27-БОБ
Павлус кенг шоҳидлик берган
Павлус Римда қамоқда бўлса-да, ваъз қилишда давом этади
Ҳаворийлар 28:11–31 га асосланган
1. Павлус билан ҳамроҳлари нимада амин ва нега?
ТАХМИНАН мил. 59 йил. Тумшуғида «Зевс ўғиллари» шакли бор бўлган катта кема Ўрта денгиздаги Мальта оролидан Италияга сузиб кетяпти. Ҳойнаҳой, бу кемага дон ортилган. Кемада ҳаворий Павлус, имондошлари Луқо ва Аристарх ҳамда уни қўриқлаб кетаётган соқчилар бор. (Ҳавор. 27:2) Денгизчилардан фарқли равишда бу ваъзгўйлар юнон худоси Зевснинг ўғилларидан, яъни эгизак ака-ука Кастор ва Поллуксдан нажот кутишмаяпти. (Ҳавор. 28:11) Павлус билан ҳамроҳлари Яҳовага хизмат қилишади. Яҳова Павлусга у Римда ҳақиқат тўғрисида кенг шоҳидлик беришини ва подшоҳ олдида туришини айтган эди. (Ҳавор. 23:11; 27:24)
2, 3. Павлус кетаётган кема қаерга сузиб борди ва бутун йўл давомида уни ким қўллаб-қувватлади?
2 Сицилиянинг гўзал шаҳри Сиракузада уч кун тургач, кема Италиянинг жанубидаги Ригияга сузиб кетди. Сиракуза — Афина ва Рим каби муҳим аҳамиятга эга. Ригия Италиядаги Путеол портидан 320 километр узоқликда (ҳозирги Неаполь яқинида), бироқ жанубдан эсган шамол туфайли кема икки кундаёқ Путеолга етиб борди. (Ҳавор. 28:12, 13)
3 Павлуснинг Римга етиб боришига оз қолди. У ерда Павлус император Нероннинг олдида туради. «Тасалли берадиган Аллоҳ» уни бутун йўл давомида қўллаб-қувватлади. (2 Кор. 1:3) Худо Павлусни ташлаб қўймаслигини ва у тўла вақтли махсус ваъзгўй сифатида ғайратини йўқотмаслигини билиб оламиз.
«Павлус... Аллоҳга шукрона айтди ва кўнгли кўтарилди» (Ҳаворийлар 28:14, 15)
4, 5. а) Путеоллик биродарлар Павлус билан ҳамроҳларини қандай кутиб олишди ва у нега бундай эркинликка эга эди? б) Масиҳийларнинг яхши хулқ-атвори ҳатто қамоқда уларга қандай фойда келтириши мумкин?
4 Путеолда Павлус ва ҳамроҳлари биродарларни топишди ва улар илтимос қилгани учун у ерда етти кун қолишди. (Ҳавор. 28:14) Улар меҳмондўстлик кўрсатишда ажойиб ўрнакдир! Павлус ва унинг ҳамроҳлари эса бу меҳмондўст биродарларга маънан далда беришгани шубҳасиз. Қизиқ, нега Павлус маҳбус бўла туриб бундай эркинликка эга? Эҳтимол, у римлик аскарларнинг ишончини қозонган.
5 Яҳованинг хизматчилари ҳам қамоқда ва концлагерларда бўла туриб, масиҳийларга хос хулқ-атвор туфайли кўпроқ эркинликка ва имтиёзларга эга бўлишган. Масалан, Руминияда ўғрилик учун 75 йилга қамалган бир киши Худонинг Каломини тадқиқ қила бошлаган ва тубдан ўзгарган. Қамоқхона раҳбарияти буни кўриб, унга қўриқчиларсиз шаҳарга боришни ва қамоқхона учун бозор-ўчар қилишни ишониб топширди. Ҳақиқатан ҳам, яхши хулқ-атворимиз Яҳовага шон-шараф келтиради. (1 Бутр. 2:12)
6, 7. Римлик биродарлар Павлусни қаттиқ яхши кўришини қандай намоён этишди?
6 Павлус билан ҳамроҳлари, ҳойнаҳой, Путеолдан Римгача Аппия йўлидаги Капуя шаҳригача тахминан 50 километр пиёда юришди. Вулқон кўчкисидан олинган катта ясси тошлар билан тўшалган бу таниқли йўл Италиянинг чиройли хўжалик ҳудудидан ўтарди, унинг айрим жойларидан эса Ўрта денгиз кўринарди. Бу йўлдан саёҳатчилар Римдан тахминан 60 километр узоқликдаги Понтин ботқоқларидан ва Аппия бозор майдонидан ўтиб кетишарди. Луқонинг баён этишича, Римдаги баъзи биродарлар уларнинг у ерга бораётганини эшитиб, ҳатто Аппия майдонигача борди, бошқалари эса Римдан қарийб 50 километр узоқликда жойлашган йўловчилар дам оладиган Уч меҳмонхонада қолди. Шу йўсин, улар Павлусни қаттиқ яхши кўришини намоён этишди. (Ҳавор. 28:15)
7 Гап шундаки, ҳолдан тойган саёҳатчининг Аппия бозор майдонида яхши дам олиши амримаҳол эди. Римлик шоир Горацийнинг ёзишича, бу бозор майдони «кемачию қўпол қовоқхоначиларга тўлиб-тошган» эди. Шунингдек, у ўша жойдаги «сув ифлос ва лойқа» бўлганини ёзган. Гораций у ерда ҳатто овқатланишдан ирганган! Аммо барча бу ноқулайликларга қарамай Римдан келган биродарлар Павлус билан ҳамкорларини муштоқ бўлиб кутишарди ва улар билан бирга бўлиб, уларни эсон-омон манзилгача етказиб қўйишмоқчи эди.
8. Нега Павлус биродарларни «кўриб Аллоҳга шукрона айтди»?
8 Баёнотда айтилишича, «Павлус... [биродарларни] кўриб Аллоҳга шукрона айтди ва кўнгли кўтарилди». (Ҳавор. 28:15) Ҳа, ўша қадрдон имондошларини кўргач, у руҳан тетикланиб, тасалли топди. Ҳойнаҳой, у уларнинг айримларини шахсан таниган. Қизиқ, нега у Аллоҳга шукрона айтди? Беғараз севги муқаддас руҳнинг самараси эканини у биларди. (Галат. 5:22) Бугун ҳам муқаддас руҳ масиҳийларни бошқалар учун фидойилик қилишга ва муҳтож бўлганларга тасалли беришга ундайди. (1 Салон. 5:11, 14)
9. Павлусни кутиб олган биродарларга қандай тақлид қила оламиз?
9 Масалан, муқаддас руҳ меҳмондўст масиҳийларни туман нозири, тўла вақтли махсус ваъзгўй ва бошқа тўла вақтли хизматчиларнинг эҳтиёжларига ғамхўрлик қилишга ундайди. Бу ваъзгўйлар Яҳовага кўпроқ хизмат қилиш учун анчагина фидойилик қилишяпти. Ўзингиздан сўранг: «Туман нозири ташриф буюрганда, эҳтимол, унга ва агар у уйланган бўлса, хотинига меҳмондўстлик кўрсатиб кўпроқ қила оламанми? Улар билан хизмат қилишни режалаштираманми?» Натижада, чексиз баракаларга эга бўласиз. Мисол учун, римлик биродарлар Павлус билан ҳамроҳлари хизматидаги айрим далдали воқеаларни айтиб беришганда, жуда хурсанд бўлишгандир. (Ҳавор. 15:3, 4)
«Ҳамма ерда бу мазҳабга қарши» чиқишяпти (Ҳаворийлар 28:16–22)
10. Павлус Римда қандай шароитда бўлган ва манзилга етиб келгач, у нима қилган?
10 Павлус ва унинг ҳамроҳлари ниҳоят Римга келишганида, «Павлусга алоҳида яшаш учун рухсат берилди ва уни бир аскар қўриқлаб турарди». (Ҳавор. 28:16) Уй қамоғида бўлган маҳбуслар қочиб кетмаслиги учун одатда уларни соқчи билан занжирбанд қилиб қўйишарди. Аммо ҳеч қандай занжирлар ҳам Павлусга Худонинг Шоҳлиги ҳақида ваъз қилишга халақит қила олмасди. Шу боис у сафардан кейин атиги уч кун дам олиб, ўзи ҳақида айтиш ва шоҳидлик бериш учун Римдаги яҳудийларнинг бошлиқларини чақиртирди.
11, 12. Павлус яҳудийларга мурожаат қилганда ҳар қандай нотўғри фикрни бартараф этиш учун нима қилди?
11 Павлус уларга шундай деди: «Биродарлар, мен халққа ёки ота-боболаримизнинг урф-одатларига қарши ҳеч нарса қилмаган бўлсам ҳам, мени Қуддусда ҳибсга олиб, римликларнинг қўлига топширишди. Улар мендан ўлимга лойиқ ҳеч бир айб тополмагач, озод қилмоқчи бўлишди. Аммо яҳудийлар менга қарши чиқишгани учун, мени подшоҳ ҳукм этишини талаб қилдим. Лекин буни, халқимни бирор нарсада айблаш мақсадида қилганим йўқ». (Ҳавор. 28:17–19)
12 Павлус яҳудийларни «биродарлар» деб улар билан умумийликни топишга ва, эҳтимол, уларда бор бўлган ҳар қандай нотўғри фикрни бартараф этишга интилганди. (1 Кор. 9:20) Шунингдек, у бу ерга яҳудий биродарларини айблаш учун эмас, балки подшоҳнинг олдида туриш ниятида келганини аниқ қилиб айтди. Бироқ улар Павлус уни подшоҳ ҳукм қилишини талаб этганидан хабардор эмасди. (Ҳавор. 28:21) Нега улар Яҳудиядан бу борада ҳеч қандай хабар олмаган? Бир китобда шундай дейилган: «Павлус ўтирган кема қишдан кейин биринчи бўлиб Италияга келганга ўхшайди. Қуддусдаги яҳудийларнинг ҳукумат вакиллари эса, эҳтимол, ҳали етиб келмаган ва бу ишга оид мактубни ҳам юбормаган».
13, 14. Павлус Шоҳлик мавзусини қандай тақдим этди ва биз унга қай йўсин тақлид қила оламиз?
13 Кейин Павлус олдига келган яҳудийларнинг қизиқишини уйғотиб, Шоҳлик ҳақидаги мавзуга ўтди. У қуйидагича деди: «Айнан Исроил халқининг умиди туфайли занжирбанд бўлганим учун, сизлар билан кўришиб, гаплашишни илтимос қилган эдим». (Ҳавор. 28:20) Бу умид масиҳийлар Исо Масиҳ ва унинг Шоҳлиги тўғрисида ваъз қилган хабар билан боғлиқ эди. Яҳудий оқсоқоллар шундай дейишди: «Ўз нуқтаи назарингизни ўзингиздан эшитмоқчимиз. Лекин ҳамма ерда бу мазҳабга қарши чиқишаётгани бизга маълум». (Ҳавор. 28:22)
14 Хушхабарни кимдир билан баҳам кўриш имкони туғилганда, биз ҳам Павлус каби саволлардан ёки Муқаддас Китоб борасида кўпроқ билиб олиш хоҳишини уйғотадиган фикрлардан фойдалансак бўлади. Ажойиб маслаҳатларни, масалан, «Муқаддас Китоб асосида музокара», «Воизлик мактаби» ҳамда «Ўқишда ва таълим беришда давом этинг» номли адабиётларда топса бўлади. Муқаддас Китобни тадқиқ қилишга мўлжалланган бундай адабиётлардан сиз ҳам фойдаланяпсизми?
Павлус «кенг шоҳидлик беришда» биз учун яхши ўрнак (Ҳаворийлар 28:23–29)
15. Павлус ваъз қилган усулдан қандай тўртта нарсани билиб оляпмиз?
15 Белгиланган кунда маҳаллий яҳудийлар «кўпчилик» бўлиб, Павлуснинг олдига келишди. У «эртадан кечгача Худонинг Шоҳлиги тўғрисида кенг шоҳидлик берар, Мусонинг Таврот китоби ва пайғамбарлар китобларидан Исо ҳақида ишонтирарли далиллар келтирар ва шу йўсин масаланинг моҳиятини тушунтирарди». (Ҳавор. 28:23) Павлус ваъз қилган усулдан тўртта нарсани билиб оляпмиз. Биринчидан, у Худонинг Шоҳлигига эътибор қаратди. Иккинчидан, у «ишонтирарли далиллар келтир»иб тингловчиларда қизиқиш уйғотмоқчи эди. Учинчидан, у Муқаддас Ёзувлар асосида музокара қиларди. Тўртинчидан эса, у тингловчиларнинг эҳтиёжларини ўзиникидан устун қўйиб «эртадан кечгача» шоҳидлик берарди. Биз учун зўр ўрнак! Бу қандай самара келтирди? «Айримлар унинг гапларига ишон»ди, бошқалар эса йўқ. Луқо баён этганидай, ораларида келишмовчилик юз берди ва одамлар «тарқала бошлашди». (Ҳавор. 28:24, 25а)
16–18. Нега Павлус Римдаги яҳудийларнинг салбий муносабатидан ҳайрон қолмади ва одамлар хушхабарни қабул қилмаса, бунга қандай муносабатда бўлишимиз керак?
16 Павлус бундай муносабатдан ҳайрон қолмади, чунки бу Муқаддас Китобда башорат қилинганди ва олдин ҳам бундай вазият юз берганди. (Ҳавор. 13:42–47; 18:5, 6; 19:8, 9) Павлус уни эшитишни хоҳламай кетаётган кишиларга шундай деди: «Муқаддас руҳ Ишаё пайғамбар орқали ота-боболарингизга шундай деб беҳуда айтмаган экан: “Бориб бу халққа айт: тинглашга тинглайсизлар, аммо маъносини тушунмайсизлар. Қарашга қарайсизлар, аммо кўра олмайсизлар. Чунки бу халқ қалбини тош қилган”». (Ҳавор. 28:25б–27) Асл нусхада қўлланилган сўз «семиз» ёки «ёғ босган» юракни билдиради. Шу боис Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги хабар уларнинг қалбига сингмаган. Бу жуда аянчли ҳолат!
17 Павлус охирида бу яҳудийлардан фарқли равишда бошқа халқлар «албатта тингла»шини айтди. (Ҳавор. 28:28; Заб. 67:2; Ишаё 11:10) У бунга амин эди, чунки кўп ўзга халқ вакиллари Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги хабарга қандай муносабат билдирганини шахсан ўзи кўрган! (Ҳавор. 13:48; 14:27)
18 Одамлар хушхабарни рад этганда, Павлусга ўхшаб буни кўнглимизга яқин олмайлик. Биламизки, ҳаётга етаклайдиган йўлни нисбатан камчилик топа олади. (Мат. 7:13, 14) Аммо хушхабарни қабул қилишга мойил бўлганлар ҳақ топиниш тарафини эгалласа, хурсанд бўлиб, уларни чин дилдан қабул қиламиз. (Луқо 15:7)
«Худонинг Шоҳлиги тўғрисида» ваъз қилиш (Ҳаворийлар 28:30, 31)
19. Павлус уй қамоғида бўлганда нима қилди?
19 Луқонинг баёноти ижобий ва далдали тарзда якун топган. У шундай деб ёзган: «Павлус ижарага олган уйда икки йил қолиб, ёнига келганларнинг ҳаммасини яхши кутиб оларди. Уларга Худонинг Шоҳлиги тўғрисида ваъз қилиб, Ҳазратимиз Исо Масиҳ борасида ҳеч қандай тўсқинликсиз бемалол таълим берарди». (Ҳавор. 28:30, 31) Павлус меҳмондўст бўлиш, имон ва ғайрат намоён этишда ажойиб ўрнакдир!
20, 21. Павлус Римда бўла туриб кимларга ёрдам бера олди?
20 Павлус очиқ чеҳра билан кутиб олган кишилардан бири Колосадан қочиб келган қул Ўнисим эди. Павлус унга масиҳий бўлишга кўмаклашди, у эса Павлус учун «ишончли ва азиз биродар» бўлиб қолди. Ҳа, Павлус Ўнисим ҳақида: «Менга ўғил каби бўлган»,— деб ёзганди. (Колос. 4:9; Филим. 10–12) Ўнисим Павлус учун далда манбаи бўлганга ўхшайди!a
21 Павлуснинг ўрнаги бошқалар учун фойда келтирди. У филиппиликларга шундай ёзганди: «Мен билан рўй берган ҳодисалар аслида хушхабарнинг ёйилишига сабаб бўлди. Менинг Масиҳ учун занжирбандлигим императорнинг ҳамма соқчиларига ва бошқаларга маълум бўлди. Ҳазратимизнинг хизматидаги талайгина биродарлар менинг занжирбандлигимдан ўзларини дадил ҳис этиб, Худонинг сўзини янада жасорат билан, қўрқмасдан гапиришмоқда». (Филип. 1:12–14)
22. Павлус Римда уй қамоғида бўла туриб яна нима қилди?
22 Павлус Римда уй қамоғида бўлишига қарамай, ҳозир Юнонча ёзувлар таркибига кирган муҳим мактубларни ёзганb. Улар биринчи асрдаги масиҳийларга кўп фойда келтирган. Улар биз учун ҳам фойдали, чунки илоҳий илҳом остида ёзилган маслаҳатлар ҳозир ҳам худди ўша пайтдагидай амалий. (2 Тим. 3:16, 17)
23, 24. Ноҳақ қамалган кўп масиҳийлар Павлус каби қай йўсин ижобий нуқтаи назарни сақлаяпти?
23 Гарчи Ҳаворийлар китобида ёзилмаган бўлса ҳам Павлус тахминан тўрт йилдан кейин озодликка чиқди. У икки йил Кесарияда қамоқда, яна икки йил Римда уй қамоғида бўлди. (Ҳавор. 23:35; 24:27)c Аммо у ижобий нуқтаи назарни сақлаб, қўлидан келганича Аллоҳга хизмат қилганди. Шунга ўхшаб, Яҳованинг кўп хизматчилари ноҳақ қамалган бўлишса-да, қувончни йўқотмай, ваъз қилишда давом этишяпти. Келинг, бетарафлик учун Испанияда ҳибсга олинган Адольфонинг мисолини кўриб чиқайлик. Битта соқчи унга: «Сенга қойилмиз. Қамоқда сенга қанча кўп жабр-зулм ўтказмайлик, бизга шунча кўп табассум қилиб, мулойим гапирардинг».
24 Вақт ўтиб, Адольфога роса ишонадиган бўлишди ва ҳатто камерасининг эшигини очиқ қолдиришарди. Унинг ёнига соқчилар кириб, Муқаддас Китоб ҳақида саволлар беришарди. Битта соқчи камерасига кириб, Муқаддас Китобни ўқирди, Адольфо эса бошқалар уни кўрмаслиги учун қўриқлаб турарди. Ҳа, маҳбус соқчини «қўриқлаб турарди»! Илойим, бундай садоқатли Шоҳидларнинг мисоли бизни ҳатто оғир пайтларда ҳам «Худонинг сўзини янада жасорат билан, қўрқмасдан» гапиришга ундасин.
25, 26. Орадан 30 йил ўтар-ўтмас, Павлус қайси башорат амалга ошганини кўрди ва бизнинг вақтимизда у қандай амалга ошяпти?
25 Масиҳнинг ҳаворийси уй қамоғида ҳам унинг олдига келган барчага «Худонинг Шоҳлиги тўғрисида ваъз қил»арди — шу тарзда Ҳаворийлар китоби якунига етди! Биринчи бобда Исо издошларига берган қуйидаги топшириғи ҳақида ўқигандик: «Устингизга муқаддас руҳ тушганда, сизлар кучга тўлиб, Қуддусда, бутун Яҳудия ҳамда Самарияда ва ҳатто ернинг четларига қадар менинг шоҳидларим бўласизлар». (Ҳавор. 1:8) Орадан 30 йил ўтар-ўтмас, Шоҳлик тўғрисидаги хабар «фалак остида бор жонзотга» ваъз қилинди. (Колос. 1:23)d Бу Аллоҳнинг руҳи қанчалик таъсирли эканининг яққол исботи! (Закр. 4:6)
26 Ҳозир ҳам Худонинг руҳи мойланган масиҳийлару «бошқа қўйлар»га 240 та мамлакат ва ҳудудларда «Худонинг Шоҳлиги тўғрисида кенг» шоҳидлик беришда давом этишга куч беряпти. (Юҳан. 10:16; Ҳавор. 28:23) Хўш, сиз ҳам бу ишда фаол қатнашяпсизми?
a Павлус Ўнисим у билан қолишини хоҳларди, аммо бу Рим қонунига зид бўлиб, Ўнисимнинг хўжайини бўлган масиҳий Филимўннинг ҳуқуқларини поймол қилиш билан тенг эди. Шу сабабли Ўнисим Филимўннинг олдига қайтиб, унга Павлуснинг мактубини етказди. У ерда Павлус Филимўнни қули Ўнисимни суюкли биродари сифатида яхши кутиб олишга ундаганди. (Филим. 13–19)
b «Павлус Римда биринчи марта қамоқда бўлганида ёзган бешта мактуби» номли 212-саҳифадаги рамкага қаранг.
c «Павлуснинг мил. 61 йилдан кейинги ҳаёти» номли 214-саҳифадаги рамкага қаранг.
d «Хушхабар “бор жонзотга ваъз қилинган”» номли рамкага қаранг.