3-БОБ
«Муқаддас руҳга тўлишди»
Ҳосил байрамида муқаддас руҳ ёғдирилишининг натижаси
Ҳаворийлар 2:1–47 га асосланган
1. Ҳосил байрамидаги муҳитни тасвирлаб беринг.
ҚУДДУС кўчаларида шовқин-сурон кўтарилганa. Маъбад қурбонгоҳидан тутун чиқяпти, левилар эса Халлел номли ҳамду саноларни (Забур 113–118) эҳтимол, антифон услубида, яъни навбатма-навбат куйлашяпти. Кўчалар Қуддусга келган одамларга тўла. Улар узоқ юртлардан — Элам, Месопотамия, Каппадокия, Понт, Миср ва Римдан келишганb. Нега? Улар «илк ҳосил йиғилган кун» деб ҳам аталадиган Ҳосил байрамига келишган. (Саҳ. 28:26) Ҳар йили нишонланадиган бу байрам, арпа ўрими тугаб, буғдой ўрими бошланганини англатарди. Бу қувончли кун эди.
2. Мил. 33 йили Ҳосил байрамида қандай ҳайратомуз ҳодиса рўй берди?
2 Мил. 33 йили баҳорда эрталаб соат тўққизларда бир воқеа рўй берди. Бу воқеа ҳозирга қадар одамларнинг қалбида ўчмас из қолдирган. Ўшанда «тўсатдан осмондан кучли шамол эсгандай бир шовқин келди». (Ҳавор. 2:2) Ўша шовқин Исонинг 120 та шогирди йиғилган уйни тўлдирди. Сўнг ҳайратомуз ҳодиса содир бўлди. Улар алангаланиб турган тилга ўхшаш бир нарсалар пайдо бўлганини ва бўлиниб ҳар бирининг устига биттадан тушганини кўришдиc. Шунда шогирдлар «муқаддас руҳга тўлиб», ҳар хил тилларда гапира бошлашди. Кейин улар ўша уйдан чиқишганида, Қуддус кўчаларидаги одамлар улар билан гаплаша олгани учун ҳайратда қолишди. Дарҳақиқат, ҳар бир киши шогирдлар «уларнинг тилларида гапиришаётганини» эшитарди. (Ҳавор. 2:1–6)
3. а) Нега мил. 33 йилдаги Ҳосил байрамини ҳақ топиниш тарихида муҳим босқич деса бўлади? б) Бутруснинг нутқи «Осмон Шоҳлигининг калитлари» қўлланилиши билан қандай боғлиқ?
3 Ушбу ҳаяжонли воқеа ҳақ топиниш тарихида муҳим босқич бўлди. Ўшанда рамзий Исроил халқига — мойланган масиҳийлар жамоатига асос солинган эди. (Галат. 6:16) Лекин бу ҳали ҳаммаси эмас. Ўша куни Бутрус халойиққа мурожаат қилганида, «Осмон Шоҳлигининг калитлари»дан биринчисини қўллади. Бу калитлар турли халқ вакиллари учун қут-баракаларга эга бўлиш имкониятини берарди. (Мат. 16:18, 19) Биринчи калит яҳудийларга ва бошқа халқ вакилларига хушхабарни қабул қилиб, муқаддас руҳ билан мойланиш имконини яратардиd. Шу йўсин, улар рамзий Исроилнинг аъзоси бўлиб, Масиҳий Шоҳликда шоҳ ва руҳонийлар сифатида бошқариш умидига эга бўларди. (Ваҳ. 5:9, 10) Вақт ўтиб, бундай имконият самарияликлар, сўнг эса бошқа халқ вакиллари учун очилди. Мил. 33 йили Ҳосил байрамида бўлган муҳим воқеалардан ҳозирги масиҳийлар нимани ўрганиши мумкин?
«Ҳаммаси бир жойда тўпланишган» (Ҳаворийлар 2:1–4)
4. Мил. 33 йили ташкил топган ва ҳозирги жамоат ўртасида қандай боғлиқлик бор?
4 Бошида имонлилар жамоатида тахминан 120 та шогирд бор эди. Улар муқаддас руҳ билан мойланган бўлиб, «ҳаммаси бир жойда», болохонада тўпланганди. (Ҳавор. 2:1) Ўша куннинг охирига келиб, бир неча минг киши сувга чўмди. Бу ташкилотимиз ўсишининг бошланиши эди! Ҳозир ҳам бу давом этяпти. Чиндан ҳам, Аллоҳга чуқур ҳурмат кўрсатаётган эркагу аёллардан иборат бўлган имонлилар жамоати охират келмагунга қадар Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни «ҳамма халқларга шаҳодат берилиши учун бутун дунё бўйлаб» ваъз қиляпти. (Мат. 24:14)
5. Биринчи асрда бўлганидек, бугун ҳам имонлилар жамоатига тегишли бўлиш қандай баракалар олиб келади?
5 Имонлилар жамоати — ҳам мойланганлар, ҳам кейинчалик «бошқа қўйлар» учун далда манбаи бўлиши керак эди. (Юҳан. 10:16) Павлус имондошлари бир-бирини қўллаб-қувватлаш ниятида қилган ҳаракатларини қадрлаганини кўрсатиш учун Римдаги масиҳийларга шундай ёзган: «Мустаҳкамланишингиз учун Худо ато этган инъом билан бўлишай, деб сизларни роса кўргим келяпти. Ёки тўғрисини айтганда, сизларнинг ҳамда менинг, яъни бир-биримизнинг имонимиздан далда олишимизни хоҳлайман». (Рим. 1:11, 12)
6, 7. Масиҳийлар барча халқлардаги одамларга ваъз қилиш ишини қандай бажаришяпти?
6 Биринчи асрда бўлгани каби, бугун ҳам имонлилар жамоати ўша-ўша мақсадлар сари интилади. Исо шогирдларига қийин, лекин қизиқарли вазифа топширган. У шундай айтган: «Барча халқлардан шогирд тайёрланглар. Уларни Ота, Ўғил ва муқаддас руҳ номи билан сувга чўмдиринглар. Мен сизларга амр этган ҳамма нарсага амал қилишни уларга ўргатинглар». (Мат. 28:19, 20)
7 Ҳозирги кунда бу фаолиятни Яҳованинг Шоҳидлари амалга оширяпти. Албатта, турли тилларда гапирадиган одамларга хушхабарни етказиш осон эмас. Шундай бўлса-да, Яҳованинг Шоҳидлари 1 000 дан зиёд тилларда адабиётлар нашр этади. Агар сиз уларнинг йиғилишларига мунтазам равишда қатнаётган ҳамда ваъз қилиш ва шогирд тайёрлаш ишида иштирок этаётган бўлсангиз, бу қувонишингиз учун сабаб бўла олади. Дарҳақиқат, сиз Тангрининг исми тўғрисида кенг шоҳидлик бериш шарафига муяссар бўлган нисбатан камчилик қаторидасиз!
8. Қайси маънода жамоат ҳар биримиз учун инъом?
8 Ушбу оғир дамда қувончни йўқотмай, бардошли бўлишимиз учун Тангри Яҳова бизга умумжаҳон биродарликни ато этган. Павлус иброний масиҳийларга қуйидагиларни ёзган: «Севишга ва эзгу ишлар қилишга ундаш учун бир-биримиз ҳақимизда ўйлайлик. Баъзиларнинг одатидек, йиғилишларимизни қолдирмайлик. Аксинча, ўша куннинг яқинлашиб қолганини кўриб турган эканмиз, бир-биримизга янада кўпроқ далда берайлик». (Иброн. 10:24, 25) Имонлилар жамоати — Яҳованинг инъоми. У ерда бошқаларга далда бериб, ўзингиз ҳам далда оласиз. Шундай экан, биродару опа-сингиллардан айрилманг. Йиғилишларни ҳеч қачон қолдирманг!
«Уларнинг тилларида гапиришаётганини эшитишди» (Ҳаворийлар 2:5–13)
9, 10. Бошқа тилда гапирадиган одамларга хушхабарни етказиш учун баъзилар нима қиляпти?
9 Мил. 33 йили Ҳосил байрамидаги яҳудийлар ва бошқа халқ вакиллари қанчалик хурсанд бўлганини бир тасаввур қилинг. Уларнинг кўпчилиги кенг тарқалган тилда, яъни юнон ёки иброний тилида гапирган бўлиши мумкин. Энди эса ҳар бир киши «шогирдлар уларнинг тилларида гапиришаётганини» эшитяпти. (Ҳавор. 2:6) Улар хушхабарни она тилида эшитиб таъсирлангани шубҳасиз. Албатта, бугунги масиҳийлар бошқа тилда мўъжизавий тарзда гапириб кетмайди. Аммо уларнинг кўпи бошқа халқ вакилларига Шоҳлик хабарини бажонидил етказяпти. Қандай қилиб? Баъзилар янги тилни ўрганиб, ўзга тилдаги жамоатда хизмат қиляпти ёки ҳатто бошқа мамлакатга кўчган. Одатда, улар ҳаракатлари тингловчиларида чуқур таассурот қолдираётганига аҳамият беришади.
10 Мисол учун, Кристин опамиз ва еттита имондошимиз гужарот тили курсларида ўқишган. У ишхонасида гужарот тилида гапирадиган ёш ҳамкасби билан унинг она тилида саломлашган. Ўша ҳамкасби ҳайратда қолиб, Кристин гужарот тилини нега ўрганаётганини билмоқчи бўлган. Шунда Кристин унга яхши шоҳидлик берган. Кейин ҳамкасби унга: «Ҳеч бир дин ўз вакилларини шундай қийин тилни ўрганишга ундамайди. Аминманки, менга муҳим бир нарса айтмоқчисиз»,— деган.
11. Бошқа тилда гапирадиган кишиларга ваъз қилиш учун қандай тайёргарлик кўрсак бўлади?
11 Тўғри, ҳаммамиз ҳам бошқа тилни ўргана олмаймиз. Шунга қарамай, ўзга тилда гапирадиган инсонларга ваъз қилиш учун тайёр бўлишимиз лозим. Қанақасига? Усулларидан бири «JW Language®» иловасидан фойдаланиб, ҳудудингизда кенг тарқалган тилда саломлашишни ўрганишдир. Қолаверса, ўша тилда гапирадиган кишиларда қизиқиш уйғотиш мумкин бўлган бир нечта иборани ёдлаб оларсиз. Сўнг уларга jw.org сайтини ва уларнинг тилида бор бўлган турли видео ҳамда адабиётларни кўрсатарсиз. Хизматда шу каби асбоблардан фойдалансак, биринчи асрдаги биродарларга ўхшаб суюнамиз. Улар ҳам бошқа тилда гапирадиганлар хушхабарни она тилида эшитиб лол қолганида қувонишган.
«Бутрус... ўрнидан» турди (Ҳаворийлар 2:14–37)
12. а) Мил. 33 йили Ҳосил байрамида юз берган ҳодиса тўғрисида Йўэл пайғамбар нима деган? б) Нега бу башорат биринчи асрда амалга ошиши кутилган?
12 Бутрус ўрнидан туриб, турли халқлардан бўлган халойиққа гапирди. (Ҳавор. 2:14) У Худо Ўз хизматчиларига турли тилларда гапириш қобилиятини ато этганини ва Йўэл пайғамбар орқали: «Мен ҳар қандай инсон устига Ўз руҳимни ёғдираман»,— деб айтган башорати амалга ошганини тушунтирган. (Йўэл 2:28) Осмонга кўтарилишидан аввал Исо шогирдларига: «Мен Отамга мурожаат қиламан ва У тоабад сизлар билан бўладиган бошқа ёрдамчини беради»,— деб айтган. Ўшанда Исо «муқаддас руҳни» назарда тутган. (Юҳан. 14:16, 17)
13, 14. Қандай қилиб Бутрус тингловчиларнинг қалбини забт этишга интилган ва биз унга қандай тақлид қила оламиз?
13 Сўзларига якун ясаб, Бутрус халойиққа очиқчасига шундай деган: «Сизлар устунга михлатган Исони Тангримизнинг Ўзи Ҳазрат ва Масиҳ қилиб тайинлаганини бутун Исроил хонадони яхшилаб уқиб олсин». (Ҳавор. 2:36) Тўғри, Бутрусни тинглаётганларнинг кўпи Исо устунга михланганида у ерда бўлмаган. Аммо халқ сифатида уларнинг ҳаммаси бу учун жавобгар эди. Шуни айтиш жоизки, Бутрус яҳудийларга ҳурмат ила мурожаат қилиб, қалбларини забт этмоқчи бўлган. Бутруснинг мақсади тингловчиларни айблаш эмас, балки тавба қилишга ундаш эди. Хўш, улар хафа бўлишдими? Асло! Аксинча, «юрагига ўқ қадалгандай бўлди». Улар: «Биз нима қилишимиз керак?» — деб сўрашди. Ҳа, Бутрус ҳурмат ила гапиргани кўпларнинг қалбини забт этди ва тавба қилишга чорлади. (Ҳавор. 2:37)
14 Одамларнинг қалбини забт этишда ҳаворий Бутрусдан ўрнак олишимиз мумкин. Бошқаларга шоҳидлик бераётиб, Муқаддас Китобга зид бўлган ҳар бир тушунчани тўғриламаслигимиз керак. Аксинча, умумий фикрни топиб, суҳбатни давом эттирсак яхши бўларди. Бундай қилсак, кейинчалик суҳбатдошимиз билан Худонинг Каломи асосида хушмуомала тарзда музокара юрита оламиз. Муқаддас Китобдаги ҳақиқат айнан шундай тақдим этилса, самимий инсонлар хушхабарни қабул қилиш эҳтимоли кўпроқ бўлади.
«Ҳар бирингиз... сувга чўминглар» (Ҳаворийлар 2:38–47)
15. а) Ҳаворий Бутрус нима деган ва одамлар бунга қандай муносабат кўрсатган? б) Нега Ҳосил байрамида хушхабарни эшитган минглаб кишилар ўша куниёқ сувга чўма олган?
15 Мил. 33 йили Ҳосил байрамининг ўша ҳаяжонли куни Бутрус самимий яҳудийларни ва бошқа халқ вакилларини: «Тавба қилинглар... ҳар бирингиз... сувга чўминг»,— деб ундаган. (Ҳавор. 2:38) Натижада, тахминан 3 000 киши эҳтимол Қуддусдаги ёки ундан узоқ бўлмаган ҳовузларда сувга чўмганe. Улар шунчаки ҳис-туйғуга берилиб бундай қилишганми? Бу воқеа Муқаддас Китобни ўрганаётганлар ёки Яҳова Шоҳидларининг фарзандлари сувга чўмишга тайёрланмай туриб бундай қилиши мумкинлигини кўрсатяптими? Йўқ. Эсингизда бўлса, мил. 33 йили Ҳосил байрамида сувга чўмган яҳудийлар ва яҳудий динига кирганлар Аллоҳнинг Каломини пухта ўрганишган. Қолаверса, улар Яҳовага бағишланган халқнинг бир қисми эди. Бундан ташқари, улар ғайратли эканини намоён этишган. Уларнинг баъзилари ҳар йили байрамга бориш учун узоқ йўл юришган. Исо Масиҳ Худонинг ниятида қандай аҳамиятга эга эканини билиб олгач, улар хизматини давом эттиришга тайёр бўлишган. Лекин бу сафар улар буни Масиҳнинг сувга чўмган издошлари сифатида қилишмоқчи эди.
16. Биринчи асрдаги масиҳийлар фидойилик руҳини қандай намоён этган?
16 Яҳова уларга барака бергани турган гап. Баёнотда қуйидагича ёзилган: «Исонинг издоши бўлганларнинг ҳаммаси биргалашиб, барча нарсаларини ўзаро баҳам кўришарди. Улар мол-мулкларини сотиб, даромадни ҳар кимнинг эҳтиёжига қараб тақсимлашарди». (Ҳавор. 2:44, 45)f Шубҳасизки, барча масиҳийлар уларнинг севгисию фидойилик руҳига тақлид қилишни истайди.
17. Сувга чўмиш учун қандай қадамлар қўйиш талаб этилади?
17 Ҳаётини Худога бағишлаб, сувга чўмишдан аввал инсон Муқаддас Ёзувларга асосланган қадамлар қўйиши зарур. У Худонинг Каломидан билим олиши керак. (Юҳан. 17:3) Шунингдек, имонини намоён этиши, тавба қилиши ва чин дилдан афсусланаётганини кўрсатиши лозим. (Ҳавор. 3:19) Сўнг у тубдан ўзгариши ва Тангрининг иродасига мувофиқ тарзда ҳаёт кечириши даркор. (Рим. 12:2; Эфес. 4:23, 24) Бу қадамларни қўйгач, у ибодат қилиб ўзини Аллоҳга бағишлайди ва сувга чўмади. (Мат. 16:24; 1 Бутр. 3:21)
18. Сувга чўмган масиҳийлар қандай шарафга эга?
18 Ўзингизни Аллоҳга бағишлаб, сувга чўмганмисиз? Агар шундай бўлса, бу шарафни қадрланг. Сиз ҳам муқаддас руҳ ёғдирилган биринчи асрдаги шогирдлар каби кенг шоҳидлик бериб, Яҳованинг иродасини бажара оласиз!
a «Қуддус — яҳудий динининг маркази» номли 23-саҳифадаги рамкага қаранг.
b «Рим — империя пойтахти», «Месопотамия ва Мисрдаги яҳудийлар» ҳамда «Понтдаги масиҳийлар» номли 24-, 25- ва 26-саҳифалардаги рамкаларга қаранг.
c Бу том маънодаги аланганинг «тиллари» эмас, балки шунга «ўхшаш бир нарса» эди. Ҳойнаҳой, ҳар бир шогирднинг устига ёғдирилган муқаддас руҳ ярқираб турган алангага ўхшарди.
d «Яҳудий динига кирганлар ким эди?» номли 27-саҳифадаги рамкага қаранг.
e Мисол учун, 1993 йили 7 августда Киевда (Украина) бўлган халқаро анжуманда олтита бассейнда 7 402 киши сувга чўмган. Бу 2 соат 15 дақиқа давом этган.
f Қуддусга келганлар ўша ерда қолиб, қўшимча маънавий таълим олишга эҳтиёж пайдо бўлгани учун бундай вақтинча чора кўрилган. Одамлар мол-мулкини ихтиёрий равишда берган. Улар буни сиёсий қарашлар эмас, балки севги туфайли қилган. (Ҳавор. 5:1–4)