Бир-бирингизни ҳурмат қилишга ўзишгандай интиляпсизми?
Бир-бирингизни биродарларча, самимий муҳаббат билан севинглар. Бир-бирингизни иззат-ҳурмат қилишга ўзишгандай ҳаракат қилинглар. РИМ. 12:10
1, 2. а) Павлус римликларга йўллаган мактубида қандай огоҳлантириш берган? б) Қанақа саволларни кўриб чиқамиз?
ҲАВОРИЙ ПАВЛУС римликларга йўллаган мактубида, имонлилар жамоатида севги ҳукм суриши қанчалик муҳим эканлигини таъкидлаб ўтган. Боз устига у: «Севгимиз риёсиз бўлсин»,— деб огоҳлантирган. Шунингдек, Павлус «бир-биримизни биродарларча, самимий муҳаббат билан севиш» кераклигини ҳам айтган (Рим. 12:9, 10a).
2 Дарҳақиқат биродарларча севиш, бошқаларга шунчаки эътибор беришдан кўпроқ нарсани англатади. Бундай севги биринчи навбатда хатти-ҳаракатимизда намоён бўлади. Ахир бошқаларга севгимизни изҳор қилмасак, улар бу ҳақда қаердан билишсин?! Шу сабабли Павлус барчамизни: «Бир-бирингизни иззат-ҳурмат қилишга ўзишгандай ҳаракат қилинглар»,— деб ундаяпти (Рим. 12:10б). Ҳурмат қилишга нима киради? Нима учун бир-биримизни иззат-ҳурмат қилишга ўзишгандай ҳаракат қилишимиз муҳим? Буни амалда қандай кўрсатишимиз мумкин?
Бошқаларни ҳурмат қилиш нимани англатади?
3. Муқаддас Китобдаги «ҳурмат» сўзи нимани англатади?
3 «Ҳурмат» деб таржима қилинган ибронийча сўз, инсон юксак мартабага эга эканлигига ишора қилади. Шунингдек иброний тилидаги ушбу сўз, Муқаддас Китобда юксак ҳурматга сазовор бўлган кишига нисбатан ишлатилганда «шон-шуҳрат» деб таржима қилинади (Ибт. 45:13). Юнон тилида эса мазкур сўз, иззат-икром, эҳтиром ва қадрли деган маъноларни ҳам англатади (Иброн. 2:9). Дарҳақиқат, барчамиз инсонларни ҳурмат қилиш билан уларни қадрлаётганимизни кўрсатамиз.
4, 5. Қандай қилиб бошқалар ҳақидаги фикримиз, улар билан бўлган муносабатимизга боғлиқ? Мисол келтиринг.
4 Бошқаларни ҳурмат қилишга нима киради? Ўзгаларни ҳурмат қилаётганингиз улар ҳақида қандай фикрда эканингиздан бошланади. Бошқалар ҳақидаги фикрингиз эса, улар билан бўлган муносабатингизда кўринади. Демак, агар имондошларимизга ҳурмат ила қарасак, улар билан ҳурмат ила муносабат қиламиз.
5 Агар Худонинг хизматчиси имондошлари билан самимий муносабатда бўлмаса, уларни қандай ҳурмат қилади? (3 Юҳан. 9, 10). Масалан, бирон ўсимлик униб-ўсиши учун яхши ишлов берилган ерга экилиши керак. Шу каби, ҳурмат ҳам юракдан чиқиши лозим. Борди-ю, биз бошқаларни чин юракдан ҳурмат қилмасак, вақт ўтиб ҳурматимиз худди ўсимлик каби сўлиб қолади. Павлус ҳам имондошларини иззат-икром қилишга ундаётиб: «Бир-бирингизни чин юракдан, ихлос билан севинглар»,— деб бежиз айтмаган (Рим. 12:9; 1 Бутрус 1:22 ўқинг).
«Худонинг суратида яратилган» инсонларга ҳурмат кўрсатиш
6, 7. Нега бошқаларни ҳурмат қилишимиз лозим?
6 Бир-биримизни чин юракдан ҳурмат қилиш катта аҳамиятга эга экан, барча имондошларимизни иззат қилиш борасида Муқаддас Китобда ёзилган сабабларни ёдда сақлайлик. Келинг, буларнинг иккитасини кўриб чиқайлик.
7 Худонинг ер юзидаги ижодларидан фақатгина инсон Унинг «суратида яратилган» (Ёқб. 3:9). Шунинг учун биз севги, донолик ва адолат каби илоҳий фазилатларга эгамиз. Бизда бор бўлган барча нарсалар Парвардигоримизнинг туҳфасидир. Сано бастакори ҳам шундай деган: «Эй Худованд... Осмондан ҳам юксакдир улуғворлигинг! [...] Сен... иззату жамол тожини унга [одамга] кийдирдинг» (Заб. 8:2, 5, 6; 103:1)a. Худованд одамни Ўз суратига кўра яратгани билан унга шон-шуҳрат, ҳурмат ва эҳтиром кўрсатди. Шу тариқа, биз ҳам биронтасини шон-шарафга сазовор деб билсак, бу билан шон-шуҳратга эга бўлган Яратувчимиз Яҳовани тан олган бўламиз. Барча инсонларни иззат-икром қилишимизга жиддий сабабимиз бор экан, наҳотки имондошларимиз ундан ҳам кўпроқ ҳурматга сазовор бўлмаса?! (Юҳан. 3:16; Галат. 6:10).
Бир оиланинг аъзоларимиз
8, 9. Павлуснинг сўзларига кўра нима сабабдан имондошларимизни ҳурмат қилишимиз керак?
8 Бошқаларни ҳурмат қилишнинг яна бир сабаби ҳақида Павлус ҳам айтиб ўтганди. Ҳурмат кўрсатишга ундашдан олдин, у шундай деган: «Бир-бирингизни биродарларча, самимий муҳаббат билан севинглар». «Самимий муҳаббат» деб таржима қилинган юнонча ибора, оила аъзолари ўртасидаги меҳр-муҳаббатга ва улар орасидаги яқин ришталарга ишора қилади. Бу иборани қўллаб, Павлус ҳам имонлилар орасидаги муносабатлар, севги билан боғланган оила каби мустаҳкам бўлишини кўрсатмоқчи эди (Рим. 12:5). Шуниси қизиқки, ушбу сўзлар билан Павлус, Яҳова Ўз фарзандлари сифатида қабул қилган мойланган масиҳчиларга мурожаат қилган. Ҳа, улар ўртасидаги муносабатлар жуда ҳам яқин бўлган. Дарҳақиқат, Павлуснинг даврида яшаган мойланганлар, бир-бирини ҳурмат қилишларига жиддий сабаб бор эди. Бугунги кунда яшаётган мойланганлар ҳақида ҳам шундай деса бўлади.
9 Бу сўзлар «бошқа қўйларга» қандай тааллуқли? (Юҳан. 10:16). Ҳозирча улар Худонинг фарзандлари сифатида қабул қилинмаган бўлишса-да, улар умумжаҳон биродарликни ташкил қилиб, бир-бирини ака-ука ҳамда опа-сингил деб аташади (1 Бутр. 2:17; 5:9). Чиндан ҳам, бошқа қўйлар нима сабабдан бир-бирига «биродар» ёки «опа-сингил» деб мурожаат қилаётганининг маъносини тушунса, бир-бирини нега ҳурмат қилиш кераклигини ҳам англаб етишади (1 Бутрус 3:8 ўқинг).
Нега ҳурмат кўрсатиш шунчалик муҳим?
10, 11. Нега ҳурмат кўрсатиш шунчалик муҳим?
10 Нима учун ҳурмат қилиш шунчалик муҳим? Бунинг сабабларидан бири: биродару опа-сингилларимизга иззат-икром кўрсатиб, жамоатда бирлик ва ҳамжиҳатлик ҳукм суришига катта ҳисса қўшамиз.
11 Яҳованинг хизматчилари эканмиз, У билан яқин муносабатга эгамиз ҳамда Унинг чексиз куч-қувват манбаидан, яъни муқаддас руҳдан мадад оляпмиз (Заб. 35:8; Юҳан. 14:26). Шунинг учун, имондошларимиз бизни қадрлаётганини кўрсатишганда, бундан далда оламиз (Ҳик. 25:11). Дарҳақиқат кимдир бизга миннатдорчиликни изҳор қилиб ҳурматимизни жойига қўйса, бошимиз кўкка етади. Бу эса ўз навбатида қувончга қувонч қўшиб, ҳаёт бахш этувчи йўлдан юришга куч-қувват беради. Эҳтимол сиз ҳам бундай туйғуларни ҳис қилгандирсиз?
12. Жамоатда бирлик ҳукм суришига ҳар биримиз қандай ҳисса қўшишимиз мумкин?
12 Яҳованинг Ўзи бизни ҳурмат қилиш эҳтиёжи билан яратган экан, Каломи орқали: «Бир-бирингизни иззат-ҳурмат қилишга ўзишгандай ҳаракат қилинглар»,— деб ундаётгани бежиз эмас (Рим. 12:10; Матто 7:12 ўқинг). Худонинг барча хизматчилари бу маслаҳатга қулоқ солиб, ораларидаги севгини янада ривожлантиришади ва умумжаҳон биродарлик ришталари мустаҳкамланишига ҳисса қўшишади. Бинобарин, ўзимизга қуйидаги саволлар берайлик: «Охирги марта қачон биродарим ёки опа-синглимга илиқ сўзлар айтиб ёки ҳурмат кўрсатиб кўнглини кўтарганман?» (Рим. 13:8).
Муҳим бир вазифа
13. а) Ҳурмат қилишда ким ўрнак кўрсатиши лозим? б) Римликларга 1:7 да нима деб ёзилган?
13 Ҳурмат қилишда ким ўрнак кўрсатиши керак? Павлус, ибронийларга йўллаган мактубида жамоатдаги оқсоқоллар иззат-икром қилишда барчага ибрат кўрсатишади деб айтганди (Иброн. 13:17). Ҳақиқатдан ҳам, оқсоқоллар ҳамма нарсада намуна бўлишга интилишади. Улар сурувига ғамхўрлик қилаётган чўпонлар каби, имондошларини, шу жумладан бошқа оқсоқолларни ҳам ҳурматлашда ташаббус кўрсатишади. Масалан, оқсоқоллар жамоат эҳтиёжларини кўриб чиқиш мақсадида йиғилишганда, бир-бирининг фикрини диққат билан тинглайди ва шу йўсин ҳурматни намоён қилишади. Боз устига қарор чиқаришдан олдин, барча оқсоқолларнинг фикри эътиборга олинса, ораларида ҳурмат борлиги кўринади (Ҳавор. 15:6–15). Лекин, Павлуснинг римликларга ёзган мактуби нафақат оқсоқолларга, балки жамоатнинг барча аъзоларига тегишли эканини унутмайлик (Рим. 1:7). Ҳа, бир-биримизни ҳурмат қилишга ўзишгандай ҳаракат қилишга ҳаммамиз даъват этиляпмиз.
14. а) Ҳурмат кўрсатиш ва ҳурмат қилишда ўзишгандай ҳаракат қилишнинг фарқи нимада? Мисол келтиринг. б) Ўзимизга қандай савол берсак бўлади?
14 Эътибор берсангиз, ҳаворий Павлус Римдаги имондошларини шунчаки бир-бирига ҳурмат кўрсатишга эмас, лекин ҳурматлашда ўзишгандай ҳаракат қилишга ундаган. Хўш, улар орасида қандай фарқ бор? Мана бир мисол. Ўқитувчи, ўқишни яхши билган ўқувчиларига яна ўқишни ўргатадими? Йўқ, албатта. Ахир улар аллақачон буни ўзлаштиришган-ку! Аксинча, у ўқувчиларига ўқишда маҳоратли бўлишга ёрдам беради. Шу сингари, орамиздаги севги бизни бошқалардан ажратиб турар экан, келинг, бир-биримизни янада кўпроқ ҳурмат қилишга интилайлик (Юҳан. 13:35). Ўқувчилар ўқишда маҳоратини оширишга ҳаракат қилгани каби, биз ҳам бир-биримизга иззат-икром кўрсатишда ўзишгандай ҳаракат қилишда тўхтамайлик (1 Салон. 4:9, 10). Мана шу муҳим вазифа барчамизга топширилган. Биз ҳам ўзимизга шундай савол берсак бўлади: «Имондошларимга ҳурмат кўрсатишга имконият излаяпманми?»
Бечораҳолларни ҳурмат қилинг
15, 16. а) Жамоатда ҳурматни намоён қилганда, ким назаримиздан четда қолиши мумкин? б) Биродару опа-сингилларимизга чин юракдан ҳурмат кўрсатаётганимизни нимадан билсак бўлади?
15 Жамоатда ҳурматни намоён қилганда, ким назаримиздан четда қолиши мумкин? Худонинг Каломида шундай дейилган: «Бечорага жони куйган киши бахтлидир» (Заб. 40:2). Бошқаларга ҳурмат кўрсатишга ўзишгандай ҳаракат қилаётганимизда бу маслаҳатни қандай қўллашимиз мумкин?
16 Аксарият одамлар ўзларидан юқори мансабга эга бўлганларга ҳурмат кўрсатишади, бироқ уларнинг қўли остида ишлаётганларни ҳурмат қилишмайди. Шундай эмасми? Лекин Яҳова бундан мустасно. Зеро У: «Мени иззат қилганни Мен ҳам иззат қиламан»,— деб айтмоқда (1 Шоҳ. 2:30; Заб. 112:5–7). Яҳова Таоло, Унга ҳурмат кўрсатиб хизмат қилаётганларнинг барчасини қадрлайди. У ҳеч қачон «бечораҳолларни» назаридан четда қолдирмайди (1 Шоҳлар 2:8 ўқинг; 2 Сол. 16:9). Шубҳасизки, барчамиз Яҳовага тақлид қилишни истаймиз. Агар ҳурмат кўрсатишда ибратли бўлаётганимизни текширмоқчи бўлсак, ўзимизга шундай савол берайлик: «Жамоатда масъулиятга эга бўлмаган оддий кишиларга муносабатим қандай?» (Юҳан. 13:14, 15). Бу саволга жавоб бериб, бошқаларни чин юракдан ҳурмат қилаётганимизда амин бўламиз (Филиппиликларга 2:3, 4 ўқинг).
Вақтимизни ажратиб ҳурмат кўрсатайлик
17. Жамоатдагиларга ҳурмат кўрсатишнинг энг яхши усуллари қанақа ва нима учун?
17 Жамоатдагиларга ҳурмат кўрсатишнинг энг яхши усулларидан бири қимматбаҳо вақтимизни ажратишдир. Нима учун дейсизми? Худонинг хизматчилари эканмиз, жамоатда турли ишларни бажаришга жуда кўп вақтимизни сарфлаймиз. Шу сабабли ҳам барчамиз вақтни жуда қадрлаймиз. Биродару опа-сингилларимиздан бизга кўп вақт ажратишларини талаб қилмаслигимиз зарур. Худди шундай, имондошларимиз ҳам биздан кўп вақт талаб қилишмаса, бундан бағоят миннатдор бўламиз.
18. Имондошларга тайёрлик ила озгина вақт ажратсак, нимани намоён қиламиз? (18- саҳ. расмга қ.)
18 Хизматда банд бўлишимизга қарамай, биз (айниқса оқсоқол бўлиб хизмат қилаётганлар) баъзида имондошларга тайёрлик ила озгина вақт ажратсак, уларга ҳурмат кўрсатган бўламиз. Қандай қилиб дейсизми? Ишимиздан озгина чалғиб биродару опа-сингилларимизга вақт ажратиш билан, мана шундай деган бўламиз: «Сизга хизматимдан озгина вақт ажратганимдан жуда ҳам хурсандман. Мен учун сиз билан вақт ўтказиш бошқа ишларимдан муҳимроқдир» (Марк 6:30–34). Лекин бунинг бошқа томони ҳам бор. Агар, ўзимизни мажбурлаб имондошимизга вақт ажратсак, у биз учун унчалик қадрли эмаслигини сезиб қолади. Баъзида шошилинч ишлар ҳам пайдо бўлиб қолиши мумкинлигини унутмайлик. Аммо, нима бўлган тақдирда ҳам биродарлару опа-сингилларимизга озгина бўлса-да вақтимизни ажратсак, уларни чин юракдан ҳурмат қилаётганимизни кўрсатамиз (1 Кор. 10:24).
Ҳурмат қилишга ўзишгандай интилайлик!
19. Имондошларимизга ҳурмат кўрсатаётганимизнинг яна қандай усуллари бор?
19 Жамоатдагиларга ҳурмат кўрсатишнинг яна бошқа усуллари ҳам бор. Масалан, уларга вақт ажратганимизда эътиборимизни ҳам берган бўламиз. Бунда, яна бир бор Яҳовадан ўрнак олишимиз мумкин. Сано бастакори У ҳақда мана нима деган: «Худованднинг кўзлари солиҳлардадир, солиҳлар фиғонига У қулоқ солар» (Заб. 33:16). Биз ҳам Яҳовадан ибрат олиб, кўзимиз ва қулоғимизни, яъни бутун диққатимизни имондошларимизга, айниқса биздан ёрдам сўраётганларга беришга тайёр бўлайлик. Шу тариқа, биз уларга ҳурматимизни намоён этамиз.
20. Нимага имондошларимизни чин юракдан ҳурмат қилишни унутмаслигимиз лозим?
20 Шундай экан, келинг, нима сабабдан имондошларимизга чин юракдан ҳурмат кўрсатишимиз кераклигини унутмайлик. Боз устига бир-биримизга, жумладан бечораҳолларга ҳам ҳурмат кўрсатишга ўзишгандай ҳаракат қилайлик. Бундай йўл тутиб, орамиздаги биродарларча севгимизни ва жамоатдаги бирлигимизни янада мустаҳкамлаган бўламиз. Шу йўсин, келинг, бир-биримизни иззат-ҳурмат қилишга ўзишгандай ҳаракат қилайлик! Сиз-чи, бундай йўл тутишга бел боғладингизми?
[Изоҳ]
a Забурнинг 8- саносини ёзган Довуд, шунингдек, мукаммал инсон бўлган Исо Масиҳ ҳақида башорат қилган эди (Иброн. 2:6–9).
Марҳамат жавоб беринг
• Бошқаларни ҳурмат қилиш нимани англатади?
• Имондошларимизни ҳурмат қилишга қандай сабаблар бор?
• Нима учун бошқаларни ҳурмат қилиш шунчалик муҳим?
• Ҳурмат кўрсатишнинг қанақа усуллари бор?
[18- саҳифадаги расм]
Имондошимизни ҳурмат қилаётганимизни қандай кўрсатамиз?