Яҳованинг ваъдаларига ишончни намоён этинг
Имон — бу умид қилаётган нарсалар... кўринмайдиган бўлса ҳам, бу нарсалар чин эканига амин бўлишдир. ИБРОН. 11:1
1. Имонга нисбатан қандай муносабатда бўлишимиз лозим?
ИМОН — нодир фазилатдир. Ҳамма одамлар ҳам унга эга эмас. (2 Салон. 3:2) Лекин Яҳова ҳар бир хизматчисига «имон» берган. (Рим. 12:3; Галат. 5:22) Шундай экан, имон соҳибларининг барчаси бу учун чуқур миннатдорчилик билдиришлари керак.
2, 3. а) Имон соҳибларида қандай баракалар мавжуд? б) Ҳозир қайси саволлар борасида сўз юритамиз?
2 Исо Масиҳ самовий Отаси одамларни у орқали Ўзига жалб қилишини айтганди. (Юҳан. 6:44, 65) Исога ишониш орқали одамнинг гуноҳлари кечирилади. Бу, ўз ўрнида, Яҳова билан дўст бўлиш ва абадий яшаш имкониятини очиб беради. (Рим. 6:23) Бундай ажойиб баракага муяссар бўлиш учун нима қилдик? Гуноҳкор инсон сифатида биз лойиқ бўлган ягона нарса — бу ўлимдир. (Заб. 102:10) Аммо Яҳова биз яхшилик қилишга қодир эканимизни кўрди. У Ўзининг меҳр-инояти орқали қалбимизни ҳақиқатга мойил қилди. Шу йўсин, Исога ишонч ҳосил қилиб, унинг ортидан эргашишни бошлаганимизда, бизда абадий яшаш имкони пайдо бўлди. (1 Юҳанно 4:9, 10 ни ўқинг.)
3 Бироқ аслида имон нима дегани? Бу, Худо биз учун тайёрлаб қўйган баракалар ҳақида шунчаки билимга эга бўлишми? Ва энг асосийси, қай йўсин имонимизни намоён этишимиз лозим?
«ЧИН ҚАЛБДАН ИШОНИНГ»
4. Имонга эга бўлсак, у бизга қандай таъсир қилади?
4 Имон, Аллоҳнинг нияти тўғрисида шунчаки тушунчага эга бўлишдан кўпроқ нарсани ўз ичига олади. У шундай кучки, инсонни Худонинг иродасига мувофиқ йўл тутишга ундайди. Худо тақдим этган тўловга ишониш художўй кишини бошқалар билан хушхабарни бўлишишга чорлайди. Ҳаворий Павлус қуйидагича тушунтирганди: «“Оғзингда бўлган каломни”, яъни Исо — бу Ҳазрат эканини очиқдан-очиқ эълон қилаётган бўлсанг ва Аллоҳ уни тирилтирганига чин қалбдан ишонсанг, қутқариласан. Сабаби, чин қалбдан ишонган киши одилликка эришади, ушбу имон ҳақида очиқдан-очиқ эълон қилган киши эса нажот топади». (Рим. 10:9, 10; 2 Кор. 4:13)
5. Нега имон шу қадар муҳим ва қай йўсин уни мустаҳкам сақлай оламиз? Мисол келтиринг.
5 Аниқ-равшанки, Худонинг янги дунёсида абадий яшаб, завқ олмоқчи бўлсак, имонга эга бўлишимиз ва уни мустаҳкам сақлашимиз даркор. Имонимизни соғлом сақлашга бўлган заруратни ўсимликнинг сувга бўлган эҳтиёжи билан солиштирса бўлади. Сунъий ўсимликдан фарқли ўлароқ тирик ўсимлик ўзгаради. Тирик ўсимлик сув етишмаслиги дастидан қуриб қолиши мумкин, намлик етарлича бўлганда эса гуркираб ўсади. Сув камлик қилганда, ҳаттоки қачондир соғлом бўлган ўсимлик нобуд бўлади. Имонимиз билан ҳам худди шундай: агар унга беэътибор бўлсак, у сўниб, йўқ бўлиши муқаррар. (Луқо 22:32; Иброн. 3:12) Аммо имонимизга етарлича диққат қаратсак, у тирик бўлади ва «мустаҳкамланиб» бораверади. (2 Салон. 1:3; Титус. 2:2)
МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ИМОН ТУШУНЧАСИ
6. Ибронийларга 11:1 га кўра, имонга қайси икки тоифадаги нарсалар киради?
6 Муқаддас Китобда Ибронийларга 11:1 да (ўқинг) имон нимани ўз ичига олиши тасвирланган. Имонга бизга кўринмайдиган икки тоифадаги нарсалар киради: 1) «умид қилаётган нарсалар» — бу ҳали юз бермаган, аммо ваъда қилинган келажакдаги воқеалар, масалан, барча ёвузликнинг йўқ қилиниши ва янги дунёнинг келишидир; 2) «кўринмайдиган... нарсаларга» эса кўринмайдиган ҳақиқатлар, жумладан, Аллоҳ Яҳова, Исо Масиҳ, фаришталар борлигига ва Самовий Шоҳлик фаолият олиб бораётганига амин бўлиш киради. (Иброн. 11:3) Хўш, умидимиз тирик эканини ва Аллоҳнинг Каломида тилга олинган кўринмас нарсаларга ишонаётганимизни қандай исботлаймиз? Сўзларимиз ва ишларимиз орқали, зероки, уларсиз имонимиз бутун бўлмайди!
7. Қандай қилиб Нуҳнинг мисоли имонли бўлиш нимани англатишини тушунишга ёрдам беради? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)
7 Ибронийларга 11:7 да «ҳали кўринмайдиган нарсалар тўғрисида Тангри томонидан огоҳлантирилгач, худотарс эканини кўрсатиб, уйидагиларни қутқариш учун кема қурган» Нуҳ пайғамбарнинг имони ҳақида гап боради. Нуҳ улкан кема қуриш орқали имонини намоён этган. Муболағасиз айтиш мумкинки, қўни-қўшнилари Нуҳдан нега шундай баҳайбат иншоотни қураётгани борасида сўрашган. Ўшанда у индамай юрганми ёки уларга: «Ишинглар бўлмасин»,— деб айтганми? Зинҳор! Нуҳнинг имони уни жасорат ила шоҳидлик беришга ва замондошларини Худонинг яқинлашиб келаётган ҳукми ҳақида огоҳлантиришга ундаган. Афтидан, Нуҳ ўша одамларга Яҳованинг қуйидаги сўзларини такрорлаганга ўхшайди: «Мен бутун ер юзидаги инсонларни қириб ташлашга қарор қилдим. Чунки ер юзи уларнинг дастидан зўравонликка тўлиб-тошди. [...] Мен ер юзини тўфонга бостириб, ҳар қандай тирик жонзотни қириб ташлайман. Ер юзидаги ҳамма нарса нобуд бўлади». Шунингдек, Нуҳ Аллоҳнинг «кема ичига кириш» амрини такрорлаб, одамларга қутқарилишнинг ягона йўлини тушунтиргани шубҳасиз. Шу йўсин, Нуҳ «адолат йўлини хабарлаб юриш» орқали ҳам имонини намоён этган. (Ибт. 6:13, 17, 18; 2 Бутр. 2:5)
8. Ёқуб имон борасида қандай фикр билдирган?
8 Ёқуб ўз мактубини ҳаворий Павлус имон ҳақидаги тушунчани ёзганидан, чамаси, сал вақт ўтиб ёзган. Павлусга ўхшаб Ёқуб ҳам ҳақиқий имон шунчаки ишончни эмас, балки хатти-ҳаракатларни ўз ичига олишини тушунтириб ўтган. У шундай деб ёзганди: «Сен менга ишларсиз имонингни кўрсат, мен эса сенга ўз имонимни амалда кўрсатаман». (Ёқб. 2:18) У давом этиб, шунчаки ишониш ва имонни намоён этиш орасидаги аниқ фарқни кўрсатди. Мана масалан, жинлар ҳам Худо борлигига ишонишади, лекин уларда ҳақиқий имон йўқ ва улар Худонинг ниятлари бажарилишига қарши чиқишади. (Ёқб. 2:19, 20) Кейин эса Ёқуб қадимда яшаган имонли бир кишига ишора қилиб, шундай деган: «Ахир бобокалонимиз Иброҳим, ўғли Исҳоқни қурбонгоҳ устига қўйганида, қилган иши учун одил деб тан олинган эмасмиди? Кўриб турганингдек, унинг имони ишларига ҳамоҳанг эди ва ишлари орқали имони камол топган». Бундан сўнг Ёқуб имон ишларда намоён бўлишини таъкидлаш мақсадида шундай деб қўшиб қўйди: «Руҳсиз тана ўлик бўлганидек, ишларсиз имон ҳам ўликдир». (Ёқб. 2:21–23, 26)
9, 10. Қай йўсин ҳаворий Юҳаннонинг сўзлари бизга имонни намоён этиш муҳим эканини тушунишга кўмаклашяпти?
9 Ўттиз йилдан зиёд вақт ўтиб, ҳаворий Юҳанно ўз баёнотини ва учта мактубни ёзган. Юҳанно Аллоҳ Каломининг бошқа ёзувчилари ҳақиқий имон қанчалик чуқур маънога эга экани борасида ёзган илоҳий сўзларни тушунганми? У ўзининг баёнотларида баъзида «ишониш» ёки «имонни намоён этиш» деб таржима қилинадиган юнонча феълни Муқаддас Китобнинг бошқа ёзувчиларига қараганда кўпроқ ишлатган.
10 Мисол учун, Юҳанно шундай деб айтган: «Ўғилга ишонган киши абадий ҳаётга эгадир. Ўғилга итоат қилмаган кишига эса ҳаёт насиб этмайди, аксинча, у Худонинг ғазабига йўлиқади». (Юҳан. 3:36) Демак, ҳақиқий имонга Исонинг амрларига итоат этиш ҳам киради. Қолаверса, Юҳанно кўпинча Исонинг сўзларига ишора қилиб, имонни намоён этиш узлуксиз жараён эканини кўрсатган. (Юҳан. 3:16; 6:29, 40; 11:25, 26; 14:1, 12)
11. Ҳақиқатни билганимиз учун миннатдор эканимизни қандай кўрсата оламиз?
11 Яҳова муқаддас руҳи орқали бизга ҳақиқатни очиб берганидан ва бизни хушхабарга ишонишга мойил қилганидан нақадар миннатдор бўлишимиз керак! (Луқо 10:21 ни ўқинг.) Яҳова «имонимизнинг Раҳбари ва уни камолотга етказувчи Исо» орқали бизни Ўзига жалб қилгани учун Унга ҳар қанча раҳмат айтсак ҳам кам. (Иброн. 12:2) Яҳованинг меҳр-инояти учун миннатдорчилик билдиришни истасак, ибодат ва Унинг Каломини тадқиқ қилиш орқали имонимизни мустаҳкамлаб туришимиз лозим. (Эфес. 6:18; 1 Бутр. 2:2)
12. Қай тариқа имонимизни намоён эта оламиз?
12 Биз Яҳованинг ваъдаларига бўлган ишончни кўрсатишда тўхтамаслигимиз даркор. Буни биз бошқаларга яққол кўринадиган тарзда қилишимиз керак. Масалан, биз Худонинг Шоҳлиги тўғрисида ваъз қилишда ва шогирд тайёрлаш ишида қатнашишда давом этяпмиз. Шунингдек, биз «ҳаммага, айниқса имондошларимизга яхшилик қилиб» келяпмиз. (Галат. 6:10) Бундан ташқари, «эски ўзлигингизни ишлари билан ечиб ташланг» деган маслаҳатга риоя қилган ҳолда бизни маънан сусайтириши мумкин бўлган ҳар қандай ишдан ўзимизни ҳимоялаш учун жон-жаҳдимиз билан курашяпмиз. (Колос. 3:5, 8–10)
ИМОН — ПОЙДЕВОРИМИЗНИНГ ҚИСМИДИР
13. а) Имон қанчалик муҳим? б) Уни нимага ўхшатса бўлади ва нега?
13 Аллоҳнинг Каломида қуйидагича ёзилган: «Имон бўлмаса, Аллоҳнинг розилигини олиш имконсиздир. Зеро Тангрига яқинлашаётган киши Унинг бор эканлигига ва Уни астойдил излаётганларни мукофотлашига ишониши лозим». (Иброн. 11:6) Муқаддас Китобда «Аллоҳга ишониш» масиҳий йўлига қадам босиб, унда қолиш учун керак бўлган «пойдевор»нинг қисми сифатида тилга олинган. (Иброн. 6:1) Лекин масиҳийлар ўзларини «Худонинг меҳр-муҳаббатида сақлаш» учун имонларини бошқа муҳим фазилатлар билан ҳам «тўлдиришлари» керак. (2 Бутрус 1:5–7 ни ўқинг; Яҳд. 20, 21)
14, 15. Нега севгига эга бўлиш шунчаки имонга эга бўлишдан муҳимроқдир?
14 Инжил ёзувчилари имонга юзлаб маротаба ишора қилиб, шу йўсин унинг муҳимлигини кўрсатмоқчи бўлишган. Ҳеч бир масиҳийларга хос фазилат шунчалик кўп марта тилга олинмаган. Бу, масиҳийлар учун имон энг муҳим фазилат эканини англатадими?
15 Ҳаворий Павлус имонни севги билан солиштириб: «Тоғларни кўчира оладиган имоним бўлса-ю, лекин севгим бўлмаса, мен ҳеч ким эмасман»,— деб айтганди. (1 Кор. 13:2) «Тавротнинг қайси амри энг муҳим?» — деган саволга жавобан Исо Аллоҳга бўлган севги қанчалик муҳим фазилат эканини таъкидлаган. (Мат. 22:35–40) Севги Худога маъқул бўлган анчагина муҳим фазилатларни, жумладан, имонни ҳам ўз ичига қамраб олади. Муқаддас Китобда: «Севги... ҳамма нарсага ишонади»,— дея қаламга олинган. (1 Кор. 13:4, 7)
16, 17. Қай тарзда имон ҳамда севги Муқаддас Ёзувларда биргаликда ишлатилган, лекин улардан қайси бири аълороқдир ва нега?
16 Имон ва севги муҳим бўлгани учун Инжил ёзувчилари ушбу фазилатларни биргаликда кўплаб маротаба, одатда ҳатто бир гапда ёки битта иборада ишлатишган. Мисол учун, ҳаворий Павлус биродарларини «имон ва муҳаббат совутини кийишга» ундаган. (1 Салон. 5:8) Бутрус эса шундай деб ёзган: «Масиҳни ҳеч қачон кўрмаган бўлсангиз-да, уни севасизлар. Ҳозир ҳам кўрмаётганингизга қарамай, унга ишоняпсизлар». (1 Бутр. 1:8) Ёқуб мойланган биродарларидан қуйидагича сўраган: «Ахир Аллоҳ бу дунёда камбағал ҳисобланганларни танлаб, имонда бойитмадими? Ўзини севганларга ваъда қилганидек, уларни шоҳликнинг меросхўрлари қилмадими?» (Ёқб. 2:5) Юҳанно эса: «[Аллоҳнинг] амри қуйидагичадир: Ўғли Исо Масиҳ номига ишонч ҳосил қилиб,.. бир-биримизни севишимиз лозим»,— деб ёзганди. (1 Юҳан. 3:23)
17 Гарчанд имон муҳим бўлса-да, келажакда Аллоҳнинг янги дунё борасидаги ваъдаларига ишонч ҳосил қилишимизга ҳожат қолмайди, зотан улар амалга ошган бўлади. Бироқ Аллоҳга ва яқинимизга нисбатан севгини доим намоён этишимиз керак бўлади. Шунинг учун ҳам ҳаворий Павлус: «Ушбу уч нарса қолади: имон, умид ва севги. Бироқ севги энг аълосидир»,— деб бежизга айтмаган. (1 Кор. 13:13)
ИМОННИНГ ЯҚҚОЛ ИФОДАСИ
18, 19. Худонинг халқи имонга эга бўлганининг натижаси қандай ва бу учун ким мақтовга сазовор?
18 Бугунги кунда Яҳованинг халқи Худонинг ўрнатилган Шоҳлигига бўлган ишончни намоён этиб келяпти. Бунинг натижасида 8 миллиондан ошиқ одамлардан иборат бўлган умумжаҳон маънавий жаннат юзага келди. Бу — муқаддас руҳнинг самарасига тўлиб-тошган гўша ва масиҳийларга хос имон ҳамда севгининг яққол ифодасидир! (Галат. 5:22, 23)
19 Ҳеч бир инсон: «Буни мен қилдим»,— деб айта олмайди. Сабаби, буни Худойимиз Яҳова қилган. Бу ажойиб иш «[Яҳовага] шараф бўлади. Туганмас, абадий нишона бўлиб қолади». (Ишаё 55:13) Ҳа, «имон орқали қутқарилишимиз» — «Худонинг туҳфасидир». (Эфес. 2:8) Маънавий жаннатимиз мукаммал, адолатли ва бахтли одамлар билан тўлмагунча, Яҳованинг исмига мангу шон-шараф келтириб, ўсиб боришда ва гуллаб-яшнашда давом этади. Келинг, Яҳованинг ваъдаларига бўлган ишончни намоён этишдан тўхтамайлик!