Худонинг Шоҳлигига қаттиқ ишонинг
Имон — бу умид қилаётган нарсалар амалга ошишидан шубҳаланмасликдир. ИБРОН. 11:1
1, 2. Худо инсоният учун ниятини Шоҳлик орқали амалга оширишига бўлган ишончимизни нима мустаҳкам қилади ва нега? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)
ЯҲОВАНИНГ ШОҲИДЛАРИ эканмиз, фақатгина Худонинг Шоҳлиги одамзоднинг барча муаммоларини ҳал қилади деб кўпинча ваъз қиламиз. Қолаверса, инсонларнинг эътиборини Муқаддас Ёзувлардаги ушбу муҳим мавзуга қаратишга ҳаракат қиламиз. Шунингдек, бу Шоҳлик тақдим этаётган умид бизга тасалли бахш этмоқда. Шундай экан, ушбу Шоҳлик мавжуд эканига ва Аллоҳнинг нияти у орқали амалга ошишига ишончимиз қанчалик мустаҳкам? Шоҳликка бўлган кучли имонимиз нимага асосланган? (Иброн. 11:1).
2 Қодир Тангрининг Ўзи, инсоният учун ниятини Масиҳий Шоҳлик ёрдамида рўёбга чиқаради. Шоҳлик мустаҳкам пойдеворга, яъни Яҳованинг ҳукмронлик қилишга бутунлайин ҳаққи бор эканлигига асосланади. Бу Шоҳлик — шоҳ, у билан бирга ҳукм сурадиганлар ва уларнинг бошқарувидаги бутун борлиқдан иборат. Яҳова, бу муҳим жиҳатларни аҳдлар орқали қонуний тарзда ўрнатган. Аҳдлар ё Худо ё Унинг Ўғли Исо Масиҳ томонидан тузилган. Ушбу аҳдларни тадқиқ қилиш, Тангри ниятини қай йўсин амалга оширишини яхшироқ тушунишимизга ва бу Шоҳлик мустаҳкам эканига амин бўлишимизга кўмаклашади (Эфесликларга 2:12 ни ўқинг).
3. Ушбу ва келаси мақолада нимани муҳокама қиламиз?
3 Муқаддас Китобга биноан Масиҳий Шоҳлик билан боғлиқ олтита асосий аҳд бор: 1) Иброҳим билан тузилган аҳд, 2) Исроил халқи билан тузилган аҳд, 3) Довуд билан тузилган аҳд, 4) Маликисидқ каби руҳоний билан тузилган аҳд, 5) янги аҳд ва 6) Шоҳлик ҳақидаги аҳд. Келинг, ҳар бир аҳднинг Шоҳликка қандай алоқаси борлигини ва Худонинг ер ҳамда инсоният учун ниятини амалга ошириш борасидаги чораларга қандай боғлиқ эканини кўриб чиқайлик («Худо ниятини қандай амалга оширади?» номли жадвалга қ.).
ХУДОНИНГ НИЯТИ ҚАНДАЙ БАЖАРИЛИШИНИ КЎРСАТАДИГАН ВАЪДА
4. Ибтидо китобига кўра, Яҳова инсониятга тегишли қандай амрлар чиқарган?
4 Яҳова гўзал сайёрамизни инсоният яшаши учун тайёрлагач, одамзодга тегишли мана бу учта амрни чиқарган: 1) Худо одамларни Ўз суратидай яратиши; 2) Инсоният бутун ер юзини жаннатга айлантириб, уни одил фарзандлар билан тўлдириши; 3) Одамлар яхшилик ва ёмонликни билиш дарахтининг мевасидан емаслиги (Ибт. 1:26, 28; 2:16, 17). Бу амрлардан ташқари бошқа ҳеч нарса кутилмасди. Одамзод яратилгач, қолган иккита амр Худонинг нияти бажарилиши учун етарли бўлган. Унда, нега аҳдларга зарурат туғилди?
5, 6. а) Қай йўсин Шайтон Худонинг ниятига халақит беришга интилган? б) Шайтон Адан боғида кўтарган исёнга Яҳова қандай муносабат билдирди?
5 Худонинг ниятини қабиҳлик ила барбод қилиш мақсадида, Шайтон Иблис исёнга сабабчи бўлган. У илк аёл, Момоҳавони яхшилик ва ёмонликни билиш дарахтининг мевасидан ейиш васвасасига солиш орқали одамларни Худога бўйсунмасликка ундаган (Ибт. 3:1–5; Ваҳ. 12:9). Шундай қилиб Шайтон, Худонинг яратганлари устидан ҳокимлик қилиш ҳуқуқини шубҳа остига қўйган. Кейинчалик у, Аллоҳнинг содиқ хизматчиларини ўз манфаатларини кўзлашида ҳам айблаган (Аюб 1:9–11; 2:4, 5).
6 Қизиқ, Шайтон Адан боғида кўтарган исёнга Яҳова қандай муносабат билдирди? Исёнчиларни йўқ қилиб, уларнинг қўзғолонига якун ясаши мумкин эди. Бироқ бу, ер юзини илк жуфтликнинг итоаткор болалари билан тўлдириш борасидаги Худонинг нияти амалга ошмай қолишини англатарди. Исёнчиларни ўша заҳоти ва ўша ернинг ўзидаёқ жазолашнинг ўрнига, доно Парвардигор Унинг ҳар бир сўзи рўёбга чиқишини кафолатлайдиган чуқур маъноли башорат, яъни Адан боғида ошкор бўлган ваъдани берди (Ибтидо 3:15 ни ўқинг).
7. Адан боғидаги ваъдага кўра, илон ва унинг уруғи билан нима юз беради?
7 Адан боғидаги ваъда орқали Яҳова илон ва унинг уруғи, яъни Шайтон Иблис ва унинг тарафини эгаллаб, Худонинг бошқариш ҳуқуқига қарши чиқаётганларни ўлим жазосига маҳкум этди. Ҳақ Тангри Таоло мажозий хотиннинг уруғига, ушбу исёнчиларни бартараф этиш учун куч берган. Шундай қилиб, бу ваъда нафақат Адан боғида исён кўтарган фитначи ҳамда исённинг оқибатлари йўқ қилинишини, балки бу қандай юз беришини ҳам ошкор этмоқда.
8. Хотин ва уруғнинг ошкор бўлиши ҳақида нимани билиб оляпмиз?
8 Хўш, хотиннинг уруғи ким бўлади? Бу уруғ руҳий мавжудот бўлиши керак. Нима учун? Сабаби у, кўринмас руҳий мавжудот Шайтон Иблисни «йўқ қилади» (Иброн. 2:14). Демак, бу уруғни дунёга келтирган хотин ҳам кўринмасдир. Илоннинг уруғи кўпайиб бораётган бир пайтда, уруғ ва хотин ким эканлиги Адан боғида ваъда берилганидан сўнг деярли 4 000 йил давомида сир бўлиб келган. Шу билан бир вақтда, Яҳова бир нечта аҳд тузиб, уруғ кимлигини аён қилган ва Ўз хизматчиларига Шайтон исёнининг зарарини қандай йўқ қилишини ошкор этган.
УРУҒНИ ОШКОР ЭТУВЧИ АҲД
9. Яҳова Иброҳим билан тузган аҳд қачон кучга кирган?
9 Шайтонга қарши ҳукм чиқарилганидан тахминан икки минг йил ўтиб, Яҳова бобокалонимиз Иброҳимга Месопотамиядаги Ур шаҳрини тарк этиб, Канъон юртига боришни буюрган (Ҳавор. 7:2, 3). Яҳова шундай деган: «Ўз юртингдан, қариндош-уруғларинг олдидан — отанг хонадонидан чиқиб кет. Мен сенга бир юртни кўрсатаман, ўша ерга борасан. Буюк халқнинг отаси қиламан сени, барака бераман сенга, улуғ қиламан сенинг номингни, барака манбаи бўлурсан сен. Мен барака берурман сени дуо қилганларга, сени лаънатлаганларни Мен лаънатлайман. Сен орқали барака берурман ер юзидаги жамики халқларга» (Ибт. 12:1–3). Бу оятларда, Яҳова Иброҳим билан тузган аҳди ҳақида илк бор ёзилган. Яҳова бу аҳдни Иброҳим билан қачон тузганини аниқ билмаймиз. Аммо бу аҳд 75 яшар Иброҳим Хоронни тарк этиб, Фурот дарёсидан ўтганида, мил. авв. 1943 йили кучга кирган.
10. а) Иброҳим Худонинг ваъдаларига қаттиқ ишонганини қай йўсин исботлаган? б) Яҳова хотиннинг уруғи ҳақида қандай тафсилотларни аён қилган?
10 Яҳова Ўз ваъдасини Иброҳимга бир неча марта такрорлаб, муайян тафсилотлар киритган (Ибт. 13:15–17; 17:1–8, 16). Иброҳим Худонинг ваъдаларига шу қадар кучли ишонганки, ҳатто ягона ўғлини ҳам қурбонликка келтиришга тайёр эди. Шу боис, Яҳова ваъдасини амалга ошириши борасидаги аҳдини кафолатлаган (Ибтидо 22:15–18; Ибронийларга 11:17, 18 ни ўқинг). Иброҳимнинг аҳди кучга киргач, хотиннинг уруғи ҳақида Яҳова муҳим тафсилотларни секин-аста аён қилган. Уруғ Иброҳим наслидан пайдо бўлиб, кўпгина одамни ўз ичига олиши, шоҳлар сифатида хизмат қилиши, Аллоҳнинг душманларини йўқ қилиши ва анчагина одамларга барака келтириши керак.
11, 12. Қандай қилиб Муқаддас Ёзувларга биноан, Иброҳим билан тузилган аҳд кенг миқёсда амалга ошади ва бу, биз учун нимани англатади?
11 Иброҳим билан тузилган аҳд борасидаги ваъдалар, унинг авлодлари ваъда қилинган юртга киришганда, биринчи бор бажарилган. Лекин Муқаддас Ёзувларга кўра, бу аҳд кенг миқёсда амалга ошиши керак эди (Галат. 4:22–25). Буни ҳаворий Павлус илоҳий илҳом остида Иброҳим уруғининг асосий қисми Масиҳ, иккинчи даражали қисми эса 144 000 мойланган масиҳийлар эканини тушунтирган (Галат. 3:16, 29; Ваҳ. 5:9, 10; 14:1, 4). Мажозий хотин Худо ташкилотининг самовий қисми бўлиб, «юқоридаги Қуддус» дея аталади ва у садоқатли руҳий мавжудотлардан иборат (Галат. 4:26, 31). Иброҳим билан тузилган аҳдга биноан, хотиннинг уруғи инсониятга баракалар ёғдиради.
12 Бу аҳд Самовий Шоҳлик учун қонуний жиҳатдан кафолат бўлиб, Шоҳ ва у билан бирга бошқарадиганлар Шоҳликка эга бўлишларига имкон очиб берди (Иброн. 6:13–18). Ушбу аҳд қачонгача давом этади? Ибтидо 17:7 да: «Бу абадий аҳд бўлади»,— деб ёзилган. Масиҳий Шоҳлик Худонинг душманларини барбод қилиб, ер юзидаги барча инсонларга қут-баракалар ато этмагунига қадар бу аҳд ўз кучини йўқотмайди (1 Кор. 15:23–26). Дарҳақиқат, кейинчалик ер юзида яшайдиган одамлар учун бу абадий фойда келтиради. Иброҳим билан тузилган аҳд, Яҳова ер юзини садоқатли инсонлар билан тўлдириш ниятини амалга оширишни хоҳлаётганининг исботидир (Ибт. 1:28).
ШОҲЛИК АБАДИЙ БОШҚАРИШИНИ КАФОЛАТЛАЙДИГАН АҲД
13, 14. Довуд билан тузилган аҳд Масиҳнинг бошқаруви борасида қандай кафолат бермоқда?
13 Адан боғидаги ваъда ҳамда Иброҳим билан тузилган аҳд, Яҳованинг ҳукмронлиги доим Унинг адолатли меъёрларига асосланишини кўрсатмоқда. Демак, Масиҳий Шоҳлик ҳам худди шу меъёрларга асосланган (Заб. 88:15). Вақти келиб, Масиҳий Шоҳлик ҳам ёвузлашиб, йўқ қилинишига зарурат туғиладими? Бошқа бир қонуний аҳд, бу содир бўлмаслигининг гаровидир.
14 Келинг, Яҳова шоҳ Довудга қандай ваъда берганини билиб олайлик. У Довуд билан тузилган аҳд деб аталади (2 Шоҳлар 7:12, 16 ни ўқинг). Яҳова бу аҳдни Довуд билан у Қуддусда бошқарган даврда тузиб, Масиҳ унинг авлоди бўлишини ваъда қилган (Луқо 1:30–33). Шу йўсин, Яҳова уруғ келиб чиқиши керак бўлган насл борасида аниқ маълумот тақдим этиб, Довуднинг меросхўрига Масиҳий Шоҳликнинг тахтини беришини кўрсатган (Ҳиз. 21:25–27). Исо орқали Довуднинг «тахти тоабад маҳкам туради». Дарҳақиқат, Довуднинг уруғи «тоабад давом этади, унинг тахти... қуёш каби туради» (Заб. 88:36–38). Ҳа, Масиҳнинг бошқаруви ҳеч қачон ёвузлашиб кетмайди ва абадий баракалар ёғдиради!
РУҲОНИЙ УЧУН АҲД
15–17. Маликисидқ каби руҳоний билан тузилган аҳдга биноан, «уруққа» яна нима топширилади ва нима учун?
15 Иброҳим ва Довуд билан тузилган аҳдлар хотиннинг уруғи шоҳ бўлишининг кафолатидир. Бироқ бутун инсоният тўлалигича фойда олиши учун, уруғ шунчаки шоҳ бўлишининг ўзи етарли эмас. У шунингдек, руҳоний бўлиши керак. Фақатгина руҳоний керакли қурбонлик тақдим этиши мумкин. Шундагина, одамлар гуноҳдан фориғ бўлиб, Яҳованинг самодаги ва ердаги садоқатли хизматчиларидан иборат бўлган оила аъзоси бўла олади. Уруғ руҳоний бўлишга сазовор эканини кўрсатиш учун, Яҳова яна бир қонуний аҳд тузган. У Маликисидқ каби руҳоний билан тузилган аҳд деб аталади.
16 Яҳова шахсан Ўзи Исо билан аҳд тузиб, шоҳ Довуд орқали иккита нарсани ошкор этган. Биринчиси, Исо Худонинг ўнг томонида ўтириши ва барча душманларни йўқ қилиш ҳуқуқига эга бўлиши. Иккинчиси эса, Исо «Маликисидқ насаби бўйича» тоабад руҳоний бўлиши (Забур 109:1, 2, 4 ни ўқинг). Нима учун «Маликисидқ насаби бўйича»? Боиси, Иброҳимнинг авлодлари ваъда қилинган юртни эгаллашидан анча олдинроқ, Маликисидқ Салим шоҳи бўлиб, «Аллоҳ Таолонинг руҳонийси» сифатида хизмат қилган (Иброн. 7:1–3). Яҳованинг Ўзи уни шундай хизматга тайинлаган. Тавротда, фақатгина у ҳам шоҳ, ҳам руҳоний сифатида хизмат қилгани тўғрисида ёзилган. Бундан ташқари, ундан олдин ёки ундан кейин ҳеч ким бу мавқега эга бўлган деб ёзилмагани учун, у «тоабад руҳоний» деб аталади.
17 Ушбу аҳд орқали Исо тўғридан-тўғри Аллоҳ томонидан руҳоний этиб тайинланган. Исо «Маликисидқ каби абадий руҳоний» бўлиб қолади (Иброн. 5:4–6). Бу, Яҳова Масиҳий Шоҳликдан фойдаланишининг гарови бўлиб, инсонлар ва ер юзи ҳақидаги ниятини амалга оширишини тасдиқламоқда.
ШОҲЛИК ҚОНУНИЙ АҲДЛАРГА АСОСЛАНГАН
18, 19. а) Муҳокама қилган аҳдлар Шоҳлик билан қандай боғлиқ? б) Кейинги мақолада нимани билиб оламиз?
18 Аҳдларни кўриб чиққач, улар Масиҳий Шоҳлик билан қандай боғлиқ эканини ва Шоҳлик қай йўсин қонуний тарзда мустаҳкам ўрнатилганини билиб олдик. Адан боғидаги ваъда, Яҳова хотиннинг уруғи орқали ер ва инсоният учун Ўзининг ниятини амалга оширишини кафолатлади. Иброҳим билан тузилган аҳд, уруғ ким бўлишини ва унинг вазифасига нималар киришини ошкор этди.
19 Довуд билан тузилган аҳд эса, уруғнинг асосий қисми кимнинг наслидан келиб чиқишини ва унга ер юзи устидан абадий бошқариш ҳуқуқи берилганини аён қилди. Маликисидқ каби руҳоний билан тузилган аҳд уруғ руҳоний сифатида хизмат қилишининг гаровидир. Шуни айтиш жоизки, Исодан ташқари яна бошқалар ҳам инсониятнинг мукаммал бўлишига кўмаклашади. Улар мойланган масиҳийлар бўлиб, шоҳлар ва руҳонийлар сифатида хизмат қилишади. Улар қаердан пайдо бўлишади? Буни кейинги мақоладан билиб оламиз.