ХУДОГА ЯҚИНЛАШИНГЛАР
«Аллоҳ қувонч билан берганни севади»
Қандай совғани айниқса қадрлайсиз? Шубҳасизки, кўпчилигимиз мажбурият юзасидан эмас, балки севги ила берган кишининг совғасини олганимизда ўзимизни бахтли ҳис қиламиз. Қайси ниятда берилгани биз учун жиддий аҳамиятга эга. Энг асосийси, бу Аллоҳ учун ўта муҳим. Келинг, Худонинг хизматчиси бўлмиш Павлуснинг илоҳий илҳом остида ёзган сўзларни кўриб чиқайлик (2 Коринфликларга 9:7- оятни ўқинг).
Нега Павлус бу сўзларни ёзган? У, Коринфдаги имондошларини Яҳудиядаги биродару опа-сингилларини моддий тарафлама қўллаб-қувватлашга чорлаган. Павлус, уларни бу ишни мажбурият юзасидан қилишга ундаганми? Аксинча, у: «Ҳар бир инсон норози бўлиб ёки мажбурият юзасидан эмас, балки кўнглида ният этганини берсин. Чунки Аллоҳ қувонч билан берганни севади»,— деб ёзган. Келинг, бу маслаҳатни батафсил муҳокама қилайлик.
«Балки кўнглида ният этганини берсин». Павлус ёзганидай, Худонинг хизматчиси «кўнглида» ният қилгани учун беради. Қолаверса, бундай киши имондошларининг эҳтиёжлари ҳақида астойдил ўйлайди. Бир илоҳиётшуноснинг айтишича, Муқаддас Китобнинг асл нусхасидаги «ният этган» деб таржима қилинган сўз «олдиндан ўйлаб қўйилган», деган маънони англатади. Демак, биз ҳам имондошимизнинг эҳтиёжлари ва у учун нима қилишимиз мумкинлиги борасида фикр юритсак яхши бўлади (1 Юҳанно 3:17).
«Норози бўлиб ёки мажбурият юзасидан эмас». Павлус, Худонинг хизматчилари қочиши керак бўлган иккита нарса, яъни норозилик ва мажбурият ҳақида ёзган. Бир луғатга кўра, норози бўлиб бераётган киши «пул сарфлашга мажбурман, деб кўнглини ғаш қилади». Ёки мажбурият юзасидан бераётган одам қилиш керак, деган сиқув остида буни қилади. Қайси биримиз, норози бўлиб ёки мажбурият юзасидан берилган совғани олишни хоҳлаймиз?
«Аллоҳ қувонч билан берганни севади». Художўй киши Павлуснинг сўзларига биноан, совға тақдим этмоқчи бўлса, буни шод бўлиб қилиши лозим. Бундан ташқари, тўғри ният ила қилинган совға инсонни бахтли қилади (Ҳаворийлар 20:35). Совға қувонч ила берилгани, бошқаларга яққол кўриниб туради. Дарҳақиқат, «қувонч» деб таржима қилинган юнонча сўз, тақдим этган кишининг ҳам ички ҳиссиётларида, ҳам ташқи кўринишида намоён бўлишига ишора қилади. Ҳадя қувонч ила берилса, қалбимизга таъсир этиб, Аллоҳга ҳам хуш келади. Муқаддас Китобнинг бошқа таржимасида: «Худо рози бўлиб берувчини севади»,— деб ёзилган (Туркия 1998).
«Худо рози бўлиб берувчини севади»
Ҳаворий Павлуснинг бериш борасидаги илоҳий илҳом остида ёзган меъёри, Худонинг хизматчилари учун ўта муҳим кўрсатма. Шундай экан, вақт, куч ёки маблағимизни берамизми, келинг, буни рози бўлиб қилайлик. Боиси, бошқаларга нисбатан сахий бўлсак, айниқса уларнинг эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда, чинакам мамнуният топа оламиз. Хуллас, бундай тарзда бериш, нафақат бизни бахтиёр қилади, балки Худонинг назарида азиз бўламиз. Зеро, У «қувонч билан берганни севади».
Сентябрь–октябрь ойларида ўқиш тавсия этилган оятлар