Илдиз отиб, маҳкам ўрнашяпсизми?
КАТТА бир дарахт кучли шамолда ҳам қимирламай, жойида мустаҳкам туришини кўрганмисиз? Гап шундаки, бу дарахт илдизлари билан ернинг чуқур-чуқурларида жойлашган. Одамларни ҳам, шунақа дарахтга ўхшатиш мумкин. Маълумки, ҳар биримиз турли қийинчиликларга дуч келамиз. Бироқ, агар «илдиз отиб, маҳкам ўрнашсак», бу қийинчиликларни енгиб чиқишимиз осонроқ бўлади (Эфес. 3:14–17). Қизиқ, нимада маҳкам ўрнашиш керак?
Худонинг Каломига биноан, имонлилар жамоатининг «негиз тоши эса — Исо Масиҳнинг Ўзидир» (Эфес. 2:20; 1 Кор. 3:11). Биз ҳам, имонли бўлганимиз учун мана шу сўзлар бўйича яшашга интиляпмиз: «[Масиҳ] билан алоқада бўлиб яшанглар. Олган таълимотингизга мувофиқ, Унда томир ёйиб, қарор топинг, имонингизда қаттиқ туринг». Шу йўсин, турли тўсиқларга ҳамда ўзгалар «қуруқ сафсаталарга» асосланиб, «тилёғламалик» қилишганда ҳам, барига бардош бера оламиз (Колос. 2:4–8).
Ҳақиқатнинг икир-чикирлари
Шубҳасизки, имонда маҳкам ўрнашиб, унда қаттиқ туриш мумкин. Бунинг учун, Аллоҳнинг Каломини синчковлик ила ўрганиш керак. Зеро Худованд Яҳова, Унинг хизматчилари ҳақиқатни икир-чикиригача билишларини жуда ҳам хоҳлайди (Эфес. 3:18). Хуллас, ҳеч биримиз «Худо каломининг илк асослари», яъни юзаки билимлар билан кифояланмаслигимиз зарур (Иброн. 5:12; 6:1). Қолаверса, Муқаддас Китобдаги ҳақиқатнинг негизигача билишга жон куйдиришимиз оқилонадир (Ҳик. 2:1–5).
Шуни айтиш жоизки, ҳақиқатда «маҳкам ўрнашиш» учун бунинг ўзи етарли эмас. Зотан, Муқаддас Китобда нималар ёзилганини Шайтон ҳам билади. Шунинг учун, «Масиҳнинг ақл бовар қилмас севгисини фаҳмлаб боришимиз» керак (Эфес. 3:19). Бундан ташқари, Тангри Яҳовани ва ҳақиқатни севиб, Муқаддас Китобни ўргансак, аниқ билим ҳамда кучли имонга эга бўламиз (Колос. 2:2).
Ўзингизни текшириб кўринг
Энди келинг, Аллоҳнинг Каломини қанчалик яхши билишимизни текшириб кўрайлик. Шу йўсин, шахсий тадқиқ ўтказиш кераклигида қанчалар муҳтож эканимизни ҳам аниқлаймиз. Масалан, Павлуснинг эфесликларга йўллаган мактубининг биринчи бобини очиб кўрайлик («Эфесликларга» йўлланган мактуб, деган рамкага қаранг). Ушбу оятларни ўқиганидан сўнг, ўзингизга шундай савол беринг: «Рамкада қия ҳарфлар билан ёзилган сўзларнинг маъносини тушуняпманми?» Ҳозир эса, уларга биргалашиб диққат қаратишимиз мумкин.
«Дунё яратилишидан аввал танлади»
Павлус имондошларига қуйидагиларни ёзган: «Бизни мурувватига сазовор билиб, Исо Масиҳ орқали [Худо] Ўзига ўғил қилиб олишга азалдан қарор қилди». Чиндан ҳам, Яҳова Таоло айрим инсонларни осмондаги мукаммал оиласига лойиқ деб топган. Ушбу кишилар, Исо Масиҳ билан бирга шоҳлар ва руҳонийлар сифатида ҳукм суришади (Рим. 8:19–23; Ваҳ. 5:9, 10). Ёдингизда бўлса, Шайтон энг бошида Яҳованинг ҳукмронлигига қарши исён кўтарган, илк жуфтлик эса унга эргашиб кетган эди. Шунга қарамай, Эгамиз Яҳова кейинчалик баъзиларни ўғил қилиб танлаган! Қизиғи шундаки, У Ўз ўғиллари сифатида айнан кимларни танлашини олдиндан белгилаб қўймаган эди. Ҳа, Масиҳ билан бирга шоҳлик қилишга маъқул деб ҳисобланганлар гуруҳ сифатида танланишган (Ваҳ. 14:3, 4).
Худо мойланган масиҳчиларни «дунё яратилишидан аввал танлади» деганда, ҳаворий Павлус нимани назарда тутган? Бу ерда, Худо одамзодни яратишидан аввалги вақт тўғрисида айтилмаган. Агар, Аллоҳ Одам Ато билан Момо Ҳавонинг тақдирини олдиндан белгилаб қўйганида, қилмишлари учун уларни жавобгарликка тортиш адолатсизлик бўларди. Хўш, илк жуфтлик Шайтоннинг тузоғига илиниб, Худога қарши бош кўтаришганида, У бунинг чорасини қачон кўра бошлади? Бу, Одам Ато билан Момо Ҳаво гуноҳ қилганидан кейин, лекин уларнинг авлоди пайдо бўлишидан олдинги вақтга тўғри келади.
«Худонинг чексиз инояти»
Нима учун Павлус, эфесликларга «Худонинг чексиз инояти» тўғрисида ёзган? Бу, номукаммал бандаларни гуноҳдан озод этишга Яҳова мажбур бўлмаганлигини яққол кўрсатиб турибди.
Дарҳақиқат, ҳар биримиз қандайдир ишимиз туфайли эмас, балки қурбонлик тўлови эвазига қутқарилишимиз мумкин. Ҳа, Тангри Яҳова инсонларни севгани учун, уларни халос қилиш ниятида ягона Ўғлини ҳам аямаган! Номукаммал эканмиз, «Худонинг чексиз инояти» тўғрисидаги Павлуснинг айтганларига қўшиламиз.
Худонинг сирли нияти
Аллоҳ, Шайтоннинг етказган зарарини қандай қилиб тўғрилашини аввалига «сир» сақлаган (Эфес. 3:4, 5). Имонлилар жамоати ташкил қилинганида эса, ер юзи ва инсониятга нисбатан Яҳова Ўзининг асл ниятини босқичма-босқич ошкор қила бошлаган. Павлуснинг тушунтиришича, «белгиланган вақтнинг» охирида Худо самодаги ва ердаги онгли мавжудотларни бирлаштирадиган бир тузумни жорий этади.
Дастлаб, Ҳазрати Исо билан бирга шоҳлик қилишга муносиб бўлганларни Тангри Яҳова йиға бошлаган. Бу, милодий 33- йили Ҳосил байрамида содир бўлди (Ҳавор. 1:13–15; 2:1–4). Кейин эса, ер юзидаги жаннатда яшашга лойиқ топилганлар ҳам йиғила бошлади (Ваҳ. 7:14–17; 21:1–5). Бирлаштириш вақти, Масиҳнинг шоҳлик қилиш пайтига тегишли эмас, сабаби у фақатгина 1914- йилда ҳукм суришни бошлаган. Аслида бу, еру осмондаги барча мавжудотларни бирлаштириш учун қилинган Худонинг амалларини назарда тутади.
«Фикрлашда эса баркамол бўлинглар»
Шак-шубҳасиз, ҳақиқатни тўла англашимиз учун шахсий тадқиқ ўтказишга одатланишимиз керак. Лекин, ҳаётимиздаги ҳар хил ишларга берилиб кетсак, Шайтон бу одатимизни осонликча барбод қила олади. Унинг бундай таъсирига тушиб қолмаслик учун ҳар биримиз ҳаракат қилишимиз зарур. Қолаверса, «фикрлашда баркамол бўлишимиз» учун, Яҳова бизга ато этган ақл-идрокдан унумли фойдаланишимиз керак (1 Юҳан. 5:20; 1 Кор. 14:20). Бу, шунингдек, биз нима учун у ёки бу нарсага эътиқод қилаётганимизни тушунишимизга ва умидимиз янада кучли бўлишига ҳисса қўшади (1 Бутр. 3:15).
Павлуснинг эфесликларга йўллаган мактуби илк бор уларга ўқиб берилганда, ўзингизни ўшалар орасида эканингиздек тасаввур қилиб кўринг. Наҳотки, бу сўзлар «Худо Ўғлини таниб-билишга» бизни янада кўпроқ рағбатлантирмаса?! (Эфес. 4:13, 14). Албатта рағбатлантиради. Шунинг учун, Павлуснинг бу сўзлари ҳозир ҳам таъсирлидир. Хуллас, Эгамиз Яҳова ҳамда Унинг Каломидаги аниқ билимга бўлган севги, Масиҳда «илдиз отиб, маҳкам ўрнаша» олишимизга кўмаклашади. Бу эса, Шайтон ёвуз дунёнинг сўнги келишидан аввал сизни йўлдан урмаслигига ҳисса қўшади (Заб. 1:1–3; Ерм. 17:7, 8).
[27- саҳифадаги рамка]
«Эфесликларга» йўлланган мактуб
«Исо Масиҳнинг Отаси — Худога ҳамду санолар бўлсин! У Масиҳ орқали самовий оламда бизга ҳар хил руҳий қут-баракалар ато этди. Ўз ҳузурида муқаддас ва бенуқсон бўлишимиз учун, У Масиҳ ҳақи бизга муҳаббат кўрсатиб, бизни дунё яратилишидан аввал танлади. Бизни мурувватига сазовор билиб, Исо Масиҳ орқали Ўзига ўғил қилиб олишга азалдан қарор қилди. Илоҳий меҳр-шафқатнинг донғи чиқсин, деб Худо севикли Ўғлини юбориб, бизга иноят қилди. Унинг Ўғли эса қонини тўкиб, бизнинг гуноҳларимизни ювди. Худонинг бу чексиз инояти туфайли биз барча айбу гуноҳларимиздан фориғ бўлдик. Худо бундай иноятини ҳамда ҳар хил ҳикмату ақл-заковатни бизга мўл-кўл берди. Худо қадимдан аниқлаб қўйган мақсади бўйича, Масиҳ орқали бизга мурувват қилиб, Ўзининг сирли режасини аён қилди. Худо бу режани Ўзи белгилаган вақтда амалга оширади ва еру осмондаги бор мавжудотларни Масиҳ бошчилигида бирлаштиради» (Эфес. 1:3–10).