Ўқувчиларнинг саволлари
Ҳаворий Павлуснинг 1 Коринфликларга 15:29 даги сўзларидан ўша пайтдаги айрим масиҳийлар ўлганлар учун сувга чўмишган, деб хулоса қилса бўладими?
Муқаддас Китобда ҳам, тарихда ҳам бунинг исботи йўқ.
Кўп Муқаддас Китобларда бу оят қандай ўгирилгани айрим инсонларнинг илк масиҳийлар ўлганлар учун сувга чўмишган, деган хулосага келишига сабаб бўлган. Мисол учун, бир таржимада шундай дейилган: «Баъзиларингиз ўлганлар учун сувга чўмдирилаётган экансиз. Ўликлар тирилмас экан, уларнинг ўрнига чўмдирилишнинг қандай фойдаси бор?» (Муқаддас Китобни таржима қилиш институти)
Бироқ иккита илоҳиётшуноснинг шарҳларига эътибор беринг. Доктор Грегори Локвуднинг айтишича, кимдир ўлган киши учун сувга чўмганини на Муқаддас Китоб, на тарих исботлайди. Бошқа бир илоҳиётшунос, профессор Гордон Фи бу фикрга қўшилади. Унинг ёзишича, Муқаддас Китобда ҳам, тарихда ҳам бундай сувга чўмиш намунаси мавжуд эмас. Унинг айтишича, Янги аҳдда бу ҳақда ҳеч қачон гап юритилмаган ва илк масиҳийлардан кимдир ёки ҳаворийларнинг ўлимидан сўнг кўп ўтмай ташкил этилган бирон-бир черков бундай қилганининг тасдиғи йўқ.
Муқаддас Китобда айтилишича, Исо издошларига шундай амр берган: «Барча халқлардан шогирд тайёрланглар. Уларни... сувга чўмдиринглар. Мен сизларга амр этган ҳамма нарсага амал қилишни уларга ўргатинглар». (Мат. 28:19, 20) Инсон сувга чўмган шогирд бўлиши учун Яҳова ҳамда Унинг Ўғли ҳақида билим олиши, уларга ишониши ва итоаткор бўлиши даркор. Ўлган ва қабрда ётган инсон учун бу имконсиз; ҳаёт бўлган масиҳий ҳам марҳумнинг ўрнига буни қила олмайди. (Воиз 9:5, 10; Юҳан. 4:1; 1 Кор. 1:14–16)
Унда Павлус нима демоқчи бўлган?
Айрим коринфликлар ўлганларнинг тирилишини инкор этишган. (1 Кор. 15:12) Павлус бундай қарашларнинг нотўғри эканини кўрсатган. Қандай қилиб? У ҳар «куни ўлимга рўбарў» бўлганини таъкидлаган. Хавф-хатарларга қарамай, у ўлганидан кейин Исога ўхшаб қудратли руҳий шахс сифатида тирилишига ишончи комил бўлган. (1 Кор. 15:30–32, 42–44)
Коринфликлар шуни тушуниши керак эдики, мойланган масиҳий бўлиш тирилишдан олдин улар ҳар куни синовларга дуч келишини ва ўлишини англатарди. «Исо Масиҳга чўмдирилган» дегани «унинг ўлимига» ҳам чўмдирилишни билдирарди. (Рим. 6:3) Рамзий маънода сувга чўмиш натижасида уларда том маънода ўлиш ва самода яшаш учун тирилиш имкони пайдо бўларди.
Сувга чўмганидан бир неча йил ўтгач, Исо иккита ҳаворийсига қуйидаги сўзларни айтган: «Мен бошдан кечираётган нарсани [чўмдирилишни] сизлар ҳам бошдан кечира оласизлар». (Марк 10:38, 39, изоҳ) Лекин ўшанда Исо сувга чўмдирилмаган. Бу сўзлари билан у Худога содиқ қолиши том маънодаги ўлимга олиб келишини назарда тутган. Павлус мойланганларга шундай деб ёзган: «Агар Масиҳ билан бирга азоб чексак, у билан бирга улуғланамиз». (Рим. 8:16, 17; 2 Кор. 4:17) Демак, самовий ҳаётга тирилиш учун улар ҳам ўлиши керак эди.
Павлуснинг ушбу сўзларини мана бундай деб аниқроқ етказса бўлади: «Тирилиш бўлмаса, унда ўлиш учун сувга чўмаётганларга қандай фойда бор? Ўлганлар умуман тирилмас экан, ўлиш учун сувга чўмишга не ҳожат?»