«Ваҳийларинг мен учун завқдир»
«Қадимги оятларда нимаики ёзилган бўлса, бизнинг таълим олишимиз учун ёзилган» (РИМЛИКЛАРГА 15:4).
1. Яҳованинг эслатмаларини қандай қилиб олишимиз мумкин ва нега бунга муҳтожмиз?
ХУДОНИНГ «ваҳийлари» ёки эслатмалари ушбу қийин вақтларга бардош беришга ёрдам бермоқда. Баъзи эслатмаларни Муқаддас Китобни ўқиганимизда, бошқаларини эса жамоат йиғилишларимиздаги маърузаю шарҳлардан олишимиз мумкин. Эҳтимол, бу фикрларни олдин ҳам эшитгандирмиз. Бироқ, эсдан чиқаришга мойил бўлганимиз учун, Худованд Яҳованинг ниятлари, қонунлари ва йўл-йўриқларини хотирамизда янгилатиб туришимиз керак. Дарҳақиқат, Худонинг эслатмаларини қадрлаш даркор. Зеро, улар бизга далда бериб, нима сабабдан ушбу ҳақиқат йўлига турганимизни ёдда тутишга кўмаклашадилар. Шу йўсин, Забур бастакори Худога қарата: «Ваҳийларинг мен учун завқдир»,— деб куйлаган (Забур 118:24).
2, 3. а) Қандай мақсадда Муқаддас Китобда таъсирчан ҳикоялар қаламга олинган? б) Ушбу мақолада кимларга диққат қаратилади?
2 Гарчи Худонинг Каломи кўп асрлар олдин ёзилган бўлса-да, ўша-ўша таъсирли (Ибронийларга 4:12). Уни ўқиган пайтимизда Худодан худди ваҳий олгандай бўлиб, ўша қадимги замонда яшаган одамларни тасаввур қилиб кўришимиз мумкин. Тўғри, ҳозирги пайтда урф-одатлару одамларнинг нуқтаи назари ўзгарган бўлиши мумкин. Аммо дуч келаётган муаммоларимиз одатда ўхшаш. Манфаатимизни кўзлаб, Муқаддас Китобда Яҳовани севган ва қийин вазиятларга қарамай Унга садоқат ила хизмат қилган одамлар ҳақида таъсирчан ҳикоялар қаламга олинган. Шунингдек, Худонинг нафратини келтирган воқеалар тўғрисида билиб олишимиз мумкин. Яхшию ёмон одамларнинг ҳаёти Муқаддас Китобда эслатма тариқасида ёзилган. Шуни Павлус ҳам таъкидлади: «Қадимги оятларда нимаики ёзилган бўлса, бизнинг таълим олишимиз учун ёзилган. Биз бу оятлардан сабр ва тасалли топиб, умидимизда маҳкам туришимиз лозим» (Римликларга 15:4).
3 Келинг, Довуд ва Шоул, Ҳанания ва Саффира, Юсуф ва Пўтифарнинг хотини ҳақида Муқаддас Китобдаги ҳикояларга диққатимизни қаратайлик. Улардан муҳим сабоқлар олишимиз мумкин.
Худонинг тадбирига садоқат
4, 5. а) Шоҳ Шоул ва Довуд орасида нима юз берди? б) Довуд Шоулнинг қувғинларига қандай муносабатда бўлган?
4 Шоҳ Шоул Яҳова Таолога садоқатсиз бўлиб, Унинг халқини бошқаришга нолойиқ бўлиб қолди. Шунинг учун Худо уни рад этиб, Довудни Исроилнинг келажакдаги шоҳи сифатида мойлаш учун, Шомуил пайғамбарни юборди. Довуд жасоратли жангчи эканини кўрсатиб, халқнинг мақтовига сазовор бўлганида, Шоул уни ўзининг рақиби ҳисоблаб ўша пайтдан бошлаб бир неча маротаба ҳаётига таҳдид солган. Аммо Довуд ҳар сафар омон қолар эди, чунки Яҳова у билан бўлган (1 Шоҳлар 18:6—12, 25; 19:10, 11).
5 Довуд узоқ вақт қочқинликда яшашга мажбур бўлди. Шоулни ўлдириш учун қулай фурсат туғилганда, Довуднинг одамлари, Яҳова ғанимингни қўлингга берди, деб ишонтиришга уринишар эдилар. Аммо у бундай қилишга кўнмади. Бунга уни Яҳовага бўлган садоқати ва Худо халқининг мойланган шоҳи Шоулга нисбатан ҳурмати ундаган. Агар Яҳова Шоулни шоҳ этиб тайинлаган бўлса, Ўзи керакли деб билган вақтда уни тахтдан туширади. Довуд бу ишларга қўшилишни истамаган. Шоул билан муносабатларни яхшилаш учун қўлидан келганини қилиб, Довуд шундай қарор чиқарди: «Худо Шоҳид! Шоулни ё Худо уради, ё унинг куни битиб оламдан ўтади, ёки жангда ҳалок бўлади. Аммо Эгамиз ёғ қуйиб танлаган шоҳга қўл кўтаришдан мени Худонинг Ўзи сақласин» (1 Шоҳлар 24:4—16; 26:7—20).
6. Нима учун Довуд ва Шоул ҳақидаги ҳикоя диққатимизга лойиқ?
6 Ушбу ҳикоя муҳим бир сабоқни ўз ичига олган. Ўзингиздан сўраб кўрганмисиз: нима учун жамоатда баъзи муаммолар пайдо бўлиб туради? Эҳтимол, кимдир ўзини номуносиб тарзда тутгандир. Унинг хатти-ҳаракати жиддий гуноҳ бўлмаса ҳам, барибир сизни хавотирга соляпти. Хўш, сиз қандай йўл тутасиз? Исонинг шогирди ва Яҳовага содиқ бўлганингиз туфайли, эҳтимол муаммони ечиш учун у киши билан хушмуомала тарзда гаплашарсиз. Муаммо ечилмаса-чи? Қўлингиздан келганини қилиб, муаммони Худонинг ихтиёрига топширинг. Довуд ҳам худди шундай йўл тутган.
7. Адолатсизлик ва нотўғри фикр билан дуч келганимизда Довуднинг ўрнагига амал қилиб, қандай йўл тутишимиз керак?
7 Агар сиз ижтимоий адолатсизлик ва динингизга нисбатан нотўғри фикрлар билан дуч келсангиз-чи? Эҳтимол, ҳозир бу вазиятда ҳеч нарса қилолмайсиз. Аммо чидаш ҳам осон эмас. Бироқ, Довуд адолатсизликка дош берганидан ўрнак оламиз. Унинг саноларида Шоул қўлидан қутқариш учун Худога юракдан айтилган таъсирли ибодатлар мавжуд. Шунингдек уларда Довуднинг Яҳовага бўлган садоқати ва Унинг исмини улуғлаш истаги ҳақида куйланади (Забур 17:1—7, 26—28, 31—33, 49—51; 56:1—12). Кўп йиллар давомида Шоулнинг адолатсиз муносабатига қарамасдан, Довуд Яҳовага содиқ қолди. Биз ҳам адолатсизликка ва бошқаларнинг хатти-ҳаракатига қарамасдан, Яҳовага ва Унинг ташкилотига садоқатни сақлайлик! Яҳова барчасидан хабардорлигини ёдимизда тутиб, хотиржамликни сақлаймиз (Забур 85:2).
8. Мозамбиклик Яҳова Шоҳидларининг Худовандга бўлган садоқати синалганда улар қандай йўл тутишган?
8 Мозамбиклик Яҳованинг Шоҳидлари, синовларда Худовандга содиқ қолишнинг замонавий ўрнагини кўрсатишди. 1984 йилда уларнинг манзилгоҳларига бир неча бор қуролланган босқинчилар бостириб кириб, талон-тарож ва қотилликлар қилиб уйларини ёқишган. Яҳованинг Шоҳидлари ўзларини ҳимоялаши шубҳали кўринарди. Маҳаллий аҳоли қуролланган гуруҳларда хизмат қилиш ва бу ҳаракатларни бошқа усуллар билан қўллаб-қувватлашга мажбур қилинган. Яҳованинг Шоҳидлари эса, бу масиҳчиларнинг бетарафлик нуқтаи назарига зид, деган қарорга келишди. Биродарларнинг рад жавоби уларнинг ғазабини қўзғатди. Ўша нотинч вақтда 30та Яҳованинг Шоҳиди қатл этилди, бироқ ҳатто ўлим ҳам Яҳовага бўлган садоқатларини синдира олмади.a Довуд сингари улар ҳам адолатсизликка дош бериб, синовда енгиб чиқишди.
Огоҳ этувчи эслатма
9, 10. а) Муқаддас Китобдаги баъзи ҳикоялардан нимани ўрганамиз? б) Ҳанания билан Саффира қандай ёмон иш қилишди?
9 Муқаддас Китобда қаламга олинган баъзи инсонларнинг хатти-ҳаракати нимадан узоқлашиш кераклигини эслатишга хизмат қилади. Чиндан ҳам унда кўп кишилар, шу жумладан нотўғри йўл тутиб унинг аччиқ мевасини тотган Худонинг хизматчилари ҳақида ҳикоя қилинади (1 Коринфликларга 10:11). Бундай ҳикоялардан бири І асрда Қуддусдаги имонлилар жамоатининг аъзолари бўлган эр-хотин Ҳанания ва Саффира ҳақида.
10 Милодий 33 йилнинг Ҳосил байрамидан сўнг, яқинда имонга келганлар Қуддусдаги ҳаворийлар билан мулоқот қилиш учун қолганлари сабаб, моддий ёрдамда эҳтиёж туғилди. Жамоатнинг баъзи аъзолари эҳтиёжни қондириш учун мол-мулкларини сотишди (Ҳаворийлар 2:41—45). Ҳанания билан Саффира ерини сотиб, пулнинг бир қисмини келтириб, ҳаворийларга пулнинг ҳаммасини ҳадя қиляпмиз деб айтишди. Қанча пулни эҳсон қилиш уларнинг ихтиёрида эди. Аммо уларнинг нияти бузуқ бўлиб, ноҳақлик қилишди. Бошқаларни таассуротда қолдириш учун ҳақиқатни яшириб, кўп эҳсон қилгандек кўринишни хоҳлашди. Ҳаворий Бутрус муқаддас руҳ таъсири остида уларнинг ноҳақлиги ва иккиюзламачилигини фош қилди ва Яҳова уларни ўлимга дучор қилди (Ҳаворийлар 5:1—10).
11, 12. а) Муқаддас Ёзувларда ростгўйлик ҳақида нима дейилган? б) Ҳалоллик қандай баракалар келтиради?
11 Агар одамлар биз ҳақимизда юқори фикрда бўлишларини истаб, ҳақиқатни бузиб кўрсатиш васвасаси бизда пайдо бўлса, Ҳанания билан Саффира ҳикояси огоҳ этувчи эслатма бўлсин. Одамларни алдаш мумкин, бироқ Яҳовани алдаб бўлмайди (Ибронийларга 4:13). Муқаддас Ёзувларда бир-биримизга нисбатан ростгўй бўлиш кўп такрорланади, чунки ноҳақликдан тозаланган ерда ёлғончиларга ўрин йўқ (Ҳикматлар 14:2; Ваҳий 21:8; 22:15). Сабаби эса аниқ: зеро барча ёлғоннинг манбаи — Шайтон Иблисдир (Юҳанно 8:44).
12 Ҳаёт йўлимизда ҳалол яшасак, кўпгина баракаларга эга бўламиз. Масалан тоза виждонга ва бошқаларнинг ишончини қозониб мамнунликни ҳис этамиз. Ҳалолликлари учун Яҳованинг Шоҳидлари ишга жойлашгани ёки иш жойини сақлаб қолганлари ҳақида кўп мисоллар бор. Аммо энг муҳими, ҳалоллик Қодир Аллоҳ билан дўстликка йўл очиб беради (Забур 14:1, 2).
Покликни сақлаймиз
13. Юсуф қанақа вазиятга тушиб қолди ва у қандай йўл тутди?
13 Ёқуб бобокалонимизнинг ўғли Юсуф 17 ёшида қулликка сотилган эди. У шоҳ саройининг амалдори уйида хизмат қилганда, хўжайинининг хотини унга кўз тикадиган бўлиб қолди. Аёл бу келишган йигит билан жинсий алоқада бўлиш учун: «Мен билан ёт!» — дея уни ҳар куни кўндирарди. Юсуф қариндошларидан йироқда бўлиб, бу юртда уни ҳеч ким танимас эди. У қўрқмасдан бу аёл билан жинсий алоқада бўлиши мумкин эди ва бу сирлигача қоларди. Бироқ Пўтифарнинг хотини унинг кийимидан ушлаб қолганда, Юсуф қочиб кетди (Ибтидо 37:2, 18—28; 39:1—12).
14, 15. а) Нега Юсуф ҳақидаги ҳикоя бизни қизиқтиради? б) Нима учун Женни Худонинг эслатмалари учун миннатдор бўлган?
14 Модомики Юсуф художўй оилада ўсган экан, никоҳда бўлмаган эркак ва аёлнинг жинсий алоқада бўлиши гуноҳлигини тушунган. Шунинг учун у: «Мен қандай қилиб бундай қабиҳликка бориб, Худога қарши гуноҳ қиламан?» — деб айтган. Эҳтимол, Худо Аданда одамлар учун ўрнатган меъёри, яъни никоҳда бир эр ва бир хотин бўлишини билганлиги, уни шундай хулоса чиқаришига сабаб бўлгандир (Ибтидо 2:24). Худонинг ҳозирги хизматчилари ҳам Юсуфнинг хатти-ҳаракати устидан мулоҳаза юритишлари мумкин. Баъзи жойларда кишилар жинсий алоқага жиддий қарамагани туфайли, ахлоқсизлик қилмайдиган ёш йигит ва қизлар масхара қилинади. Никоҳда бўла туриб хиёнат қилиш — одатий ҳол бўлиб қолди. Шу ўринда Юсуф ҳақидаги ҳикоя айни пайтда эслатма сифатида хизмат қилади. Худонинг меъёрлари ўзгаргани йўқ: зино ва хиёнат — гуноҳдир (Ибронийларга 13:4). Васвасага берилиб зино қилганларнинг кўпчилиги, буни қилмаслик учун жиддий асослар борлигига амин бўлишди. Бундай хатти-ҳаракатнинг аччиқ меваси камситилганлик ҳисси, виждон азоби, рашк, ҳомиладорлик ва жинсий йўл билан тарқаладиган касалликлар бўлиши мумкин. Муқаддас Ёзув, зино қилувчи «ўз шахсий баданига қарши гуноҳ қилади», деб эслатяпти (1 Коринфликларга 5:9—12; 6:18; Ҳикматлар 6:23—29, 32).
15 Турмушга чиқмаган Яҳованинг Шоҳиди Женнида,b Худонинг эслатмалари учун миннатдор бўлишга барча асослар бор. Унга келишган бир ҳамкасби кўпроқ эътибор берадиган бўлиб қолди. Женни унга жавоб қайтармаганидан сўнг, у эътиборини янада ошира бошлади. «Менга покликни сақлаш осон бўлмаган, чунки ўзга жинсдаги кишининг эътибори ҳаммага ёқади»,— деб тан оляпти у. Бироқ, бу киши фақатгина навбатдаги аёл билан жинсий алоқада бўлишга уринаётганини Женни тушунарди. Қаршилик кўрсатиш қарори сусаяётганини ҳис этиб, Яҳовага содиқ қолиш учун у астойдил ибодат қила бошлади. Унинг айтишича Муқаддас Китоб ва унга асосланган адабиётлардан олган билимлар эслатма сифатида бўлиб, ҳушёр туришга хизмат қилган. Улардан бири Юсуф ва Пўтифарнинг хотини ҳақидаги ҳикоядир. У: «Яҳовани қанчалик севишимни ўзимга эслатиб, “бундай қабиҳликка бориб, Худога қарши гуноҳ қилиш” васвасасига тушмаслигимга ишонаман»,— деб хулоса чиқарди.
Худонинг эслатмаларига диққатли бўлинг!
16. Муқаддас Китобда эслатиб ўтилган кишилар ҳақида ўқиб мулоҳаза юритиш бизга қандай фойда келтиради?
16 Муқаддас Ёзувда у ёки бу ҳикоялар нима учун ёзилганлигини тушунишга интилсак, Яҳованинг меъёрларига бўлган миннатдорлигимиз ортади. Улардан нимани ўрганамиз? Муқаддас Китобда ҳикоя қилинган инсонларнинг қайси фазилатлари ва истакларига тақлид қилиш ёки қилмаслигимиз лозим? Унда юзлаб кишилар ҳақида айтилган. Худонинг насиҳатларини севувчи барча кишилар ҳаётга етаклайдиган доноликка эга бўлиш истагини ўстириб, Яҳова ғамхўрлик ила тайёрлаб қўйган мисоллардан ўрганиши керак. «Қўриқчи минораси» журналида тез-тез ўрнак олишга лойиқ кишилар ҳақида мақолалар чоп этилади. Вақт ажратиб уларни ўқиб чиқмайсизми?
17. Яҳованинг эслатмаларига қандай муносабатдасиз ва нега?
17 Яҳованинг иродасини бажо келтиришга интилаётганларга кўрсатаётган ғамхўрлиги учун, Унга нақадар миннатдормиз! Албатта, Муқаддас Китобда эслатиб ўтилган эркак ва аёллар сингари биз ҳам номукаммалмиз. Бироқ, уларнинг хатти-ҳаракати ҳақидаги ҳикоялар, биз учун катта қадр-қимматга эга. Яҳованинг эслатмаларига диққатли бўлсак, жиддий хатолардан йироқ бўлиб, солиҳлик йўлидан юрганлар намунасига тақлид қиламиз. Бундай йўл тутсак сано бастакорининг сўзларига қўшилган бўламиз: «Бахтлидир Худованд шаҳодатин сақлаб, чин қалбдан Худога интилувчилар! Ваҳийларингни қалбимда сақлаб юраман, уларни жон-дилим билан севаман» (Забур 118:2, 167).
[Изоҳлар]
a «Яҳова Шоҳидларининг йилномаси» 1996 йил, 160—162-саҳифаларига қаранг.
b Исми ўзгартирилган.
Қандай жавоб берган бўлардингиз?
• Довуднинг Шоулга бўлган муносабатидан қандай ўрнак олишимиз мумкин?
• Ҳанания ва Саффира ҳикоясида қандай сабоқ мавжуд?
• Нима учун Юсуф ҳаёти ҳақидаги ҳикоя айни пайтда муҳим?
w06-UZ 6/15b
24—30 ИЮЛ Қўшиқлар: 46, 59