Шайтон бошқарувининг ҳалокати муқаррар
Фосиқларга эса яхши бўлмайди. ВОИЗ 8:12, 13
1. Фосиқлар ҳукм қилиниши тўғрисидаги хабар нега бизга тасалли бахш этяпти?
ЭРТАМИ-КЕЧМИ фосиқлар ҳукм этилиб, қилмишлари учун жавоб беришларига тўғри келади (Ҳик. 5:22; Воиз 8:12, 13). Бу, қанчалик тасалли берадиган хабар! Ахир, адолатсизлик ва қўпол муносабат дастидан қанчадан-қанча одам сиқилиб юрибди-ку! Аввало, ҳамма фосиқлардан ҳам ёлғоннинг отаси бўлмиш, Шайтон Иблис ҳукм қилиниши адолатдандир (Юҳан. 8:44).
2. Адан боғида кўтарилган масала ҳал қилинишига нега вақт талаб этилган?
2 Ўзини ҳаммадан ақлли деб билган Шайтон, Адан боғида бўлганида, одамларни Яҳованинг ҳукмронлигини рад этишга ундаган. Натижада илк ота-онамиз, ушбу муттаҳам исёнкорга қўшилиб, Худонинг назарида гуноҳкорларга айланишди (Рим. 5:12–14). Уларнинг бундай ҳурматсизлиги қандай оқибатларга олиб келишини Тангримиз Яҳова жуда яхши билган. Бироқ, ушбу оқибатлар тўғрисида онгли мавжудотларнинг бари билиб олишлари керак эди. Бунинг учун эса, вақт талаб этиларди. Зеро, мунозарали масала ҳал қилиниб, исёнкорлар умуман нотўғри йўл тутишгани исботланиши лозим бўлган.
3. Ҳукмрон ҳокимиятга муносабатимиз қандай?
3 Одамлар Яҳованинг ҳукмронлигини рад этишган экан, бошқариш учун турли ҳокимиятларни ўрнатишга тўғри келган. Ҳаворий Павлус, Римдаги имондошларига мактуб ёзганида, «ҳукмрон ҳокимият» тўғрисида айтиб ўтган. У яшаган замонда асосан Рим ҳокимияти бўлиб, уни милодий 54–68- йилларда Нерон императори бошқарарди. Павлуснинг айтганидек, бундай «ҳокимиятларнинг ҳаммасини Худо тайин этган» (Римликларга 13:1, 2 ўқинг). Қизиқ, Павлус бу гаплари билан одамларнинг ҳокимиятини, Худонинг бошқарувидан ҳам аъло деб, унинг томонида бўлганми? Асло. Зотан у, Яҳова ушбу ҳокимиятларнинг бор бўлишига йўл қўйиб берганини назарда тутиб, масиҳчилар «Худонинг амрига» қулоқ солиш ва ҳокимиятга бўйсуниш кераклигини айтган.
Ҳалокатга етаклайдиган йўл
4. Нега инсоният бошқаруви ҳалокатга мубтало? Тушунтиринг.
4 Нима бўлганда ҳам, Шайтон таъсири остида бўлган инсоният бошқаруви ҳалокатга учраши муқаррар. Ҳамма гап, бу ҳокимиятнинг Худо донолигига таянмаслигидадир. Зеро, фақатгина Яҳова Таоло мукаммал доноликка эга. Шунинг учун, ишончли раҳбарликни танҳо Яҳованинг Ўзи бизга тақдим эта олади (Ерм. 8:9; Рим. 14:27). Масалан, инсонлар бир нарсани қилишдан олдин, кўпинча хатоларга йўл қўйиб мақсадга эришадилар. Лекин, қайси йўл энг зўр эканини ҳамиша Тангри Яҳова аниқ билади. Ҳар қанақа ҳокимият Унинг раҳбарлигига бўйсунмаса, мағлубиятга учраши муқаррар. Шайтоннинг ёмон ниятини эътиборга олмасак ҳам, унинг одамлар орқали ўз бошқарувини ўрнатиши азалдан ҳалокатга мубталодир.
5, 6. Нима сабабдан Шайтон Яҳовага қарши чиқди?
5 Ўйлаб кўринг, олдиндан ҳалокатга олиб келадиган ишга ақлли киши қўл урармиди? Қайдам. Мабодо, у таваккал қилса, хатога йўл қўйишини тан олиши керак бўлади. Ахир, Қодир Эгамизга қарши туриш, бефойда эканини минг маротаба тарих исботлаб берган-ку! (Ҳикматлар 21:30 ўқинг). Аммо-лекин, мағрурланиб кетган Шайтон, Яҳовадан юз ўгирган. Шу тариқа, у била туриб ҳалокатга элтувчи йўлни танлади.
6 Кейинчалик, Бобил шоҳи ҳам Шайтонга хос бўлган манманликни акс эттирган эди. У ҳатто осмонга чиқиши ва Худонинг юлдузларидан ҳам юқорида ўз тахтини ўрнатиб, Унга ўхшаб қолиши ҳақида мақтанган (Ишаё 14:13–15). Охири, унинг бўлмағур ниятлари пучга чиқиб, Бобил шоҳларининг сулоласи ҳам ўз якунига етди. Шунга ўхшаб, Шайтон ва ёвуз дунё яқин орада шармандаю шармисор бўлади.
Нега бунга йўл қўйилган?
7, 8. Яҳова ёмонликка вақтинча йўл қўйиб бергани қандай фойда келтирди?
7 Баъзилар, нега энди Яҳова, одамлар Шайтоннинг томонига ўтиб, охирати аянчли бўладиган бошқарувни танлашларига йўл қўйиб берган, деб бош қотиришади. Шак-шубҳасизки, Яҳова бунинг олдини олишга қодир эди (Чиқ. 6:3). Лекин, У бундай қилмаган. Боиси, исёнкорларнинг ишларига аралашмаслик кейинчалик фойда келтиради, дея доно қарор чиқарган. Вақти келиб, Яҳова адолатли ва меҳрибон Шоҳ сифатида оқланади. Бу эса, Унга содиқ бўлган кишиларга кўпдан-кўп баракалар келтиради.
8 Бир ўйлаб кўринг, одамлар Шайтон таклиф қилган барча нарсадан бош тортиб, Худонинг бошқарувидан мустақил бўлиш учун курашмаганида, анчагина азоб-уқубатдан ҳоли бўлишарди-я! Ҳар ҳолда, Аллоҳ инсоният вақтинча ўзини бошқаришига қўйиб бергани фойдасиз бўлмади. Чунки, шу туфайли самимий одамлар, Худога қулоқ солиш ва Унга таяниш қанчалик оқилона эканини билиб олдилар. Асрлар мобайнида инсонлар, бошқарувнинг турли усулларини қўллаб кўришди, аммо ҳеч қайсиниси кўнгилдагидек бўлмади. Бу, Яҳова хизматчиларининг имонига имон қўшди, чунки Унинг бошқаруви чиндан ҳам энг зўр эканида улар амин бўлишди. Яҳова, Шайтоннинг вақтинча ҳокимлик қилишига йўл қўйиб бергани одамларга, жумладан Унга топинаётганларга ҳам кўп қийинчиликлар келтирди. Бироқ, бу Худонинг садоқатли хизматчиларига ҳам фойда келтирди.
Яҳованинг шарафланишига олиб келган исён
9, 10. Шайтоннинг бошқаруви қандай қилиб Яҳовани шарафлаганини тушунтиринг.
9 Яҳова, одамларнинг Шайтон таъсири остида бўлишларига йўл қўйиб бергани, Унинг бошқарувига заррача ҳам доғ туширмади. Аксинча, тарих давомида инсонлар ўзларини бошқара олишмаслиги исботланди. Қаранг, Еремиё пайғамбар муқаддас руҳ таъсири остида айтган гаплари тўғри бўлиб чиқди (Еремиё 10:23 ўқинг)a. Қолаверса, Шайтоннинг исёни, Тангри Яҳова бетакрор фазилатларини ёрқин тарзда намоён этишига имкон яратди. Қанақасига, деб қизиқаётгандирсиз?
10 Шайтон бошқаруви келтираётган мусибатларни айтмайсизми?! Унинг олдида, Яҳованинг ажойиб фазилатлари янада ёрқин намоён бўлмоқда. Бу эса, Уни севган кишиларнинг меҳрини кўпайтирмоқда. Қанчалик ғалати туюлмасин, Шайтоннинг бошқаруви Аллоҳнинг шарафланишига хизмат қилган. Яҳова мунозарали масалани ҳал қилаётиб, жудаям доно қарорлар чиқарган. Буни яхшироқ тушуниш мақсадида, ҳозир Яҳованинг айрим фазилатларини қисқача кўриб чиқамиз. Боз устига, Шайтоннинг ҳокимияти, Худони бу хислатларни ажойиб тарзда намоён этишга қандай қилиб ундаганини ҳам билиб оламиз.
11. Худонинг севгиси нимада намоён бўляпти?
11 Севги. Инжилда: «Худонинг Ўзи севгидир»,— деб ёзилган (1 Юҳан. 4:8). Айнан севги туфайли, Аллоҳимиз одамларни ажойиб қилиб яратган. Бундан ташқари, инсонлар бахтли бўлиб яшаши учун жозибали уйни севги ила уларга ато этган (Ибт. 1:29–31; 2:8, 9; Заб. 138:14–16). Лекин, одам оиласида ёвузлик илдиз отганда, Яҳова севгисини бошқача қилиб кўрсатган. Бу борада, ҳаворий Юҳанно Исонинг гапларини келтирган: «Зеро Худо оламни шунчалик севдики, Ўзининг ягона Ўғлини берди, токи Унга ишонган ҳар бир киши ҳалок бўлмасин, балки абадий ҳаётга эга бўлсин» (Юҳан. 3:16). Гуноҳкор бандаларни халос этиш учун, Худойимиз бундан ҳам юксакроқ тарзда Ўз севгисини намоён эта олармиди-а?! (Юҳан. 15:13). Бу нақадар зўр сабоқ! Демак, биз ҳам, Исо каби бундай фидокорона севгини ўз ҳаётимизда акс эттира оламиз (Юҳан. 17:25, 26).
12. Яҳованинг куч-қудрати нимада акс этмоқда?
12 Куч-қудрат. Фақат Аллоҳ ҳаёт бахш этади. Зеро, У «ҳар нарсага қодир Сарвари коинот!» (Ваҳ. 11:17; Заб. 35:10). Ҳар бир киши туғилганида, худди тоза бир қоғозга ўхшайди. Унинг ўлимигача, ушбу қоғоз чиқарилган қарор, қилинган иш ва шахсиятини шаклланишига ҳисса қўшган воқеаларга тўла бўлади. Яҳова бу маълумотни Ўз хотирасида сақлаб, вақти келганда кишига хос бўлган хусусиятлар билан тирилтиради (Юҳан. 5:28, 29). Гарчи, одамларнинг ўлими Яҳованинг илк мақсадига кирмаган бўлса-да, У ўлимдан ҳам қудратлироқдир. Ҳа, Яҳова «ҳар нарсага қодир Сарвари коинот!»
13. Нега Исонинг қурбонлиги Яҳованинг адолатидан далолат беряпти деса бўлади?
13 Адолат. Тангри Яҳова ҳечам алдамайди ҳам, адолатсиз йўл тутмайди ҳам (Амр. 32:4; Титус. 1:2). Худойимиз доим, ҳатто Унга қимматга тушган пайтларда ҳам, ҳақиқат ва адолатнинг юксак меъёрларига амал қилади (Рим. 8:32). Дарҳақиқат, ягона Ўғлининг азоб чекиб ўлганини кўриш, Яҳовага ниҳоятда оғир ботган! Бунинг устига, Исо Масиҳ Худога куфр келтиряпти деб айбланган. Бироқ, Яҳова номукаммал инсонларни севганидан буларнинг барига йўл қўйиб берган. Дарҳақиқат, адолатли юксак меъёрлар Эгамиз учун ҳамма нарсадан устундир (Римликларга 5:18, 19 ўқинг). Адолатсизликка тўлиб-тошган бу дунё, Яҳова нақадар одил Худованд эканини исботлашига имкон берди.
14, 15. Яҳованинг донолиги ва сабр-тоқати нималарда кўриняпти?
14 Донолик. Илк жуфтлик гуноҳ қилиб қўйганидан сўнг, Яҳова улар кўтарган исённинг аянчли оқибатларини қандай бартараф этишини эълон қилган (Ибт. 3:15). Эгамизнинг қўл қовуштириб ўтирмай, Ўз хизматчиларига мақсадининг тафсилотларини ойдинлаштириб келгани, донолигини яққол кўрсатяпти (Рим. 11:33). Муаммоларни аъло даражада ҳал қилишга Аллоҳга ҳеч нарса тўсқинлик қила олмайди. Ахлоқсизлик, уруш, бемаънилик, ўзбошимчалик, жабр-зулм, ғаразгўйлик ва иккиюзламачилик ҳукм сурган бу дунёда, чинакам донолик нима эканини кўрсатиш учун Яҳовада роса кўп имкон бўлган. Инжилда шуларни ўқиймиз: «Юқоридан тушган донолик эса, биринчидан покдир. Иккинчидан эса муросали, мулойим, бўйсунувчан, тўла меҳр-шафқатли, яхши самаралар билан тўлиб-тошган, беғараз ва риёсиздир» (Ёқб. 3:17).
15 Сабр-тоқат. Одамларнинг номукаммаллиги, гуноҳлари ва камчиликларига рўбарў келиб, Яҳова сабр-тоқат фазилатини ажойиб тарзда намоён этган. Худонинг минглаб йиллар давомида кутишга тайёрлиги, У ҳақиқатдан ҳам сабр-тоқатли эканини исботламоқда. Ҳа, Аллоҳимиз ҳамма нарсани чидаб келаётганидан миннатдормиз! Зотан, ҳаворий Бутрус: «Раббимизнинг сабр-тоқатини қутулиш фурсати деб ҳисобланглар»,— дея бежиз айтмаган (2 Бутр. 3:9, 15).
16. Яҳова кечиришга тайёр эканини билиш нега қувончли?
16 Кечиришга тайёр. Маълумки, ҳаммамиз гуноҳкормиз ва тез-тез хатоларга йўл қўйиб турамиз (Ёқб. 3:2; 1 Юҳан. 1:8, 9). Яҳова бизни кечиришга тайёр. Бу учун, Унга минг қатла шукур деймиз! (Ишаё 55:7). Тўғри барчамиз гуноҳкор бўлиб туғилганмиз, лекин Худо хатоларимизни кечирганини ҳис этганимизда, бошимиз осмонга етади (Заб. 50:7, 11, 19). Шу йўсин, Яҳовага бўлган севгимиз янада жўш уриб, бошқаларга нисбатан ҳам худди шундай муносабатда бўлишга чорлайди (Колос. 3:13).
Нега дунё касал?
17, 18. Нега Шайтоннинг ҳукмронлиги мағлубиятга учради?
17 Мана неча асрлар оша, Шайтон дунёсининг келажаги йўқлиги исботланмоқда. 1991- йилда чоп этилган бир газетада қуйидагича ёзилган: «Дунё касалми? Ҳа, аммо... бунда Худонинг айби йўқ, унинг касал бўлганида дунёдаги халқлар сабабчидир» («The European»). Қандай тўғри айтилган сўзлар! Минг афсуски, Шайтоннинг таъсири остида ота-боболаримиз Яҳова ҳукмронлигининг ўрнига инсоният бошқарувини афзал деб топишган. Шундай қилиб, улар ҳалокатга олиб келадиган ҳокимиятга асос солиб беришган. Бутун дунёдаги одамларнинг аҳволи, инсоният бошқарувига даҳшатли касаллик юққанидан далолатдир.
18 Шайтоннинг ҳукмронлиги одамларни худбинликка чорлайди. Бироқ, худбинлик севги устидан ҳеч қачон ғалаба қозонмайди, чунки севги Яҳова бошқарувининг негизидир. Шуни айтиш жоизки, Шайтоннинг ҳокимлиги инсониятга на бахт ва на хавфсизлик келтира олди. Ҳа, Тангри Яҳованинг бошқаруви оқланди! Бугунги кунда бунинг қандай исботлари бор? Буни кейинги мақоладан билиб оламиз.
[Изоҳ]
a Еремиё 10:23, ЯДТ: «Ё Раббим Яҳова, аниқ биламан, инсоннинг ихтиёрида эмас унинг йўли. Йўловчи ўз қадамларини йўналтиришга қодир эмас».
Ҳукмронлик борасида нимани билиб олдик:
[25- саҳифадаги расмлар]
Шайтоннинг бошқаруви инсониятга бахт келтирмади
[Расм манбалари]
U.S. Army photo
WHO photo by P. Almasy
[26- саҳифадаги расм]
Яҳова Таоло ўлимдан ҳам қудратлироқ
[27- саҳифадаги расм]
Яҳова Ўғлини қурбонликка келтирганда, севги ва адолатини яққол намоён этган