Яҳованинг саволларига қандай муносабатдамиз?
МУҚАДДАС КИТОБДА инсон ҳаётини ўзгартиришга қодир бўлган кўпгина саволлар бор. Зеро Яҳова Таолонинг Ўзи ҳам саволлар ёрдамида муҳим нарсаларга ўргатади. Масалан, Қобилни ёмон йўлдан қайтариш учун, У бир нечта саволлардан фойдаланган эди (Ибт. 4:6, 7). Баъзан, Тангри Яҳова саволлар орқали инсонни эзгу ишлар қилишга ундаши мумкин. Бир куни Худованд, Унинг ишини қилишга ким боришга тайёр эканини сўраганида, Ишаё пайғамбар топшириқни бажаришга хоҳиш билдирди (Ишаё 6:8).
Буюк Устозимиз Исо ҳам саволлардан моҳирона фойдаланарди. Инжилда 280 дан ортиқ Исонинг саволлари келтирилган. Тўғри, Исо танқид қилувчиларнинг оғзини беркитиш учун саволлар берарди. Лекин, шу билан биргаликда саволлар орқали тингловчиларни забт этиб, уларни маънавий нарсалар ҳақида чуқур мулоҳаза юритишга ундарди (Мат. 22:41–46; Юҳан. 14:9, 10). Ҳаворий Павлуснинг Инжил таркибига кирган 14 та китобида ҳам, фикр юритишга ундовчи саволлар кам эмас (Рим. 10:13–15). Мисол учун, унинг римликларга йўллаган мактубида турли саволларни топишимиз мумкин. Павлус, саволлар ёрдамида тингловчиларни «Худонинг саховату ҳикмати ҳамда билимининг чуқурлигини» англашга чорлаган (Рим. 11:33).
Баъзи саволларга дарров жавоб берса бўлади, айримларига эса чуқур мулоҳаза юритишга тўғри келади. Инжилдаги Исонинг саволлари ҳам кенг маънога эгадир. Бир куни у, шогирдларини: «Менга қаранглар, фарзийларнинг ва Ҳироднинг хамиртурушидан эҳтиёт бўлинглар!» — деб огоҳлантирганида, уларнинг иккиюзламачилиги ва сохта таълимотларини назарда тутган эди (Марк 8:15; Мат. 16:12). Бироқ шогирдлар буни тушунмай, нон олиб келиш эсларидан чиққани учун бир-бири билан баҳслашиб кетишди. Шунда, Исо қуйидаги саволлар ёрдамида шогирдларини ўйга солди: «Нега сизлар, нонимиз йўқ, деб қайғураяпсизлар? Ҳали ҳам тушунмаяпсизларми, англамаяпсизларми? Ҳали ҳам юрагингиз сўқирми? Наҳотки кўзларингиз бўлиб, кўрмайсизлар, қулоқларингиз бўлиб, эшитмайсизлар? [...] Ҳали ҳам англамадингларми?» Исо, айтган гапларнинг асл моҳияти нимада эканини тушунтириш учун шогирдларига саволлар берган (Марк 8:16–21).
Яҳова Аюбга саволлар беряпти
Яҳова Таоло Аюбнинг фикрлаш тарзини тузатиш учун саволлардан фойдаланган эди. Бир нечта саволлар ёрдамида қудратли Парвардигор, пайғамбар Унинг олдида ожиз бир банда эканини яна бир бор эслатди (Аюб 38–41- боблар). Албатта, Худо саволларига жавоб берилишини кутмаган. Масалан Яҳова, У Ер сайёрасини яратганида, Аюб қаерда бўлганини сўраганди. Бу билан Худо, Аюбнинг ҳиссиётларига таъсир қилиб, мулоҳаза юритишга ундамоқчи эди. У шунга ўхшаш бир қанча савол берса ҳам, Аюб чурқ этмасди. Охири, у қанчалик заиф эканини айтиб, саволларига жавоб бера олмаслигини тан олди (Аюб 38:4; 40:4). Бу Аюб учун сабоқ бўлиб, камтарин бўлишига ҳисса қўшди. Бироқ, Яҳова уни нафақат камтарин бўлишга ўргатган, балки унинг фикрлаш тарзини ҳам ўзгартирган. Қандай қилиб дейсизми?
Гарчи Аюб покдомон ва адолатли инсон бўлса-да, унинг гапларида нотўғри фикрлаш тарзи борлиги кўринди. Элиху пайғамбар бунга диққат қаратиб, Аюбга танбеҳ беришга мажбур бўлди (Аюб 1:8; 32:2; 33:8–12). Шундан кейин Яҳова Аюбга саволлар бериб, уни тўғри йўлга солди. Худованд, Унга маслаҳат беришга ва беъмани гапларни айтишга ким журъат этгани ҳақида Аюбдан сўради. Шундай қилиб, Яҳова саволлар ёрдамида Аюбнинг донолиги ва куч-қудрати Унинг ҳайратомуз ишлари олдида қанчалик аҳамиятсиз эканлигини кўрсатди. Аюб эса Яҳованинг гапларидан хулоса чиқариб, Унинг ҳукмларига таянишни бошлади ва бу хатосини иккинчи марта такрорламади. Ҳақиқатан ҳам, Қодир Тангри томонидан савол-жавоб қилиниш Аюб учун катта шараф эди!
Яҳова бизга ҳам саволлар бериши мумкинми?
Ахир, Муқаддас Китобдаги саволлар бизга қаратилган эмасми? Ҳа, улар фойдамиз учун бўлиб, барчамизни чуқур мулоҳаза юритишга ҳамда фикрлаш тарзимизни ўзгартиришга ёрдам беради. Бу эса ўз навбатида мўл-кўл қут-баракалар келтиради. Шу каби саволлар Муқаддас Китобнинг моҳиятини янада оширади. Бекорга ҳам: «Худонинг каломи жонли ва таъсирли... У юракнинг хаёлу ниятларини фош қилади»,— деб айтилмаган (Иброн. 4:12). Агар шундай саволлар фойда келтиришини хоҳласак, Яҳова шахсан бизга мурожаат қилаётгандек қабул қилишимиз керак (Рим. 15:4). Келинг, бир нечта саволларни кўриб чиқайлик.
«Сен бутун ернинг Ҳокимисан, шак-шубҳасизки, Сен адолат билан ҳукм қиласан» (Ибт. 18:25). Асл ибронийчада бу оят тасдиқ эмас, савол тариқасида эди. Яҳова Таоло Садўм ва Ғамўрани йўқ қилмоқчи бўлганида, Иброҳим ушбу савол билан Унга мурожаат қилганди. Қодир Тангри фосиқ билан солиҳни бирга қириб ташлаб, адолатсизлик қилишига пайғамбарнинг ҳеч ҳам ишонгиси келмасди. Иброҳим бу савол билан кучли имонини намоён этди.
Бугунги кунда ҳам баъзилар, Яҳова Таоло келажакда ҳукмларини амалга оширишини шубҳа остига қўйишмоқда. Мисол учун, улар Ҳор-Магидўнда ким омон қолиши ҳамда тирилиш бўлиши ҳақда баҳслашишлари мумкин. Бундай зарарли фикрлаш тарзининг тузоғига тушмаслик учун Иброҳимнинг саволини ёдда сақлайлик. Яҳова меҳрибон, адолатли ва раҳм-шафқатли эканини билиш, бизни ортиқча хавотир олишдан ҳамда гап-сўзлардан ҳимоя қилади.
«Сизлардан ким ташвишланиб, ўз умрини бир лаҳза бўлсин узайтира олар экан?» (Мат. 6:27). Исо Масиҳ халойиққа ҳамда шогирдларига юқоридаги саволни берганди. У, ташвишларимизни меҳрибон Яҳовага қўйиб бериш қанчалик муҳим эканини тушунтирмоқчи эди. Дарҳақиқат оғир кунларда яшар эканмиз, ҳар хил қийинчиликларга дуч келишимиз ҳеч гап эмас. Лекин ҳаддан ташқари ғам-ташвишга берилиш, ҳаётимизни узайтиришга ёки яхшилашга ҳисса қўшмайди.
Исонинг саволини эсда тутсак, ўзимизнинг ва яқинларимизнинг ташвишлари ҳақида кўп қайғурмаймиз. Қолаверса бу, салбий фикрлардан йироқлашишга ва соғлигимизни асрашга ёрдам беради. Наҳотки қушларнинг ризқини бераётган, даштдаги пиёзгулларнинг ўсишига ғамхўрлик қилаётган Отажонимиз Яҳова, ҳар биримизнинг эҳтиёжларимизни билмаса-я?! (Мат. 6:26–34).
«Кийимларни куйдирмасдан қўйинга чўғ солиб бўладими?» (Ҳик. 6:27). Ҳикматлар китобининг биринчи тўққизта бобида меҳрибон ота ўғлига доно маслаҳатлар бераётгани ҳақида ўқиймиз. Юқоридаги савол, зинонинг аянчли оқибатларидан огоҳлантирмоқда (Ҳик. 6:29). Агар ноз-карашма қилиб, ахлоқсиз ва беҳаё хоҳиш-истакларга берилсак, бу савол хатарли йўлда эканимизни тушунишга кўмаклашади. Мазкур савол чуқур маънога эга бўлиб, нафақат зинодан балки ёмон истаклар васвасига тушишдан бизни асраши мумкин. Ахир Худонинг Каломида: «Инсон нима экса, шуни ўради»,— деб бежиз айтилмаган-ку! (Галат. 6:7).
«Сен ким бўлибсанки, бошқа кишининг малайини тергайсан?» (Рим. 14:4). Ҳаворий Павлус римликларга йўллаган мактубида илк масиҳчилар жамоатида пайдо бўлаётган муаммолар ҳақида ёзганди. Имонлилар турли маданият ва миллатдан келиб чиққани учун, баъзилар бошқаларни ёки уларнинг қарорини ҳукм қилишга мойил эдилар. Шу сабабли Павлуснинг саволи, уларни бир-бири билан иноқ яшашга ва ҳукм қилишни Яҳованинг Ўзига топширишга ундарди.
Бугунги кунда ҳам Яҳованинг халқи турли миллат вакилларидан таркиб топган. Дарҳақиқат, Яҳованинг Ўзи бизни мана шундай катта ва аҳил оила қилиб бирлаштирди. Хўш, бу иноқликка биз ҳам ҳиссамизни қўшишга ҳаракат қиляпмизми? Мабодо, имондошларимизнинг виждонини ҳукм қилишга мойил бўлсак, Павлуснинг юқоридаги саволини эътиборга олайлик!
Саволлар Яҳова билан дўстлашишга кўмаклашади
Юқоридаги мисоллар ва Аллоҳнинг Каломидаги бошқа саволлар инсон ҳаётини тубдан ўзгартиришга қодир эканини яққол кўрсатиб турибди. Ҳар бир саволнинг матн таркибини кўриб чиқиш, уларни ўзимизнинг шароитимизда қўллашга ёрдам беради. Муқаддас Китобни ўқиётиб, ўзимизга қўшимча саволларни берайлик (14- саҳифадаги рамкага қ.).
Аллоҳ Каломидаги фойдали саволлар устидан чуқур мулоҳаза юритиш, юрагимиз ва онгимизга яхши таъсир қилади. Бу эса, Яҳованинг адолатли йўлларидан юришга кўмаклашади. Тангри Таоло Аюбга қатор саволлар берганидан сўнг, пайғамбар Худони янада яхшироқ билиб олганини айтди (Аюб 42:5). Ҳа, Аюб фақат Худованд адолатли эканини тан олиб, имони янада мустаҳкам бўлди. Исонинг шогирди Ёқуб ҳам: «Худога яқинлашинглар, шунда У сизларга яқинлашади»,— деб ёзган эди (Ёқб. 4:8). Келинг, Муқаддас Китоб ҳамда ундаги саволлар бизга таъсир қилишига йўл қўяйлик! Шунда маънан улғайиб, Яҳова билан қалин дўст бўла оламиз.
[14- саҳифадаги рамка]
Ушбу саволлар Тангри Яҳованинг нуқтаи назари билан қарашга кўмаклашади
▪ «Куйдириладиган ва бошқа қурбонликлардан кўра, Эгамиз Ўзига итоат этганлардан шод бўлмасми?!» (1 Шоҳ. 15:22).
▪ «Кўзни яратган кўрмайдими?» (Заб. 93:9).
▪ «Ўзини доно деб ўйлайдиганни кўрганмисан?» (Ҳик. 26:12).
▪ «Наҳотки шундан сен хафа бўлдинг?!» (Юнус 4:4).
▪ «Агар инсон бутун дунёни эгалласа-ю, ўз жонига зарар етказса, бундан қандай наф кўради?» (Мат. 16:26).
▪ «Худонинг севгисидан бизни ким жудо қилар экан?» (Рим. 8:35).
▪ «Худодан олмаган ниманг бор экан?» (1 Кор. 4:7).
▪ «Нур билан қоронғилик орасида қандай умумийлик бўлиши мумкин?» (2 Кор. 6:14).
[15- саҳифадаги расм]
Аюб Яҳованинг саволларидан қандай сабоқ олди?