Жинларга қарши туришимизга нима ёрдам беради?
Қадр-қимматини сақламай, ўз маконини ташлаб кетган фаришталарни Худованд буюк қиёмат кунигача занжирбанд қилиб, абадий қоронғи-зимистонга қамаб қўйган. ЯҲУДО 6
1, 2. Шайтон Иблис ва жинлар ҳақида қандай саволлар туғилмоқда?
ҲАВОРИЙ Бутрус: «Ҳушёр ва бедор бўлинглар. Душманингиз иблис бировни ютиб юбориш учун излаб, шердай бўкириб кезиб юрибди»,— деб огоҳлантирган эди (1 Бутрус 5:8). Ҳаворий Павлус эса жинлар ҳақида бундай деган: «Сизлар эса жинлар билан алоқа қилишингизни истамайман. Сизлар ҳам Раббимиз косасидан, ҳам жинлар косасидан ича олмайсизлар; ҳам Раббимиз дастурхонида, ҳам жинлар дастурхонида иштирок қила олмайсизлар» (1 Коринфликларга 10:20, 21).
2 Шайтон Иблис ва жинлар — ким улар? Улар қачон ва қандай пайдо бўлган? Уларни Худо яратганми? Инсонларга уларнинг таъсири қанчалик кучли? Улардан қандай ҳимояланиш мумкин?
Шайтон ва жинлар қандай пайдо бўлишган?
3. Қандай қилиб бир фаришта Шайтон Иблисга айланди?
3 Инсоният тарихининг бошида, Одам Ато билан Момо Ҳаво Адан боғида яшашган пайтда, бир фаришта Худога қарши чиқди. Нега? Чунки у Худованднинг самовий ташкилотидаги ўрнидан норози эди. Бу фаришта Одам Ато ва Момо Ҳаво яратилганиданоқ, улар Худога эмас, балки унга бўйсунишларини истади. Шунда у Худога қарши чиқиб, илк жуфтликни гуноҳ қилишга оғдирди ва шу йўсин Шайтон Иблисга айланди. Вақти билан ушбу исёнга бошқа фаришталар ҳам қўшилишди. Қандай қилиб? (Ибтидо 3:1–6; Римликларга 5:12; Ваҳий 12:9).
4. Нуҳ пайғамбар даврида айрим исёнкор фаришталар нима қилишди?
4 Муқаддас Китобда ҳикоя қилинишича, Тўфондан олдин Нуҳ пайғамбар даврида, айрим фаришталарнинг кўнгилларида ердаги аёлларга нисбатан нотўғри хоҳиш пайдо бўлди. Бундай ғараз истакларга берилган «илоҳий зотлар эса одамзод қизларининг жуда яхшилигини кўриб, истаганларини хотинликка оладиган бўлдилар». Бу фаришталар одамзод қизлари билан жинсий алоқада бўлишлари натижасида, улардан девқомат фарзандлар дунёга келди (Ибтидо 6:2–4). Шу тариқа бу илоҳий зотлар Худога қарши чиқиб, Шайтоннинг исёнига шерик бўлишди.
5. Яҳова ер юзига Тўфон юборганида, исёнкор фаришталар билан нима юз берди?
5 Шунда Яҳова Таоло ер юзига Тўфон юбориб, ўша аёлларни ва девқоматларни сувга ғарқ қилди. Исёнкор фаришталар эса инсоний таналарини ташлаб, самога қайтишди. Бироқ улар Худо олдидаги аввалги «қадр-қиммати»дан маҳрум бўлишди. Боз устига, улар «абадий қоронғи-зимистонга қамаб қўйилишди» (Яҳудо 6; 2 Бутрус 2:4).
6. Жинлар одамларни қандай алдашади?
6 Шу йўсин, Худо олдидаги аввалги «қадр-қимматини сақламаган» ёвуз фаришталар жинларга айланиб, бадният Шайтонга хизмат қила бошлашди. Ўшандан буён жинлар инсон қиёфасига кириш қобилиятидан маҳрум бўлишган. Бунга қарамай, улар эркагу аёлларни турли жинсий ахлоқсизликларга оғдиришмоқда. Шунингдек, жинлар спиритизмнинг турли шакллари ёрдамида, масалан, фолбинларга, афсунгарларга ва руҳлар билан алоқа қилувчиларга мурожаат этишга ундаб, одамларни алдашмоқда (Амрлар 18:10–13; 2 Солномалар 33:6). Шайтон сингари, ёвуз фаришталарнинг ҳам қисмати абадий йўқ қилинишдир (Матто 25:41; Ваҳий 20:10). Бироқ айни пайтда биз уларга бор кучимиз билан қарши туришимиз даркор. Шунинг учун келинг, Шайтон қандай қудратга эга эканини ҳамда унга ва жинларига қарши туришимизга нима ёрдам беришини кўриб чиқайлик.
Шайтон қандай қудратга эга?
7. Шайтон бутун дунё устидан қандай қудратга эга?
7 Шайтон бутун инсоният тарихи мобайнида Тангри Яҳовани танқид қилиб келган (Ҳикматлар 27:11). Ва аксарият инсонлар унинг таъсири остидадир. Инжилда: «Бутун дунё эса ёвуз шайтоннинг ҳукмидадир»,— дейилган (1 Юҳанно 5:19). Айнан шу сабабли, Шайтон Исо Масиҳга «оламнинг барча салтанатларининг» шон-шуҳратини ва улар устидан ҳокимлик қилишни таклиф қилиб, уни васвасага солган эди (Луқо 4:5–7). Ҳаворий Павлус Шайтон тўғрисида бундай деган эди: «Бордию Хушхабаримиз ёпиқ бўлса, у ҳалок бўладиганлар учун ёпиқдир. Худонинг тасвири бўлган Масиҳнинг улуғвор Хушхабарининг нурини одамлар кўрмасин деб, бу дунёнинг тангриси имонсизларнинг зеҳнларини кўр қилган» (2 Коринфликларга 4:3, 4). Шайтон — «ёлғончи, ёлғоннинг отасидир», аммо у «нурли фариштанинг қиёфасини олади» (Юҳанно 8:44; 2 Коринфликларга 11:14). У, дунё ҳукмдорлари ва фуқароларининг устидан ҳокимиятга эга бўлиб, уларнинг зеҳнларини кўр қилишга қодир. Масалан, Шайтон диний ривоятларни ва ёлғонни ташвиқ қилиш билан, одамларни алдаяпти.
8. Муқаддас Китобда Шайтоннинг таъсири ҳақида нима дейилган?
8 Тахминан 2 500 йил муқаддам, Дониёр пайғамбар даврида юз берган ҳодиса, Шайтон қандай қудрат ва таъсирга эга эканини кўрсатади. Яҳова Дониёрга тасалли бериш учун фариштасини юборганида, бу фаришта «Форс шоҳлигини ҳимоя қилувчи фаришта», яъни жиннинг қаршилигига дуч келган эди. «Бош фаришталардан бири бўлган Микойил» бу фариштага ёрдамга келмагунча, у 21 кун давомида жинга қарши турган эди. Ушбу маълумотда «Юнонистонни ҳимоя қилувчи фаришта [жин]» ҳақида ҳам гап кетган (Дониёр 10:12, 13, 20, 21). Шунингдек, Ваҳий 13:1-, 2- оятларида, Шайтон «аждаҳо» деб аталган бўлиб, у «ўз қудрати, тахти ва буюк иқтидорини» сиёсий ҳайвонга берганлиги айтилган.
9. Худонинг хизматчилари кимга қарши жанг олиб боришмоқда?
9 Ҳаворий Павлус: «Бизнинг курашимиз ўткинчи башарга қарши эмас, балки самовий оламдаги ёвуз руҳий кучларга, ҳокимлару ҳокимиятларга, бу қоронғи дунёни бошқараётган руҳий ҳукмронларга қаршидир»,— деб ёзгани ажабланарли эмас (Эфесликларга 6:12). Ҳатто ҳозир ҳам Шайтон Иблис жинлар устидан бошқармоқда. Улар кўринмас тарзда ҳокимларга ва бутун инсониятга таъсир қилиб, уларни қирғинчилик, террорчилик ва қотиллик каби даҳшатли жиноятларни қилишга ундашмоқда. Келинг, бу қудратли ёвуз руҳларга қарши туришимизга нима ёрдам беришини муҳокама қилайлик.
Қандай ҳимояга эгамиз?
10, 11. Шайтонга ҳамда унинг жинларига қарши туришга нима ёрдам беради?
10 Биз Шайтонга ҳамда жинларга, жисмоний ва ақлий кучимиз билан қарши тура олмаймиз. Ҳаворий Павлус бизни: «Раббимиз билан иттифоқ бўлиб, Унинг куч-қудрати таъсирида қувватли бўлинглар»,— деб ундаган. Биз Аллоҳнинг ҳимоясига муҳтожмиз. Павлус давом этиб бундай деди: «Иблиснинг ҳийлаларига қарши тура олиш учун, Худо берган барча қурол-аслаҳалар билан қуролланингиз... ёмон кунда қаршилик кўрсата олишингиз учун, Худонинг қурол-аслаҳаларини кўтаринглар, токи бутун тадбиркорлик билан иш тутиб, ўрнингизда тура олинглар» (Эфесликларга 6:10, 11, 13).
11 Ҳаворий Павлус имондошларини «Худо берган барча қурол-аслаҳалар билан қуролланишга» икки маротаба рағбатлантирган. «Барча» сўзи, жинларнинг ҳужумига қарши туриш нақадар муҳимлигини кўрсатмоқда. Бугунги кунда жинларга қарши туриш учун қандай қурол-аслаҳлар ўта муҳим?
«Худонинг қурол-аслаҳаларини кўтариш» нимани англатади?
12. Қандай қилиб белимизни ҳақиқат камари билан боғлашимиз мумкин?
12 Ҳаворий Павлус: «Белингизни ҳақиқат камари билан боғланг, кўксингизга солиҳлик совутини тақинглар»,— деб тушунтирди (Эфесликларга 6:14). Ушбу оятда қурол-аслаҳалардан иккитаси, яъни камар ва совут келтирилган. Аскар белини (тос ва човини) ҳимоялаш ҳамда оғир қиличини олиб юриши учун, камарини белига маҳкам боғлаши лозим эди. Шу сингари, агар биз Муқаддас Китобдаги ҳақиқатга мувофиқ ҳаёт кечирсак, гўё камарни маҳкам боғлаган бўламиз. Сиз Муқаддас Китобни кунда ўқийсизми? Бутун оилангиз билан-чи? «Муқаддас Ёзувларни кунда ўрганамиз» рисоласини оилангиз билан биргаликда муҳокама қилишга ўрганганмисиз? «Ишончли ва ақлли хизматкор» нашр этаётган адабиётларни ўқиб, билимингизни ошириб боришга улгуряпсизми? (Матто 24:45). Бордию шундай бўлса, демак сиз Павлуснинг маслаҳатига амал қиляпсиз. Биз шунингдек, Муқаддас Китоб йўл-йўриқларини ҳавола этувчи фильмларга ҳам эгамиз. Агар ҳақиқат йўлида маҳкам турсак, тўғри қарорлар чиқара оламиз. Бу эса бизни ёмон йўлга тушиб қолишдан сақлайди.
13. Қандай қилиб қалбимизни асрашимиз мумкин?
13 Совут аскарнинг кўкраги, юраги ҳамда ҳаёт учун муҳим бўлган бошқа аъзоларини ҳимоялаган. Худонинг хизматчиси, Аллоҳнинг адолатига нисбатан севгисини ривожлантириб ва Унинг ҳаққоний меъёрларига риоя қилиб, ўз қалбини асраши мумкин. Рамзий солиҳлик совути, Худо каломининг қадр-қимматини ерга уришга йўл қўймайди. Агар ёвузликдан нафратланиб, адолатни севсак, «оёқларимизни барча ёмон йўлдан» сақлаган бўламиз (Амос 5:15; Забур 118:101).
14. «Тинчлик Хушхабарини ёйиш учун оёғингизга илдамлик пойабзалини кийинглар», деган сўзлар нимани билдиради?
14 Рим аскари учун яхши пойабзал жуда муҳим бўлган. Чунки у Рим империясининг йўлларидан юзлаб километр пиёда юрган. «Тинчлик Хушхабарини ёйиш учун оёғингизга илдамлик пойабзалини кийинглар»,— деган сўзлар биз учун нимани билдиради? (Эфесликларга 6:15). Бу, доим тайёр бўлишни, яъни Хушхабарни ваъз қилишда ҳар бир фурсатни ғанимат билишни англатади. (Римликларга 10:13–15). Воизлик хизматида фаол иштирок этиш, «Иблиснинг ҳийлалари»дан бизни ҳимоя қилади (Эфесликларга 6:11).
15. а) Нега имон қалқонини биз учун жуда муҳим деб айтиш мумкин? б) Имонимизни сусайтириши мумкин бўлган «қиздирилган ўқлар» деганда нимани тушунса бўлади?
15 «Бунинг устига,— дейди ҳаворий Павлус,— имон қалқонини қўлга олинглар, у билан ёвуз шайтоннинг қиздирилган ҳамма ўқларини ўчира оласизлар» (Эфесликларга 6:16). Ушбу оятда Павлус, «имон қалқонини қўлга олиш» нақадар муҳимлигини таъкидлаган. Яъни имонимиз нуқсонсиз бўлмоғи лозим. Зеро у қалқон сингари, «шайтоннинг қиздирилган ҳамма ўқларидан» бизни ҳимоя қилади. Ўқлар деганда нимани тушунса бўлади? Бу, туҳмат, ёлғон ва чала ёлғон бўлиши мумкин. Булар ёрдамида душманларимиз ва муртадлар имонимизни сусайтиришга ҳаракат қилишади. Шайтоннинг «ўқларига» шунингдек турли васвасалар, масалан, нарсапарастлик ва ҳатто бойлигини кўз-кўз қиладиганлар билан рақобат қилиш киради. Бундай инсонлар ҳашаматли уйлар, қимматбаҳо машиналар сотиб олишлари ва модага қараб кийиниб, дуру ёқутлар тақиб кеккайиб юришлари мумкин. Бироқ, бошқалар ўзини қандай тутишига қарамай, бизнинг имонимиз бундай «қиздирилган ўқларга» қарши тура оладиган даражада мустаҳкам бўлиши лозим. Аммо имонимизни мустаҳкамлашга ва асрашга нима ёрдам беради? (1 Бутрус 3:3–5; 1 Юҳанно 2:15–17).
16. Имонимизни мустаҳкамлашга нима ёрдам беради?
16 Муқаддас Китобни мунтазам ўрганиш ва тоат-ибодатлар орқали Худовандга яқинлашишимиз мумкин. Биз Аллоҳдан имонимизни мустаҳкамлашини сўраб, шунга яраша йўл тутмоғимиз лозим. Мисол учун, ҳар ҳафта «Қўриқчи минораси»га тайёргарлик кўриб, муҳокамада қатнашишга ҳаракат қиляпмизми? Агар Муқаддас Китобни ва унга асосланган адабиётларни ўрганиб борсак, имонимиз мустаҳкамланади (Ибронийларга 10:38, 39; 11:6).
17. «Нажот дубулғасини кийиш» нимани англатади?
17 Ҳаворий Павлус: «Нажот дубулғасини кийинглар, Худо каломи бўлган Руҳнинг қиличини кўтаринглар»,— деган сўзлар билан маънавий қурол-аслаҳарнинг саноғига якун ясади (Эфесликларга 6:17). Дубулға — аскарнинг бошини ва фикрлаш қобилиятининг маркази бўлмиш миясини асрарди. Шу каби, умидимиз ҳам ақлимизни ҳимоя қилади (1 Салоникаликларга 5:8). Бу дунёга хос бўлган мақсадларга интилиб, бойиб кетиш орзусида яшагандан кўра, Исонинг ўрнагига эргашиб, диққатимизни Худо бераётган умидга қаратишимиз керак (Ибронийларга 12:2).
18. Нима учун Муқаддас Китобни ўқишни канда қилмаслигимиз керак?
18 Ниҳоят Шайтон ва унинг жинлари таъсиридан бизни Худонинг каломи бўлмиш Муқаддас Китоб ҳимоя қилади. Шу сабабли Муқаддас Китобни мунтазам ўқишни канда қилмаслигимиз керак. Худонинг каломини чуқур ўрганиш, Шайтоннинг ёлғонию жинларнинг ташвиқотидан ҳамда муртадларнинг зарарли таъсиридан сақлайди.
«Ҳар турли дуо ва ёлворишлар билан»
19, 20. а) Шайтон ва унинг жинларини нима кутмоқда? б) Бизни нима маънан қўллаб-қувватлайди?
19 Шайтон, жинлар ва бу ёвуз дунё яқинда йўқ қилинади. Шайтон ‘вақти оз қолганини’ билади. Шу сабабли, у ҳозир қаҳр-ғазаб ила «Худонинг амрини сақлаган ва Исо Масиҳнинг шаҳодатига содиқ қолганлар»га қарши жанг олиб бормоқда (Ваҳий 12:12, 17). Биз учун Шайтон ва унинг жинларига қарши туриш жуда муҳим.
20 Шундай экан, Худонинг бераётган барча қурол-аслаҳалари учун нақадар миннатдормиз! Ҳаворий Павлус маънавий қурол-аслаҳаларни санаб ўтгач, бундай деб якун ясади: «Ҳар турли дуо ва ёлворишлар билан, Муқаддас Руҳ илҳоми билан ҳар доим ибодат қилинглар. Ибодатда ҳушёр ва саботли бўлиб, барча Худонинг азизлари учун илтижо қилинглар» (Эфесликларга 6:18). Ибодат бизни маънан қўллаб-қувватлаб, ҳушёр бўлишимизга ёрдам беради. Келинг, ҳаворий Павлуснинг сўзларига амал қилиб, доим ибодат қилайлик. Зеро шу тариқа Шайтон ва унинг жинларига қарши тура оламиз.
Сиз нимани билиб олдингиз?
• Шайтон ва жинлар қандай пайдо бўлишган?
• Шайтон қандай қудратга эга?
• Шайтон ва унинг жинларидан қандай ҳимояланишимиз мумкин?
• Худонинг барча қурол-аслаҳаларини кўтариш нимани англатади?
[18- саҳифадаги расмлар]
«Илоҳий зотлар эса одамзод қизларининг жуда яхшилигини кўришди»
[20- саҳифадаги расм]
Олтита маънавий қурол-аслаҳаларни номлаб беринг
[21- саҳифадаги расмлар]
Шайтон ва унинг жинларидан ҳимояланишимизга нима ёрдам беради?