Яҳова Ўз оиласини бирлаштирмоқда
Муқаддас руҳнинг бирлигини сақлашга интилинглар. ЭФЕС. 4:3
МАРҲАМАТ, ЖАВОБ БЕРИНГ
Худо «ишларни бошқариш» орқали қандай мақсадни кўзлаган?
«Муқаддас руҳнинг бирлигини» қандай сақлашимиз мумкин?
Бир-биримизга меҳрибон бўлишга нима ёрдам беради?
1, 2. Тангри Яҳованинг ер ва инсониятга нисбатан қандай мақсади бор?
ОИЛА. Бу сўзни эшитганингизда хаёлингизга нималар келади? Севги ва бахтми? Бир мақсад сари интилиб, биргаликда меҳнат қилишми? Хавфсиз муҳитда катта бўлиш, билим олиш ва бемалол суҳбат қилишми? Ҳа, агар сиз оилада меҳр кўрган бўлсангиз, бехосдан хаёлингизга мана шундай фикрлар келади. Оила Асосчиси — Яҳовадир (Эфес. 3:14, 15). У осмондаги ва ердаги барча мавжудотлар бир оила бўлиб, хавфсизликда, бир-бирига ишониб ва ҳамжиҳатликда яшашини мақсад қилган эди.
2 Одамато билан Момоҳаво гуноҳ қилганларидан сўнг, одамлар Худонинг ҳамжиҳат оиласининг аъзолари бўлмай қолишди. Бироқ бу, Яҳованинг мақсади амалга ошишига тўсқинлик қила олмайди. Зеро бутун ер юзи Одамато ва Момоҳавонинг фарзандлари билан тўлишига У ғамхўрлик қилади (Ибт. 1:28; Ишаё 45:18). Мазкур мақсадига эришиш учун, У муайян тадбирлар уюштирди. Мана шундай тадбирларнинг бир нечтаси Муқаддас Китобнинг Эфесликларга йўлланган мактубида айтиб ўтилади. Ушбу мактубда асосан бирлик ҳақида гап боради. Ушбу мактубнинг айрим оятларини муҳокама қилиб, Яҳовада Ўз мавжудотларини бирлаштириш мақсади борлигини кўрамиз ва қандай қилиб бу мақсадга мувофиқ йўл тутиш мумкинлигини билиб оламиз.
ИШЛАРНИ БОШҚАРИШ ВА КЎЗЛАНГАН МАҚСАД
3. Эфесликларга 1:10 да ёзилган «ишларни бошқариш» нимани англатади ва унинг биринчи босқичи қачон бошланган?
3 Яҳованинг ишлари ва мақсадлари бир-бирига уйғундир. Шундай экан, «белгиланган вақтнинг охирида», Худо «ишларни бошқариш»га киришди, яъни У барча онгли мавжудотларни бирлаштириш ишини бошлаб юборди (Эфесликларга 1:8–10 ни ўқинг). Ушбу бошқарув ўз мақсадига эришиши учун, иккита босқичдан ўтиши лозим. Биринчи босқичда мойланган масиҳийлар жамоати осмонда яшаш учун тайёрланади. Улар у ерда Исо Масиҳ бошчилигида фаолият юритишади. Бу босқич милодий 33- йил Ҳосил байрамида бошланди. Ўшанда Тангри Яҳова осмонда Масиҳ билан биргаликда ҳукмронлик қиладиган инсонларни йиғишга киришди (Ҳавор. 2:1–4). У, Масиҳнинг тўлов қурбонлиги асосида мойланганларни одил деб эълон қилади ва яшаш учун лойиқ деб топади. Мойланганлар бўлса «Аллоҳнинг фарзандлари» сифатида қабул қилинишганини билишади (Рим. 3:23, 24; 5:1; 8:15–17).
4, 5. «Ишларни бошқариш»нинг иккинчи босқичида нима амалга оширилади?
4 Иккинчи босқичда Масиҳий Шоҳлик ҳукмронлиги остида ер юзидаги жаннатда яшайдиган кишилар тайёрланади. Ушбу гуруҳнинг биринчи қисмини «улкан оломон» ташкил этади (Ваҳ. 7:9, 13–17; 21:1–5). Минг йиллик бошқарув давомида, уларга миллиардлаб тирилганлар қўшилади (Ваҳ. 20:12, 13). Бирлигимизни намоён этиш учун, олдимизда қанчадан-қанча имкониятлар очилишини бир тасаввур қилинг! Улкан оломон ва тирилганлар биргаликда «ердаги барча нарса» бўлишади. Минг йилнинг охирида улар синовдан ўтишади. Содиқ қолган барча Худонинг ер юзидаги «фарзандлари» сифатида қабул қилинади (Рим. 8:21; Ваҳ. 20:7, 8).
5 Бугунги кунда Яҳова мойланганларни самовий ҳаёт учун, бошқа қўйларни эса ер юзидаги жаннатда яшаш учун тайёрлаяпти. Хўш, қандай қилиб ҳар биримиз Худонинг бирлаштириш мақсадига мувофиқ йўл тутишимиз мумкин?
«МУҚАДДАС РУҲНИНГ БИРЛИГИНИ САҚЛАШ»
6. Муқаддас Китобда масиҳийлар биргаликда йиғилиб туриши ҳақида ёзилгани нимани англатади?
6 Муқаддас Китобда масиҳийлар том маънода йиғилиб туришлари кераклиги ҳақида айтилган (1 Кор. 14:23; Иброн. 10:24, 25). Аммо бу, одамларнинг бозорда ёки стадионда йиғилиб биргаликда вақт ўтказишидан кўпроқ нарсани ўз ичига олади. Ҳақиқий бирлик бўлиши учун бир жойда тўпланишнинг ўзи етарли эмас. Агар биз Яҳованинг йўл-йўриқларига амал қилсак ҳамда Унинг муқаддас руҳи бизга таъсир қилишига йўл қўйсак, бундай бирликка эришишимиз мумкин.
7. «Муқаддас руҳнинг бирлигини сақлаш» нимани билдиради?
7 Гарчи Масиҳнинг тўлов қурбонлиги асосида Яҳова мойланганларни ўғиллари, бошқа қўйларни эса дўстлари сифатида қабул қилиб, уларни одил деб эълон қилган бўлса-да, бу дунёда яшаётган эканмиз, орамизда тушунмовчиликлар пайдо бўлиб туради (Рим. 5:9; Ёқб. 2:23). Шунинг учун Муқаддас Китоб бир-биримизга нисбатан сабр-бардошли бўлишга даъват этмоқда. Хўш, имондошлар орасида бирлик бўлишига қандай эришса бўлади? Бунинг учун биз «ўй-фикрларда камтарин» ва «мулойим» бўлишга интилишимиз лозим. Боз устига, Павлус барчамизни: «Тинчлик ришталари орқали муқаддас руҳнинг бирлигини сақлашга интилинглар»,— деб ундамоқда (Эфесликларга 4:1–3 ни ўқинг). Ушбу маслаҳатга амал қилиш, муқаддас руҳ бизга таъсир қилишига йўл қўйишни ҳамда унинг самараси бизда намоён бўлишини англатади. Бўлинишларга сабаб бўладиган тана ишларидан фарқли ўлароқ, муқаддас руҳнинг самараси орамиздаги муаммоларни ечиб, бирликни тиклашга ёрдам беради.
8. Қайси маънода тана ишлари одамларни бир-биридан ажратади?
8 «Тана ишлари» одамларни бир-биридан қандай ажратишига эътибор беринг (Галатияликларга 5:19–21 ни ўқинг). Зино инсонни Яҳовадан ҳамда жамоатдан ажратади, хиёнат эса оғриқ келтириб, фарзандларни ота-онадан ва айбсиз турмуш ўртоқни ўз умр йўлдошидан ажратиб қўяди. Ифлослик кишининг Худо ҳамда уни севган инсонлар билан бўлган бирлигига путур етказади. Масалан, иккита нарсани бир-бирига ёпиштирмоқчи бўлсангиз, аввал иккала нарсанинг юза қисмини яхшилаб тозалашингиз керак. Ахлоқсиз хулқи билан инсон Худонинг қонунларига итоат қилмаётганини ва уларни умуман ҳурмат қилмаётганини кўрсатган бўлади. Танага хос ишларнинг барчаси, одамларни бир-биридан ва Аллоҳдан узоқлаштиради. Яҳова бундай хулқ-атвордан нафратланади.
9. Тинчлик ва бирликни сақлаш учун ўзимизга қандай саволлар беришимиз керак?
9 Келинг, ҳар биримиз ўзимизга шундай саволлар берайлик: «“Тинчлик ришталари орқали муқаддас руҳнинг бирлигини сақлашга” мен қанчалик интиляпман? Биров билан гапим қочиб қолса, нима қилган бўлардим? Мени қўллаб-қувватлашлари учун дўстларимга бу ҳақда гапириб бераманми? Қайтадан тинчлик ўрнатиш учун ҳаракат қилишнинг ўрнига, оқсоқоллардан муаммони ҳал қилишларини кутаманми? Кимдадир менга қарши қандайдир хусумати борлигини билиб қолсам, ундан ўзимни олиб қочаманми?» Агар шунга ўхшаш фикрларга эга бўлсак, Масиҳнинг бошчилиги остида бирлашган оила каби яшашдек Яҳованинг мақсадига мувофиқ йўл тутган бўламизми?»
10, 11. а) Имондошларимиз билан тинч-тотувликда яшаш қанчалик муҳим? б) Тинчликда яшаб, Яҳованинг қут-баракаларига эга бўлиш учун нима қилишимиз даркор?
10 Ҳазрати Исо шундай деган: «Агар ҳадянгизни қурбонгоҳга олиб келганингизда, биродарингиз сиздан хафа экани ёдингизга тушиб қолса, ҳадянгизни қурбонгоҳ олдида қолдиринг-да, аввалига бориб биродарингиз билан ярашинг. Шундан сўнг келиб, ҳадянгизни бахшида этинг... Масалани ҳал қилишга шошилинг» (Мат. 5:23–25). Ёқуб эса шундай ёзган: «Адолат ҳосилини берадиган уруғ тинчликпарварлар орасида, яъни тинчлик бор жойда сепилади» (Ёқб. 3:17, 18). Демак, орамизда тинчлик бўлмаса, Худога маъқул бўлган ишларни қила олмас эканмиз.
11 Мисол учун, уруш бўлган мамлакатларнинг айримларида ернинг 35 фоизидан кўпроғига деҳқонлар ҳеч нарса эка олишмайди. Чунки улар ўша ерларда миналар борлигидан хавфсирашади. Мабодо миналар портлаб кетса, деҳқонлар бу ерларни ташлаб кетишади. Шунда қишлоқдагилар ишдан айрилади, шаҳар аҳолиси эса озиқ-овқатсиз қолади. Шу сингари, агар биродарларимиз билан тинч-тотув яшашга шахсий камчиликларимиз тўсқинлик қилса, маънавий жиҳатдан ўсиш қийинлашади. Шунда биз миналар кўмилган ерларга ўхшаб қоламиз. Агар шундай бўлса, демак шахсиятимизни ўзгартиришимиз керак. Бошқаларни тезда кечиришга тайёр бўлсак ва уларга яхшилик қилсак, ҳамма билан тинчликда яшаб, Яҳованинг қут-баракаларига эга бўламиз.
12. Оқсоқоллар бирлигимизга қандай ҳисса қўшадилар?
12 Устига-устак, Худо бизларга «ҳадялар сифатида инсонларни берди». Улар бирлигимизни янада мустаҳкам қилиб, «имонда якдил» бўлишимизга кўмаклашадилар (Эфес. 4:8, 13). Оқсоқоллар илоҳий хизматда биз билан ҳамкорлик қилиб, Муқаддас Китобга асосланган ўринли маслаҳатлар беришади ва янги шахсга айланишимизга ёрдам беришади (Эфес. 4:22–24). Уларнинг маслаҳатлари орқали Яҳова сизни Ўғлининг бошқаруви остидаги янги дунёда яшаш учун тайёрлаётганини кўряпсизми? Оқсоқоллар, сизлар шу мақсадни кўзлаб, бошқаларни тузатишга интиляпсизми? (Галат. 6:1).
«БИР-БИРИНГИЗГА МЕҲРИБОН» БЎЛИНГЛАР
13. Эфесликларга 4:25–32 даги маслаҳатга риоя қилмаслик қандай оқибатга олиб келади?
13 Эфесликларга 4:25–29 да қандай ишлардан қочишимиз кераклиги ҳақида ёзилган. Бу эса, ёлғон гапирмаслик, ғазабланмаслик, ялқовлик қилмаслик ҳамда ярамас сўзлар айтмасликни ўз ичига олади. Яхшиси мустаҳкамлайдиган эзгу сўзларни гапирайлик. Агар кимдир бу маслаҳатларга амал қилмаса, у бирлигимизни мустаҳкамлайдиган Худонинг муқаддас руҳини ранжитган бўлади (Эфес. 4:30). Павлус тинчлик ва бирликда яшашнинг муҳимлигини таъкидлаб, шундай деган: «Ҳар қандай адоват, қаҳру ғазаб, бақириқ ва ҳақоратли сўзларни ҳар қандай ярамаслик билан бирга ўзингиздан соқит қилинглар. Яхшиси бир-бирингизга меҳрибон, раҳм-шафқатли бўлинглар. Аллоҳ сизларни Масиҳ орқали чин дилдан кечиргани каби, сизлар ҳам бир-бирингизни чин дилдан кечиринглар» (Эфес. 4:31, 32).
14. а) «Меҳрибон... бўлинглар» дегани нимани англатади? б) Меҳрибон бўлишимизга нима ёрдам беради?
14 «Меҳрибон... бўлинглар» дегани, маълум даражада меҳрибон бўлишни эмас, балки бу борада яхшиланишни англатади. Бошқаларнинг туйғуларини ўзимизникидан устун қўйиш нақадар муҳим! (Филип. 2:4). Эҳтимол биз айтмоқчи бўлган сўз, бошқаларни кулдириши ёки бизни ақлли қилиб кўрсатиши мумкин, аммо буни яхши иш деса бўладими? «Аввал ўйла, кейин сўйла» деган маслаҳатга амал қилиш «меҳрибон бўлиш»га ёрдам беради.
СЕВИШНИ ВА ҲУРМАТ ҚИЛИШНИ ОИЛАДА ЎРГАНИНГ
15. Масиҳнинг ўрнагига тақлид қилиш масаласида, Эфесликларга 5:28 даги сўзлар эрларга қандай ёрдам беради?
15 Муқаддас Китобда Масиҳнинг жамоат билан муносабати, эр ва хотин орасидаги муносабатга ўхшатилган. Эрлар Масиҳдан ўрнак олиб, хотинига йўл-йўриқ бериши, севиши ва ғамхўрлик қилиши керак. Хотинлар ҳам Исонинг намунасига тақлид қилиб, эрига бўйсуниши муҳим (Эфес. 5:22–33). Павлус қуйидагиларни ёзган: «Шундай қилиб, эрлар ҳам ўз хотинларини ўз таналарини севгандай севишлари керак». У «шундай қилиб» деб айтганида, «қандай қилиб» деган савол туғилади (Эфес. 5:28). Юқоридаги оятларда Павлус бу саволга жавоб берган эди: «Масиҳ ҳам жамоатни севиб, у учун ўзини бағишлади... Худо каломининг суви билан уни ювиб тозалади». Ҳа, Яҳованинг барча нарсани қайтадан бирлаштириш мақсадига мувофиқ йўл тутиш учун, эрлар оиласини маънан озиқлантиришга жавобгар эканини унутмасликлари даркор.
16. Ота-оналар Яҳовадан олган масъулиятни яхши бажариши қандай самаралар келтиради?
16 Ота-оналар Яҳовадан топшириқ олишганини ёдда тутишлари лозим. Афсуски, бу дунёда кўпчилик «меҳрсиз» бўлиб кетган (2 Тим. 3:1, 3). Аксарият оталар зиммасидаги масъулиятга жиддий қарамайди. Бу эса фарзандларга салбий таъсир қилиб, уларни тушкунликка туширади. Бироқ, Павлус художўй оталарга шундай деб маслаҳат берган: «Болаларингизнинг ғашини келтирманглар, аксинча уларга Яҳованинг тарбиясини бериб, Унинг фикрлаш тарзини уларга пайванд қилинглар» (Эфес. 6:4). Фарзандлар севишни ва катталарни ҳурмат қилишни авваламбор оилада ўрганишади. Бу борада фарзандларига яхши тарбия берган ота-оналар, Яҳованинг бирлаштириш мақсадига мувофиқ йўл тутган бўлишади. Агар оиламизда севги ҳукмронлик қилса, қаҳр-ғазаб ва ҳақоратли сўзларга ўрин бўлмайди. Шунда фарзандларимизга севгини ва катталарга ҳурматни қандай намоён қилиш кераклигини амалда кўрсатган бўламиз. Бу эса уларга Худонинг янги дунёсида яшаш учун яхши замин яратади.
17. Иблисга қарши туриш учун бизга нима керак?
17 Коинотда тинчликни илк бор Шайтон бузган. Шу сабабдан, у Худонинг иродасини бажаришимизга жон-жаҳди билан қаршилик кўрсатаётганини ёдимиздан чиқармайлик. Ажралишларнинг кўпаяётгани, никоҳни расмийлаштирмасдан туриб бирга яшаш ҳамда жинсдошларнинг никоҳ қуриши, оддий ҳол бўлиб қолаётгани, шубҳасизки Шайтоннинг фойдасига хизмат қилади. Аммо биз бугунги кунда дунёда табиий деб қабул қилинган хулқ-атворга тақлид қилмаймиз. Биз Масиҳдан ўрнак оламиз (Эфес. 4:17–21). Шундай экан, келинг, Иблисга ва унинг жинларига қарши туриш учун, «Аллоҳ берган барча қурол-аслаҳалар» билан қуролланайлик (Эфесликларга 6:10–13 ни ўқинг).
«СЕВГИ ЙЎЛИДА ЮРИНГЛАР»
18. Орамиздаги бирликнинг асосий калити нима?
18 Севги — орамиздаги бирликнинг асосий калитидир. Юрагимизда «битта Ҳазрат»га, «битта Худо»га ва бир-биримизга нисбатан севги борлиги учун, «тинчлик ришталари орқали муқаддас руҳнинг бирлигини сақлашга» қатъий қарор қилганмиз (Эфес. 4:3–6). Исо бу тўғрисида шундай деб ибодат қилган: «Мен фақатгина улар учун эмас, балки уларнинг сўзи туфайли менга ишонган кишилар учун ҳам илтимос қиламан: ҳаммалари бир бўлишсин. Отажон, Сен мен билан, мен эса Сен билан бирликда бўлганимиз каби, улар ҳам биз билан бирликда бўлишсин [...] Мен исмингни уларга маълум қилдим ва яна маълум қиламан, токи мени қандай севган бўлсанг, улар ҳам шундай севгини намоён этишсин ва мен улар билан бирликда бўлайин» (Юҳан. 17:20, 21, 26).
19. Сиз нима қилишга қатъий қарор қилдингиз?
19 Номукаммаллик дастидан азият чекаётган бўлсак, севги бизни сано бастакори сингари: «Исмингдан қўрқмоқ-чун юрагим бутун бўлсин!»,— деб ибодат қилишга ундасин (Заб. 85:11, Туркия 1998). Келинг, меҳрибон Отамиздан ва имондошларимиздан йироқлаштирмоқчи бўлган Шайтонга қарши турайлик. Оилада, хизматда ва жамоатда «севикли болалар сингари Аллоҳга тақлид қилинглар...ва севги йўлида юринглар», деган сўзларга амал қилиш учун жон куйдирайлик (Эфес. 5:1, 2).
[29- саҳифадаги расм]
Ҳадясини қурбонгоҳ олдида қолдириб, биродари билан ярашгани кетмоқда
[31- саҳифадаги расм]
Ота-оналар, фарзандларингизга катталарни ҳурмат қилишни ўргатинг