Сўзларингизда севги ва ҳурмат намоён бўлсин
Ҳар бир эр ўз хотинини ўзини ўзи севгандай севсин. Хотин ҳам эрини ҳурмат қилсин. ЭФЕСЛИКЛАРГА 5:33
1, 2. Турмуш қурган кишилар ўзларига қандай жиддий савол беришлари лозим ва нега?
БИР тасаввур қилинг, сиз чиройли совға олдингиз ва унинг устида: «Авайланг»,— деган сўзлар ёзилган. У билан сиз қандай муносабат қилган бўлардингиз? Албатта, унга зиён етказмаслик учун уни авайлаган бўлардингиз. Унда, никоҳ каби қимматбаҳо совға билан-чи?
2 Наима исмли исроиллик бир бева, Ўрпа ва Рут исмли аёлларни дуо қилиб: «Икковларингизга ҳам яхши жойлардан ато қилсин, турмуш қуриб, ўз эрларингиз билан бахтли бўлинглар!» — деб айтган эди (Рут 1:3–9). Яхши хотин ҳақида Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Уй ва бойлик — отадан мерос, фаросатли хотин эса Эгамиздандир» (Ҳикматлар 19:14). Агар сиз турмуш қурган бўлсангиз, умр йўлдошингизга Худодан берилган ҳадяга каби қарашингиз керак. Сизнинг бу ҳадяга муносабатингиз қандай?
3. Эру хотинлар ҳаворий Павлуснинг қайси насиҳатига риоя қилишлари муҳим?
3 Ҳаворий Павлус илк масиҳчиларга бундай деб ёзган эди: «Ҳар бир эр ўз хотинини ўзини ўзи севгандай севсин. Хотин ҳам эрини ҳурмат қилсин» (Эфесликларга 5:33). Келинг, эрлар ва хотинлар ўз сўзларида бу насиҳатга қандай қилиб риоя қилишлари мумкинлигини кўриб чиқайлик.
Тил — «тўхтатиб бўлмайдиган ёвуз кучдир»
4. Сўзлар қандай кучга эга?
4 Муқаддас Китобда тил — бу, «тўхтатиб бўлмайдиган ёвуз кучдир, ўлдирадиган заҳар сочиб туради»,— деб айтилган (Ёқуб 3:8). Исонинг шогирди бўлмиш Ёқуб, тилни тиймаслик ҳалокатга олиб келишини аниқ биларди. Шубҳасизки, у ўйламасдан айтилган сўз қиличдай жароҳатлайди, деган ҳикматни яхши билган. Бу ҳикматнинг давоми қуйидагичадир: «Дононинг гаплари эса шифо беради» (Ҳикматлар 12:18). Дарҳақиқат, сўзлар катта кучга эга: улар жароҳатлаши ҳам, шифо бериши ҳам мумкин. Сизнинг сўзларингиз умр йўлдошингизга қандай таъсир қиляпти? Агар сиз унга шундай савол берганингизда, у сизга қандай жавоб берган бўларди?
5, 6. Нима сабабдан баъзиларга ўз тилини тийиш ва ранжитадиган сўзларни ишлатмаслик қийин бўлади?
5 Агар оилангизда қўпол сўзлар кўп ишлатилган бўлса ҳам, вазиятни ўзгартириш мумкин. Аммо кўп ҳаракат қилиш керак бўлади. Нега дейсизми? Авваламбор, гуноҳкор бўлганимиз сабабли. Чунки мерос қилиб олинган гуноҳ, бир-биримиз ҳақимизда қандай фикрда бўлишимизга ва ўзаро қандай суҳбатлашишимизга салбий таъсир етказади. Муқаддас Китобда: «Агар ким сўзлаётганда хато қилмаса, у комил инсондир, бутун вужудини ҳам тийиб олишга кучи етади»,— деб айтилган (Ёқуб 3:2).
6 Лекин одамлар нафақат номукаммалликлари учун сўзлаётганда «хато қилишади», балки бунга оиладаги муҳит ҳам сабаб бўлиши мумкин. Масалан, улардан баъзилари «шафқатсиз, муросасиз... нафсини тия олмайдиган» оилада тарбияланишган (2 Тимўтийга 3:1–3). Кўпинча бундай шароитда ўсган кишилар шундай феъл-атворга эга бўлишади. Аммо на номукаммаллик, на оиладаги шароит қўпол сўзларни ишлатишга баҳона бўла олмайди. Лекин бунга қарамай, юқорида келтирилган сабабларни билиш, нега баъзиларга ўз тилини тийиш ва ранжитадиган сўзларни ишлатмаслик қийин бўлишини тушунишимизга ёрдам беради.
«Ғийбатчиликни бир четга суриб қўйинглар»
7. Ҳаворий Бутрус «ғийбатчиликни бир четга суриб қўйинглар» деганида нимани назарда тутган?
7 Қандай бўлмасин, оилада қўпол сўзларни ишлатиш, турмуш ўртоқлар орасида севги ва ҳурмат етишмаслигидан далолатдир. Шунинг учун ҳаворий Бутруснинг масиҳчиларга: «Ғийбатчиликни бир четга суриб қўйинглар»,— деб маслаҳат бериши асосли эди (1 Бутрус 2:1). «Ғийбатчилик» деб таржима қилинган юнонча сўз «ҳақоратомуз сўзларни» ҳам англатиши мумкин. Шунингдек у, одамларни «сўзлар билан жароҳатлаш» маъносига эга. Бу сўз, тўхтатиб бўлмайдиган тилнинг таъсири ўткирлигини қанчалик аниқ тасвирлаб бермоқда!
8, 9. Қўпол сўзлар қандай оқибатга олиб келиши мумкин ва нима учун уларни оилада ишлатмаслик муҳим?
8 Гапларимизда қўпол сўзларни ишлатишнинг зиёни йўқдек туюлиши мумкин. Лекин турмуш ўртоқлар бир-бирига «аҳмоқ», «дангаса», «худбин» каби сўзларни ишлатишса, нақадар оғир ботишини бир ўйлаб кўринг-а? Бу дегани, турмуш ўртоғининг феъл-атворига баҳо бериб, уни писанд қилмасликдир. Бу эса жуда хунук. Бир-бирининг камчиликлари ҳақида очиқ-ойдин айтишларига эса нисбатан нима дейиш мумкин? «Сиз доимо кечикасиз» ёки «сиз мени ҳеч қачон тингламайсиз» деган иборалар наҳотки муболаға бўлмаса? Бундай танбеҳлар оғир ботиши мумкин. Натижада жанжал пайдо бўлиши ҳеч гап эмас (Ёқуб 3:5).
9 Қўпол сўзлардан иборат бўлган гаплар никоҳда низолар пайдо қилиб, ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Ҳикматлар 25:24да: «Кенг уйда урушқоқ хотин билан яшагандан кўра чордоқда яшаган яхшироқ»,— деб айтилган. Бу сўзлар жанжалкаш эрларга ҳам тегишлидир. Вақт ўтиб, ранжитадиган сўзлар дастидан турмуш ўртоқларнинг бир-биридан кўнгиллари совиб, эр ёки хотин ўзини севимсиз ё севгига муносиб эмас, деб ҳис этиши мумкин. Албатта, тилни тийиш ўта муҳимдир. Лекин бунга қандай эришиш мумкин?
«Тилингизни тийинглар»
10. Нима учун тилни назорат қилиш шунчалик муҳим?
10 Муқаддас Китобда: «Тилни ҳеч бир инсон тия олмайди»,— деб ёзилган (Ёқуб 3:8). Шунга қарамай, чавандоз сувлуқ ёрдамида отни бошқаргани каби, биз ҳам бор кучимиз билан тилимизни назорат қилишимиз керак. «Агар орангиздаги бирор киши ўзини диндор ҳисоблаб, тилини тиймаса, у ўз виждонини алдаган бўлади ва унинг диндорлиги бефойдадир» (Ёқуб 1:26; 3:2, 3). Бу сўзлардан кўриб турганимиздай, ўз сўзларимизга эътиборли бўлиш даркор, чунки айтган гапларимиз нафақат никоҳдаги муносабатларга, балки Яҳова Таоло билан бўлган дўстлик муносабатларимизга тегишли (1 Бутрус 3:7).
11. Келишмовчилик жанжалга айланиб кетмаслиги учун нима қилиш керак?
11 Худонинг доно хизматчиси умр йўлдоши билан гаплашганда эътиборли бўлади. Агар вазият оғирлашаётган бўлса, уни енгиллаштиришга ҳаракат қилинг. Келинг, Муқаддас Китобда ёзилган Исҳоқ ва унинг хотини Ривқо билан бўлган воқеани кўриб чиқайлик. «Ривқо Исҳоққа сўзлаб: “Ҳетий келинларимиз дастидан мен жонимдан безор бўлдим. Агар Ёқуб ҳам бу ернинг қизлари — Ҳет қизларидан хотин олса, унда менга яшашнинг нима кераги бор?” — деди» (Ибтидо 27:46–28:4). Исҳоқ унга қўпол жавоб бермади. Аксинча у Ривқонинг сўзларини эътиборга олиб, ўғли Ёқубни художўй хотин топишга юборди. Мисол учун, эру хотин орасида келишмовчиликлар пайдо бўлди дейлик. Бу жанжалга айланиб кетмаслиги учун, гапларимизнинг усулини ўзгартириб, «сиз» эмас балки «мен» деб айтиш лозим. Масалан, «сиз менга умуман вақт ажратмайсиз» дейишнинг ўрнига, «мен тез-тез бирга вақт ўтказишимизни хоҳлар эдим» дейиш яхшироқ бўлар эди. Умр йўлдошингизни таъна қилишнинг ўрнига, эътиборингизни муаммони ҳал қилишга қаратинг. Суҳбатингиз ким ҳақ ва ким айбдорлиги ҳақидаги баҳсга айланиб кетишига йўл қўйманг. Инжилда: «Тинч-тотув яшайлик, бир-биримизни руҳан ривожлантириш учун жон куйдирайлик»,— дейилган (Римликларга 14:19).
‘Ёмон ният, гина-кудурат ва қаҳру жаҳлни соқит қилинглар’
12. Тилни назорат қилиш учун нима ҳақда ибодат қилиш даркор ва нимага?
12 Тилни тийиш — бу нафақат гапларимизни назорат қилиш демакдир. Сабаби инсоннинг сўзлари шунчаки оғиздан эмас, балки қалбдан чиқади. Исо алайҳиссалом бундай деб айтган: «Яхши одам ўзининг яхши қалб хазинасидан яхшилик чиқарур. Ёмон одам ўзининг ёмон қалб хазинасидан ёмонлик чиқарур» (Луқо 6:45). Шундай экан, тилни назорат қилиш учун, эҳтимол ҳазрати Довуд каби ибодат қилиш даркор: «Эй Худо, менда пок юракни яратгин, ичимда янги, собит руҳни бунёд этгин» (Забур 50:12).
13. Қандай қилиб ёмон ният, гина-кудурат ва қаҳру жаҳл ҳақоратомуз сўзларга олиб келиши мумкин?
13 Ҳаворий Павлус эфесликларни нафақат ранжитувчи сўзларни, балки гапларнинг тагида бўлган ҳис-туйғуларни ҳам йўқ қилишга ундаган. У бундай деб ёзган: «Ҳар қандай ёмон ният ва гина-кудурат, ҳар қандай қаҳру жаҳл, нолиш ва ғийбатчиликни ўзингиздан соқит қилинглар» (Эфесликларга 4:31). Ҳаворий Павлус ‘ёмон ният, гина-кудурат ва ҳар қандай қаҳру жаҳл’, деб қўллаган сўзларига эътибор қаратинг. Бу ерда у қаттиқ жаҳл чиққанини ифодалаган: одам «қайнаб кетганида» қўпол сўзларни кетма-кет гапира бошлайди. Ўзингизга бундай савол беринг: «Мен ичимда қаҳр-ғазаб ёки хафагарчиликни сақлаб юраманми? Жаҳлим тезми?» (Ҳикматлар 29:22). Агар бундай бўлса, унда Худога илтижо қилиб, ҳис-туйғуларингизни енгишни, ўзингизни қўлга олишингизни ва жаҳлингизни тийишни сўранг. Забур 4:5 оятида: «Ғазабланиб, гуноҳ қилманг! Ётганингизда қалбингиз ила ҳамсуҳбат бўлиб, тинчланинг»,— деб айтилган. Агар вазият кескинлашса ва жаҳлингиз чиқиб кетаётганини сезсангиз, унда Ҳикматлар 17:14да ёзилган маслаҳатига риоя қилинг: «Жанжалнинг бошланиши — сув уриб кетишидай, чиқмай туриб уни тўхтат». Иложи борича суҳбатингизни кейинга қолдириб, жаҳлингиз ўтмагунча кутиб туринг.
14. Қандай қилиб кек сақлаш турмуш ўртоқларнинг муносабатларига таъсир қилиши мумкин?
14 Гина-кудурат ва қаҳру жаҳлни тийиш қийин, айниқса агар бу ҳис-туйғулар «ёмон ният» дастидан келиб чиққан бўлса. Ҳаворий Павлус ишлатган юнонча сўз, шунингдек «кимса билан ярашишни истамаслик» ва «кек сақлашни» англатади. Баъзида жанжаллар дастидан турмуш ўртоқларнинг орасида кўринмас девор пайдо бўлиб, бир-бирига ёмон муносабатда бўлишади. Агар улар бу салбий ҳис-туйғулардан халос бўлишмаса, ўрталарида совуқлик пайдо бўлиши мумкин. Лекин ўтмиш хатолар учун кек сақлаш бефойдадир. Ўтган нарсани ортга қайтариб бўлмас экан, кечирган хатоларни эсламаслик даркор. Зеро севги «кек сақламас» (1 Коринфликларга 13:4, 5).
15. Қўпол сўзларни ишлатишга ўрганиб қолган инсонларга нима ёрдам беради?
15 Агар сиз ўсиб улғайган оилада қўпол сўзларни ишлатиш одат тусига кириб қолган бўлсачи? Буни ўзгартирса бўлади. Масалан, ҳаётингиздаги баъзи бир соҳаларда ўзингизга чегаралар қўйиб, улардан чиқмасликка ҳаракат қилаётгандирсиз. Сўзларингизга эса қандай чегараларни ўрнатасиз? Қўпол сўз оғзингиздан чиқишидан олдин ўзингизни тўхтата оласизми? Илойим сўзларингиз Эфесликларга 4:29да ёзилган маслаҳатига мувофиқ бўлсин: «Оғзингиздан ҳеч қандай ярамас сўз чиқмасин». Бунинг учун ‘эски инсонни ёмон одатлари билан бирга ўзингиздан соқит қилиб, Худони таниб-билиш сари янгиланаётган, Яратувчининг суратига ўхшаб бораётган янги инсонни қабул қилинг’ (Колосаликларга 3:9, 10).
Самимий суҳбат
16. Нима учун сукут сақлаш фақат зиён етказади?
16 Агар турмуш ўртоқларнинг бирортаси гаплашмай қўйса, бу зарар келтириши мумкин. Бироқ сукут сақлаш ҳамма вақт ҳам адабини бериб қўйиш билан боғлиқ эмас. Баъзида бунга кўнгил қолиш ёки тушкунлик сабаб бўлади. Шундай бўлса-да, гаплашмаслик муносабатларни таранглаштиради ва муаммони ҳал қилмайди. Бир турмуш қурган аёл бундай деб бўлишди: «Агар биз гаплашиб кетсак, бўлиб ўтган муаммога қайтмасликка ҳаракат қиламиз».
17. Умр йўлдошлар муаммоларга дуч келишганда нима қилишлари даркор?
17 Оиладаги келишмовчиликлардан қутулишнинг осон усули йўқ. Ҳикматлар 15:22 оятида бундай деб ёзилган: «Маслаҳат бўлмаган жойда иш юришмайди, маслаҳатчи кўп бўлса муваффақиятли бўлади». Бу дегани, пайдо бўлган масалани муҳокама қилиш лозим. Қандай бўлмасин умр йўлдошингизни холисона тарзда тингланг. Агар бунинг имкони йўқдек туюлса, имонлилар жамоатининг оқсоқолларига мурожаат қилинг. Улар Муқаддас Китобдаги қонун-қоидаларни яхши билишади ва уларни моҳирона қўллашади. Бу биродарлар шамол ва жала пайтида бошпана кабидирлар (Ишаё 32:2).
Ғалабага эришиш мумкин
18. Римликларга 7:18–23да қандай кураш тасвирланган?
18 Тилни тийиш қийин масала. Аммо қилмишларни назорат қилиш ҳам осон эмас. Ҳаворий Павлус нимага дуч келгани ҳақида бундай деб айтган эди: «Менда, яъни ирсий табиатимда яхши нарса йўқлигини аниқ биламан. Яхшилик қилиш истаги дилимда бор бўлса-да, уни рўёбга чиқаришга кучим етмайди. Мен истаган яхши ишни қилмаяпман, аксинча, истамаган ёмон ишни қиляпман. Агар истамаган ишни қилаётган эканман, демак, бу ишни мен ўзим эмас, балки ичимда турадиган гуноҳ қиляпти». Дарҳақиқат, ‘аъзойи баданимизда амал қилувчи гуноҳ қонуни’ дастидан биз тилимизни суиистеъмол қилишга мойилмиз (Римликларга 7:18–23). Шунга қарамай, тилимизни тийишга ҳаракат қилишимиз керак ва Худонинг ёрдами ила биз бунга эришамиз.
19, 20. Қандай қилиб Исо Масиҳнинг ўрнаги эру хотинларга тилни тийишга ёрдам беряпти?
19 Меҳр ва ҳурмат бор бўлган оилаларда ўйламай айтиладиган ва ранжитадиган сўзларга ўрин йўқ. Исо пайғамбарнинг ўрнагини бир эсланг. У шогирдлари билан суҳбатлашганида, ҳеч қачон қўпол сўзларни ишлатмаган. Ҳатто шогирдлари орасида улардан ким энг буюк деган масала ҳақида тортишув юз берганда ҳам, Исо Масиҳ уларни койимаган эди (Луқо 22:24–27). Муқаддас Китобда бундай маслаҳат ёзилган: «Эй эрлар, Масиҳ имонлилар жамоатини севиб, улар учун Ўзини қандай фидо қилган бўлса, сизлар ҳам хотинларингизни шундай севинглар» (Эфесликларга 5:25).
20 Хотин эса қандай йўл тутиши керак? У «эрини ҳурмат қилиши» лозим (Эфесликларга 5:33). Ўз эрини ҳурмат қиладиган хотин, унга бақириб, ҳақоратламайди. Ҳаворий Павлус шундай деб айтган: «Яна шуни билишингизни хоҳлайманки, ҳар бир эркакнинг бошлиғи Масиҳ, хотиннинг бошлиғи эркак, Масиҳнинг бошлиғи эса Худодир» (1 Коринфликларга 11:3). Масиҳ Худога бўйсунганидай, хотин ҳам ўз эрига итоат қилиши керак (Колосаликларга 3:18). Албатта, ҳеч бир гуноҳкор одам Масиҳга мукаммал даражада тақлид қила олмайди. Лекин бунга қарамай эру хотинлар унинг «изидан юришга» ҳаракат қилиб, тилнинг устидан ғалабага эришишлари мумкин (1 Бутрус 2:21).
Нимани билиб олдингиз?
• Тилни тиймаслик никоҳга қандай зарар етказиши мумкин?
• Нима сабабдан тилни тийиш осон эмас?
• Қўпол сўзларни ишлатмасликка нима ёрдам беради?
• Оилада муносабатлар таранглашганда нима қилиш керак?