12:28) Исо ер юзидаги хизмати давомида Отасининг исмини улуғлаган. (Юҳан. 17:26) Шунинг учун, Масиҳнинг ҳақиқий издошлари Худонинг исмини қўллашдан ва уни бошқаларга танитишдан фахрланади.
9. Биринчи асрдаги масиҳийлар Худонинг исмини эъзозлаганини қай йўсин исботлаган?
9 Мил. биринчи асрда, масиҳийлар жамоати ташкил этилганидан кўп ўтмай Яҳова Унинг «исми билан аталадиган халқни ўзга халқ вакилларидан ҳам танлади». (Ҳавор. 15:14) Ўша масиҳийлар Худонинг исмини қўллашдан ва уни бошқаларга танитишдан боши кўкка етган. Улар бу муқаддас исмни хизматда ва Каломни ёзганда қўллаганb. Шундай йўл тутиб, улар Худонинг исмини танитаётган ягона халқ эканини исботлаган. (Ҳавор. 2:14, 21)
10. Фақат Яҳованинг Шоҳидлари Худонинг исмини танитаётганини қаердан биламиз?
10 Яҳованинг Шоҳидлари ҳам Худонинг исмини танитяптими? Келинг, бунинг бир мисолини кўриб чиқайлик. Ҳозир кўп дин раҳбарлари бор кучидан фойдаланиб, Худонинг ягона исми мавжудлигини яширяпти. Улар Муқаддас Китобнинг таржималаридан бу исмни олиб ташлаяпти ва баъзи ҳолларда ҳатто черковларда уни тилга олишни ман этяптиc. Фақат Яҳованинг Шоҳидлари Худонинг исмини эъзозлаётгани яққол кўриняпти, шундай эмасми?! Бошқа диний ташкилотларга қараганда, бу исмни энг кўп биз эълон қиляпмиз. Яҳованинг Шоҳидлари номига мувофиқ тарзда ҳаёт кечиришга жон куйдиряпмиз. (Ишаё 43:10–12) «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси» 240 миллиондан зиёд нусхада нашр этилган. У ерда Муқаддас Китобнинг баъзи таржимонлари олиб ташлаган Худонинг исми ишлатилади. Шунингдек, Муқаддас Китобга асосланган адабиётларни чиқаряпмиз. Уларда ҳам Худонинг исми ишлатилган бўлиб, 1 000 дан зиёд тилга ўгирилади.
ҲАҚИҚАТНИ ЯХШИ КЎРАМИЗ
11. Илк масиҳийлар ҳақиқатни яхши кўрганини қандай кўрсатган?
11 Исо ҳақиқатни — Худо ва Унинг ниятлари тўғрисидаги ҳақиқатни яхши кўрган. Исо унга мувофиқ яшаган ва уни бошқалар билан бўлишган. (Юҳан. 18:37) Унинг ҳақиқий издошлари ҳам ҳақиқатни чин дилдан яхши кўрган. (Юҳан. 4:23, 24) Мисол учун, ҳаворий Бутрус масиҳийларнинг эътиқодини «ҳақиқат йўли» деб айтган. (2 Бутр. 2:2) Илк масиҳийлар ҳақиқатни севгани учун диний ғояларни, урф-одатларни ва ҳақиқатга зид бўлган шахсий фикрларни рад этган. (Колос. 2:8) Шу сингари, бугун ҳам Исонинг ҳақиқий издошлари эътиқоди ва ҳаёт тарзини Яҳованинг Каломига асослаб, «ҳақиқат йўлида юришга» интилади. (3 Юҳан. 3, 4)
12. Масъулиятли биродарлар тушунчаларимизга ойдинлик киритиш кераклигини англаганида, нима қилади ва нега?
12 Яҳованинг Шоҳидлари Муқаддас Китобдаги барча нарсаларни доим тўлиқ тушунамиз, деб айтмайди. Гоҳида улар Муқаддас Китобдаги бирон таълимотни тушунишда ёки ташкиллаштиришга оид йўл-йўриқ берганда, хатога йўл қўяди. Бундан ҳайрон қолмаслигимиз керак. Муқаддас Ёзувларда вақт ўтиб аниқ билим ортиши ҳақида очиқ-ойдин айтилган. (Колос. 1:9, 10) Яҳова ҳақиқатни аста-секин очиб беряпти ва биз ҳақиқат нури ёришиб боришини сабр ила кутишимиз даркор. (Ҳик. 4:18) Етакчи кенгаш ҳақиқат борасида муайян тушунчамизга ойдинлик киритиш кераклигини англаганида, уни шу заҳотиёқ ўзгартиради. Кўп черковлар ўз аъзоларига маъқул келишни ёки бу дунёда таниқли бўлишни хоҳлагани учун таълимотларига ўзгариш киритади. Аммо биз, Яҳованинг Шоҳидлари, Худо билан яқин муносабатларга эга бўлишни ва Исо каби Унга топинишни хоҳлаганимиз учун ўзгаришлар киритамиз. (Ёқб. 4:4) Ўзгаришларни бу дунёдаги одамларнинг фикри ўзгаргани учун эмас, Муқаддас Китобни яхшироқ тушунганимиз учун киритамиз.Чунки ҳақиқатни яхши кўрамиз! (1 Салон. 2:3, 4)
БИР-БИРИМИЗНИ САМИМИЯТ БИЛАН СЕВАМИЗ
13. Ҳақиқий масиҳийлар айниқса қайси муҳим фазилатни намоён этади ва Яҳованинг Шоҳидлари орасида у қандай намоён бўляпти?
13 Биринчи асрдаги масиҳийлар жамоати кўпгина фазилатлар, айниқса, севгини намоён этиш билан ажралиб турган. Исо шундай деган: «Орангизда меҳр-муҳаббат бўлса, сизлар менинг шогирдларим эканингизни барча билиб олади». (Юҳан. 13:34, 35) Дунё бўйлаб Яҳованинг Шоҳидлари чинакам севги ва бирликни ҳис қиляпти. Турли мамлакат ва маданиятдан келиб чиққан бўлсак-да, бир оиламиз. Бу билан бошқа барча динлардан фарқ қиламиз. Ушбу чинакам севгини йиғилишларда ва анжуманларда кўрамиз. Бу Яҳовага маъқул тарзда топинаётганимизга янада амин бўлишимизга кўмаклашяпти.
14. Бир-биримизни самимият билан севишни қай йўсин кўрсата оламиз? (Колосаликларга 3:12–14)
14 Муқаддас Китобда: «Бир-бирингизни самимият билан севинглар»,— деган маслаҳат ёзилган. (1 Бутр. 4:8) Бундай севгини кўрсатишнинг бир йўли бир-биримизни кечириш ва камчиликларимизга сабрли бўлишдан иборат. Жамоатдаги барчага, ҳатто бизни хафа қилганларга ҳам сахийлик ва меҳмондўстлик кўрсатишга интиламиз. (Колосаликларга 3:12–14 ни ўқинг.) Бундай севги ришталари ҳақиқий масиҳийларни ажратиб турадиган яққол белгидир.
«БИТТА ИМОН»
15. Яна қандай йўллар орқали илк масиҳийларнинг ўрнагига тақлид қила оламиз?
15 Топиниш борасида илк масиҳийлар жамоатининг ўрнагига бошқа йўллар орқали ҳам эргашамиз. Мисол учун, ташкилотимиз ўша масиҳийлар давридагидай ташкиллаштирилган. Уларда бўлганидай, бизда ҳам туман нозирлари, оқсоқоллар ва жамоат хизматкорлари бор. (Филип. 1:1; Титус. 1:5) Жинсий муносабат ва турмушга нисбатан нуқтаи назаримиз, қонни муқаддас деб билишимиз ва жамоатни тавба қилмаган гуноҳкорлардан ҳимоялаш истагимиз биринчи асрдаги масиҳийларнинг ўрнагига асосланади. (Ҳавор. 15:28, 29; 1 Кор. 5:11–13; 6:9, 10; Ибр. 13:4)
16. Эфесликларга 4:4–6 дан нимани билиб оляпмиз?
16 Исо кўплар ўзини унинг шогирди деб аташини, аммо ҳаммаси ҳам ҳақиқий бўлмаслигини айтган. (Мат. 7:21–23) Шунингдек, Муқаддас Китобда охирзамонда кўплар «ўзларини художўй қилиб кўрсатиши» ёзилган. (2 Тим. 3:1, 5) У ерда Худога маъқул келадиган «битта имон» ёки дин борлиги ҳақида ҳам аниқ қилиб айтиб ўтилган. (Эфесликларга 4:4–6 ни ўқинг.)
17. Кимларни Исога эргашяпти ва ҳақиқий дин тарафдори деб айта оламиз?
17 Кимларни ҳақиқий дин тарафдорлари деса бўлади? Биз бунинг далилини кўриб чиқдик. Исо топиниш борасида қолдирган ўрнагини ва биринчи асрдаги масиҳийларнинг ўрнагини кўриб чиқдик. Хулоса қиладиган бўлсак, бунинг жавоби битта — Яҳованинг Шоҳидлари. Яҳованинг халқига тегишли бўлиш, У ва Унинг ниятлари ҳақида билиш нақадар улкан шараф. Келинг, мустаҳкам имон билан ҳақиқатга ёпишиб олайлик.
3- ҚЎШИҚ Қудратим, Умидим, Таянчим Ўзинг
a Ушбу мақолада Исонинг ҳақ топиниш борасида қолдирган ўрнагини ва илк масиҳийлар унга қандай тақлид қилганини кўриб чиқамиз. Шунингдек, Яҳованинг Шоҳидлари бугунги кунда ҳақ топинишда унинг ўрнагига эргашаётганини билиб оламиз.
b «Қўриқчи минораси»нинг 2010 йил 1 июль (рус) сонидаги 6- саҳ. келтирилган «Илк масиҳийлар Худонинг исмини қўллаганми?» номли рамкага қаранг.
c Масалан, Рим папаси Бенедикт XVI Худонинг исми католик черковларида, қўшиқлари ва дуоларида «қўлланилмасин ёки тилга олинмасин», деб йўл-йўриқ берди.
d РАСМГА ШАРҲ. Яҳованинг ташкилоти «Янги дунё таржимаси»ни 200 дан зиёд тилда нашр этяпти. Шунинг учун, одамлар Худонинг исми қўлланилган Муқаддас Китобни она тилида ўқияпти.