Қайғуга қандай бардош бериш мумкин?
Ўғиллари, қизлари унга [Ёқубга] тасалли беришга ҳаракат қилишарди. Лекин у тасалли топишни истамасди. «Ўликлар диёрига, ўғлимнинг олдига боргунимча аза тутаман», деб айтарди. Шундай қилиб, Ёқуб ўғлига аза тутаверди. ИБТИДО 37:35 «Таврот»дан, 2006- йил
ЁҚУБ пайғамбар ўғлининг дардида оғир мусибат чеккан. У ҳатто бу дарди уни умр бўйи таъқиб қилишини биларди. Мабодо Ёқуб сингари сиз ҳам яқинингиздан айрилган бўлсангиз, жудолик азоби сизни ҳеч тарк этмайдигандек туюлиши мумкин. Қайғуришни Худога бўлган имон сустлигидан далолат, деса бўладими? Асло!
Муқаддас Китобда, Ёқуб алайҳиссалом имони кучли инсон сифатида тасвирланган. Бобоси Иброҳим ва отаси Исҳоқ қаторида Ёқуб ҳам беназир имони учун таҳсинга сазовор топилган (Ибронийларга 11:8, 9, 13). Кунларнинг бирида у Аллоҳнинг дуосини олиш учун ҳатто тун бўйи фаришта билан курашиб чиққан! (Ибтидо 32:24–30). Шубҳасизки, Ёқубнинг Тангри Яҳова билан муносабатлари мустаҳкам бўлган. Унда Ёқуб пайғамбарнинг чеккан азоби нимадан далолат бермоқда? Яқинини йўқотганда дард-аламга ботиш, Аллоҳга ишонмасликни англатмайди. Қайғуга берилиш жудоликдаги табиий ҳолат.
Қайғу ўзи нима?
Қайғу ҳаммага турлича таъсир қилади, лекин бунинг белгиларидан бири, ҳиссан эзилишдир. Масалан, Леонардо 14 ёшда бўлганида, отаси тўсатдан ўпка-юрак етишмовчилиги (пневмокардиаль) дастидан ҳаётдан кўз юмган эди. Леонардо бу хабарни холасидан эшитган кунни ҳеч ёдидан чиқармайди. Дастлаб, у буни тан олишни истамаган. Дафн маросимида отасининг ўлигини кўрган бўлишига қарамай, унга ҳаммаси тушдек туюлганди. У олти ой давомида ҳатто йиғлай ҳам олмаган. Кўпинча, у отасининг ишдан қайтишини кутиб ўтирганини бирдан англаб қоларди. Леонардо отаси йўқлигини тушуниб етгунча, бундай ҳолат қарийб бир йил давом этди. Шунда у ўзини ёлғиз ҳис қила бошлади. Ҳар куни уйга қайтаётиб, у дарров отасининг йўқлигини эсларди. Бундай вақтларда у ётиб олиб роса йиғларди. Леонардо отасини жуда соғинарди.
Леонардонинг мисоли ғам-ғусса нақадар кучли бўлишини кўрсатиб турибди. Лекин ўнгланишнинг иложи бор. Касалликдан соғайиш учун кутиш лозим бўлганидек, айрилиқ азобидан қутулиш ҳам муайян вақт талаб этади. Бунга ойлар, ҳатто йиллар кетиши мумкин. Бироқ вақт ўтган сайин дард сусайгани билан, ҳаёт зим-зиё, мазмунсиз туюла бошлайди.
Шу билан бир вақтда, дард-алам соғайиш ҳамда янги вазиятга кўникиш йўлидаги муҳим босқич ҳисобланади. Зеро оламдан ўтган кишининг ўрни барибир билинади. Шунинг учун усиз ҳаёт кечиришга ўрганиш зарур. Ғам-ғусса ўз навбатида йиғлаб, ични бўшатишга ёрдам беради. Албатта, ҳамма турлича ҳасрат чекади. Аммо шуни эътиборга олиш керакки, ғам тортишдан ўзини тийиш ақлан, ҳиссан ва жисмонан таъсир қилади. Унда қай йўсин ҳасрат чекиш соғайишга кўмаклашади? Аллоҳнинг Каломида бу борада баъзи амалий маслаҳатлар берилганa.
Қайғуга қандай бардош бериш мумкин?
Яқинидан жудо бўлган кўп одамлар, дарди билан бўлишишни жуда фойдали деб топишди. Ўнта фарзандидан айрилган ва бошқа кулфатларни бошдан кечирган Аюб пайғамбарни бунга мисол қилиб келтириш мумкин. У жонига ҳаёт жирканч бўлиб қолгани, қайғусини тўкиб солиб, дилидаги дардини айтмасдан ортиқ тура олмаслигини баён этган (Аюб 1:2, 18, 19; 10:1). Эътибор берган бўлсангиз, Аюб қайғусини тўкиб солишга, яъни дардини айтишга эҳтиёж сезган эди.
Онасидан айрилган Паулу бундай дейди: «Ойим тўғрисида гапириб бериш ўнгланишимга бир ёрдам бўлди». Ҳа, ҳис-туйғуларингизни яқин дўстингизга айтсангиз, ўзингизни енгил тортасиз (Ҳикматлар 17:17). Ойиси ҳаётдан кўз юмганида, Йонэ имондош биродарларидан тез-тез келиб, хабар олиб туришларини илтимос қилди. «Суҳбатлашиш дардимни енгиллатарди»,— дейди у. Сиз ҳам дардкаш инсонга қайғунгизни изҳор этсангиз, уни енгиш осон кечади.
Туйғуларингизни қоғозга тушириш ҳам амалийдир. Ўз ҳасрати билан бўлишишга қийналадиган айримлар, ҳис-туйғуларини ёзишни афзал кўрадилар. Мисол учун, Довуд пайғамбар, шоҳ Шоул ҳамда дўсти Йўнатаннинг ўлимидан хабар топганда, ўз ғамларини мотамсаро қўшиқда ифодалаган. Ушбу марсия ҳатто Тавротнинг қисмларидан бирига киритилган (2 Шоҳлар 1:17–27).
Шунингдек, йиғлаш ҳиссан енгиллик бахш этади. Тавротда бундай сўзлар ёзилган: «Ҳамма нарсанинг ўз тайинланган пайти бор... Йиғлашнинг ҳам... ўз вақти бор» (Воиз 3:1, 4). Яқинимиз дунёдан кўз юмган пайт, айнан йиғлаш вақтидир. Шундай экан кўз ёш тўкишга уялманг. Муқаддас Китобда ўз ҳасратларини йиғлаб ифодалаган кўплаб садоқатли эркагу аёллар ҳақида айтилган (Ибтидо 23:2; 2 Шоҳлар 1:11, 12). Чунончи, Ҳазрати Исо яқинда қазо қилган қадрдон дўсти Лазарнинг қабри ёнига келганида, «кўзи ёшланди» (Юҳанно 11:33, 35).
Дард-аламни бошдан кечириш сабр-бардошни талаб этади, чунки бундай кишининг кайфияти тез-тез ўзгариб туради. Йиғлашдан тортинмаслик кераклиги ёдингизда бўлсин. Аллоҳнинг кўп хизматчилари кўз ёш тўкиш, соғайиш йўлидаги муҳим босқич эканига ўз тажрибаларида амин бўлишган.
Худога яқинлашинг
Инжилда: «Худога яқинлашинглар, шунда У сизларга яқинлашади»,— дейилган (Ёқуб 4:8). Ибодат — Парвардигорга яқинлашишнинг йўлларидан биридир. Уни сира канда қилманг! Забурда тасаллига бой ваъда берилган: «Худованд дили вайронларга яқиндир, руҳи тушкунларни Ўзи қутқарар» (Забур 33:19). Шунингдек у ерда: «Ташвишингни Худовандга ташлаб кет, Унинг Ўзи сенга таянчиқ бўлур»,— дейилган (Забур 54:23). Бу оятларни унутманг. Юқорида айтиб ўтганимиздек, кўплар дардини яқин дўстига айтишни фойдали деб топишган. Шундай экан, қалбимизга тасалли беришни ваъда қилаётган Раббимизга юрагимизни тўкиб солиш наҳотки бизга таскин бера олмаса?! (2 Салоникаликларга 2:16, 17).
Онасидан жудо бўлган Паулу: «Дардимга бардош беришга чидай олмаётганимни ҳис қилганимда, тиз чўкиб Худога ибодат қилардим. Ундан ёлвориб ёрдам сўрардим»,— дейди. Паулунинг айтишича, ибодатлари унга куч-қувват ато этган. Сиз ҳам тоат-ибодатда саботли бўлсангиз, «ҳар турли тасаллининг манбаи бўлган Худо» бардошли бўлишингиз учун куч ва дадиллик беради (2 Коринфликларга 1:3, 4; Римликларга 12:12).
Тирилишга умид
Исо пайғамбар: «Мен тирилиш ва ҳаётдирман. Менга ишонган одам ўлса ҳам яшайди»,— деган эди (Юҳанно 11:25). Дарҳақиқат, Аллоҳнинг Каломида ўлган кишилар яна ҳаётга қайтишлари ҳақида айтилганb. Ҳазрати Исо ер юзида бўлганида, ўлганларни тирилтириш қобилиятига эга эканини кўрсатган эди. Масалан, у 12 яшар қизчани тирилтирганида ота-онасининг «ақли шошди» (Марк 5:42). Исо Масиҳ самода шоҳлик қилган пайтда, сон-саноқсиз кишиларни тинчлик ва адолат ҳукм сурадиган ердаги ҳаётга тирилтиради (Ҳаворийлар 24:15; 2 Бутрус 3:13). Марҳумлар ҳаётга қайтиб, яқинлари билан бирлашганда, қанчалик чексиз қувонч келтиришини бир тасаввур қилинг-а!
Авиаҳалокат оқибатида ўғли Ренатодан айрилган Клаудети, унинг суратини совиткич устига қўйиб қўйган. У кўпинча суратга қараб, ўзига ўзи: «Тирилиш бўлганида, биз яна кўришамиз»,— деб айтади. Леонардо эса, Худо ваъда бераётган жаннатда отасининг ҳаётга қайтишини тасаввур қилади. Дарҳақиқат, тирилиш умиди, улар ҳамда яқинидан жудо бўлган бошқалар учун тасалли манбаидир. Албатта сиз учун ҳам!
[Изоҳлар]
a Яқин кишисидан айрилган болаларга қандай ёрдам бериш борасида, ушбу журналнинг 24–26- саҳифаларидаги «Болангизга ғам-ғуссани бошдан кечиришига кўмаклашинг» номли мақолага қаранг.
b Муқаддас Китобдаги тирилиш умиди ҳақида батафсилроқ билиш учун, Яҳованинг Шоҳидлари томонидан нашр этилган «Муқаддас Китоб таълимотлари» китобининг 7- бобига қаранг.
[7- саҳифадаги рамка ва расм]
«Ҳар турли тасаллининг манбаи бўлган Худо»
Ҳар турли тасаллининг манбаи бўлган... Худога ҳамду санолар бўлсин! 2 Коринфликларга 1:3
Муқаддас Китобнинг ушбу ояти, Аллоҳ садоқатли хизматчиларига ҳар қандай қийинчилигу муаммога дош беришга кўмаклашишини кўрсатмоқда. Яҳова Таоло тасаллини дўстимиз ёки имондош қариндошларимиз орқали ҳам бериши мумкин.
Отасидан жудо бўлган Леонардо унга куч ва тасалли бахш этган бир воқеани эслайди. Уйга келгач, ҳеч ким йўқлигини кўриб, у ҳўнграб йиғлай бошлади. Кейин у яқинда жойлашган хиёбонга борди-да, курсига ўтириб, ўзини тўхтата олмай яна йиғлаб юборди. Леонардо йиғи аралаш Худодан ёрдам сўраб ёлвора бошлади. Кутилмаганда, унинг ёнида юк машинаси тўхтади ва Леонардо ҳайдовчи имондош биродари эканини дарров таниди. У буюртмачиларга нарсаларни тарқатаётиб, йўлдан адашиб қолган экан. Биродарнинг келганининг ўзи, Леонардо учун далда бўлди.
Бошқа бир мисолда, бева киши ёлғизликдан тушкун ҳолатда эди. Бутун дунё унинг кўзига қоронғу кўриниб, кўз ёш тўкишдан ўзини тўхтата олмасди. У мук тушиб, Худога илтижо қила бошлади. Ҳали ибодат қилиб турганида, бирдан телефон жиринглаб қолди. Бу унинг невараси эди. У: «Бизнинг қисқагина суҳбатимиз далда олишимга кифоя бўлди. Ушбу қўнғироқ ибодатимга жавоб бўлганига ишончим комил эди»,— деб бўлишди.
[9- саҳифадаги рамка]
Бошқаларга тасалли беринг
У [Худо] бутун ғам-қайғуларимиз учун бизга тасалли беради. Шу тариқа ўзимиздек ҳар турли қайғуларга йўлиққан бошқа одамларни биз Худодан олган тасалли билан овунтира оламиз. 2 Коринфликларга 1:4
Аллоҳнинг кўп хизматчилари ушбу сўзларнинг ҳақлигини ўзларида ҳис этишган. Зотан улар айрилиқ азобига дош беришда тасаллига эга бўлиб, бошқаларга ҳам далда беришга қодир бўлишган.
Клаудети бунга яққол мисол бўла олади. У Муқаддас Китобга асосланган эътиқодлари ҳақида бошқаларга ваъз қиларди. Кунларнинг бирида у, оқ қон (лейкемия) касаллиги дастидан ўғлидан жудо бўлган бир аёлникига ташриф буюрди. Аёл унинг келишидан хурсанд бўларди-ю, лекин Клаудети барибир уни тўлиқ тушуна олмайдигандек туюларди. Бироқ Клаудетининг ўғли оламдан ўтганида, ўша аёл унга таъзия изҳор этгани келиб, Клаудетининг Аллоҳга бўлган ишончи йўқолмаганини кўрди. Клаудетининг мустаҳкам имони аёлга таъсир қилиб, Худонинг Каломини ўрганишни бошлади ва дардига тасалли топди.
Леонардо отасини йўқотгандан сўнг, Муқаддас Китобдаги тасаллига бой хабарни соқовларга етказиш учун имо-ишора тилини ўрганишга қарор қилди. У соқовларга бераётган ёрдами, ўзига катта фойда келтирганини пайқади. Леонардо бундай дейди: «Қайғуга бардош беришимга, соқовларга Аллоҳ ҳақида айтиб бериш истагим ёрдам берди. Бу учун кўп вақт ва куч сарфлашимга тўғри келарди. Лекин биринчи ўқувчим имон келтириб, сувга чўмганида, илк бор қайғум қувончга айланди! Чиндан ҳам, дадамнинг ўлимидан кейин биринчи марта ўзимни бахтиёр ҳис қилдим» (Ҳаворийлар 20:35).
[5- саҳифадаги расм]
Дардингиз билан бўлишсангиз, енгил тортасиз
[6- саҳифадаги расм]
Туйғуларингизни қоғозга тушириш ҳам амалийдир
[6- саҳифадаги расм]
Тирилиш умиди ҳақида ўқиш тасалли бахш этади
[8- ва 9- саҳифадаги расм]
Ҳазрати Исо унга ишонган инсонларни тирилтиришни ваъда берган