Яҳованинг Каломи жонли
Ҳаворийлар китобининг диққатга сазовор оятлари
ҲАВОРИЙЛАР китоби масиҳчиларнинг жамоати ташкил этилиши ва кенгайиб бориши ҳақда ҳаяжонли тарзда ҳикоя қилиб бермоқда. Луқо томонидан ёзилган ушбу китоб, масиҳчиларнинг тахминан 28 йиллик фаолиятини, яъни милодий 33- йилдан то 61- йилга довур содир бўлган воқеаларни ўз ичига олади.
Китобнинг биринчи қисми деярли ҳаворий Бутрус, иккинчи қисми эса ҳаворий Павлуснинг хизматлари тўғрисида баён этмоқда. Луқо «биз», «бизнинг» олмошларини қўллаб тургани сабаб, у ҳам баъзи ҳодисаларнинг гувоҳи бўлганини тасдиқлаб турибди. Ҳаворийлар китобини диққат билан қараб чиқсак, Худонинг Каломи ва Унинг муқаддас руҳи учун миннатдорлик ҳиссимиз янада ошади (Иброн. 4:12). Боз устига бу баёнот бизни ажойиб умидимиз учун, мустаҳкам имон ила курашишга ундайди.
БУТРУС «ОСМОН ШОҲЛИГИНИНГ ОЧҚИЧЛАРИНИ» ҚЎЛЛАМОҚДА
Исонинг шогирдларига муқаддас руҳ тушгандан сўнг, улар жасорат ила шаҳодат беришни бошлайдилар. Бутрус очқичларнинг биринчисини қўллаб, «унинг сўзини чин кўнгилдан» эшитган яҳудийлару яҳудий динига кирган одамларга ваъз қилади ва улар учун Осмон Шоҳлигига кириш имкониятини очади (Мат. 16:19; Ҳавор. 2:5, 41). Қувғинлар дастидан шогирдлар бошқа-бошқа жойларга тарқалиб кетган, аммо воизлик иши янада кенг қулоч ёймоқда.
Самарияликлар Худонинг каломини қабул қилганини эшитиб, ҳаворийлар Қуддусдан Бутрус билан Юҳаннони у ерга юборишади. Шунда Бутрус очқичларнинг иккинчисини қўллаб, самарияликлар учун Осмон Шоҳлигига кириш имконини очиб беради (Ҳавор. 8:14–17). Ҳазрати Исо тирилганидан эҳтимол бир йилдангина сўнг, Тарс шаҳридан бўлган Шоул билан ҳайратомуз ўзгаришлар содир бўлади. Милодий 36- йилда Бутрус очқичларнинг учинчисини қўллаганида, суннат бўлмаган бошқа халқлардаги одамлар ҳам муқаддас руҳга тўладилар (Ҳавор. 10:45).
Саволларга жавоблар:
2:44–47; 4:34, 35 — Нега имонлилар мол-мулкларини сотиб, пулни ўзаро тақсимлашар эди? Ҳақиқатни қабул қилганларнинг кўпчилиги узоқ жойлардан келишган. Улар янги билимларни ўрганиб олишни ва кейинчалик уларни баҳам кўришни исташган-у, аммо Қуддусда яна қайсидир вақт қолишга маблағлари бўлмаган. Мана нега баъзи масиҳчилар мулкини сотиб, уларга ёрдам қўлини чўзишган.
4:13 — Нега Бутрус ва Юҳанно ҳақида «ўқимаган, оддийгина одамлар», деб гапиришди? Гап шундаки, улар саводли бўлишса-да, яҳудийларнинг олий диний мактабларида таҳсил олишмаган эди.
5:34–39 — Олий Кенгашда ҳал қилинаётган иш ёпиқ бўлса, Луқо Гамалиэлнинг гапларини қаердан билди? Бунинг камида учта сабаби бор: 1) Луқо буни Гамалиэлнинг собиқ шогирди бўлган Павлусдан эшитди; 2) у буни, ҳаворийларга раҳми келган Олий Кенгашнинг Никодим каби аъзоларидан билди; 3) Аллоҳнинг Ўзи Луқога бу ҳақда очиб берган эди.
7:59 — Стефан чиндан ҳам Исога ибодат қилганмикин? Йўқ. Зеро фақатгина Аллоҳимиз Яҳовага сажда, сиғиниш ва ибодатлар қилишимиз даркор (Луқо 4:8; 6:12). Стефан ҳам Исо исми ила доимо Яҳовага ибодатлар қилган (Юҳан. 15:16). Аммо бу гал Стефан ваҳийда «Худонинг ўнг томонида турган Инсон Ўғлини» кўрган (Ҳавор. 7:56). Ўликларни тирилтириш вазифаси Исога топширилганини билиб, Стефан «ибодат» эмас, балки асл юнонча нусхаси бўйича «хитоб» қилиб, тўғридан-тўғри Исодан, уни унутмаслигини ва ўз вақтида тирилтиришини сўраган (Юҳан. 5:27–29).
Хулосалар:
1:8. Худо руҳининг мадади бўлмаганида, Яҳованинг Шоҳидлари умумжаҳон миқёсда ваъз қилиш фаолиятини бажара олишмас эди.
4:36–5:11. Кипрлик Юсуфга, ҳаворийлар Барнабо, яъни «далда берувчи» маъносига эга исмни беришган экан, у самимий, меҳрибон ва бошқаларга ёрдам беришга тайёр бўлганини кўрсатиб турибди. Биз ёлғончи, иккиюзламачи ва безбет Ҳанания ва Саффирага эмас, балки Барнабога ўхшашни истаймиз.
9:23–25. Воизлик ишини давом эттириш учун душманларимиздан қочиб қолиш қўрқоқлик белгиси эмас.
9:28–30. Агар қайсидир жойда, қайсидир одамларга ваъз қилиш жисмоний, ахлоқий ва маънавий соғлигимиз учун хавфли бўлиб қолса, қаерда ва қачон хизмат қилишни мулоҳазакорлик ва эҳтиёткорлик ила танлаш керак.
9:31. Деярли тинч бўлган вақтда Муқаддас Китобни ўрганиб ва устидан мулоҳаза юритиб, имонимизни мустаҳкам қилишимиз лозим. «Худодан қўрқиб» эса, биз билиб олганимизни ҳаётда қўллаймиз ва ғайрат билан ваъз қиламиз.
ПАВЛУСНИНГ ҒАЙРАТЛИ ХИЗМАТИ
Милодий 44- йилда Барнабо ва Шоул «бир йил мобайнида» Антиохияда таълим беришаётган пайтда, Агав исмли бир пайғамбар келиб, «оғир қаҳатчилик бўлишини каромат қилди» ва икки йилдан сўнг бундай бўляпти ҳам (Ҳавор. 11:26–28). Қуддусдаги имонлиларга ёрдам бериб, Барнабо билан Шоул яна Антиохияга қайтиб келишяпти (Ҳавор. 12:25). Милодий 47- йилда (бу вақтга келиб Шоул Масиҳни тан олганига чамаси 12 йил ўтган эди) муқаддас руҳ таъсири остида Барнабо ҳамда Шоул тарғибот саёҳатига жўнаб кетишяпти (Ҳавор. 13:1–4). Ва милодий 48- йилда улар «Худонинг иноятига топширилган жой — Антиохияга қайтиб келдилар» (Ҳавор. 14:26).
Тўққиз ой ўтгач Павлус (шунингдек Шоул деб танилган) Силани ҳамроҳ қилиб танлайди-да, ўзининг иккинчи тарғибот саёҳатига йўл олади (Ҳавор. 15:40). Йўлда уларга Тимўтий билан Луқо қўшилишяпти. Сўнг Луқо Филиппи шаҳрида қолди, Павлус эса Афина ва Коринф шаҳарларига бориб, у ерда Акил билан Прискиллани учратади ва уларникида бир ярим йилча қолиб кетади (Ҳавор. 18:11). Милодий 52- йилнинг бошида Тимўтий ва Силани Коринфда қолдириб, Павлус Акил билан Прискиллани олади-да, Сурияга бораётган кемага тушади (Ҳавор. 18:18). Ҳамроҳлари Павлусни Эфесгача кузатиб, у ерда қолишяпти.
Милодий 52- йилда Суриянинг Антиохия шаҳрида бир мунча вақт туриб, Павлус яна кемага тушади ва ўзининг учинчи тарғибот саёҳатига чиқади (Ҳавор. 18:23). Эфесда «Раббимиз каломи қудрат билан ёйилар, таъсири тобора ортиб борар эди» (Ҳавор. 19:20). Мана нега Павлус бу шаҳарга келиб, чамаси уч йилча қолиб кетади (Ҳавор. 20:31). Милодий 56- йилнинг Ҳосил байрамида Павлус Қуддусга келади. Бу ерда уни қўлга тутишади, аммо у ҳокимлар олдида жасорат билан шаҳодат беради. Римга олиб борилганда, Павлус икки йил (тахминан милодий 59–61- йилларда) уй қамоғида сақланади, лекин барибир Худонинг Шоҳлиги ҳамда Ҳазрати Исо ҳақда ваъз қилиш йўлларини топяпти (Ҳавор. 28:30, 31).
Саволларга жавоблар:
14:8–13 — Нега Листрадаги одамлар Барнабони Зевс, Павлусни эса Ҳермес деб ҳисоблай бошлашди? Юнонлар, Зевс худоларнинг бошлиғи, Ҳермес эса унинг уддабуро нотиқ бўлган ўғли, деб айтишарди. Эҳтимол Павлус гапда илғор бўлгани учун, листраликлар уни Ҳермес, Барнабони эса Зевс деб ўйлашди.
16:6, 7 — Нега муқаддас руҳ Павлус билан унинг ҳамроҳларига Асия ҳамда Битинияда ваъз қилишга ижозат бермади? Ваъзгўйлар сони камлик қилгани учун, муқаддас руҳ уларни самимий инсонлар кўпроқ бўлган жойларга етакларди.
18:12–17 — Нега оломон Состенни ура кетишганида вилоят ҳокими Галлион бунга парво ҳам қилмади? Эҳтимол Галлион, одамларни Павлусга қарши қайраб қўйган бу одам, ўзига яраша сазосини оляпти деб ўйлагандир. Аммо бу воқеа ижобий натижалар келтирди. Кейинчалик Павлус Состенни «биродаримиз» деб атаган экан, у ҳақиқатни қабул қилгани эҳтимолдан йироқ эмас (1 Кор. 1:1).
18:18 — Павлус қандай «назр-аҳд» қилган экан? Баъзи илоҳиётшунослар, Павлус ўзини назр қилиб бағишлаши бўлиши мумкин, деб ҳисоблашади (Саҳ. 6:1–21). Аммо Муқаддас Китобда бу қандай аҳд экани, Павлус уни қачон, яъни масиҳчи бўлишидан аввал ёки кейин берганмикин ва унинг ҳаракатлари аҳднинг сўнги ёҳуд боши бўлгани ҳақда ҳеч нарса айтилмаган. Бир нарса шубҳасизки, бундай аҳд бериш гуноҳ иш эмас эди.
Хулосалар:
12:5–11. Имондошлар учун ибодат қилиш ҳам қарз, ҳам фарз.
12:21–23; 14:14–18. Ҳирод фақат Аллоҳга тааллуқли бўлган шуҳратни қабул қилишга тайёр эди. Павлус билан Барнабо эса, халқ уларга шон-шарафлар айтишни бошлаганида, ўзгача йўл тутишди. Улар шу заҳотиёқ ва узил-кесил бундай шуҳратдан бош тортишди. Биз ҳам хизматимизда эришган муваффақиятлар учун бошқаларнинг мақтовларини кутмаслигимиз, шон-шуҳратни эса изламаслигимиз даркор.
14:5–7. Мулоҳазакорлик хизматда фаол қолишимизга кўмаклашади (Мат. 10:23).
14:22. Яҳованинг хизматчилари, ўз имонидан қайтишдан кўра қувғинларга чидашга розидир (2 Тим. 3:12).
16:1, 2. Ёшлар Яҳованинг мададига таяниб, Унга жон куйдириб хизмат қилишлари ва яхши ном қозонишга интилишлари керак.
16:3. Одамлар хушхабарни қабул қилсин деб, биз Муқаддас Китоб меъёрларини бузишдан ташқари, ҳамма нарсага тайёрмиз (1 Кор. 9:19–23).
20:20, 21. Уйма-уй ваъз қилиш, хизматимизнинг муҳим бир қисмидир.
20:24; 21:13. Аллоҳга содиқ қолиш, ҳаётимизни сақлаб қолишдан афзалроқдир.
21:21–26. Яхши маслаҳатларни қабул қилиш, жону дилимиздир.
25:8–12. «Хушхабарни ҳимоя қилиш» учун Яҳованинг Шоҳидлари давлат қонунидан фойдаланиб, ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларига мурожаат қилиши мумкин ва қиладилар ҳам (Филип. 1:7).
26:24, 25. «Инсон ўзининг туғма ҳис-туйғулари билан» айтаётган хабаримизни «тентаклик» ҳисобласа ҳам, барибир «ҳақиқат ва фаросат юзасидан» гапиришдан тўхтамаймиз (1 Кор. 2:14).
[30- саҳифадаги расм]
Бутрус «Осмон Шоҳлигининг очқичларини» қачон қўллаган?
[31- саҳифадаги расм]
Худо руҳининг мадади бўлмаганида, умумжаҳон миқёсда ваъз қилиш фаолияти бажарилмай қоларди