«Худонинг теранликларини текшириб кўриш»
Илоҳий Руҳ бутун нарсаларни, ҳатто Худонинг теранликларини текшириб кўради. 1 КОРИНФЛИКЛАРГА 2:10
1. Муқаддас Китобни ўрганишни бошлаган инсонга қайси ҳақиқатларни билиш қувонч бахш этади?
ҲАҚИҚАТ билан энди танишган пайтда қанчалик хурсанд бўлганимиз эсимизда бўлса керак. Чунки ўшанда биз Аллоҳнинг исми нимани англатишини, нега У азоб-уқубатларга йўл қўйганини, нима учун айримлар осмонда бўлишини ва бошқа одамларни эса қандай келажак кутишини билдик. Эҳтимол Муқаддас Китобни олдин ўқиган бўлсак ҳам, аммо ундаги нарсалар кўпчилик инсонларга каби яширин бўлгандек, бизга ҳам сир бўлган. Масалан, бизни саҳарда саёҳат қилишни бошлаган киши билан таққослаш мумкин. Тонг ёришганда ҳали қоронғи бўлади ва шунда одам бирон нарсани ҳам кўра олмайди. Аммо қуёш чиққан сари кишининг назари атрофдаги барча чиройли нарсаларга тушади. Худди шундай биз ҳам Муқаддас Китобни ўрганганимизда, «Худонинг теранликларини» илк бор кўра бошладик (1 Коринфликларга 2:8–10).
2. Нима учун Аллоҳнинг Каломини ўрганиш мангу шодлик келтириши мумкин?
2 Муқаддас Китобнинг фақат асосий таълимотларини билиш кифоями? «Худонинг теранликлари» остидаги ибора Тангрининг ҳикматини тушунишни билдиради. Бу тушунча муқаддас руҳ орқали Аллоҳнинг хизматчиларига аён бўлади, аммо ўзга инсонларга эса сир бўлиб қолаверади (1 Коринфликларга 2:7). Дарҳақиқат, Худованднинг ҳикмати чексиз ва уни тадқиқ қилиш бизга кўпдан-кўп қувонч бахш этади! Биз Аллоҳнинг донолигига ҳеч қачон ета олмаймиз. Лекин бунга қарамай «Худонинг теранликларини» доимо текшириб кўрсак, илк бор Муқаддас Китобнинг асосий таълимотлари билан танишган пайтда ҳис этган шодликни мангу сақлай оламиз.
3. Эътиқодларимиз нимага асосланганини англаб етиш нега ўта муҳим?
3 Бироқ нима учун «теранликларни» тушунишимиз керак? Агар биз эътиқодларимизни нафақат тушунсак, балки улар нимага асосланганини англаб етсак бу, имонимизни мустаҳкамлайди. Шу сабабли «Худонинг яхши, манзур, комил иродасининг нима эканини фаҳмламоқ учун» Муқаддас Китоб ақл-идрокни ишга солишга чорлайди (Римликларга 12:1, 2). Яҳова нега бизни у ёки бу йўлни тутишга ундаганини тушунаётиб, Унга итоатли этишда қатъиятли бўламиз. «Теранликларни» билиш васвасаларга қарши туришга ва қонунсиз ишларга қўл урмасликка ёрдам беради. Шунингдек у «хайрли ишларга ғайратли» бўлишга рағбатлантиради (Титусга 2:14).
4. Муқаддас Китобни ўрганишга нима киради?
4 Қандайдир мавзуни чуқур тушуниш учун, уни тадқиқ қилиш талаб этилади. Тадқиқ қилиш — маълумотни шунчаки ўқиб чиқиш эмас, балки уни чуқур ўрганиб, олган билимларимиз билан солиштириб, текшириб аниқлаш демакдир (2 Тимўтийга 1:13). Боз устига айтилган нарсаларга қандай далиллар келтирилганига диққатли бўлиш зарур. Аллоҳнинг Каломини ўрганаётиб, ўқиган нарсаларни қандай қўллашимиз ҳамда ўзгаларга фойда келтиришимиз мумкинлиги тўғрисида мулоҳаза юритишимиз керак. «Ҳар бир Муқаддас Ёзув илоҳий илҳом билан ёзилган» экан, «Худонинг оғзидан чиққан ҳар бир сўз»ни тадқиқ қилиш муҳим (2 Тимўтийга 3:16, 17; Матто 4:4). Шубҳасизки, Муқаддас Китобни ўрганиш кўп уринишлар талаб қилади. Ва бу ўз навбатда чексиз бахт келтиради! Бундан ташқари «Худонинг теранликларини» тушуниш қийин эмас.
Камтаринларга Яҳова тушунча берар
5. Ким «Худонинг теранликларини» тушуниши мумкин?
5 Бордию, мактабда аълочи бўлмагансиз ва ўқишни ёқтирмассиз, аммо «Худонинг теранликларини» текшириш сиз учун эриша олмайдиган мақсад, деб ўйламанг. Масалан, Исонинг замонасида ҳам Тангри Яҳова ниятларини доною ақлли одамларга эмас, балки ўқимаган, оддий ва камтарин кишиларга аён қилган. Улар ўқимишли инсонларга нисбатан худди гўдаклар эди (Матто 11:25; Ҳаворийлар 4:13). «Худо Ўзини севганларга муҳайё қилган» нарсалар ҳақида ҳаворий Павлус қуйидагиларни ёзган: «Бизларга эса Худо буни Ўз Руҳи орқали ошкор қилди. Илоҳий Руҳ бутун нарсаларни, ҳатто Худонинг теранликларини текшириб кўради» (1 Коринфликларга 2:9, 10).
6. Қандай қилиб «Илоҳий Руҳ бутун нарсаларни, ҳатто Худонинг теранликларини текшириб кўради»?
6 Қандай қилиб «Илоҳий Руҳ бутун нарсаларни, ҳатто Худонинг теранликларини текшириб кўради»? Яҳова ҳар бир хизматчисига ҳақиқатни алоҳида аён қилишнинг ўрнига, ташкилотини муқаддас руҳ билан бошқариб, айнан ташкилоти орқали Муқаддас Ёзувларни тушунтиради (Ҳаворийлар 20:28; Эфесликларга 4:3–6). Шунинг учун Яҳованинг Шоҳидлари Муқаддас Китобга асосланиб, бутун дунё бўйлаб битта дастур бўйича таълим олишади. Мана кўп йиллардан бери улар Муқаддас Китобнинг барча таълимотларини жамоатларда муҳокама қилиб келишмоқда. Мана шу жамоатлар орқали муқаддас руҳ одамларга «Худонинг теранликларини» тушуниш учун муҳим бўлган фазилатларни ривожлантиришда ёрдам беради (Ҳаворийлар 5:32).
«Худонинг теранликлари»га нима киради?
7. Нима учун «Худонинг теранликларини» тушуниш кўпчилик одамларга сир бўлиб қолмоқда?
7 Теранликларга фақат тушунишга қийин бўлган таълимотлар киради, деб ўйламаслик керак. Тўғри, «Худонинг теранликларини» билиш кўпчилик одамларга сир бўлиб қолмоқда. Аслида эса Аллоҳнинг ҳикмати қийин эмас, аммо Шайтон уларнинг зеҳнларини кўр қилган. Ва у, Яҳова Ўз ташкилоти орқали тақдим этаётган ёрдамни инсонлар инкор этишларини хоҳлайди (2 Коринфликларга 4:3, 4).
8. Эфесликларга йўллаган мактубида ҳаворий Павлус қайси теранликлар ҳақида ёзган эди?
8 Эфесликларга йўллаган мактубида ҳаворий Павлус ёзганки, «Худонинг теранликлари»га Яҳованинг хизматчиларига маълум бўлган ҳақиқатлар киради. Масалан улардан баъзилари бу, ваъда қилинган Зот кимлиги, осмонда яшашга умидвор бўлган кишиларнинг танланиши ва Масиҳий Шоҳлик нима ўзи. Павлус: «Бу сир ўтмиш одамзод авлодларига билдирилмаган бўлса-да, ҳозир Муқаддас Руҳ буни Масиҳнинг муқаддас ҳаворийлару пайғамбарларига ошкор қилди. Шунга кўра, энди Исо Масиҳнинг Хушхабарига ишонган бошқа халқ вакиллари яҳудийлар билан бир бадандай бўлиб, Худонинг ваъда қилган қут-баракаларига шерик ва ҳамворисдирлар»,— деб ёзган. Шунингдек «Парвардигор азалданоқ бу сирни Ўз ҳузурида пинҳон сақлаган» экан, Павлус «Худонинг сирли режаси нимадан иборатлигини барчага аниқ маълум» қилиш учун ваколат олганини айтди (Эфесликларга 3:5–9).
9. Нега «Худонинг теранликларини» тушуниш улуғ шараф?
9 Сўнг ҳаворий Павлус Аллоҳнинг нияти жамоатларга «Ўзининг кўп қиррали ҳикматини ошкор» қилишидан иборат эканини тушунтирди (Эфесликларга 3:10). Фаришталар ҳам Яҳова имонлилар жамоатига қандай муносабатда бўлганини кузатаётиб, кўп нарсаларни ўрганишмоқда. Ҳатто фаришталар ҳам қизиқишаётган нарсаларни тушуниш биз учун улуғ шараф! (1 Бутрус 1:10–12). Кейин ҳаворий Павлус бизни «барча Худонинг азизлари билан бирга бу севгининг кенглиги, узунлиги, баландлиги ва теранлигини тўла англашга» ундаган (Эфесликларга 3:11, 18). Келинг, Муқаддас Китобдаги ҳақиқатларни тушунишга ёрдам берадиган «Худонинг теранликлари»нинг баъзи бир мисолларини кўриб чиқамиз.
«Худонинг теранликлари»нинг мисоллари
10, 11. Муқаддас Китобга биноан Исо қачон Худо томонидан тайинланган Зот бўлди?
10 Ибтидо 3:15- оятида айтилган Зот Аллоҳнинг рамзий «хотини»нинг асосий қисми Исо эканини биламиз. Буни кўпроқ тушунишни хоҳласак, ўзимизга бундай савол беришимиз мумкин: «Қачон Исо Худо томонидан тайинланган Зот бўлди? Самода яшаганидами ёки ер юзида туғилган пайтидами, сувга чўмганидами ёхуд тирилгандан сўнгми?»
11 Худонинг рамзий «хотини» деб ном олган ташкилотнинг самовий қисмидан Зот пайдо бўлиши башорат қилинган. Ва бу Зот илоннинг бошини эзиб ташлаши керак эди. Мана минглаб йиллар ўтди-ю, бироқ Шайтон ва унинг ишларини барбод қиладиган Зот пайдо бўлмади. Ишаё пайғамбар бу «хотин» ҳақида у туғмайдиган ва руҳи тушган, деб башорат қилган (Ишаё 54:1, 5, 6). Ниҳоят, Байтлаҳмда Исо туғилди. Аммо у фақат муқаддас руҳ ила мойлангандан ва Аллоҳнинг суюкли азизи бўлиб сувга чўмгандан сўнг, Яҳова: «Бу Менинг... Ўғлимдир»,— дея хитоб қилди (Матто 3:17; Юҳанно 3:3). Айнан ўша пайтда «хотин»нинг асосий қисми бўлмиш Зот пайдо бўлди. Бундан сўнг Исо Масиҳнинг издошлари ҳам муқаддас руҳ ила мойланган бўлиб, Худонинг ўғиллари бўлишди. Кўп вақт мобайнида туғмай юрган Яҳованинг «хотини» қувончларга тўлиб хитоб қилиши мумкин эди (Ишаё 54:1; Галатияликларга 3:29).
12, 13. Ер юзида яшовчи барча мойланган масиҳчилар «ишончли ва ақлли хизматкор»ни ташкил этишини қайси оятлар исботлайди?
12 Бизга аён бўлган «Худонинг теранликлари»нинг иккинчи мисоли, Аллоҳнинг нияти бўйича 144 000 кишиларни танлаб олишдир (Ваҳий 14:1, 4). Шунинг учун Исо Масиҳ айтганидек, барча мойланган масиҳчилар қайси замонда яшамасин «қул-чўриларга ризқ-рўзни ўз вақтида» берадиган «ишончли ва ақлли хизматкор»ни ташкил этишига ишонамиз (Матто 24:45). Бу таълимотнинг исботини Муқаддас Китобнинг қайси оятларида топиш мумкин? Исо Масиҳ, биродарларини маънан озиқа билан таъминлаётган ҳар бир масиҳчини ишончли хизматкор атаса бўлади, деб назарда тутганми?
13 Худованд Исроил халқига: «Сиз Менинг шоҳидларимсиз... Менинг танланган хизматкоримсиз»,— деб айтган (Ишаё 43:10, ЯДТ). Аммо 33- йил нисон ойининг 11- кунида Исо Масиҳ диний раҳбарларга мурожаат қилиб, энди Аллоҳ бу халқни рад этганини айтди. Унинг сўзлари қуйидагичадир: «Худонинг Шоҳлиги сиздан олиниб, тегишли ҳосилини етиштирувчи халққа берилади». Ҳамда Исо яҳудийларга қарата: «Мана, сизнинг уй-жойингиз ҳувиллаб қолади»,— дея гапирди (Матто 21:43; 23:38). Зотан Исроил халқи на ишончли на ақлли хизматкор бўлган (Ишаё 29:13, 14). Кейинчалик Исо: «Ишончли ва ақлли хизматкор кимдир?» — деган савол берганида, у аслида «Исроил халқининг ўрнига ким ақлли ва Аллоҳга ишончли хизматкор бўла олади?» — дея сўраган. Ушбу саволга ҳаворий Бутрус мойланган масиҳчиларга ишора қилиб: «Сизлар... муқаддас халқ, Худонинг азиз қавмисизлар»,— деб жавоб берди (1 Бутрус 1:4; 2:9). Энди «Худонинг Исроили», яъни Яҳованинг рамзий халқи танланган хизматкори бўлди (Галатияликларга 6:16). Қадимги Исроилнинг барча вакиллари бир «хизматкор»ни ташкил этганидек, худди шундай «ишончли ва ақлли хизматкор» бирон-бир вақт мобайнида яшаган барча мойланганлардан иборат. Аллоҳнинг бундай хизматкоридан «ризқ-рўз» олиш биз учун катта шараф!
Қачон шахсий ўрганиш қувонч келтиради?
14. Нега Аллоҳнинг Каломини шунчаки ўқишдан кўра уни ўрганиш, кўпроқ шодлик келтиради?
14 Муқаддас Китобдан янги нарсаларни билиб олганимизда нимани ҳис этган бўламиз? Шунда имонимиз мустаҳкам бўлгани учун наҳотки қалбимиз қувончга тўлмаса?! Мана нима сабабли Аллоҳнинг Каломини шунчаки ўқишдан кўра уни ўрганиш, кўпроқ шодлик келтиради. Шу йўсин Муқаддас Китобга асосланган адабиётларни ўқиётиб, билиб олган нарсалар устидан чуқур мулоҳаза юритишга интилинг. Ўзингизга шундай саволлар беринг: «Қандай қилиб бу маълумот олдин шу ҳақда билганим билан боғлиқ? Мақоладаги маълумотга яна қайси исботларни ёки Худонинг Каломидан қўшимча оятларни келтиришингиз мумкин?» Мабодо қўшимча тадқиқ олиб бориш керак бўлса, бу саволни ёзиб олиб, кейинги сафар кўриб чиқинг.
15. Тадқиқ қилиш учун мўлжалланган қайси мавзулар қизиқарли бўлиши мумкин ва қачон ўрганиш фойда келтиради?
15 Тадқиқ қилиш учун мўлжалланган қайси мавзулар тушунчангизни кенгайтирган бўларди? Улардан айримлари масалан, Худованд инсониятнинг манфаатини кўзлаб, қандай аҳдлар тузганини чуқур текшириб кўришдир. Шунингдек Исо Масиҳ тўғрисидаги башоратларни ўрганиб ёки пайғамбарларнинг китобидаги оятларини навбатма-навбат кўриб чиқиш имонни мустаҳкам қилади. Ёхуд Тангри Яҳованинг ташкилоти ҳақда кўпроқ маълумотга эга бўлишни хоҳласангиз «Яҳованинг Шоҳидлари — Худо Шоҳлигининг хабарчилари» китобини ёки «Яҳованинг Шоҳидлари — Улар ўзи ким? Улар нималарга ишонишади?»a номли рисолани ҳам ўрганиб чиқиш фойдали бўларди. Боз устига «Қўриқчи минораси» журналидаги «Ўқувчиларнинг саволлари» туркумидаги мақолалар Муқаддас Китобнинг баъзи оятларини яхшироқ тушунишга кўмаклашади. Энг муҳими эса Муқаддас Китобга асосланган қандай исботлар келтирилганлигига ўзгача эътибор қаратинг. Ва агар бундай йўл тутсангиз «фарқ этиш малакасига» ҳамда ақл-идрокка эга бўласиз (Ибронийларга 5:14). Тадқиқ қилаётган пайтда Муқаддас Китоб ёки ёзма дафтарингизга шарҳлар ёзишингиз мумкин. Токи кейинчалик ўзингизга ёки ўзгаларга ёрдам бериш учун улардан фойдалана оласиз.
Ёшларга кўмаклашинг
16. Болалар Муқаддас Китобни тадқиқ қилишига қандай кўмаклашиш мумкин?
16 Ота-оналар фарзандлари Аллоҳ билан муносабатларни ривожлантира олишларига катта ҳисса қўшишлари мумкин. Болалар теранликларни тушуна олишмайди, деб ўйламанг. Масалан улардан оилавий тадқиқотга қайсидир мавзуни ўрганиб чиқиб, кейин уни айтиб беришларини сўранг. Болалар ўз эътиқодларини исботлаб беришларига ўргатиш учун, оилавий тадқиқот мобайнида турли вазиятларни саҳналаштирсангиз ҳам бўлади. Масалан ташкилотимиз чиқарган «“Яхши юртга” нигоҳ ташланг» номли рисоласи болаларни Муқаддас Китобнинг географияси билан таништириб, ҳафтада Муқаддас Китобдан мутолаа қилишга мўлжалланган маълумотни яхшироқ тушунтиришга ёрдам беради.
17. Нега Муқаддас Китобни шахсан ўрганишда мувозанатли бўлиш лозим?
17 Дарҳақиқат, Муқаддас Китобни шахсан ўрганиш қизиқарли ва маънан бойитадиган бўлади. Бироқ бу жамоат учрашувларига тайёргарлик кўриш вақтини эгалламаслигини назорат қилиш лозим. Ахир бундай учрашувларда ҳам биз «ишончли ва ақлли хизматкор» орқали Аллоҳ Яҳовадан таълим оламиз-ку! Бошқа тарафдан бундай қўшимча тадқиқотлар йиғилиш учрашувларда масалан, жамоат китоб тадқиқида ёки Воизлик Мактабида диққатга сазовор оятларни муҳокама қилиш пайтида яхши шарҳлар беришга кўмаклашади.
18. Нима учун «Худонинг теранликларини» текшириб кўриш арзийди?
18 Аллоҳнинг Каломини чуқур текшириш Яҳовага яқинлашишга ёрдам беради. Бундай тадқиқ ҳақида Муқаддас Китобда: «Донолик ҳам пул каби вақтинчалик ором беради, донолик ҳаётга чидашга ёрдам беради, билим фойда келтиради»,— дея айтилган (Воиз 7:12). Шак-шубҳасизки, маънавий нарсаларни тушуниш учун ҳаракат қилиш арзийди. Хуллас, бундай йўл тутган инсонлар «Худо кимлигини билишади» (Ҳикматлар 2:4, 5).
[Изоҳ]
a Бу адабиётлар Яҳованинг Шоҳидлари томонидан нашр этилган.
Тушунтириб бера оласизми?
• «Худонинг теранликлари» дегани нима?
• Нима учун доимо «Худонинг теранликларини текшириб кўриш» керак?
• Нега «Худонинг теранликларини» Аллоҳнинг барча хизматчилари тушуна олишади?
• «Худонинг теранликларини» қандай қилиб чуқур ўрганса бўлади?
[31- саҳифадаги расм]
Ота-она фарзандларига бирон-бир мавзуни ўрганиб чиқиш вазифасини топширишса бўлади