«Ёмонликни яхшилик билан мағлуб қилгин»
Ёмонликка мағлуб бўлма, ёмонликни яхшилик билан мағлуб қилгин. РИМЛИКЛАРГА 12:21
1. Нега ёвузликни енга олишимизда аминмиз?
ҲАҚ ТОПИНИШГА қаршилик қилган инсонларга бас келиб бўладими? Бизни бу ёвуз дунёга қайтишга ундаётганлар устидан ғалаба қозониш мумкинми? Ушбу иккала саволга: «Ҳа!» — деб жавоб бериш мумкин. Нима учун биз бунда аминмиз. Чунки ҳаворий Павлус: «Ёмонликка мағлуб бўлма, ёмонликни яхшилик билан мағлуб қилгин»,— деб айтганди (Римликларга 12:21). Агар биз Яҳовага таяниб, бу дунё устимиздан ғолиб чиқишига йўл бермасак, ёвузлик бизни енга олмайди. Устига-устак, «ёмонликни яхшилик билан мағлуб қилгин» деган ибораси, агар биз ёвузликка қарши маънавий кураш олиб борсак, уни албатта мағлуб қилишимизни кўрсатмоқда. Кимки ғафлат босиб, курашмай қўйса, бу ёвуз дунё ва унинг ҳокими бўлмиш Шайтон унинг устидан ғалаба қозонади (1 Юҳанно 5:19).
2. Нахимиёнинг ҳаётида содир бўлган айрим воқеаларни кўриб чиқишнинг қандай фойдаси бор?
2 Ҳаворий Павлуснинг сўзлари ҳақ эканлигини ундан тахминан 500 йил аввал Қуддусда яшаган бир кишининг мисоли тасдиқлайди. Бу, Нахимиё исмли Худонинг хизматчиси бўлиб, у нафақат ёвуз одамларнинг қаршиликларига дош берган, балки ёмонликни яхшилик билан мағлуб қилган эди. У қандай қийинчиликларга дуч келган? Уларни енгишга нима ёрдам берган? Нахимиёдан қандай ўрнак олишимиз мумкин? Бу саволларга жавоб олиш учун, келинг, Нахимиёнинг ҳаётида содир бўлган айрим воқеаларни кўриб чиқайликa.
3. Нахимиё кимлар орасида яшаган ва у қандай ишлар қилганди?
3 Нахимиё Форс шоҳи Ахашвераш саройида хизмат қиларди. Гарчи у Яҳова Таолога ишонмаган инсонлар орасида яшаган бўлса-да, ўша «дунёга уйғунлашмади» (Римликларга 12:2). Яҳудо юртида ёрдам талаб қилинганида, у фаровон ҳаётидан воз кечиб, Қуддус сари йўл олди. Ҳамда шаҳарнинг деворларини қайта қуришдек улкан ишда ташаббускорлик кўрсатди (Римликларга 12:1). Гарчи Нахимиё Қуддуснинг ҳокими бўлса-да, исроилликлар билан биргаликда ҳар куни эрталабдан кечгача ишларди. Натижада икки ой ўтмай иш якунланди (Нахимиё 4:21; 6:15). Исроилликлар қурилиш пайтида кўп қийинчиликларга дуч келишганди. Албатта бундай ютуқлар одамни ҳайратга солади. Аммо Нахимиёнинг душманлари бўлганми ва уларнинг қандай мақсадлари бор эди?
4. Нахимиёнинг душманлари нимани мақсад қилиб қўйишганди?
4 Унинг ашаддий душманлари, Санбаллат, Тўвиё ва Гашим эди. Улар обрўли одамлар бўлиб, Яҳудо яқинида яшашарди. Бу одамлар Худо халқининг душмани бўлгани сабабли, Нахимиёни Исроил халқи учун ғамхўрлик қилишга келганини кўриб, унга ғазаб ила қарашни бошладилар (Нахимиё 2:10, 19). Душманлар қурилишни тўхтатишга қарор қилишди, ҳаттоки фитна уюштиришдан ҳам тап тортишмади. Нахимиё «ёмонликка мағлуб бўлдими»?
Душманлар ғазабдаю аламда
5, 6. а) Нахимиёнинг душманлари қурилишга қандай муносабатда бўлишди? б) Нега Нахимиё душманларидан қўрқмади?
5 Нахимиё халқни Қуддуснинг деворини қуришга даъват этганида, халқ енг шимариб ишга киришди. Душманлар улар устидан мазах қила бошлади. Лекин уларнинг ҳақоратларию ёлғон айбловлари Нахимиёни қўрқитмади. У душманларига, Ўз халқини қўллаб қўллаб-қувватлаётганини ва шу йўсин ишни давом эттиришларини айтди (Нахимиё 2:17–20). Нахимиё бу эзгу ишни охиригача етказишга қатъий қарор қилди.
6 Нахимиёнинг душмани Санбаллат ғазабланиб, заҳарханда қилишни бошлади. У исроилликларнинг қилаётган барча ишлари бефойда эканлигини таъкидлади. Тўвиё ҳам Санбаллатга қўшилиб исроилликларни масхара қилди (Нахимиё 4:1–3). Хўш, Нахимиё қандай йўл тутди?
7. Нахимиё душманларининг туҳматига қандай жавоб қайтарди?
7 Нахимиё мазах қилганларга аҳамият бермаган эди. У Худонинг амрига амал қилиб, қасос олишга интилмаган (Левилар 19:18). Аксинча у Яҳовага таяниб, ибодат қилганди (Нахимиё 4:4). Нахимиё Яҳованинг қуйидаги ваъдасига қаттиқ ишонган: «Интиқом Менинг қўлимдан, Сазосини Мен бераман, — дейди Худованд» (Ибронийларга 10:30; Амрлар 32:35). Нахимиё ва унинг одамлари Қуддус деворларини қуришни давом эттиришди. Уларга кимдир халал етказишига йўл қўймадилар. Натижада улар деворни ярмигача кўтариб қўйишди. Бунга қарамай одамларнинг ғайрати сўнмаганди (Нахимиё 4:6). Ҳақ топинишнинг душманлари қурилишни тўхтата олишмади! Нахимиёдан қандай ўрнак олса бўлади?
8. а) Душманлар бизга туҳмат қилишганда биз Нахимиёдан қандай ўрнак олишимиз мумкин? б) Ёмонликка ёмонлик билан қайтармаслик оқилона эканлигини кўрсатувчи бирор воқеани айтиб беринг.
8 Бугун ҳам бизни мактабда, ишда ёки уйда мазах қилишлари ва айблашлари мумкин. Аммо бундай туҳмат гапларга жавобан, Муқаддас Китобнинг қуйидаги маслаҳатига амал қилиш фойдалидир: «Сукут сақлашнинг ҳам... вақти бор» (Воиз 3:7). Бинобарин биз ҳам, Нахимиё каби кинояга киноя билан жавоб қайтармаймиз (Римликларга 12:17). Биз Яҳованинг: «Сазосини Мен бераман»,— деган ваъдасига ишониб, Унга ибодат қиламиз (Римликларга 12:19; 1 Бутрус 2:19, 20). Шундай қилиб, душманларимиз бизга хушхабарни ваъз қилиш ва шогирд орттириш ишини бажаришда халал етказишларига йўл қўймаймиз (Матто 24:14; 28:19, 20). Масхара қилишларига ва таҳдидларга қарамай, воизлик хизматида иштирок этиш билан, биз Нахимиё каби Яҳовага садоқатимизни намоён қилган бўламиз.
Душманлар қурилишни тўхтатмоқчи
9. Душманлар Нахимиёга қандай қаршилик кўрсатишди ва у жавобан нима қилди?
9 Нахимиё давридаги ҳақ топинишнинг душманлари Қуддус деворлари қайта қурилаётганини эшитишганда, бу шаҳарга қарши жанг қилмоқчи бўлишди. Шимолдан самарияликлар, шарқдан оммонликлар, жанубдан араблар, ғарбда эса ашдодликлар қуршаб олишганди. Яҳудийлар гўё танг аҳволда қолишганди. Қурувчилар тузоққа тушгандай бўлишди. Нима қилиш керак? Улар Яҳовага ибодат қилишган. Душманлар уларни ўлдириб, қурилишни тўхтатмоқчи эдилар. Шунда Нахимиё шаҳарни қўриқлаш учун қурувчиларнинг қўлларига қилич, найза ва камон тутқазди. Одамнинг нуқтаи назари билан қараганда, яҳудийлар ўзларидан бир неча баробар кўп душманларига бас кела олмайдигандек туюларди. Лекин Нахимиё уларни қўрқмасдан Худога умид боғлашга ундади (Нахимиё 4:7–9, 11, 13, 14).
10. а) Нимага душманлар ҳужум қилмасликка қарор қилишди? б) Нахимиё қандай чоралар кўрди?
10 Бироқ вазият кутилмаганда ўзгарди. Душманлар ҳужум қилмасликка қарор қилишди. Нега? Чунки Худо уларнинг режасини барбод қилди. Аммо душманлар барибир хавф туғдиришини Нахимиё биларди. Шунинг учун, у ишга бошқача ёндашди, яъни яҳудийлар бир қўлида найза ушлаб, иккинчи қўли билан қуришни давом эттиришарди. Шунингдек, Нахимиё қурувчиларни бирор хавфдан огоҳ этиш учун бир карнайчини тайинлади. Энг асосийси эса у яҳудийларни Худо Ўз халқи учун курашишига ишонтирди (Нахамиё 4:15–20). Қурувчилар душманнинг ҳамласини қайтаришга тайёр ҳолда, ғайрат билан ишни бажаришарди. Биз бундан нимани ўрганишимиз мумкин?
11. Яҳова Шоҳидларининг фаолияти тақиқланган давлатларда имондошларимиз ваъз қилишни давом эттиришларига нима ёрдам беряпти?
11 Ҳозирги кунда ҳам Худонинг хизматчилари қувғинларга дуч келишмоқда. Баъзи давлатларда ҳақ топинишнинг ашаддий душманлари енгиб бўлмайдигандек кўринади. Инсоний нуқтаи назар билан қараганда, бу давлатлардаги имондошларимиз уларга бас кела олмаётгандек туюлади. Аммо улар Яҳова Ўз халқи учун курашишига аминлар. Имони учун қувғинга дуч келганлар, Яҳова уларнинг ибодатига жавоб бериб, душманларининг ниятини барбод этаётганига такрор-батакрор амин бўлмоқдалар. Ҳаттоки Яҳова Шоҳидларининг фаолияти тақиқланган давлатларда ҳам, имондошларимиз ваъз қилиш имконини топишмоқда. Қуддусдаги қурувчилар ишга бўлган ёндашувини ўзгартиришгани каби, Яҳованинг Шоҳидлари ҳам, таъқибларга рўбарў келганда, ваъз қилиш услубини янги вазиятга мослаштиришади. Албатта бунинг учун улар қуролдан фойдаланишмайди (2 Коринфликларга 10:4). Улар ҳатто жисмоний зарар кўришдан ҳам кўрқишмайди (1 Бутрус 4:16). Ушбу жасоратли биродару опа-сингилларимиз «ёмонликни яхшилик билан мағлуб қилишмоқда».
Душманларнинг ҳийлалари
12, 13. а) Нахимиёнинг душманлари қандай ҳийла ишлатишди? б) Нега у рақибларининг таклифини рад этди?
12 Нахимиёнинг душманлари тўғридан-тўғри ҳужум қилиш самара келтирмаганини кўриб, ҳийла ишлатишга қарор қилишди. Улар учта услубни қўллашди. Бу қандай услублар экан?
13 Биринчидан рақиблар Нахимиёни алдамоқчи бўлдилар. Улар келишмовчиликларни бартараф қилиш учун Нахимиёни бир текисликка таклиф қилишади. Бу текислик Самария ва Яҳудиядан бир хил узоқликда жойлашган эди. У: «Рақибларим билан жанг қилиш ўрнига уларнинг таклифини қабул қилиш оқилона бўлади»,— деб ўйлаши мумкин эди. Лекин Нахимиё уларнинг ғараз ниятини, унга зиён етказиш мақсадларини англаб, таклифни рад қилди. У рақибларига жиддий иш билан банд эканини тўрт маротаба айтди. Душманлари уни кўндира олмадилар. Дарҳақиқат, у қурилиш ишлари билан тўлиқ банд эди (Нахимиё 6:1–4).
14. Нахимиё туҳматларга қандай муносабатда бўлган?
14 Иккинчидан, душманлар Нахимиё форс шоҳи Ахашверашга қарши чиқмоқчи эканлиги ҳақида миш-мишлар тарқатишди. Улар, маслаҳатлашиш учун яна бир бор Нахимиёни учрашишга таклиф қилишди. У бу сафар ҳам душманларининг режасини фош этди. Яъни улар яҳудийларни қўрқитиб, ишга бўлган ҳафсаласини пир қилмоқчи эдилар. Лекин бу сафар Нахимиё душманларининг айбловларини рад этиб, бундай сафсатани ўзлари ўйлаб чиққанини айтди. Шунингдек Нахимиё, Яҳовага мурожаат қилиб, уни қуллаб-қувватлашини сўради. У Яҳованинг ёрдами билан рақибларининг ёвуз ниятларини бузиб, қурилишни давом эттира олишига ишонарди (Нахимиё 6:5–9).
15. Сохта пайғамбар Нахимиёга қандай маслаҳат берди ва нега Нахимиё унга қулоқ солмади?
15 Учинчидан, душманлар Шамаё исмли исроиллик сотқин орқали Нахимиёни Худонинг қонунини бузишга ундамоқчи эди. Шамаё Нахимиёга душманлар уни ўлдирмоқчи эканини айтиб, Худонинг маъбадига бориб яширинишни таклиф қилди. Агар у Худонинг маъбадига кирса, гуноҳ қилган бўларди. Чунки Нахимиё руҳоний эмасди. Нахимиё ўз жонини сақлаб қолиш учун Худонинг қонунини бузармикин? У маъбадда яширинишни қатъий рад этди. Бўлмаса қандай қилиб Нахимиё бундай тузоқдан қутула олди? Гарчи Шамаё исроиллик бўлса-да, Нахимиё уни Худо юбормаганини биларди. Зеро ҳақиқий пайғамбар ҳеч қачон Худонинг қонунини бузишга даъват қилмаган бўлар эди. Нахимиё душманлари унинг устидан ғалаба қозонишига йўл қўймади. Шундай қилиб, девор яҳудийларнинг календари бўйича 6- ойнинг 25- кунида, 52 кун ичида қуриб битказилди (Нахимиё 6:10–15; Саҳрода 1:51; 18:7).
16. а) Сохта дўстлар, туҳматчилар ва ўзини биродар қилиб кўрсатадиганлар билан қандай йўл тутиш керак? б) Уйда, мактабда ёки ишда ўз эътиқодимизга қарши йўл тутмоқчи эмаслигимизни қандай кўрсатсак бўлади?
16 Нахимиё каби биз ҳам сохта дўстлар, туҳматчилар ва ўзини биродар қилиб кўрсатадиганларнинг қаршиликларига дуч келамиз. Улардан баъзилари имонимизга зид йўл тутишга ундашлари мумкин. Эҳтимол, улар Яҳовага камроқ хизмат қилиб, бу дунёда ҳам бирор нарсага эришишга муваффақ бўлишимизга ишонтиришга уринар. Бироқ Худонинг Шоҳлиги ҳаётимизда биринчи ўринда тургани сабабли, биз уларга ён бермаймиз (Матто 6:33; Луқо 9:57–62). Душманлар биз тўғримизда туҳмат гапларни тарқатишади. Масалан рақиблар Нахимиё халқни шоҳга қарши чиқишга ундаяпти, деб миш-миш тарқатгани каби, баъзи давлатларда ҳам, биз ҳокимиятга хавф туғдиряпмиз деб ёлғон гап тарқатишлари мумкин. Айрим айбловлар судларда ноҳақ эканлиги исботланди. Лекин баъзи ҳолларда натижа қандай бўлишига қарамай, Яҳовага ибодат қилиб, ҳодисаларни Ўз иродаси бўйича йўналтиришини сўраймиз (Филиппиликларга 1:7). Қаршиликлар ҳатто Яҳовага хизмат қиляпман деганлардан ҳам чиқиши мумкин. Нахимиёнинг бир юртдоши уни Худонинг амрини бузиб, ҳаётини сақлаб қолишга ундагани каби, қачонлардир имондошимиз бўлган муртадлар ҳам, эътиқодларимизга қарши йўл тутишга рағбатлантириши мумкин. Бироқ биз муртадларга қулоқ солмаймиз, зеро биламизки Худонинг қонунларини бузиш эмас, балки бажариш орқали ҳаётимизни асраб қоламиз (1 Юҳанно 4:1). Ҳақиқатан ҳам, Яҳованинг мадади билан ҳар қандай ёвузликни енга оламиз!
Қаршиликка қарамай ваъз қиламиз
17, 18. а) Шайтон ва унинг тарафдорлари қайси мақсадга эришмоқчи? б) Сиз нима қилишга қарор қилдингиз ва нега?
17 Худонинг Каломида мойланганлар ҳақида қуйидагича айтилган: «Ўзларининг шаҳодат каломи билан уни [Шайтонни] енгдилар» (Ваҳий 12:11). Бу оятдан кўриниб турганидай, Шайтон устидан ғалаба қозониш, хушхабарни ваъз қилиш билан чамбарчас боғлиқ. Шу сабабли Шайтон, мойланганларга ҳамда «улкан бир оломон»га қаршилик қилаётгани ажабланарли эмас. (Ваҳий 7:9; 12:17).
18 Муҳокама қилиб чиққанимиздай, қаршилик, дўқ-пўписа, жисмоний зарар шунингдек яширин шаклда бўлиши мумкин. Қандай бўлмасин, Шайтоннинг мақсади — воизлик хизматини тўхтатиш. Бироқ у албатта мағлубиятга дучор бўлади. Чунки Худонинг халқи Нахимиё каби, «ёмонликни яхшилик билан мағлуб қилиб», хушхабарни ваъз қилишни Яҳова тўхтатмагунига қадар давом эттиришга қатъий қарор қилганлар (Марк 13:10; Римликларга 8:31; Филиппиликларга 1:27, 28).
[Изоҳ]
a Бу воқеаларни яхшироқ тасаввур қилиш учун «Муқаддас Китоб ҳикоялари» китобининг 83- ҳикоясини ўқиб чиқинг.
Ёдингиздами?
• Худонинг хизматчилари ўтмишда ва ҳозирги кунда қандай қаршиликларга дуч келишмоқда?
• Нахимиё душманларининг асосий мақсади қандай эди ва Худонинг бугунги кундаги рақиблари нимага эришишмоқчи?
• Биз қандай қилиб ёмонликни яхшилик билан мағлуб қиляпмиз?
[29- саҳифадаги рамка ва расм]
Нахимиё китобидан сабоқлар
Худонинг хизматчилари қуйидагиларга дуч келишяпти:
• мазахлар
• таҳдидлар
• ёлғонга
Ёлғонни бундай кимсалар ишлатишади:
• сохта дўстлар
• туҳматчилар
• муртадлар
Худонинг хизматчилари
• Унинг топшириғини бажаришни давом эттириб,
ёмонликни мағлуб қилишмоқда
[27- саҳифадаги расм]
Нахимиё ва унинг одамлари ашаддий қаршиликка қарамай, Қуддус деворларини тиклашди
[31- саҳифадаги расм]
Яҳованинг Шоҳидлари қўрқмасдан хушхабарни ваъз қилишмоқда