4- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
«Ушбу руҳ... шоҳидлик бермоқда»
Ушбу руҳ қалбимиз билан биргаликда, биз Аллоҳнинг фарзандлари эканимиз ҳақида шоҳидлик бермоқда. РИМ. 8:16
25- ҚЎШИҚ Ўзгача мулк
БУ МАҚОЛАДАa
1–2. Мил. 33 йили Ҳосил байрамида қандай ўзгача воқеа юз берди?
ҚУДДУС. Якшанба, эрталаб. Мил. 33 йил ва Ҳосил байрами куни. Тахминан 120 та шогирд уйнинг болохонасида бирга йиғилди. (Ҳавор. 1:13–15; 2:1) Бир неча кун аввал Исо уларга Қуддусда қолишни айтганди, боиси уларни ўзгача ҳадя кутаётганди. (Ҳавор. 1:4, 5) Кейин нима бўлди?
2 «Тўсатдан осмондан кучли шамол эсгандай бир шовқин келди». Унинг товуши бутун уйда эшитиларди. Сўнг шогирдларнинг бошида «алангаланиб турган тилга ўхшаш бир нарсалар» пайдо бўлди ва уларнинг бари «муқаддас руҳга тўлди». (Ҳавор. 2:2–4) Шундай ўзгача тарзда Яҳова уларга муқаддас руҳини ёғдирди. (Ҳавор. 1:8) Улар муқаддас руҳ ила мойланганb ва Исо билан самода бошқариш умидига эга бўлган илк масиҳийлар эди.
УЛАР ҚАЙ ЙЎСИН МОЙЛАНИШАДИ?
3. Нима учун Ҳосил байрамида бўлганлар муқаддас руҳ ила мойланганидан шубҳаланмаган?
3 Ўша куни уйнинг болохонасида шогирдлар билан бирга бўлганингизда, бу кун хотирангизда муҳрланиб қолган бўларди. Тасаввур қилинг, алангаланиб турган тилга ўхшаш нарса устингизга тушади ва сиз ўзга тилда гапира бошлайсиз! (Ҳавор. 2:5–12) Шунда муқаддас руҳ билан мойланганингиздан асло шубҳаланмаган бўлардингиз. Хўш, муқаддас руҳ ила мойланганларнинг бари шундай ўзгача тарзда ва бир вақтда танланганми? Йўқ. Буни қаердан биламиз?
4. Биринчи асрда мойланганларнинг барчаси бир вақтда танланганми? Тушунтиринг.
4 Келинг, киши қачон мойланганига диққат қаратайлик. Мил. 33 йили Ҳосил байрамида фақатгина 120 тача шогирд муқаддас руҳ билан мойланмаган. Ўша куни сал кейинроқ тахминан 3 000 та шогирд ҳам муқаддас руҳ орқали мойланган. Бу улар сувга чўмганида юз берди. (Ҳавор. 2:37, 38, 41) Лекин кейинги йиллари мойланганларнинг ҳаммаси ҳам сувга чўмганида танланмаган. Мисол учун, самарияликлар сувга чўмганидан бир оз вақт ўтгач мойланган. (Ҳавор. 8:14–17) Қолаверса, истисно тариқасида, Корнилий ва унинг хонадони сувга чўмишдан аввал мойланган. (Ҳавор. 10:44–48)
5. Коринфликларга иккинчи мактуб 1:21, 22 га кўра, киши қай йўсин мойланади?
5 Энди, киши қай йўсин муқаддас руҳ билан мойланишини кўриб чиқайлик. Баъзи мойланганлар учун Яҳова уларни танлаганини қабул қилиш бошида қийин кечиши мумкин. Эҳтимол, улар: «Худо нега мени танлади?» — деб ўйлар. Бошқалар эса бундай фикрларга бормас. Нима бўлишидан қатъи назар, киши қай йўсин мойланишини ҳаворий Павлус қуйидагича тушунтирган: «Унга ишонганингиздан сўнг сизлар ҳам у орқали ваъда қилинган муқаддас руҳнинг муҳриc билан белгиландингизлар». (Эфес. 1:13, 14) Шу боис, Яҳова муқаддас руҳи орқали бу масиҳийларга уларни танлаганини аниқ билдиради. Шу йўсин, муқаддас руҳ улар келажакда ер юзида эмас, балки осмонда абадий яшашининг «гарови [ёки бадали]» бўлади. (2 Коринфликларга 1:21, 22 ни ўқинг.)
6. Самовий мукофотини олиш учун масиҳий нима қилиши керак?
6 Агар масиҳий мойланган бўлса, у самовий мукофотини олиши аниқ деганими? Йўқ. У самода яшаш учун танланганига амин. Аммо у қуйидаги огоҳлантирувни ёдида сақлаши керак: «Биродарлар, даъват этилганингиз ва танланганингизга содиқ қолиш учун жон куйдиринглар. Шунда ҳеч қачон имондан қайтмайсизлар». (2 Бутр. 1:10) Мойланган масиҳий самода яшаш учун танланган ёки даъват этилган бўлса ҳам, содиқ қолсагина мукофотини олади. (Филип. 3:12–14; Иброн. 3:1; Ваҳ. 2:10)
КИШИ МОЙЛАНГАНИНИ ҚАЕРДАН БИЛАДИ?
7. Мойланганлар самода яшаш учун даъват этилганини қаердан билади?
7 Хўш, киши самода яшаш учун даъват этилганини қаердан билади? Бунинг жавобини Павлуснинг Римдаги масиҳийларга йўллаган мактубидан кўрса бўлади. У шундай деган: «Аллоҳнинг руҳи бизни яна қуллик ва қўрқувга солмайди. Аксинча, ушбу руҳ орқали биз ўғилликка қабул қилиниб, шу руҳ бизни: “Абба, Ота!” — дейишга ундамоқда. Ушбу руҳ қалбимиз билан биргаликда, биз Аллоҳнинг фарзандлари эканимиз ҳақида шоҳидлик бермоқда». (Рим. 1:7; 8:15, 16) Ҳа, Худо муқаддас руҳи орқали кишини самода яшаш учун даъват этилганини билдиради. (1 Салон. 2:12)
8. Самода яшаш учун танланганлар бошқалар улар мойланганини тасдиқлашига муҳтож эмаслигини 1 Юҳанно 2:20, 27 қай йўсин кўрсатмоқда?
8 Бундай таклиф олганларнинг онг ва қалбида Яҳова ҳеч қандай шубҳа қолдирмайди. (1 Юҳанно 2:20, 27 ни ўқинг.) Албатта, мойланганлар ҳам барча қатори жамоатда Яҳовадан таълим олиши керак. Бироқ ҳеч ким улар мойланганини тасдиқлашига муҳтож эмас. Ахир Яҳова коинотдаги энг қудратли кучи — муқаддас руҳи орқали буни уларга аниқ билдирди.
УЛАР «ҚАЙТАДАН ТУҒИЛАДИ»
9. Эфесликларга 1:18 га кўра, киши мойланса унда қандай ўзгаришлар юз беради?
9 Бугунги кунда Худонинг аксарият хизматчилари учун киши қай йўсин мойланишини тушуниш осон бўлмаслиги мумкин. Бу табиий, ахир улар мойланмаган. Худо одамларни самода эмас, ер юзида яшаш учун яратган. (Ибт. 1:28; Заб. 37:29) Аммо Яҳова баъзиларни самода яшаш учун танлади. Шу сабабли, Яҳова уларни мойлаганида, уларнинг умиди ва фикрлаш тарзини бутунлайин ўзгартиради ҳамда улар самода яшашни интиқиб кутади. (Эфесликларга 1:18 ни ўқинг.)
10. «Қайтадан туғилиш» нима дегани? (Шунингдек, изоҳга қаранг.)
10 Масиҳийлар муқаддас руҳ билан мойланганида, «қайтадан» ёки «юқоридан» туғиладиd. Шунингдек, Исо айтганидай, «қайтадан» ёки «юқоридан» туғилиш нима эканини мойланмаган кишига охиригача тушунтириш имконсиз. (Юҳан. 3:3–8, изоҳ)
11. Киши мойланганида фикрлаш тарзида қандай ўзгаришлар юз беришини тушунтиринг.
11 Масиҳийлар мойланганида уларнинг фикрлаш тарзида қандай ўзгаришлар юз беради? Яҳова бу масиҳийларни мойлашидан аввал, улар ер юзида абадий яшаш умидини қадрлаган. Улар Яҳова барча ёвузликни бартараф этадиган ва ер юзида жаннат қиладиган пайтни орзиқиб кутган. Балки улар ҳаётдан кўз юмган оила аъзоси ёки дўстини қарши олаётганини тасаввур қилгандир. Аммо мойлангач, улар бошқача фикр юритишни бошлади. Нима сабабдан? Ер юзида яшаш умиди уларнинг жонига тегмади. Улар тушкунликда бўлгани ёки азоб чеккани учун умидини ўзгартирмади. Қолаверса, ер юзида абадий яшаш зерикарли бўлади, деб ўйламади. Аксинча, Яҳова муқаддас руҳи орқали уларнинг фикрлаш тарзини ва ажойиб умидини ўзгартирди.
12. Бутруснинг биринчи мактуби 1:3, 4 га биноан, мойланган масиҳийлар умиди ҳақида қандай фикрда?
12 Киши мойланганда ўзини бу ажойиб шарафга нолойиқ ҳис этиши мумкин. Аммо у Яҳова уни танлаганидан умуман шубҳаланмайди. Келажак борасидаги умиди ҳақида ўйлаганда, қалби қувончга тўлиб бу учун миннатдор бўлади. (1 Бутрус 1:3, 4 ни ўқинг.)
13. Мойланганлар ер юзидаги ҳаёти борасида қандай фикрда?
13 Бу улар ўлишни исташини англатадими? Ҳаворий Павлус бу саволга жавоб ёзган. У таналарини чодир билан солиштириб, шундай деган: «Бу чодир мисоли танамизда яшаб, оғир юк остида оҳ-нола қиляпмиз. Аммо уни ечиб ташламоқчи эмасмиз, аксинча, ўладиган тананинг ўрнига ҳаётга эга бўлайлик, деб бошқасига бурканишни хоҳлаймиз». (2 Кор. 5:4) Бу масиҳийлар ҳаётга бўлган қизиқишини йўқотмаган ва тезроқ ўлишни истамайди. Аксинча, улар ҳаётдан завқ олади ва оила аъзолари билан ҳар куни Яҳовага хизмат қилишни истайди. Аммо нима қилишидан қатъи назар, улар келажакка бўлган улуғвор умидини ёдида тутади. (1 Кор. 15:53; 2 Бутр. 1:4; 1 Юҳан. 3:2, 3; Ваҳ. 20:6)
ЯҲОВА СИЗНИ МОЙЛАДИМИ?
14. Қайси омиллар инсон муқаддас руҳ билан мойланганидан далолат бермайди?
14 Эҳтимол, муқаддас руҳ орқали мойланганманми, деб қизиқаётгандирсиз. Агар шундай ўйлаётган бўлсангиз, қуйидаги муҳим саволлар устида мулоҳаза юритиб кўринг: Яҳованинг иродасини бажариш истагингиз кучлими? Хизматда шижоатлимисиз? «Худонинг чуқур донолигини» излаб, Унинг Каломини синчковлик ила ўрганяпсизми? (1 Кор. 2:10) Ваъзгўйлик хизматида Худонинг ўзгача баракасини кўряпсизми? Бошқаларга маънавий ёрдам беришда жон куйдиряпсизми? Яҳова шахсан Ўзи ҳаётингизда иштирок этаётганини кўряпсизми? Агар юқоридаги ҳамма саволларга иккиланмай «ҳа» деб жавоб берган бўлсангиз, бу сизда ҳам самода яшаш умиди борлигидан далолат берадими? Йўқ, ундай эмас. Негаки, бундай туйғулар Яҳованинг барча хизматчиларига хосдир ва уларнинг умиди қандай бўлишидан қатъи назар, Яҳова уларга Ўз руҳини беради. Агар умидингиз борасида иккиланаётган бўлсангиз, бу мойланмаган эканингиздан далолат беради. Чунки мойланган масиҳий, Яҳова мени таклиф қилганми ё йўқми, деб ўйлаб ўтирмайди. У бунга амин!
15. Муқаддас руҳ олганларнинг ҳаммаси ҳам самода яшаш учун танланмаганини қаердан биламиз?
15 Худонинг Каломида муқаддас руҳ берилган кўплаб имонли одамлар ҳақида ёзилган. Аммо улар осмонда яшаш учун танланмаган. Масалан, Довудни муқаддас руҳ бошқарган. (1 Шоҳ. 16:13) Муқаддас руҳ унга Яҳова тўғрисида чуқур ҳақиқатларни тушунишга ёрдам берган ва бу руҳнинг таъсири остида Довуд Муқаддас Китобнинг айрим қисмларини ёзган. (Марк 12:36) Аммо шунга қарамай, ҳаворий Бутрус: «Довуд осмонга кўтарилмаган»,— деб айтган. (Ҳавор. 2:34) Бундан ташқари, сувга чўмдириб юрган Яҳё ҳам «муқаддас руҳга тўлганди». (Луқо 1:13–16) Исо Яҳёдан улуғроғи келиб чиқмаганини, аммо у Осмон Шоҳлигига кирмаслигини ҳам айтиб ўтган. (Мат. 11:10, 11) Ҳа, Яҳованинг муқаддас руҳи туфайли улар ажойиб ишларни қилган. Лекин Худо уларни осмонда яшаш учун муқаддас руҳи билан мойламаган. Бу улар осмонда бошқариш учун танланганлардан кўра камроқ садоқатли бўлганини англатадими? Йўқ. Бу Яҳова уларни ер юзида абадий ҳаёт учун тирилтиришини билдиради. (Юҳан. 5:28, 29; Ҳавор. 24:15)
16. Бугунги кунда Худонинг аксарият хизматчилари нимани сабрсизлик билан кутишяпти?
16 Бугунги кунда Худонинг аксарият хизматчилари самода яшаш умидига эга эмас. Улар Иброҳим, Сора, Довуд, сувга чўмдириб юрган Яҳё ва қадимда яшаган бошқа содиқ хизматчилар сингари Худонинг Шоҳлиги бошқарадиган ер юзида абадий яшашни сабрсизлик билан кутади. (Иброн. 11:10)
17. Кейинги мақоладан нима ҳақида билиб оламиз?
17 Ҳозирги кунда осмонда яшаш учун танланганларнинг баъзилари ҳанузгача ер юзида экан, муайян саволлар туғилиши табиий. (Ваҳ. 12:17) Масалан, мойланганлар ўзларига қандай муносабатда бўлишлари керак? Қутлуғ Кечлик маросимида жамоатингиздан кимдир рамзлардан қабул қилса, унга қандай муносабатда бўлишингиз керак? Мойланганларнинг сони ўсишда давом этаётган бўлса-чи? Бу сизни хавотирга солиши керакми? Мазкур саволларнинг жавобини кейинги мақоладан билиб оламиз.
a Мил. 33 йилги Ҳосил байрамидан бери Яҳова баъзи масиҳийларга Унинг Ўғли билан самода ҳукмдорлик қилиш каби ажойиб умидни бермоқда. Хўш, ўша масиҳийлар бундай ўзгача шараф учун танланганини қаердан билади? Улар қай йўсин мойланишади? Бу мақола «Қўриқчи минораси»нинг 2016 йил январь сонидаги мақолага асосланган. Мазкур мақоладан юқорида келтирилган қизиқарли саволларга жавоб топамиз.
b ИБОРА МАЪНОСИ. Муқаддас руҳ ила мойланиш. Яҳова муқаддас руҳи орқали кишини Исо билан самода бошқариш учун танлайди. Муқаддас руҳ орқали Худо кишига келажак борасида ваъда ёки «гаров» беради. (Эфес. 1:13, 14) Муқаддас руҳ бу масиҳийларга «шоҳидлик беради» ёки уларнинг мукофоти самода эканини ҳис этишларига ёрдам беради. (Рим. 8:16)
c ИБОРА МАЪНОСИ. Муҳр. Лекин бу муҳрланиш охирги бўлмайди, чунки охирги муҳр Худога содиқ қолган масиҳийга ёки ўлимидан сал олдин, ёки буюк мусибат бошланишидан сал олдин босилади. (Эфес. 4:30; Ваҳ. 7:2–4; «Қўриқчи минораси»нинг 2016 йил апрель сонидаги «Ўқувчиларнинг саволлари»га қаранг.)
d «Қайтадан туғилиш» ҳақида кўпроқ маълумот олиш учун «Қўриқчи минораси»нинг 2009 йил 1 апрель (рус) сонининг 3–12- саҳифаларига қаранг.
27- ҚЎШИҚ Худо ўғилларининг ошкор бўлиши
e РАСМГА ШАРҲ. Имонимиз учун қамоқдамизни ёки ҳақиқатни эркинликда ваъз қилиб таълим берамизми, Худонинг Шоҳлиги бошқарадиган ер юзида яшашни интиқиб кутяпмиз.