Исо Масиҳ оилалар учун чинакам ўрнакдир!
«Масиҳ ҳам: “Менинг изимдан юринглар”, деб сизлар учун... намуна бўлди». 1 БУТР. 2:21
1. а) Яратилишда Худонинг Ўғли қандай иштирок этган? б) Исо одамзодга қанақа муносабатда бўлган?
АЛЛОҲ ТАОЛО еру осмонни ва ундаги бутун борлиқни бунёд этаётганида, ягона Ўғли Унинг ёнида моҳир ёрдамчи эди. Илк инсонни яратишдан аввал, улар ер юзида ажойиб жаннатни барпо этишган. Кейинчалик Исо деб танилган ўша моҳир ёрдамчи, онгли мавжудотлар яратилганидан роса хурсанд бўлиб, уларга ўзгача меҳр боғлаган (Ҳик. 8:27–31; Ибт. 1:26, 27).
2. а) Яҳова инсонларга ёрдам сифатида нимани ато этган? б) Муқаддас Китоб оилага тегишли қандай раҳбарлик берилган?
2 Илк инсон жуфтлиги гуноҳга ботганида, Яҳова одамзодни бундай аҳволдан қутқаришни ният қилган. Ушбу ниятини амалга ошириш учун, Яҳова Масиҳни қурбонликка келтирган (Рим. 5:8). Боз устига, мерос бўлиб ўтган номукаммаллик билан курашиш учун, Эгамиз Яҳова одамларга Муқаддас Китоб орқали раҳбарлик ато этган (Заб. 118:105). Шу раҳбарликка амал қилиб, оилалар мустаҳкам ва бахтли бўла олишади. Ибтидо 2:24 га биноан, киши «ўз хотинига ёпишиб қолади ва иккови бир тан бўладилар».
3. а) Никоҳ борасида Исо қандай таълим берган? б) Бу мақолада нималарни кўриб чиқамиз?
3 Исо ер юзида хизмат қилганида, никоҳ доимий бўлиши кераклигини таъкидларди. Унинг маслаҳатларига риоя қилган оиланинг ҳар бир аъзоси, турмушни барбод этувчи таъсирга берилмай, бахтли ҳаёт кечира оларди (Мат. 5:27–37; 7:12). Ушбу мақолада, эр-хотин, ота-она ва фарзандлар Исонинг таълимотларию, ўрнагидан қандай сабоқ олишлари мумкинлиги муҳокама қилинади.
Художўй эр, хотинини ниҳоятда эъзозлайди
4. Исо билан художўй эрларнинг ўртасида қандай ўхшашлик бор?
4 Исо жамоатнинг боши бўлганидек, Аллоҳ эрни ҳам оиланинг боши қилиб тайинлаган. Инжилда қуйидагини ўқиймиз: «Масиҳ имонлилар жамоатининг боши бўлгани каби, эркак ҳам хотиннинг бошидир. Масиҳ Ўз баданининг, яъни умматининг Халоскоридир. Эй эрлар, Масиҳ имонлилар жамоатини севиб, улар учун Ўзини қандай фидо қилган бўлса, сизлар ҳам хотинларингизни шундай севинглар» (Эфес. 5:23, 25). Исонинг ўз издошларига кўрсатган муносабати, художўй эрлар учун намуна бўла олади. Келинг, Худодан олган ҳокимиятидан Исо қандай фойдаланганини билиб олайлик.
5. Ҳазратимиз ўз шогирдлари билан қандай муносабатда бўлган?
5 Улуғ устозимиз Исо «беозор ва соддадил» бўлган (Мат. 11:29). Шунингдек, у қатъиятли бўлиб, ўз масъулиятига жиддий қарарди (Марк 6:34; Юҳан. 2:14–17). Ҳатто шогирдларига бир неча марта маслаҳат бериш керак бўлганда ҳам, у буни мулойимлик ила қиларди (Мат. 20:21–28; Марк 9:33–37; Луқо 22:24–27). Исо издошларини койиб, камситиб, ноқулай аҳволга солмасди, қайтанга, уларни мақтаб, кўнгилларини кўтарарди (Луқо 10:17–21). Шубҳасизки, Исо ўз меҳр-муҳаббатию ҳамдардлиги билан шогирдларининг ҳурматини қозонган.
6. а) Эрлар Исодан нимани ўрганишлари мумкин? б) Ҳаворий Бутрус эрларга қанақа маслаҳат берган?
6 Исонинг мисолидан кўриниб турибдики, Худога маъқул келадиган бошчилик, қўпол ва қаттиққўл бўлишни англатмайди. Аксинча, эр ўз хотинини эъзозлаб, уни жонидан ортиқ севиши лозим. Ҳаворий Бутрус, эр ўз хотини билан «оқилона муносабатда бўлиб», уни «ҳурматга сазовор ҳисоблаши» кераклигини айтиб ўтган (1 Бутрус 3:7 ўқиб беринг). Қизиқ, бу маслаҳатни қандай қилиб амалда қўлласа бўлади?
7. Эр ўз хотинини ҳурмат қилганини қандай кўрсата олади? Мисол келтиринг.
7 Агар, эр оилага тааллуқли бирон-бир қарор чиқаришдан олдин, хотинининг нуқтаи назарию ҳис-туйғуларини инобатга олса, унга ҳурмат кўрсатган бўлади. Бу, бошқа жойга кўчиб ўтиш, иш жойини ўзгартириш, таътилни қаерда ўтказиш ёки рўзғор билан боғлиқ масалаларга тегишлидир. Бундай қарорлар оилага таъсир қилиши сабабли, эр хотинининг фикрини эътибордан четда қолдирмаса, хотин ҳам эрининг қарорларини осонликча қўллаб-қувватлайди (Ҳик. 15:22). Хотинини эъзозлаган эр, унинг севгисинию ҳурматини қозонади, асосийси эса, Яҳовани рози қилган бўлади (Эфес. 5:28, 29).
Художўй аёл, умр йўлдошини жуда ҳурмат қилади
8. Нега ҳозирги аёллар Момо Ҳавога ўхшамасликлари лозим?
8 Эрига бўйсунишда, тақводор хотинлар Исодан намуна олишлари мумкин. Исонинг бошчиликка бўлган нуқтаи назари, Момо Ҳавоникидан жуда фарқ қилади. Илойим, ҳозирги аёллар Момо Ҳавога ўхшамасин! Нега деганда, Яҳова Таоло Одам Атони унга бош қилиб тайинлаган эди, у эса бу раҳбарликни оёқ ости қилди (Ибт. 2:16, 17; 3:3; 1 Кор. 11:3). Тўғри, Момо Ҳаво алданиб қолган, лекин у барибир эри билан маслаҳатлашиб иш тутиши керак эди. Бундай қилишнинг ўрнига, у ўзбошимчалик қилган (Ибт. 3:5, 6; 1 Тим. 2:14).
9. Итоаткорликда Исо қандай ўрнак кўрсатган?
9 Итоаткор бўлишда, Исо Масиҳ аъло ўрнак кўрсатган. Унинг, бошчиликка бўлган муносабати ва ҳаёт тарзи шундан далолат берадики, у «Худога тенг ҳурматни ўлжа қилмади. Лекин Ўз улуғлигидан кечиб, қул қиёфасига кирди» (Филип. 2:5–7). Ҳозирги пайтда Исо осмонда Шоҳ бўлатуриб ҳам, бошчиликка муносабатини ўзгартирмаган. У камтаринлик ила ўз Отасига итоат қилади (Мат. 20:23; Юҳан. 5:30; 1 Кор. 15:28).
10. Аёл қандай қилиб эрининг ҳурматини жойига қўйиши мумкин?
10 Художўй аёллар, хўжайинларига бўйсунишда Исодан намуна олиб, яхши қилишади (1 Бутрус 2:21; 3:1, 2 ўқиб беринг). Келинг, бир вазиятни тасаввур қилайлик. Бола бир жойга бормоқчи бўлиб, ойисидан рухсат сўрайди. Ўшанда ойиси, дарров унга рухсат беришнинг ўрнига, бу борада дадасининг фикрини инобатга олиши зарур. Мабодо дадасининг бундан хабари бўлмаса, аёл бир ўзи қарор чиқармаслиги керак. Тақводор хотин эрининг қарорларига қарши чиқиб, болалари олдида ҳеч қачон унинг обрўсини тўкмайди. Мабодо бирор масалада хўжайинининг фикрига қўшилмаса, у билан алоҳида маслаҳатлашиши оқилонадир (Эфес. 6:4).
Исо ота-оналарга ҳам яхши ўрнакдир
11. Исо ота-оналарга қандай ўрнак бўла олади?
11 Тўғри, Исо на уйланган, на болали бўлган. Бироқ, ота-оналар ундан кўп нарсани ўрганиб олишлари мумкин. Зеро, у шогирдларига меҳрибонлик ва сабр-тоқат ила таълим берарди. Қолаверса, ўзи ҳам айтганларига мувофиқ иш тутган (Луқо 8:1). Исонинг уларга бўлган муносабатидан, шогирдлари ўзаро қандай муомала қилиш лозимлигини ўрганишган (Юҳанно 13:12, 15–17 ўқиб беринг).
12, 13. Болаларингиз художўй бўлишини хоҳласангиз, сиздан нима талаб қилинади?
12 «Қуш уясида кўрганини қилади», деб айтишлари бежиз эмас. Шу боис, ўзингизга ушбу саволларни бериб кўринг: «Болам кўпинча нимани кўради, телевизор томоша қилишимними ёки Муқаддас Китоб ўқишимни ҳамда ваъзгўйликда қатнашишимними? Оиламиз учун ўзи нима муҳим? Худога хизмат қилишни ҳаётимизда биринчи ўринга қўйиб, фарзандларимизга яхши ўрнак кўрсатяпмизми?» Хуллас, болангиз художўй бўлиб етилишини хоҳласангиз, Худонинг амрларини авваламбор ўз юракларингизга жо қилишингиз керак (Амр. 6:6).
13 Агар ота-она Муқаддас Китоб меъёрларини кундалик ҳаётда қўллашса, бу фарзандларининг назаридан четда қолмайди. Ўшанда ота-онанинг гапи гап бўлади. Бироқ, ота ёки она айтган гапини ўзи қилмаётганини бола сезиб қолса, Муқаддас Китоб меъёрларига амал қилмаса ҳам бўларкан, деган хулосага келади. Оқибатда, бола осонликча ёмон таъсирга берилиб кетиши эҳтимолдан йироқ эмас.
14, 15. Ота-оналар фарзандларида қанақа қадриятларни ривожлантиришлари даркор ва бунинг бир усули қандай?
14 Тақводор ота-она, бола тарбияси унинг моддий эҳтиёжларини қондиришдан кўра кўпроқ аҳамиятга эга эканини тушунади. Шу боис, агар ота-она фарзандини мол-мулк орттиришга ундаса, бу доноликдан далолат бермайди (Воиз 7:12). Ёдингизда бўлса, Исо ўз шогирдларини маънавий қадриятларни биринчи ўринга қўйишга чорларди (Мат. 6:33). Художўй ота-оналар ҳам, Исодан намуна олиб, фарзандларига маънавий мақсадлар сари интилишга ёрдам беришади.
15 Болаларига тўла вақтли хизматчилар билан мулоқот қилиш имконини яратиб, ота-оналар яхши натижаларга эришишади. Кашшофлар, туман нозири ҳамда унинг рафиқаси билан танишиш, ёшларга нақадар далда бериши мумкинлигини бир ўйлаб кўринг. Тўла вақтли махсус ваъзгўйлар, байтилчилару халқаро қурилиш ишида қатнашувчиларни айтмайсизми?! Фарзандлар улар билан суҳбатлашиб, Яҳовага хизмат қилиш қанчалик қувончли эканини билиб олишади. Шубҳасизки, бундай хизматчилар, уларга кўпгина қизиқарли воқеаларни айтиб беришади. Уларнинг фидокорона хизматидан намуна олиб, болалар доно қарор чиқаришни, арзийдиган мақсадлар сари интилишни ва Худога кўпроқ хизмат қила олиш учун қандай касб эгаллаш кераклигини улардан билиб олишади.
Исога эргашишда ёшларга нима ёрдам беради?
16. Исо ер юзидаги ота-онасига ҳамда осмондаги Отасига қандай ҳурмат кўрсатган?
16 Қадрдон ёшлар, Исо сизларга ҳам яхши ўрнак бўла олади. Зеро у, ота-онаси Юсуф билан Марямга итоатли бўлган (Луқо 2:51 ўқиб беринг). Тўғри, ота-онаси номукаммал эди, лекин унга ғамхўрлик қилиш вазифасини Худо топширгани сабабли, Исо уларни ҳурмат қиларди (Амр. 5:16; Мат. 15:4). Улғайган сайин эса, у осмондаги Отасини рози қилишга жон куйдирарди. Аммо Шайтон уни шу йўлдан қайтаришга уринган (Мат. 4:1–10). Ота-онага доим қулоқ солиш, балки сиз учун ҳам осон эмасдир? Унда Исодан қандай намуна олсангиз бўларкин?
17, 18. а) Ёшлар, мактабда қандай синовларга дуч келяпсиз? б) Синовларга бардош бериш учун, нимани ёдда тутишингиз лозим?
17 Эҳтимол, синфдошларингиз сизни Муқаддас Китобга зид ишларни қилишга мажбурлашмоқчидир. Ва уларнинг ишларига аралашмаганингиз учун, масхара қилиб, ҳатто лақаб қўйишгандир. У ҳолда нима қилсангиз бўлади? Агар улардан қўрқиб, ёмон ишларга қўл урсангиз, ота-онангизнинг ҳам, Яҳованинг ҳам дилини оғритиб қўясиз. Бордию, уларга қўшилдингиз ҳам дейлик, бу ўзингизга қандай таъсир қилиши ҳақида ўйлаб кўрганмисиз? Балки муайян мақсадлар сари интилаётгандирсиз, масалан кашшоф ёки жамоат хизматкори бўлиш, ёхуд ваъзгўйлар етишмаётган жойга бориб хизмат қилиш, ё бўлмаса байтилчи бўлиш ниятингиз бордир? Агар ўша синфдошларингизга қўшилиб юрсангиз, қўйган мақсадларингизга эриша оласизми?
18 Ҳатто имонлилар жамоатида бўлатуриб, имонингиз синалган вазиятга тушганмисиз? У ҳолда нима қилса бўлади? Бунда ҳам Исодан ибрат олишингиз мумкин. Чунки у синовларга дош бериб, ҳамиша тўғрилик пайида бўлган. Шуни ёдда тутсангиз, ёмон ишларга асло қўл урмаслигинзинги синфдошларингизга бемалол айта оласиз. Илойим, сиз ҳам Исо каби Яҳовага қувонч ила хизмат қилишда давом этинг (Иброн. 12:2).
Оилавий бахтнинг сири
19. Оилавий бахтга қандай қилиб эришса бўлади?
19 Тангри Яҳова билан Исо Масиҳ, бахтли бўлишмизни истайдилар. Ҳатто номукаммал бўлсак ҳам, бунга эришишимиз мумкин (Ишаё 48:17, 18; Мат. 5:3). Исонинг таълимотлари одамни бахтли қилишга қодир. У ҳамма нарсанинг меъёрини билиш кераклигини амалда кўрсатиб берган. Хуллас, Исо эрларга ҳам, хотинларга ҳам, ота-оналару фарзандларга ҳам ажойиб намунадир. Кўриб чиққанимиздек, оилавий бахтнинг сири, Исонинг таълимотларига амал қилиш ва унинг ўрнагига эргашишдадир!
Қандай жавоб берардингиз?
• Эр ўз бошчилигини қандай бажариши керак?
• Аёллар Исодан нимани ўрганишлари мумкин?
• Исонинг ўз издошларига кўрсатган муносабати, ота-оналарга қандай сабоқ бўла олади?
• Ёшлар Исодан қандай ибрат олишлари мумкин?
[8- саҳифадаги расм]
Оилага тааллуқли қарор чиқаришдан олдин, художўй эр нима қилади?
[9- саҳифадаги расм]
Эр оиланинг боши эканини, хотин қайси вазиятда кўрсата олади?
[10- саҳифадаги расм]
«Қуш уясида кўрганини қилади»