Биродарлик муҳаббатини ривожлантиринг!
Масиҳ сизларни жуда севгани учун... сизлар ҳам худди шундай муҳаббат билан яшанглар. ЭФЕС. 5:2
1. Исо Масиҳнинг издошлари айнан қандай белги билан ажралиб туришлари керак?
ЯҲОВАНИНГ ШОҲИДЛАРИ хушхабарни уйма-уй ваъз қилишади. Бу, уларнинг ажратиб турадиган белгисидир. Бироқ, Исо Масиҳ унинг издошларини бошқа муҳим бир белги билан ажралиб туришини айтганди. У мана нима деган: «Сизларга янги буйруқ беряпман: бир-бирингизни севинглар. Мен сизларни қандай севган бўлсам, сизлар ҳам бир-бирингизни шундай севинглар. Агар орангизда муҳаббат ҳукмрон бўлса, сизлар Менинг шогирдларим эканингизни ҳамма шундан билиб олади» (Юҳанно 13:34, 35).
2, 3. Йиғилишларимизга келганларга биродарлик муҳаббати қандай таъсир қилади?
2 Умумжаҳон биродарликни фақат Исонинг издошлари орасида кўриш мумкин. Худди магнит ўзига темирни тортганидек, Яҳованинг хизматчилари орасидаги меҳр-муҳаббат ва ҳамжиҳатлик атрофдаги самимий инсонларни ўзига жалб қилади. Масалан, камерунлик Марселино иши дастидан кўр бўлиб қолади. Қўни-қўшнилари эса, Марселино Худонинг қарғишига йўлиққани учун шундай бўлди, деб миш-миш гаплар тарқата бошлашади. Черковдагилар ва ҳатто руҳоний ҳам, далда беришнинг ўрнига уни ҳайдаб юборишади. Кейинчалик, Яҳованинг Шоҳидлари Марселинони йиғилишга таклиф қилишганида, яна ундан воз кечишларидан қўрқиб бормади.
3 Охир-оқибат, Марселино Йиғилиш Залига борганида, уни умуман бошқача муносабатда кутиб олишди. Буни кўриб, у жуда ҳайратда қолди. У ерда билиб олганлари Марселинога далда берди. Ва у, бундан буён ҳамма учрашувларга қатнашга қарор қилди. Кўп ўтмай, Муқаддас Китобни ўрганишни бошлади. Аста-секин маънан ўсиб, 2006- йилда ҳаётини Яҳовага бағишлаб, сувга чўмди. Бугунги кунда, Марселино қариндошларию қўни-қўшниларига ҳақиқатни баҳам кўрмоқда. Натижада, улардан баъзилари билан Муқаддас Китоб тадқиқини бошлади. Марселино, Худонинг халқи орасида топган меҳр-муҳаббатни бошқалар ҳам ҳис қилишларини жуда хоҳлайди.
4. Павлуснинг «муҳаббат билан яшанглар» деган даъватига нега қулоқ солиш керак?
4 Шубҳасизки, имондошларимиз орасидаги самимий севги, атрофдаги инсонларни ўзига жалб қилади. Совуқ кечада ловуллаб ёнаётган гулханни тасаввур қилинг. Ундан чиққан иссиқлик одамни ўзига тортади. Агар ўтин солиб турмаса, олов ўчиб қолиши турган гап. Шу каби, жамоатдаги меҳр-муҳаббат ҳам аланга олиб ёниши учун, унинг ҳар бир аъзоси ўз томонидан қандайдир ҳаракат қилиши керак. Хўш, қандай қилиб биз бунда ўз ҳиссамизни қўшишимиз мумкин? Ҳаворий Павлус шундай деган: «Масиҳ сизларни жуда севгани учун, сизлар учун Ўзини фидо қилди ва шу йўсин Худога маъқул келадиган, хуш ҳидли қурбонлик келтирди. Сизлар ҳам худди шундай муҳаббат билан яшанглар» (Эфес. 5:2). Шунинг учун келинг, қандай қилиб меҳр-муҳаббат билан яшашимиз мумкинлигини кўриб чиқайлик.
«Кўнглингизни кенгроқ қилинг»
5, 6. Нима учун Павлус Коринфдаги имондошларини «кўнглингизни кенгроқ қилинг» деб ундар эди?
5 Ҳаворий Павлус Коринфдаги имондошларига қуйидагиларни ёзган: «Эй коринфликлар, сизлар учун тилимиз ечилди, юрагимиз кенг очилди. Бизнинг кўнглимиз сизлар учун тор эмас, лекин ўзларингизнинг кўнглингиз жуда тор экан! Бунинг бараварига — болаларимга гапираётгандек гапиряпман — сизлар ҳам кўнглингизни кенгроқ қилинглар-чи!» (2 Кор. 6:11–13). Нима учун Павлус имондошларини кўнглини кенгроқ қилишга чорлаган?
6 Ҳозир эса Коринф шаҳридаги жамоатнинг тарихини бир эслайлик. Павлус милодий 50- йиллар охирида биринчи марта Коринф шаҳрига келган эди. Гарчи хушхабарни ваъз қилишни бошлаганида кўп қаршиликларга дуч келган бўлса-да, у тушкунликка тушмаган. Кўп вақт ўтмай, бу шаҳарда яшовчиларнинг баъзиси хушхабарни қабул қилди. Павлус тахминан «бир йилу олти ой» давомида янги ташкил қилинган жамоатни қўллаб-қувватлади. Шу сабабли, у Коринфдаги имондошларига боғланиб қолгани ажабланарли эмасди (Ҳавор. 18:5, 6, 9–11). Албатта, улар ҳам Павлусни ҳурмат қилиб, яхши кўришарди. Аммо-лекин жамоатдагилардан баъзилари уни рад этишарди ва меҳр билан берилган унинг маслаҳатига қулоқ солишни хоҳлашмасди (1 Кор. 5:1–5; 6:1–10). Айримлар эса «олий ҳаворийлар»нинг ёлғон-яшиқ гапларига ишонишди (2 Кор. 11:5, 6). Павлус имондошларига фақат яхшилик тилаб, ораларида севги ҳукмрон бўлишини истарди. Шунинг учун у имондошларидан кўнгилларини кенгроқ қилишларини илтимос қилган.
7. Имондошларимизга меҳр-муҳаббатни кўрсатишда қандай қилиб «кўнглимизни кенгроқ» қила оламиз?
7 Биз ҳақимизда нима дейиш мумкин? Қандай қилиб барчамиз «кўнглимизни кенгроқ» қила оламиз? Албатта, кимдир тенгдошлари билан ёки миллати битта бўлган кишилар билан осонликча дўстлаша олади. Қолаверса, қизиқишлари бир хил бўлгани сабабли, улар тез-тез биргалашиб учрашиб турадилар. Бироқ, масиҳчилар бунга йўл қўймай, «кўнгилларини кенгроқ» қилишга интилишлари керак. Чунончи, ўзингизга шундай саволлар бериб кўринг: «Кўникиб қолган кишилар билангина хизмат қиляпманми? Ўша-ўша одамлар билан дам оляпманми? Йиғилиш Залига келганимда, дўстлашишга унча вақтим йўқ, деб янги кишилардан узоқлашмаяпманми? Жамоатдаги каттаю кичик билан саломлашишга ҳаракат қиляпманми?».
8, 9. Римликларга 15:7 да ўзаро севги намоён этишимиз борасида қандай маслаҳат мавжуд?
8 Саломлашиш борасидаги Павлуснинг маслаҳати, имондошларимиз билан тўғри муносабатда бўлишга ёрдам беради (Римликларга 15:7 ўқиб беринг). «Қабул қилмоқ» деб таржима қилинган юнонча сўз, очиқ кўнгил билан кутиб олиш, салом-алик қилиш ҳамда меҳмондўст бўлишни англатади. Қадимда дўстини меҳмонга чақирган инсон, уни кўришдан қанчалик хурсанд эканини намоён қиларди. Исо Масиҳ, рамзий маънода бизни ҳам имонлилар жамоатига қабул қиляпти. Бу эса, имондошларимизга нисбатан худди шундай муносабатда бўлишга барчамизни ундамоқда.
9 Йиғилиш Залида ёки бошқа пайтларда имондошларимиз билан саломлашишимиз керак. Анчадан бери кўрмаган, гаплашмаган имондошларимизга эътибор беришимиз мумкин. Улар билан суҳбатлашишга наҳотки бир неча дақиқангиз бўлмаса?! Кейинги сафар бошқаларидан ҳол-аҳвол сўрасангиз бўлади. Шу тариқа, аста-секин жамоатдаги барча биродару опа-сингиллар билан яқиндан танишиб оласиз. Мабодо, бир куннинг ўзида ҳамма билан гаплашишга улгурмасангиз, ҳечқиси йўқ. Аммо, кимдир билан ҳар учрашувда саломлашишмаса ҳам, у киши хафа бўлмаслиги даркор.
10. Жамоатдагилар қанақа бебаҳо имкониятга эга ва буни қандай амалга оширса бўлади?
10 Бошқалар билан саломлашиш, уларни қабул қилганингизнинг илк қадамидир. Бу эса, мароқли суҳбат ва дўстлик ривожланишига ҳисса қўшади. Мисол учун, анжуманларда биронтаси билан танишиб, кейинги сафар ҳам у билан учрашишга ҳаракат қиламиз. Йиғилиш Залларининг қурилишида иштирок этган кўнгилли ишчилар бир-бирининг ажойиб фазилатларини кўриб, дўстлашиб кетишади. Фақат Яҳованинг ташкилотида мана шундай дўстлар орттириш имкони бор. Демак, «кўнглимизни кенгроқ» қилсак, янада кўпроқ дўстлар орттирамиз. Орамиздаги меҳр-муҳаббат эса барчамизни ҳақ топинишда бирлаштиради.
Бошқаларга кўпроқ вақт ажратинг
11. Болаларга меҳр кўрсатган Исодан қандай ўрнак оляпмиз?
11 Барча масиҳчилар Исо каби самимий ва соддадил бўлишга интилишади. Бир куни, ота-оналар фарзандларини Исонинг олдига олиб келаётгандилар. Бироқ унинг шогирдлари қаршилик кўрсатишган. Ўшанда Исо уларга шундай деди: «Болаларга йўл қўйинглар, Менинг олдимга келишига тўсқинлик қилманглар! Мана, Худонинг Шоҳлиги бундайларникидир». Сўнг, «болаларни қучоқлаб, уларнинг пешаналарини силаб дуо қилди» (Марк 10:13–16). Буюк Устозимизнинг меҳрибонлигидан кичкина болалар ўзини қанчалик бахтиёр ҳис қилганини бир тасаввур қилинг!
12. Очиқ мулоқот қилишга нима халақит бериши мумкин?
12 Ҳар биримиз ўзимизга шундай саволлар берайлик: «Бошқалар мени олдимга келиб, бемалол гаплаша оладими? Ёки мен доим ўзим билан бандманми?» Эҳтимол қандайдир одатларимиз бошқалар билан суҳбатлашишга халақит бераётгандир. Масалан, одамлар орасида ҳадеб уяли телефондан фойдалансак ёки қулоқчин (наушник) тақиб олиб, бирон нима эшитиб ўтирсак, бошқаларга нисбатан ҳурматсизлик ҳисобланади. Шунингдек кимдир коммуникаторда (қўл компьютери) бир нималарни доим ковлаштириб ўтирса, гўё бошқалар билан гаплашишни хоҳламаётгандай туюлиши мумкин. Албатта, «сукут сақлашнинг ҳам, сўзлашнинг ҳам ўз вақти бор» (Воиз 3:7). Эҳтимол баъзилар: «Ўзим билан ўзим бўлишни хуш кўраман ёки эрталаб гаплашишни унча ёқтирмайман»,— деб ўзини оқлаши мумкин. Бундай пайтларда ҳаттоки суҳбатлашгимиз келмаса-да: «Севги худбинлик қилмас»,— деган маслаҳатга амал қиламиз (1 Кор. 13:5).
13. Павлус Тимўтийни нима қилишга чорлаган?
13 Ҳаворий Павлус Тимўтийни жамоатдаги барча масиҳчиларни ҳурмат қилишга ундаган (1 Тимўтийга 5:1, 2 ўқиб беринг). Биз ҳам бу маслаҳатга риоя қилиб, ёши катталарга ота-она каби, ёши кичикларга опа-сингил, ака-ука каби муносабатда бўлишимиз даркор. Шундай йўл тутиб, барча имондошларимизни ҳурмат қилаётганимизни кўрсатамиз ва ҳеч кимни ранжитмаймиз.
14. Бошқалар билан мароқли суҳбат қуриш нима учун фойдали?
14 Ҳа, атрофдагиларга тасалли бериб, мулоқот қилиб турсак, улар ўзларини бахтли ҳис этишларига кўмаклашган бўламиз. Мисол учун, битта биродаримиз эндигина Байтилга келганида, у ерда кўп йиллар мобайнида хизмат қилаётган бошқа биродаримиз у билан ҳамиша гаплашиб, далда берган экан. Бунинг натижасида, ҳалиги биродаримиз ўзини Байтил оиласининг аъзосидек ҳис қиларди. Ҳозир эса, унинг ўзи ҳам янги байтилчилар билан мулоқот қилиб туришга интилади.
Камтаринлик тинчлик ўрнатишга кўмаклашади
15. Имондошлар орасида тушунмовчилик юз бериши мумкинлигини қайси мисоллардан кўрсак бўлади?
15 Филиппи шаҳрида яшаган Эводия ва Синтиха исмли художўй аёллар орасида хафагарчилик ўтган эди (Филип. 4:2, 3). Павлус ва Барнабо ўртасида ҳам тушунмовчилик юз берганида, улар вақтинчалик бир-биридан айрилишга мажбур бўлишди (Ҳавор. 15:37–39). Кўриб турганимиздек, имондошлар орасида баъзан келишмовчиликлар рўй бериб туриши табиий ҳол. Аммо-лекин Яҳова Таоло, бу каби муаммоларни ечишда доимо қўллаб-қувватлашида ишонтирмоқда. Бироқ, биз томондан ҳам муайян ҳаракатлар талаб қилинади.
16, 17. а) Келишмовчиликларни ҳал қилишда камтаринлик қанақа аҳамиятга эга? б) Ака-уканинг мисолидан ўзимиз учун қандай сабоқ олдик?
16 Фараз қилинг, дўстларингиз билан биргаликда машинага миниб саёҳатга чиқмоқчисиз. Бунинг учун эса машинанинг калитини ўт олдиргичга тиқиш керак. Шунга ўхшаб, келишмовчиликларни ҳал қилишда ҳам муҳим бир калит бор. Бу калит — камтаринликдир (Ёқуб 4:10 ўқиб беринг). Қуйидаги мисол, келишмовчиликларни ҳал қилишда камтаринликнинг ўрни қанчалик муҳим эканини кўрсатади.
17 Эсов тўнғичлигини йўқотгани учун укаси Ёқубдан ғазабланиб, уни ўлдирмоқчи бўлади. Шу сабабли Ёқуб ўз юртидан қочиб кетади. Бироқ, йигирма йил ўтгач, она юртига қайтиб келганида, акаси билан учрашишига тўғри келади. Ёқуб, акаси унга ҳужум қилишидан «жуда қўрқиб, юраги зиқ бўлиб кетади». Аммо, Эсов ҳеч кутмаганда, укаси уни олдига яқинлашгунча, «ергачага эгилиб таъзим қилади». Хўш, бу қандай самара беради? «Эсов укасини қаршилагани югурди, уни қучоқлаб, бўйнига осилиб, юз-кўзидан ўпди. Улар йиғлашдилар». Шундай қилиб, хавфли вазиятнинг олди олинди. Ёқубнинг камтаринлиги, акаси Эсовнинг жаҳлини туширди (Ибт. 27:41; 32:3–8; 33:3, 4).
18, 19. а) Келишмовчилик юз берганида, Аллоҳ Каломидаги маслаҳатни нега биз биринчи бўлиб қўллашимиз лозим? б) Агар инсон ярашишни хоҳламаса нима учун хафа бўлмаслик керак?
18 Муқаддас Китобда низоларни ҳал қилишда кўпгина амалий маслаҳатларни топиш мумкин (Мат. 5:23, 24; 18:15–17; Эфес. 4:26, 27)a. Айрим пайтлар мана шундай маслаҳатларга амал қилсак ҳам, ярашиш имконсиз бўлади. Чунончи ярашиш учун икки томон ҳам камтаринликни намоён қилишга интилиши жуда зарур.
19 Тинчлик ўрнатиш учун қўлимиздан келганини қилдик дейлик. Бироқ, бу бирон бир самара келтирмади. Хўш, бундан тушкунликка тушишимиз керакми? Асло! Баъзида, инсон ўз хатоларини ва туйғуларини тушуниши учун вақт талаб этилади. Масалан, Юсуфнинг биродарлари укасини қулликка сотиб юборишади. Кейинчалик, Юсуф Миср юртининг ҳокими бўлиб тайинланганида, у яна биродарлари билан юзма-юз кўришади. Юсуф акалари қилган ишларидан пушаймон эканини кўриб, уларни кечиради. Натижада, Ёқуб ўғилларининг ҳаёти сақланади. Боз устига бу, улар Худонинг халқи сифатида Яҳованинг исмини шарафлашлари учун имкон очиб берди (Ибт. 50:15–21). Дарҳақиқат, биз ҳам биродару опа-сингилларимиз орасида тинч-тотувликда яшашга интилсак, жамоатда хурсандчилик ва ҳамжиҳатлик ҳукм суришига катта ҳисса қўшган бўламиз (Колосаликларга 3:12–14 ўқиб беринг).
«Амалда ва ҳақиқатда» севишни тўхтатмайлик
20, 21. Исонинг ўрнагидан ҳар биримиз қандай сабоқ олсак бўлади?
20 Исо ўлишидан олдин ҳаворийларига мурожаат қилиб, шундай деди: «Мен сизларга нима қилган бўлсам, сизлар ҳам ўшани қилишингиз керак. Мен сизларга ўрнак кўрсатдим» (Юҳан. 13:15). Шундан сўнг, у ўша ўн икки кишининг оёқларини ювади. Исо, буни шунчаки урф-одатни бажариш ёки меҳрибонлик кўрсатиш учун қилмаган. Нега деганда, бу воқеа содир бўлишидан сал аввал, унинг шогирди Юҳанно бундай деган: «У бу оламдаги Ўзиникиларни севар эди, уларни охиригача севди» (Юҳан. 13:1). Чиндан ҳам, шогирдларига бўлган севги уни бошқаларга хизмат қилишга ундаган. Бугунги кунда ҳам, унинг издошлари камтаринлик ила бир-бирига меҳр-муҳаббатни амалда намоён қилишмоқда. Ҳа, самимий биродарлик севгиси имондошларимизни ҳурмат қилишга чорлайди.
21 Ҳаворий Бутрус, Устози нима учун бундай қилганини тушуниб, қуйидагича ёзган: «Сизлар Илоҳий Руҳ ва ҳақиқатни тан олиб, жонларингизни пок қилиб, самимий биродарлик муҳаббатига эга бўлгансизлар. Шунинг учун бир-бирингизни чин юракдан, ихлос билан севинглар» (1 Бутр. 1:22). Ҳаворий Юҳанно ҳам: «Эй фарзандларим, биз сўз ёки тил билангина эмас, балки амалда ва ҳақиқатда севишимиз лозим»,— деб айтганди (1 Юҳан. 3:18). Келинг, бундан буён ҳам биродарлик муҳаббатини амалда кўрсатайлик.
[Изоҳ]
a «Яҳованинг хоҳишини бажараётган ташкилот» китобининг (рус.) 144–150- саҳ. қ. (бу маълумот шунингдек «Илоҳий хизматимиз»нинг 2007- йил июль 3–6- саҳ. келтирилган).
Тушунтириб беринг:
• Қай йўсин «кўнглимизни кенгроқ» қила оламиз?
• Бошқаларга вақт ажратиш учун нима қилсак бўлади?
• Тинчликсевар бўлиш учун нега камтаринлик муҳим?
• Имондошларимизга ғамхўрлик қилишга нима кўмаклашади?
[21- саҳифадаги расм]
Ҳаммани очиқ чеҳра ила кутиб олинг
[23- саҳифадаги расм]
Бошқалар билан суҳбатлашиш фурсатини қўлдан бой берманг